1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қазо ва қадар ҳақида

23:16 / 02.12.2016 12545 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Замон ўтиши билан турли омиллар сабабли исломий тушунчаларга ҳар хил  бузуқ фикрлар, бидъат-хурофотлар аралашиб кетгани маълум.
Ўша исломий тушунчалар ичида энг кўп бузилгани, ҳатто тескари маънога айланиб кетай дегани, қазо ва қадар тушунчаси, десак муболаға бўлмас. Аслида эса, бу ақийда жуда соф ва осон тушуниладиган нарсадир.
Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:
  «Қазо —Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азаддан билишидир».
«Қадар — ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини ва махлуқотларга боғлиқ нарсаларни авваддан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда Аллоҳ таолони тўғри маърифат асосида камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.
Ана шу сифатлардан бири Аллоҳнинг илми, унинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолидан тортиб, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларгача билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.
Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар бу нарсаларни билмаса, У Зотнинг сифати камолиясига нуқсон етган бўлади. Ана шу илоҳий илм «қазои қадар» деб аталади. Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ. Балки Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.
Уламоларимиз бу тушунчани осон фаҳмлаш учун қуйидаги мисолни келтирадилар: Кайфиятингиз ёмон бўлиб турган пайтда ойнага қарадингиз. Аксингизни қовоғингиз солиқ, пешонангиз тиришган, аччиғингиз чиққан ҳолда кўрдингиз. Ана шунда ойнадан ўпкалашга ҳаққингиз борми? Бу ойна менга жабр қилди, мени ёмон кайфиятга туширди, дея оласизми? Албатта, йўқ. Ойна сиздаги бор нарсани ўзингизга кўрсатди, холос. Қовоғингизнинг солинишига, пешонангизнинг тиришишига ва аччиғингиз чиқишига унинг ҳеч қандай дахли йўқ. Қазои қадар ҳам шундай! У Аллоҳнинг ўз азалий илми билан бандаларнинг ишини билиши, холос.
Яна бошқа бир мисол: Устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади, дейлик. Имтиҳон саволларини ёзган пайтда, фалончи «аъло», пистончи «яхши» баҳо олади, деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чикди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?
Албатта, Аллоҳга ҳеч нарсани қиёслаб бўлмайди. Лекин тушуниш учун келтирилган юқоридаги мисоллардан қазои-қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ, чексиз илм соҳиби бўлган Зот азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?
Ўтган уламоларимиздан ал-Хаттобий қуйидагиларни айтадилар:
«Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб тушунадилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир».
Шу ерда «Илмга боғлиқ бўлса, тушунарли, аммо ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўлади-ку. У ҳолда бандага нима қолади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:
Биринчи қисм — дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча хусусиятлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан сўралмайди ҳам.
Мисол учун, ҳеч ким уни «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?» деб сўроқ қилмайди. Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.
Иккинчи қисм инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғликдир. Буларга инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда. Худди шу турдаги ишларни қандоқ баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган.
Кейинчалик мусулмонларнинг ичидан ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан. Мўътазилий мазҳабидагилар: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар. Бу эса, Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри дейилса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг ҳолиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Ҳолиқлиги ягона бўлмайди.
Жабрия мазҳабидагилар эса: «Инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади. Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри, дейилса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот таоло одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки, бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур қилиб, кейин сўроқ қилиши, «Нима учун бу ишни қилдинг?» дея жазолаши жабр ҳисобланади.
Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган — яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Лекин бу, инсон ҳамма ишни мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади.
Биринчиси — уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар.
Иккинчиси — инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши. Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни, ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.
Бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун, уламоларимиз қуйидаги мисолни келтирадилар: Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари — қўл, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар Аллоҳ халқ қилган нарсалардир. Шунингдек, варақ, қалам ва уларнинг ёзиш хусусиятларини ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган. Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Бу иш Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак. Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади, деган гапнинг маъноси шу.
Аммо бу, Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди, дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Балки, унинг учун инсон аввало ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ инсонда Узи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради. Шундоқ қилиб, «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўдди. Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Йнсон ўша нияти ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри ҳурлиги ана ўшандадир. Аллоҳ хоҳласа, ушбу бобдаги ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишимиз билан яна кўп нарсалар ойдинлашади.

 Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:
«Бадбахт онасининг қорнида бадбахт бўлгандир. Бахтли ўзидан бошқадан ваъз олгандир», деди.
Буни эшитган бир киши Ҳузайфанинг олдига келиб, ўша гап ҳақида хабар берди ва:
«Инсон амалсиз қандоқ бадбахт бўлиши мумкин?» деди.
Шунда Ҳузайфа унга:
«Шундан ажабланяпсанми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Нутфага қирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ унга бир фариштани юборади. Бас, унинг суратини тўғрилайди, қулоғини, кўзини, жилдини, гўштини ва суягини халқ қилади.
Сўнгра «Эй Роббим, ўғилми, қизми?» дейди.
Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади.
Кейин: «Эй Роббим, ажали-чи?» дейди.
Бас, Роббинг истаганини айтади ва фаришта ёзади.
Кейин: «Эй Роббим, ризқи-чи?» дейди.
Бас, Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади.
Кейин фаришта қўлида саҳифа билан чиқади. Унга зиёда ҳам, нуқсон ҳам етказмайди», деганларини эшитганман», деди
».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Сиртдан қараганда, ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло томонидан бандани бир ишга аввалдан мажбур қилиш борга ўхшайди. Инсон онасининг қорнидаги вақтидаёқ бўлар иш бўлиб, битиб қўйилганга ўхшайди. Лекин бу ердаги баъзи лафзларга алоҳида эътибор берадиган бўлсак, бошқача маъно келиб чиқиши турган гап.
«Бадбахт онасининг қорнида бадбахт бўлгандир. Бахтли ўзидан бошқадан ваъз олгандир».
Яъни, Аллоҳ таолонинг илми шунчалик чексизки, У Зот кишининг бадбахтлигини у онасининг қорнида турганидаёқ билган бўлади.
Киши бошқалардан ўрнак олиб, яхшига ёндашиб, ёмондан четлашиб бориб, бахтли бўлиши мумкин. Буни ҳам Аллоҳ таоло азалдан билади. Чунки У Зотнинг илми чексиздир. Шундоқ бўлмаса, У Зотнинг алиймлик сифатига футур етади ва бу нарса мутлақо мумкин эмас.
«Буни эшитган бир киши Ҳузайфанинг олдига келиб, ўша гап ҳақида хабар берди ва:
«Инсон амалсиз қандоқ бадбахт бўлиши мумкин?» деди».
