Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (155-дарс). Дуо: Қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги

19:30 / 25.10.2021 3533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «дуо» сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади.

Кўпинча «дуо» ва «бир нарсани талаб қилиш» маънолари бир-бирига аралашиб кетади.

Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир: «Менга тилаган нарсамни бергин», каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда улардан ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлари учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қилишни бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, одатга кўра икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзлари такрорланаётган бўлади. Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда» дейишимиз мумкин, аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда» дея олмаймиз.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:


قُلِ ادْعُواْ اللّهَ أَوِ ادْعُواْ الرَّحْمَنَ أَيًّا مَّا تَدْعُواْ فَلَهُ الأَسْمَاء الْحُسْنَى وَلاَ تَجْهَرْ بِصَلاَتِكَ وَلاَ تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلاً

«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Энг гўзал исмлар Уникидир», деган (110-оят).

Ривоятларда келишича, бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.

Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфининг жавобига ушбу оят нозил бўлган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан соҳиби бир зот. Исм кўпайса, Зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Энг гўзал исмлар Уникидир».

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида:


وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

«Роббингиз деди: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деган (60-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:


وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

 

«Қачонки, бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман», деган (186-оят).

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:


ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

 

«Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қи-линг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас», деган (55-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.

Худди шу маъно Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади:

«Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир», дедилар».

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дуо ибодатдир», дедилар ва «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизга ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар»ни қироат қилдилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда келтирилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларига билдирмоқда.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ،
 عَنِ النَّبِيِّصَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ شَيْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ».
 رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Шунинг учун банда Аллоҳга кўпроқ дуо қилмоғи лозим.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدُّعَاءُ مُخُّ الْعِبَادَةِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дуо ибодатнинг мағизидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бундан англашиладики, дуосиз ибодат мағизсиз ибодат бўлади, яъни қадри паст бўлади. Чунки ҳадисда таъкидланган маънога кўра, ибодат фақат дуо билан қадрлидир. Яъни банданинг уйғоқ қалб билан, ҳокисорлик ила Аллоҳга илтижо қилиши (дуо) унинг ибодатига мазмун беради.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг ҳузурида дунё ҳеч нарсага арзимаслиги борасидаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Келинг, улардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.Ибн Умар розияллоҳу давоми...

6571 20:44 / 23.04.2017
.Амални вожиб қиладиган иститоъат махлуқни сифатлаб бўлмайдиган, у билан амал вожиб бўладиган тавфиқ каби амал асносида бўлади.Аммо сиҳатсаломатлик, кенгчилик, давоми...

4559 13:30 / 01.04.2019
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлАзизАлАзиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. давоми...

14659 08:19 / 20.04.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Сўнгра жаҳаннам устига кўприк қурилур. Расуллардан ўз уммати ила унинг устидан давоми...

4051 18:54 / 02.12.2016
Аудиолар

135062 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55340 14:35 / 11.08.2021