1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Дилда ишқим…

18:05 / 04.11.2019 3145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Чексиз ҳамд-у сано бирла каломлар,

Бўлсин раҳмон ва раҳмли Раббим учун!

Мукаммал, тугал салот-у саломлар,

Бўлсин суюклигим – Ҳабибим учун.

Оламлар сарвари Расулим учун!

 

Олам узра эсиб майин шаббода,

Макка четидаги кичик кулбада,

Таваллуд топдингиз сиз душанбада,

Рабиъул-аввалдир, ўн иккинчи кун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Оламга раҳмат пайғамбар ўзингиз,

Умматга йўлбошчи, раҳбар ўзингиз,

Ҳам меҳрибон, ҳам жонкуяр ўзингиз,

Умматни доимо қўйдингиз устун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Бобом Иброҳимнинг дуоси дурсиз,

Исо ибн Марямнинг башоратисиз,

Онангиз Омина тушларидурсиз,

Хотамун Набийсиз, зулматда учқун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Муҳаммадсиз, Аҳмаддурсиз доимо,

Тинмай мақталурсиз оламлар аро,

Барча пайғамбар ҳам мақталур, аммо

Сизнинг фазлингиз улардан-да устун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Ҳуснингиз кўркамдир, ойдан ҳам гўзал,

Бўйингиз ўрта бўйдан баландроқ сал,

Елкангиз кенг, хилқатингиз мукаммал,

Раббим яратгандир, оламга бутун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Сиз эдингиз доим Аллоҳга ҳабиб,

Башарият-чун дармонсиз, ҳам табиб,

Даволайсиз агар қалб бўлса майиб,

Сиздан бутун коинот бўлган мамнун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Дунёдан ўтдингиз бўлиб карамли,

Раҳмли эдингиз доимо, ҳам сабрли,

Синовлар бўлса ҳам қанча аламли,

Чидардингиз бўлса-да оғир-узун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Адолат, тавозеъ, шукр борасида,

Тенги йўқсиз одамлар орасида,

Сиз-чун сўз тополмай мен норасида,

Ҳаёлим паришон, сўзларим тутқун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Зикрингиз бирла безагум сўзларим,

Қувватланур ҳар томир-илдизларим,

Ишқингиздан намлансайди кўзларим,

Ҳабибим, негадир иймоним турғун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

«Қалбимга ишқингиз жойлансин абад,

Расулим, ишқингизда йиғлай фақат»

Сизга сўз айтмоққа бўларму тоқат,

Ҳабибим, равзангизга борсам бир кун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Ҳаёт йўлидан чиққанда сўқмоқлар,

Қалбим эзиб, қийнамасин қийноқлар,

Сувсизликдан чанқаганда томоқлар,

Кавсардан тўйиб-тўйиб ичсам ул кун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Одамлар қилсалар сизга муҳаббат,

Биров тўхтатмоққа қилур ҳаракат,

Тўқур сиз ҳақингизда бўхтон, туҳмат,

Бўлиб кетди-ку булар тугун-тугун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Улар билмайди-да қандайлигингиз,

Ёки кўролмайди буюклигингиз,

Аллоҳ битиб қўйган буюк номингиз,

Ўчиролмас уни ҳеч қайси қонун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Мадина саодат, сакинат шаҳри,

Ғазабланганни унда тушар қаҳри,

Макка эса ернинг маркази – бағри,

Кошки, уни зиёрат этсам бир кун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Ҳазрат Али, Усмон ҳамда Умарлар,

Хизматингизда доим шай турарлар,

Абу Бакр доим сиз бирла юрарлар,

Мусо оғаси бўлганидек Ҳорун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Кўпайиб кетмоқда айб-у нуқсоним,

Қачон тугаллашар заиф иймоним,

Дардлар бирла тўлиб кетган ҳар ёним,

Буларни ўйласам йиғларман беун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Набийюллоҳ, жоним фидодир сизга,

Амал қилай ҳар вақт суннатингизга,

Куч-қувват, ғайрат берсин худо бизга,

Дунё иши учун бўлмайин маҳзун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Доим сизга айтай, айтай саловат,

Шул сабаб иймоним бўлсин саломат,

Саййидим, барчани қилинг шафоат,

Ҳисоб-китоб қилинар қиёмат кун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

 

Ўтмоқда умримизнинг баҳор-ёзи,

Жаранглайди бутун уммат овози:

«Ҳабибим, биздан бўлинг фақат рози».

Илоҳим, гуноҳлар ювилсин бугун.

Расулуллоҳ, ишқим дилда сиз учун!

Оятиллоҳ Қобулов 

«Имом Бухорий» номли Тошкент Ислом институти талабаси.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталарМавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.1. давоми...

4358 09:15 / 01.10.2021
Расулуллоҳ сизни нега севишимизнинг сабаби1 Мен сизни севаман, чунки Аллоҳ таоло сизни севади шунинг учун ҳам севаман.2 Мен сизни севаман, чунки сизни севгингиз давоми...

2486 09:55 / 31.10.2019
Мавлид воситадир, мақсад эмасШаръий насс ndash ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай давоми...

2033 14:30 / 12.10.2021
Ҳабибим Нeча йиллар ўтса ҳам орадан, гўё озгина аввал ташриф буюргандeксиз дунёга. Ҳалиҳамон хушбўй исингиз дунёимизни тарк этмади.Боғчалардаги гулларнинг давоми...

4540 16:48 / 08.12.2017
Аудиолар

213130 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132352 14:35 / 11.08.2021