Демак, қазо ва қадар масаласини аниқ тушуниш саҳобаи киромлар даврларида ҳам ҳамма учун осон бўлавермаган. Баъзи кишилар бу масалани тўғри тушуниш учун бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлганлар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан юқоридаги гапни эшитиб, уни амалсиз тўғридан-тўғри бадбахт бўлиб қолиш, деб англаган киши бу масалани чуқурроқ тушуниб олиш учун Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуга мурожаат қилди. У киши қуйидаги жавобни бердилар:
«Шундан ажабланяпсанми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Нутфага кирқ икки кеча ўтса, Аллоҳ унга бир фариштани юборади. Бас, унинг суратини тўғрилайди, қулоғини, кўзини, жилдини, гўштини ва суягини халқ қилади», деганларини эшитганман», дейди.
Демак, уруғлик она қорнида урчиганидан қирқ икки кун ўтганидан кейин ҳомилага инсоний шакл кира бошлар экан. Ўша пайтдаёқ унинг бошқа барча ҳолатларини Аллоҳ таоло Ўзининг азалий ва чексиз илми ила билиб туради. Бу эса, амалсиз бадбахт бўлиш, дегани эмас.
Ҳа, инсоннинг она қорнидаги жисмоний ҳолатлари муолажа қилинганидан кейин фаришта унинг ножисмоний ҳолатлари қандоқ бўлиши ҳақида Аллоҳ таолодан сўрай бошлайди.
«Сўнгра «Эй Роббим, ўғилми, қизми?» дейди.
Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади».
Роббил оламийн ҳомиланинг ўғил бўлишини ҳам, қиз бўлишини ҳам азалдан билади.
«Кейин: «Эй Роббим, ажали-чи?» дейди.
Бас, Роббинг истаганини айтади ва фаришта ёзади».
Роббил оламийн мазкур ҳомиланинг ажалини ҳам азалдан билади.
«Кейин: «Эй Роббим, ризқи-чи?» дейди.
Бас, Роббинг истаганини ҳукм қилади ва фаришта ёзади».
Роббил оламийн мазкур ҳомиланинг ризқини ҳам азалдан билади.
Кейин фаришта қўлида саҳифа билан чиқади. Унга зиёда ҳам, нуқсон ҳам етказмайди», деганларини эшитганман», деди».
Ҳа, Аллоҳ таолонинг бенуқсон илмида собит бўлган нарсани ўзгартириб бўлармиди?!
Эътибор берадиган бўлсак, бу ерда мажбур қилиш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Ёзиш ҳақида гап кетмоқда.
Ёзиш нима дегани? Ёзиш — билимни қайд қилиш, дегани.
Бир асарда «Илмни ёзиш ила қайд қилинглар», дейилган. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас. Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, унинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Инсон онасининг қорнидалигидаёқ келажакдаги унга тегишли маълумотлар, Аллоҳнинг илми қайд қилинади. Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш, яъни, қайд қилишни уни мажбурлаш, дейиш мумкинми? Йўқ, албатта! Хусусан, қайд қилинган нарсалар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку! Энди мазкур ёзиб қўйилган нарсаларни алоҳида ўрганиб чиқайлик:
«Ўғилми, қизми» экани?
Албатта, ҳомила қирқ кунлик чоғида унинг ўғил ёки қиз эканлигини билишни даъво қиладиган оқил бўлмаса керак. Буни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади ва ўша билимини амр ила фариштага ёздириб қўяди.
Ажали.
Бу ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардан. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотларнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ билади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам бирор жонзотнинг ажалини билмайди. Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, бир дона кичкина қумурсқанинг ажалини билишга ҳаракат қилсалар ҳам, буни уддалай олмайдилар. Дунёдаги барча жонзотларни, жумладан, инсонларни яратган Зот Аллоҳдир. Уларга жон ато этган Зот ҳам Аллоҳдир. Уларни ўлдирадиган Зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ҳам ажабланарли нарса эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин иш эмас. Агар Аллоҳ ҳар бир жонзотнинг ажалини тўлиқ ва аниқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳнинг бу илмида ҳам мажбурлаш йўқ.
Ризқи.
Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини Фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандоқ ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар.
Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканлигини таъкидлаш учун айтилган. Бу кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, буни ҳеч ким билмайди, деган маънони билдиради. Аслида бу ҳам унчалик аниқ ифода эмас, чунки ютилган луқманинг ризқ бўлиши ҳам гумон бўлади. Томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши, шунда инсоннинг кўнгли айниб, ўша таомни қайт қилиб ташлаши мумкин. Баъзан ёмон таом кишини ҳалок қилиши ҳам мумкин.
Барча жонзотларни йўқдан бор қилган Зот ҳам, жумладан, инсонни яратган Зот ҳам Аллоҳ таолодир. Унинг нутфалигидан олдинги ҳолатини ҳам, ўлгандан кейинги барча ҳолатларини ҳам аниқ биладигон Зот Аллоҳдир. Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган Зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандоқ ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб нарса эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас. Агар Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини аниқ ва тўлиқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ. Илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмас!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла раҳмга (бачадонга) бир фариштани вакил қилгандир. Бас, у:
«Эй Роббим! Бу нутфадир!
«Эй Роббим! Бу лахта қондир!
«Эй Роббим! Бу чайналган гўштдир!» дейди.
Қачон Аллоҳ яратишни қазо қилганда фаришта «Эй Роббим! Эркакми, қиз? Бадбахтми, некбахт? Ризқи нима? Ажали нима?» дейди. Онасининг қорнида ана шундоқ ёзилади», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдинги ҳадиси шарифнинг узвий давомидир. Бунда Аллоҳ таолонинг ҳар бир раҳмга бир фариштани вакил қилиб қўйгани ва ҳомила ҳали нутфалигидаёқ унинг хабарини бериб туриши ҳақида тушунча бермоқда. Фаришталар нутфанинг ҳомилага айланиш жараёнини бирмабир хабар қилиб турар экан. Вақти келганда эса, фаришталарга ўша ҳомиланинг қазои қадарини, яъни, Аллоҳ таолонинг азалий илмидаги ҳолини ёзиб қўйишга ҳам изн берилар экан.
Аввалги ҳадисда ўғил ёки қиз эканлиги, ажали ва ризқи ёзилиши ҳақида сўз кетган ва бу нарсалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтган эдик. Бу ҳадиси шарифда эса, уларга қўшимча равишда, бахтли ёки бахтсиз эканлиги ҳам ёзиб қўйилиши ҳақида хабар берилмоқда. Дарҳақиқат, бу масала ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг илмига боғлиқ нарсадир.
Ҳар бир инсон бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам, Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади. Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно ўша азалий илмни қайд қилиш, холос. Бутун инсоният тўплансаю уларнинг ичидан бирортасининг бахтли ёки бахтсиз эканлигини билишга қанчалик уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишинигина жаннатга кириши ҳақида башорат берганлар, холос. Қолганларнинг тақдири нима бўлишини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Агар Аллоҳ буни билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!
Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб ёздириб қўйиши қийин эмас. Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб, қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас. Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмас!

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп ила чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:
«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, амал нимага қилинади? Ўшанга суянсак бўлмайдими?» дейишди.
«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар қилингандир», дедилар ва «Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар
».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қазо ва қадар масаласига мўминларнинг қандай муносабатда бўлишлари лозимлиги ҳақидаги улкан қоида баён қилинмоқда.
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп ила чизар эдилар. Бас, У зот бошларини кўтардилар ва:
«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар».
Ўша манзилларни яккаю ягона Зот Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Агар Аллоҳ таоло буни билмаса, Аллоҳлиги қолмасди. У Зотга нуқсон сифати нисбат берилган бўларди. Бошқа ҳеч ким мазкур нарсаларни билмайди. Баъзи бир саҳобалар бу гапни ўзларича англадилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, амал нимага қилинади? Ўшанга суянсак бўлмайдими?» дейишди».
Яъни, ҳар бир жоннинг жаннати ёки дўзахи бўлиши Аллоҳ таоло томонидан билинган бўлса, ўша илмга суяниб, ибодат ва амали солиҳ қилмай юраверса бўлмайдими? Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга энг тўғри жавобни бердилар.
«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар қилингандир», дедилар ва «Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар».
Ҳа, айнан шариатга биноан, амал қилиш кимнинг кимлигини ажратишга аломат бўлгандир. Ҳар кимни Аллоҳ таоло нима учун халқ қилган бўлса, ўша бандага мазкур нарсага олиб борувчи амаллар осон кўринади ва уларга амал қилишга ўтади. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ҳам таъкидлаган:
«Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз» (Лайл, 5 — 7).
Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-дунё сарф қилса, Аллоҳ таолога тақво қилиб яшаса ва «гўзал сўз» — «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни тасдиқ қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатга киришини осон қилади.
«Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз».
Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-мулк сарфламай бахиллик қилса, тақво қилишдан истиғно қилса ва «гўзал сўз» — «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни ёлғонга чиқарса, Аллоҳ таоло унинг дўзахга киришини осон қилади.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга динимизни худди ҳозир халқ қилинганимиздек баён қилиб беринг. Бугун нима учун амал қилинади? Қаламлар қуриган ва тақдирлар жорий бўлган нарсаларгами ёки келажакда кутиб оладиганимиз нарсаларгами?» дейилди.
«Қаламлар қуриган ва тақдирлар жорий бўлган нарсаларга», дедилар.
«Унда амални нимага қиламиз?» дейилди.
«Ҳар бир амал қилувчи ўз амалига муяссар қилингандир», дедилар
».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Умар:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, биз амал қилаётган нарса янги чиққан нарса учунми ёки бўлари бўлиб бўлган нарса учунми?» деди.
«Бўлари бўлиб бўлган нарса учун. Эй Ибн Хаттоб! Ҳаммага муяссар қилинганидир. Ким аҳли саодатдан бўлса, саодат учун амал қилади. Ким аҳли шақоватдан бўлса, шақоват учун амал қилади», дедилар».
Шарҳ: Жаннат аҳлининг кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам билинган бўлса, унда овора бўлиб амал қилишнинг нима кераги бор? Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳаммага муяссар қилинганидир. Ким саодат аҳлидан бўлса, саодат учун амал қилади. Ким шақоват аҳлидан бўлса, шақоват учун амал қилади», деб жавоб бердилар.
Бу жумлани уламоларимиз: «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса, шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади. Шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деб тушунтирганлар.
Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳукмлари ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Бандадан ушбу амрларга амал қилиш талаб қилинган. Ушбу талабни бажарган бандага эса, саодат ваъда қилинган.
Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага бадбахтлик ваъда қилинган.
Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳакдаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандоқ тушуниши лозимлиги баён этилган. Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхши амалларни қилиш муяссар эканлигини исботлашга ҳаракат қилиши керак.
Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса, хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ёмон амаллар ўзи учун муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.
Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари, саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат. Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар, дея ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати, деб билишган. Ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшаганлар. Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар. Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар. Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар. Бутун умрларини «Қандай қилиб кўпроқ савобли амал қилар эканман?» деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қииинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар. Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар. Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.
Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса, ҳамма ишлар орқага кетди. Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб, «Амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми?» деб, қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди. Бунинг натижасида беҳуда жанжал кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлиқ дангасалик ва бошқа разолатлар эгаллади.
Натижада салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек: «Уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган ўринбосарлар келдилар».
Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонларини аввалги соф ҳолига келтиришлари ҳам ўта зарур ишлардан бири эканлигини унутмасликлари керак.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Музайнадан икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, бугун одамлар нима учун амал қилмоқдалар ва чарчамоқдалар? Уларга қазо қилинган ва ўтган нарсагами ёки келажакда кутиб оладиган нарсаларигами?» дейишди.
«Йўқ! Балки уларга қазо қилинган нарсага. Бунинг тасдиғи Аллоҳнинг Китобида бор: «Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, унга (нафсга) фужурини ва тақвосини билдирди», дедилар
».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги савол ҳам ўтган ҳадиси шарифлардаги саволларнинг бошқача шаклда ифодаланган нусхасидир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом жавобни ҳам ўзига яраша бермоқдалар ҳамда далил учун бошқа бир ояти каримани келтирмоқдалар:
«Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, унга (нафсга) фужурини ва тақвосини билдирди»
Аллоҳ таоло инсон нафсини мўътадил қилиб, яъни, тақвони ҳам, фужурни ҳам, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам қабул қилишга лаёқатли қилиб яратган.
Аллоҳ таоло инсонга ҳақ билан ботилни ажратишга ярайдиган ақл берган.
Аллоҳ таоло динни юбориб, нима қилиш керагу нимани қилмаслик кераклигини ҳам баён қилган.
Аллоҳ таоло инсонга ҳақни қилиб, ноҳақдан четда бўлишга, яхшиликни қилиб, ёмонликдан четда бўлишга, ростни айтиб, ёлғондан четда бўлишга қудрат ҳам берган.
Инсон Аллоҳ таоло берган ақлни ишга солиб, Аллоҳ таоло юборган диндан ўрганиши ва Аллоҳ таоло берган қудратни ишга солган ҳолда ҳақни қилиб, ноҳақдан четда бўлиши, яхшиликни қилиб, ёмонликдан четда бўлиши, ростни айтиб, ёлғондан четда бўлиши лозимдир.
Ҳа, ҳар бир банда ўзи нима учун халқ қилинган бўлса, унга ўша нарса муяссар қилинади. Ҳар бир банда қилганига қараб, жаннат ёки дўзахга киритилади. Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло азалдан билиб туради.

Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Маккага келиб, Ато ибн Абу Рабоҳга учрашдим ва:
«Эй Абу Муҳаммад! Аҳли Басра қадар ҳақида гапирмоқдалар», дедим.
«Эй ўғилчам! Қуръонни қироат қиласанми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Зухруф»ни қироат қил», деди.
«Ҳа-а. Мийм. Очиқ-ойдин китоб ила қасам. Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз. Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир», деб қироат қилдим.
«Она китоб нималигини биласанми?» деди.
«Аллоҳ ва Унинг Расули аълам», дедим.
«У бир китобдир. Аллоҳ уни осмонлару ерни халқ қилишдан олдин ёзгандир. Унда «Фиръавн аҳли дўзахлардандир» бор. Унда «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» бордир», деди.
Кейин Ато:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Валид ибн Убода ибн Сомитни кўриб қолиб:
«Ўлим олдидан отангнинг васияти нима бўлган эди?» деб сўрадим.
«Отам мени чақириб туриб: «Эй ўғлим! Аллоҳга тақво қил! Ва билки, Аллоҳга ва қадарнинг барчасига: яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирмагунингча зинҳор Аллоҳга тақво қила олмассан. Бундан бошқада ўлсанг, дўзахга кирасан.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, У Зот:
«Ёз!» деди.
«Нимани ёзай?» деди.
«Қадарни. Бўлганини ва абадий бўлувчисини ёз!» деди», деганларини эшитганман
».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳу сиз билан бизга қазои қадар масаласида, уни тушуниб етишда бошларидан ўтган бир тажрибани ҳикоя қилиб бермоқдалар:
«Маккага келиб, Ато ибн Абу Рабоҳга учрашдим ва:
«Эй Абу Муҳаммад! Басра аҳли қадар ҳақида гапирмоқдалар», дедим».
Улкан тобеъинлардан бўлган Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу катта олим ҳам эдилар. У киши ўз вақтида аҳли Макканинг имоми бўлганлар. Ҳамма ўзига керак масалаларни шу кишидан сўрар эди. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу бу сафарги саволга савол билан жавоб бера бошлаб:
«Эй ўғилчам! Қуръонни қироат қиласанми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Зухруф»ни қироат қил», деди.
«Ҳа-а. Мийм. Очиқ-ойдин китоб ила қасам. Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз. Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир», деб қироат қилдим».
Келинг, ушбу ўқилган ояти карималарнинг маъносини билиб олайлик.
«Ҳа-а. Мийм. Очиқ-ойдин китоб ила қасам. Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз».
Яъни, ақл юритасиз, деган мақсадда очиқ-ойдин китобни араб тилидаги Қуръон қилиб юбордик.
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир, у олийдир, ҳикматлидир».
Ушбу оятда Қуръони Карим Аллоҳ таоло наздида қанчалик олий мақомга эга эканлиги кўриниб турибди.
«Албатта, у ҳузуримиздаги она китобдадир».
Уламоларимиз, «она китоб»дан мурод, Лавҳул Маҳфуз, деганлар. Демак, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда сақланган. Бу эса, Аллоҳ таоло уни нақадар юксак қадрлаганини кўрсатади.
«У олийдир, ҳикматлидир».
Яъни, Қуръон олий мартабали ва серҳикмат китобдир.
Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу савол берувчига яна қўшимча маълумот бериш мақсадида:
«Она китоб нималигини биласанми?» деди.
«Аллоҳ ва Унинг Расули аълам», дедим.
«У бир китобдир. Аллоҳ уни осмонлару ерни халқ қилишдан олдин ёзгандир. Унда «Фиръавн аҳли дўзахлардандир» бор. Унда «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» бордир», деди».
Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу мазкур она китобда Фиръавннинг дўзах аҳлидан эканлиги ва «Таббат ядаа Аби Лаҳаб» калимаси борлигини бўлиб ўтган ҳодисалардан кейингина билмоқдалар. Бу нарсалар Аллоҳ таолонинг қазосида — илми азалийсида бор эди. Кейин қадари ила воқеъликда содир бўлди. Бошқасини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.
Қадар ҳақидаги маълумотларни улкан тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу кимлардан ўрганганларини кейинги жумлаларда баён қилиб берадилар.
«Кейин Ато:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Валид ибн Убода ибн Сомитни кўриб қолиб:
«Ўлим олдидан отангнинг васияти нима бўлган эди?» деб сўрадим.
«Отам мени чақириб туриб: «Эй ўғлим! Аллоҳга тақво қил! Ва билки, Аллоҳга ва қадарнинг барчасига: яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирмагунингча зинҳор Аллоҳга тақво қила олмассан. Бундан бошқада ўлсанг, дўзахга кирасан.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, У Зот:
«Ёз!» деди.
«Нимани ёзай?» деди.
«Қадарни. Бўлганини ва абадий бўлувчисини ёз!» деди», деганларини эшитганман».
Демак, қадарга иймон келтирмаган одам тақводор бўла олмайди. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, қадарга иймон келтирмаган одам мўмин-мусулмон бўла олмайди ва бу эътиқоддан бошқада ўлса, дўзахга киради.
Қазои қадар эса, Аллоҳ таоло Ўзи биринчи яратган нарса — қаламга амр қилиб, Ўзининг илми азалийсидаги нарсаларни қайд қилдирган нарсалардир. Ҳа, бу илмни қайд қилиш, холос. Аллоҳ таоло илмининг чексизлигини баён қилиш, холос. Бунда жабр ҳам йўқ, зулм ҳам йўқ.
Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб, қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша нарсага ҳар бир мусулмон иймон келтириши керак. Ана шунда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.
Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади.
Улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бошқа бир ривоятда мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўғилларига қазои қадарга иймон келтиришдан дарс берганлар. У киши ўғилларига мурожаат қилиб:
«Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан», деганлар.
Қаранг, иймон ҳақиқатининг таъми қазои қадарга ишонишда экан! Ўзига етган нарсани: «Бу мени четлаб ўтиши мумкин эмас эди, шу нарса албатта бўлиши керак эди», деб билишда экан! Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани: «Бу шундоқ бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан!
Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда: Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, яъни, сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу яхшилик ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди, деб ўзингдан кетма. Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди, деб Аллоҳга шукр айт!
Шунингдек, Сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундоқ бўлмаганда, бундоқ бўлар эди, дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «Шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.
Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни самарасиз уриниш ва вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш керак.
«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан».
Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб: «Ундоқ қилмай, бундоқ қилганимда, бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди» деб юрма! Ёки «Бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени четлаб ўтмас эди», деб юрма! Ундоқ қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан. «Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина иймон ҳақиқати таъмини топа олурсан! Чунки, шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан!
Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик қилиб, бу ёмонликни четлаб қолдим», деб қувонма! Фалончининг ёрдами бўлмаганида, ишим чатоқ эди, деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан! «Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди», дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан.
Бу маъноларнинг тасдиғини Қуръони Каримдан топамиз:
«Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир» (Ҳадид, 22).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга етадиган ҳар бир мусибат, касаллиқ очлиқ камбағаллиқ ўлим ва бошқалар улар юзага чиқишидан аввал ҳам Лавҳул Маҳфузда, Аллоҳнинг илмида собит бўлишини таъкидламоқда. Шунинг учун мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзни қийнашнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш фақат мусулмонларга хос эканлигини ҳамма билиши керак.
Худди мусибат каби ҳар бир хурсандчилиқ яхшилик ҳам авваддан Лавҳул Маҳфузда ёзилган бўлади. Шунинг учун бирон-бир неъмат, яъни, яхшилик етса, ортиқча хурсанд бўлиб, ўзини йўқотиб қўйиш ҳам мусулмонларга хос иш эмас. Ушбу ҳолатларни кейинги оят баён қилади:
«Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчокдарни суймас» (Ҳадид, 23).
Биз ўрганаётган ушбу ҳадиснинг ҳикмати қазои қадар ақийдасидан кўзланган ҳикматнинг асосини ташкил қилади десак, муболаға бўлмайди. Бу эса, инсоният учун жуда зарур нарсадир. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қазои қадар ақийдаси асосан бўлиб ўтган нарсага нисбатан ишлатилади. Бировга мусибат етади, бировнинг бошига оғир иш тушади, молида, жонида нуқсонга учрайди, яна биров кўзлаган яхшилигига эриша олмайди. Ана шунда афсус-надомат бошланади. Умидсизлик юзага чиқади. «Нима учун шундай бўлди?» деган савол пайдо бўлади. Бу мусибатларнинг сабабини ахтара бошлайди. Ўз фикрича, мусибатига сабабчи бўлганларга душманлик қилишни бошлайди. Ўзи руҳиймаънавий зарар кўргани етмагандек, бошқаларга зарар етказиш, ижтимоий алоқаларни бузиш бошланади. Қўйингки, ўтиб кетган иш учун, қайта тиклаб бўлмайдиган нарса учун беҳудадан-беҳуда зарар кўриш бошланади. Қазои қадарга ишонган одам эса, ушбу ҳадиси шарифга амал қилади-да: «Менга етган ушбу нарса мени четлаб ўтиб кетиши мумкин эмас эди, муқаррар иш бўлди. Қазои қадардаги бор нарсага беҳуда афсус-надомат чекиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, энди ўзимга муяссар бўлган ишни қилишдан қолмай», дейди. Беҳудага асабини бузишдан, руҳиймаънавий эзилишдан, ақл-заковат, куч-қудрат сарфлашдан, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказишдан тийилади. Куч ва имкониятларини келажаги учун сарфлашга ўтади.
Бу ҳолат фақат мусулмонларда бўлиши мумкин, холос. Франциялик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақидаги хотираларида жумладан, қуйидаги фикрларни айтади:
«Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб, кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерлик аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб, ўзларини, мол-мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса, борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса, учириб кетар эди. Бу ҳол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Тирик ҳайвон қолганининг аломати ҳам йўқ эди. Дов-дарахт, экинтикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман, ҳаётдан асар қолмади. Биз ўзимизча «Энди ерлик аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак», деб ўйлар эдик.
Шамол тўхтади. Аммо, биз кутган нарсаларнинг бирортаси бўлмади. Ҳеч ким «дод-вой» солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб, ҳеч нарса бўлмагандек, қолган-қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Биров кўрилган зарарга афсус-надомат чекмас, фақат қолган нарсалардан фойдаланиб, ҳаётни аввалгидай давом эттириш пайидан бўлар эди. Бу оддий, саҳровий одамларнинг ўзларини тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди.
Сўраб-суриштириб, уларнинг қазои қадарга ишонишларини, ўша ақийдага биноан иш тутаётганларини англадим».
Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб жойларида қазои қадар ақийдасининг йўқлиги туфайли муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Турли-туман асабий касалликлар, тушкунлик ва умидсизликлар, ўз жонига қасд қилишлар ҳамда бошқа муаммолар шулар жумласидандир. Бунинг бирдан-бир сабаби, бўлиб ўтган нарсани қазои қадар ақийдасига биноан тушунмасликдир. Биз, мўмин-мусулмонлар бу ақийдани ўз ўрнида ишлатмоқни билишимиз зарур.

Абдулло ибн Файруз аддайламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Убай ибн Каъбнинг ҳузурига бордим ва унга:
«Қадар ҳақида нафсимда бир нарса воқеъ бўлди. Менга бирор нарса айтиб бер. Шояд, Аллоҳ таоло ўшани қалбимдан кетказса», дедим.
«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди. Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди. Токи, қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллони нафақа қилсанг ҳам, Аллоҳ уни сендан қабул қилмас. Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».
Кейин Абдуллоҳ ибн Масъудга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Ҳузайфа ибн Ямонга бордим. У ҳам худди шуни айтди. Кейин Зайд ибн Собитга бордим. У ҳам менга Набий алайҳиссаломдан худди шу ҳадисни айтди
».
Абу Довуд ривоят қилган
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Файруз аддайламий розияллоҳу анҳунинг қалбларига қазои қадар масаласида шубҳа тушиб, уни кетказишнинг осон йўли — бу масалани биладиган олим зот билан суҳбатлашиш, деган фикр ила катта ва олим саҳобалардан бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, ўз дардларини тўкиб солибдилар. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳаммага ҳам яхши дарс бўладиган ажойиб гапларни айтдилар:
«Агар Аллоҳ таоло осмонларининг аҳлини ва ерининг аҳлини азобласа, албатта, У Зот уларга золим бўлмас эди».
Аллоҳ таоло нафақат одамлар, балки осмонлар аҳлининг барчасини ва ер аҳлининг барчасини йўкдан бор қилган ва уларга ҳаёт ҳамда турли керакли неъматларни ато қилган Зот. Бу ишларда У Зотга бирортаси ёрдам ҳам бермаган. Бас, шундоқ экан, Аллоҳ таоло уларни нима қилса ҳам, жумладан, ҳеч қандай сабабсиз энг ашаддий азоблар ила азобласа ҳам, ҳақлидир. Чунки нима қилса, Ўз мулкида қилган бўлади. Аллоҳ таоло заррача сабабсиз барча мавжудотни барча азоблар ила азоблаган чоғида ҳам, заррача зулм қилмаган бўлади.
Бас, шундоқ экан, баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг нотўғри эътирози ила Аллоҳ таолога зулм нисбатини бериш мумкинми?
«Агар уларга раҳм қилса, албатта, У Зотнинг раҳмати улар учун ўзларининг амалларидан яхши бўлар эди».
Агар бандаларнинг амалларига яраша ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, уларнинг амаллари ҳеч нарсага арзимай қолиши турган гап. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларга раҳм қилса, Ўз фазли ила раҳмат қилади. Баъзи бир қазои қадар масаласини тўғри тушунмаган бандаларнинг амаллари яхшилаб ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, улар оғир аҳволда қолишлари турган гап. Гап адолат ёки адолатсизлик ҳақида кетаётгани йўқ. Гап Аллоҳ таолонинг мисли йўқ камолот сифатлари ҳақида, жумладан, дунёдаги бўлажак ҳар бир нарсани азаддан ипидан-игнасигача билиб туриши ҳақида кетмоқда.
«Токи, қадарга иймон келтирмагунингча ва сенга етган мусибат сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда сени четлаб ўтгани сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, агар Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд мислича тиллони нафақа қилсанг ҳам Аллоҳ уни сендан қабул қилмас».
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо унинг қадарга иймони йўқ. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо у ўзига етган мусибатни «Четлаб қолишим мумкин эди. Шуни вақтида ва керагича қилмадим», дея афсус-надомат қилади. Бас, ундан мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Биров Аллоҳ таолонинг йўлида Уҳуд тоғича келадиган тиллони нафақа қилди. Аммо у ўзига етмаган мусибатни «Усталик билан четлаб қолдим. Агар усталик қилмаганимда, чатоқ бўлар эди», дея фахрланди. Бас, ундан ҳам мазкур нафақа қабул бўлмайди.
Чунки бу нарсаларга иймони йўқ одам мўмин бўла олмайди. Аллоҳ таоло эса, мўмин бўлмаган банданинг нафақасини қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам:
«Агар бундан бошқа (эътиқод)да ўлсанг, албатта, дўзахга кирасан», деди».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ўз махлуқотларини зулматда халқ қилди. Бас, уларга Уз нуридан илқо қилди. Кимга ўша нурдан етса, ҳидоятга киради. Кимга етмаса, залолатга кетади. Шунинг учун «Аллоҳ таолонинг илмидаги нарсада қалам қуриган» дейман-да», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларнинг ҳидояти ҳақидаги масала кўтарилмоқда. Албатта, бу масала қадимдан кўпчиликнинг бошини қотириб келган. Киши ҳидоятни ўз ихтиёри ила топадими ёки бу ишга унинг дахли йўқми? Баъзилар, инсон ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас, у пешонасига нима ёзилса, шунга юради, дейдилар. Бошқалар эса, инсоннинг ўз ихтиёри бор, у нимани хоҳласа, шуни қила олади, дейдилар.
Исломда бу масала ҳам ўзига хос услубда муолажа қилинган. Исломий таълимотларга кўра, инсон турли қувват, малака ва истеъдодлар билан яратилади. Инсон ана шу қувват, малака ва истеъдодларни яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам йўллаши мумкин. Инсон фақат яхши ёки ёмон бўлмайди, балки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни соф табиат ила яратади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз ?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонларнинг, хусусан, ота-онанинг тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан, сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг:
«Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир» деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ва ростни ёлғондан ажратиш учун ақл берди. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ўрнатиш ва ботилни йўқ қилиш, яхшиликни қилиш ва ёмонликни тарк қилиш ҳамда ростни гапириб, ёлғондан четланиш қобилиятини ҳам берган.
Аллоҳ таоло инсонга дин, пайғамбар ва китоб юбориб, бу дунёда тўғри яшаш йўлларини кўрсатиб берди.
Аллоҳ таоло инсонга тўғри йўлда юриш, ҳақни тутиш, рост гапириш, ҳалол-пок бўлишни амр қилди.
Аллоҳ таоло инсонни залолатдан, ёмонликдан, зулмдан, ёлғондан ва бошқа зарарли нарсалардан қайтарди.
Бинобарин, инсоннинг яхши йўлни танлаши ва ёмон йўддан четлаши матлубдир. Агар баъзи кишилар ўйлаганидек, ҳидоят йўлини танлашда ва унга ҳаракат қилишда инсоннинг ҳеч қандай ўрни бўлмаганида, яхши билан ёмон одамнинг орасида фарқ бўлмасди. Динлар, пайғамбарлар ва илоҳий китобларнинг мутлақо аҳамияти қолмас эди.
Мушриклар ўзларининг ширки Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлганлигини ва уларнинг айблари йўқлигини даъво қилишганда, Аллоҳ таоло Анъом сурасида уларга кучли раддия қилган:
«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар. «Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм-ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасизлар», деб айт» (148-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳақиқий илмий тортишув, баҳс давомида енгилиб қолган мушрик ва кофирлар энг сўнггида айтадиган гапларни келтирмоқда:
«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар.
Хўш, уларнинг бу гаплари янги гапми? Йўқ, эски, сийқаси чиққан гап. Мантиқсиз гап.
«Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар».
Шунингдек, улардан кейингилар ҳам шундай қиладилар. Улар ҳеч бир ишни Аллоҳнинг хоҳишидан ташқарида қилмаган эмишлар. Яъни, агар Аллоҳ хоҳлаганида, ширк келтирмас, кофир бўлмас, гуноҳ қилмас эканлар. Шу билан ўзларини оқламоқчи бўладилар.
Хўш, уларнинг бу гапига нима дейиш керак? Уларга ушбу гапларига яраша қуйидаги, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўргатган саволни бериш керак:
«Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм-ҳужжат борми?»
Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром, деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандаларнинг иймон келтиришларини хоҳлагани учун «Иймон келтиринглар», деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳйи қилиб, қайтариб қўйган. Аллоҳнинг барча хоҳиш-истаги очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиш-истаги ичида «Ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг», деган буйруқ йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ. Аммо:
«Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасизлар», деб айт».
«Сен: «Етук ҳужжат Аллоҳнинг Узидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди», деб айт».
Мушрикларнинг «Агар Аллоҳ хоҳласа, ширк келтирмас эдик» деган гапларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-ҳужжатлари йўқ эканлиги аён бўлди. Аммо уларга қарши ва Аллоҳ таолонинг ҳақ эканлиги ҳақидаги
«Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир».
Бу очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллардир.
«Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди».
Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиблари қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок ато этди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана шу ихтиёрга қараб, жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана шу ёмон — залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.
Ҳидоят ёки залолат баъзи сабабларнинг натижасидир. Худди таом еса тўйганидек, сув ичса қонганидек, пичоқ кесиб, олов куйдирганидек, ҳидоят ёки залолатга ҳам сабаб бўладиган нарсалар бор.
Ҳидоят яхши ният ва солиҳ амал самарасидир.
Залолат ёмон ният ва ёмон амал самарасидир.
Ҳидоят ёки залолатни Аллоҳ таолога нисбат бериш эса, У Зотнинг сабабларни ва уларнинг таъсир қилиш низомини яратганидандир. Баъзилар ўйлаганидек, бандаларни ҳидоят ва залолатга мажбур қилганидан эмас. Бу маъно Қуръони Карим оятларида яққол намоён бўлган. Аллоҳ таоло Раъд сурасида:
«Албатта Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур ва Ўзига йўналганларни ҳидоят қилур», деган (27-оят).
Ушбу жумладаги «йўналган» деган сўз Қуръони Каримдаги «аноба» деган сўзнинг таржимасидир. Бу сўз аслида «яхшилик навбатига кириш», яъни, Аллоҳга таслим бўлиш, унинг оятларини кўриб, унга қайтиш ва тавба қилиш маъноларини англатади. Демак, бирор кишининг ҳидоятга муяссар бўлиши шарти, аввало унинг ўзида истақ Аллоҳга томон йўналиш бўлиши кераклиги экан. Ана шунда Аллоҳ уни ҳидоятга солар экан.
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур. Аллоҳ золимларни залолатга кетказур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деган.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларни иймонли бўлганлари, собит сўзни — иймон сўзини айтиб, унга амал қилганлари туфайли бу дунёю охиратда собитқадам қилади. Ҳа, «Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур».
Мўмин банда бу дунёда иймон соясида яшагани учун собитқадам бўлади. Ҳар бир қиладиган иши, айтадиган сўзи аниқ: Аллоҳ томонидан олдиндан кўрсатиб қўйилган, олдиндан нима қилиши ва оқибати нима бўлишини яхши билган, билганда ҳам, асосий масдар, яъни, Аллоҳ таоло томонидан билинган одам собитқадам бўлмай, ким бўлсин?! Шунингдек, Аллоҳ таоло мўмин бандаларни собит сўз, иймон ила охиратда ҳам собитқадам қилади. Охиратда мўмин собитқадам бўлмаса, ким собитқадам бўлади?!
«Аллоҳ золимларни залолатга кетказур».
Улар золим бўлганлари учун залолатга кетадилар. Шунинг учун улар икки дунёда ҳам собитқадам бўла олмайдилар.
«Аллоҳ хоҳлаганини қилур».
Унинг истаги, хоҳиши ва иродасининг чеки йўқ.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деган:
«У ўша билан кўпчиликни залолатга кетказар ва кўпчиликни ҳидоятга солар» (26-оят).
Демак, синов ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Эси бор одам ундан фойда олиб, иймони мустаҳкамланади. Ақли шайтоннинг қўлида бўлганлар эса, уни масхара қилиб, куфрда янаям чуқур кетади. Куфрда чуқур кетадиганлар фосиқлардир. Одатда, гуноҳ ишларни қилган мусулмонлар фосиқ деб аталади. Фисқ сўзи уламолар истилоҳида, гуноҳи кабира қилиш ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиш, Аллоҳнинг амридан чиқиш маъноларини англатади. Қуръони Каримда эса, мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан фосиқ дейилади.
Келгуси оятда ўша залолатга кетадиган фосиқ, кофир мунофиқларнинг сифатлари зикр қилинади:
«Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир» (Бақара, 27).
Ушбу оятда Аллоҳ залолатга кетадиган кофир ва мунофиқларнинг учта катта сифатини келтирган.
Биринчи сифат:
«Аллоҳнинг аҳдини боғлаганидан сўнг бузадиган...»
Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Бу аҳд кўп нарсаларда боғланган, жумладан:
а) Аллоҳ таоло ҳар бир бандани яратиш чоғида унинг табиатига диндорликни солган. Кофир ва мунофиқлар ана шу табиатга хилоф чиқадилар;
б) Аллоҳ таоло одам боласини Ўзининг ердаги халифаси қилган, улар бу аҳдни бузиб, халифаликка хиёнат қиладилар;
в) Ҳар бир шариат келганда, Аллоҳ Ўзидан бошқага сиғинмаслик аҳдини олган бўлса ҳам, кофир ва мунофиқлар хиёнат қиладилар. Шунингдек, фосиқлар, яъни, кофир ва мунофиқлар ҳаётларида Аллоҳнинг шариатига амал қилиш, унинг кўрсатган йўлидан юриш каби нарсаларга боғлаган аҳдларини бузадилар.
Иккинчи сифат:
«Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган...» Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ — кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар.
Учинчи сифат:
«Ер юзида фасод қиладиган...»
Фасоднинг тури ниҳоятда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод борлиқни яратувчи Зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлни тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишдир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.
Мазкур сифатлар қандай натижага элтади? Албатта, бундай сифатли кишилар ютқазадилар. Бу дунёларини ҳам, у дунёларини ҳам ютқазадилар!
«Ана ўшалар ютқазувчилардир».
Шу билан бирга, инсоннинг ҳар бир хоҳиши Аллоҳ таолонинг катта хоҳиши доирасида бўлишини унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло Таквир сурасида:
«Оламларнинг Роббиси Аллоҳ хоҳламаса, сизлар хоҳлай олмассизлар», деган.
Ҳа, ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади. Жумладан, ҳидоят ва залолат ҳам Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ. Аллоҳ эса ҳидоят ва залолат уларни хоҳлаган кимсаларга бўлишини хоҳлашини Ўзи айтиб турибди. Агар, инсон хоҳлагани Аллоҳ таолонинг хоҳишисиз ҳам бўлаверади, дейилса, Аллоҳ таолога нуқсон нисбати берилган бўлади ва бу мутлақо мумкин эмасдир.

ҚАДАР ҲАҚИДА НИЗО ҚИЛИШ КЕРАК ЭМАС


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг тепамизга келдилар. Биз қадар ҳақида низо қилмоқда эдик. Бас, у зот ғазабландилар. Ҳатто, юзлари қизариб кетди. Икки ёноқларида анор ўйилгандек бўлди. Сўнг у зот:
«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?! Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?! Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар, холос! Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!» дедилар».
Шарҳ: Қазои қадар масаласи ўта нозик ва англаш осон бўлмаган масала бўлганлиги учун ҳатто саҳобаи киромлар ҳам у ҳакда низо қилган эканлар. Бу эса, ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломнинг қаттиқ ғазабланишларига сабаб бўлди. Ғазабнинг шиддатидан у зотнинг юзлари қизариб, ёноқлари ловиллаб кетди ва саҳобаларга қарата қуйидаги гапларни айтдилар:
«Сизлар шунга амр қилинганмисизлар?!»
Сизлар қазои қадар масаласида бир-бирингиз ила низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинганмисизлар ?! Нима учун бу ишни қилмоқдасизлар?! Ахир сизларга қазои қадар масаласида бир-бирингиз билан низо қилиб, талашиб-тортишишга амр қилинмаган-ку! Сизларга қазои қадар масаласига иймон келтириш амр қилинган. Сиз ўзингизга амр қилинган ишни қилинг! Қазои қадар масаласига иймон келтиринг! Бу борада бошқа нарса ила ишингиз бўлмасин!
«Ёки мен сизларга шу билан юборилганманми?!
Аллоҳ таоло мени сизларга қазои қадар масаласида низо қилишни ўргатишим учун юборганми?! Мен сизларга ўша нарсани таълим бермоқдаманми?! Билиб қўйинглар!
«Сизлардан олдин ўтганлар ҳам мана шу ишда низо қилганларида ҳалок бўлганлар, холос!»
Сиздан олдин ўтган умматларнинг ҳалок бўлишининг бош сабабларидан бири уларнинг қазои қадар масаласида низо қилишлари бўлган. Улар айнан шу масалада низо қилганлари учун ҳалок бўлганлар.
Сизларга қасам ичаманки, сизларга қасам ичаманки, бу нарсада низо қилманглар!»

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Токи қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтирмагунча ва ўзига етган мусибат уни четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ҳамда ўзини четлаб ўтгани унга етиши мумкин эмаслигини билмагунича банда мўмин бўлмайди», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ва шу маънодаги бошқа далиллар асосида қазои қадарга иймон келтириш иймоннинг рукнларидан бири эканлиги қаттиқ таъкидланган.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олти тоифани мен ҳам лаънатладим, Аллоҳ ҳам ва ўтган ҳар бир набий ҳам лаънатлади: ААллоҳнинг Китобига зиёда қилганни, Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарганни, Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлганни, Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаганни, аҳли байтимдан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаганни ва суннатимни тарк қилганни», дедилар
».
Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда дунёдаги энг ёмон олти тоифа одам ҳақида сўз кетмоқда. Уларни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаган.
Аллоҳнинг Китобига зиёда қилган.
Бу жиноят дунёдаги энг катта ва даҳшатли жиноятлардан биридир. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга икки дунё саодатини кўрсатиш учун нозил қилинган китобга ўзи томонидан зиёда қўшган одамни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Аллоҳнинг қадарини ёлғонга чиқарган.
Аллоҳ таоло томонидан, иймоннинг рукнларидан бири, деб қайд этилган қазои қадар масаласини ёлғонга чиқарган нобакорни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Аллоҳ хор қилганни азиз қилиш учун ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилиш учун жабарут ила султонга эга бўлган.
Султонга эга бўлганда Аллоҳ хор қилганни азиз қилган ва Аллоҳ азиз қилганни хор қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир. Чунки аслида Аллоҳ таоло азиз қилганни азиз қилмоқ ва Аллоҳ таоло хор қилганни хор қилмоқ керак эди.
Аллоҳнинг ҳарамини ҳалол санаган.
Аллоҳнинг ҳарами Маккаи Мукаррамадир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу муқаддас шаҳар ва унинг атрофидаги маълум ҳудудни ҳарам — баъзи нолойиқ ишларни қилиш ҳаром бўлган жой қилиб қўйган. У ернинг ов ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди, дарахтлари синдирилмайди, у ерда уруш қилинмайди ва ҳаказо. Ўша ҳарамни ҳалол санаганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳли байтларидан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли байтларига эҳтиром билан қарашни ўз умматларига қаттиқ тайинлаганлар. Уларни беҳурмат қилганни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлаган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини тарк қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг иккинчи масдари ҳисобланади. Суннат Қуръони Каримдан кейинги ўринда турадиган нарсадир. Ким суннатни тарк қилса, уни Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва барча набийлар лаънатлагандир.

ХОТИМА


Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир неча ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан иборат эмас. Бошқа кўпгина оят ва ҳадислар бор бўлиб, улардан баъзилари ушбу китобнинг бошқа жойларида ҳам келган. Лекин масаланинг моҳияти, асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, баъзи бир хулосаларни чиқарсак ҳам бўлади.
Аввало, бир масала бўйича бир ёки бир неча оят ёки ҳадисга суяниб ҳукм чиқариш мумкин эмас экан. Иложи борича, атрофлича ўргангандан сўнггина бир нарса дейиш керак.
Ушбу бобдаги баъзи ҳадисларда банданинг ҳеч қандай ихтиёри йўққа ўхшаб кўринса, айримларида аксинчага ўхшаб кўринади. Баъзиларида иш бўлишидан олдин қазои қадарга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган. Бошқаларида эса, иш бўлиб ўтгандан кейин қазои қадарга қандоқ муомалада бўлиш баён қилинган ва ҳоказо.
Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисми «Банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади», деганлар.
Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири Жаҳм ибн Савфон Самарқандийга мансуб «Жаҳмийя» тоифасидир.
Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ, баъзилар «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади.
Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса, ўртача йўл тутган. «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашларича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча, ихтиёри бор ишларда жавобгардир. Ҳақиқат ҳам шунинг рост эканлигини кўрсатади. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳинларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.
Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:
«Эй Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тавфиз қилиб, яъни, топшириб қўйганми?
—    Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!
—    Бўлмаса уларни мажбур қилурми?
—    Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилрокдир!
—    Бу нима дегани?
—    Бу ўртача, дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ».
Биз бу жавобларнинг нақадар тўғри эканлигини юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.
Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади.
Мисол учун, «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик» деган ояти карима «ўлчов билан яратдик» маъносини англатади. Яъни, «дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор». Бу маънодаги оятлар анчагина бор.
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана шу ҳушёрлиқ эҳтиёткорлик йўқолса, инсоннинг залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда бундай ишлар кўп бўлган. Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар, ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандоқ тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.
Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг, яъни, мусулмонлар оммаси эътиқод қиладиган ақийдавий мазҳабнинг энг мўътабар китобларидан бири бўлган «Ақийдаи Таҳовийя»нинг матнида жумладан қуйидагилар айтилади:
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар» дегандир. Бас, кимда-ким «Нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган сўзлардир. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир».
Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.
«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».
Аслида муқарраб фаришта ва юборилган Пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи Аллоҳнинг илми чексиз эканлигини баён қилувчи масаладир.
«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир».
Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади, инсонни кўп нарсадан маҳрум қилади. Бу нарса охири келиб банданинг туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.
«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг».
Яъни, қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «Нимага ундоқ бўлди, нимага бундоқ бўлди, ундоқ қилса, нима бўлар эди», каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг.
Шунингдек, «Ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундоқ деса бўлмасмиди?» каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса маълум бўлса, сизга эмас, Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!
«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир».
Бандаларнинг ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар.
«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир».
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир.
Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир.
Яъни, Аллоҳ таоло нима қилса, Ўзи билади. Ундан биров «Бу ишни нима учун қилдинг»? деб сўрай олмайди. Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳаммасидан ҳар бир ишни «Нима учун қилдинг?» деб сўрайди.
«Бас, ким «Нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур».
Яъни, кимки бўлган нарса Аллоҳнинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмай, «Аллоҳ нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У Зот қилганидан сўралмас» деган ҳукмини рад қилган бўлади.
«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик керак.
Аслида қазои қадар масаласи иймон китобида келади. Биз ҳам бу масалани «Ҳадис ва ҳаёт»нинг «Иймон ва Ислом» китобида ўрганиб чиққан эдик. Аммо бу масала зоҳидликнинг кўзга кўринган аломатларидан бири бўлгани учун бу ерда ҳам ўзига хос услубда ўрганиб чикдик. Бу ерда яна ҳам нозикроқ равишда ўргандиқ десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган бўлсак, ҳеч давоми...

5832 19:28 / 27.07.2017
Ўта бир муҳим нарсани билиб олиш ақийда илмини ўрганувчи шахс учун лозим ва лобуддир.Мутавотир хабар, хоҳ Қуръони Каримда, хоҳ ҳадиси шарифда собит бўлган бўлсин, давоми...

1886 17:00 / 28.12.2020
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг изни ила давоми...

4539 22:51 / 02.12.2016
. Аллоҳнинг тавфиқи билан Аллоҳнинг тавҳиди ҳақида эътиқод қилиб айтамизки 1. .Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир,. Биринчи бошлайдиган нарсамиз давоми...

1503 19:00 / 26 февраль