1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нега қалбимда намозга муҳаббат йўқ?

11:00 / 19.10.2018 6054 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқинда бир талабам менга шундай савол билан мурожаат қилди:

– Маълумки, намоз Исломнинг бешта асосларидан бири, фарз амал ҳисобланади. Аммо, негадир қалбимда намозга муҳаббат йўқ. Негадир намоз ўқиш менга машаққатли туюлади? 

Инсонни иштиёқ ва манфаат бошқаришини асло унутмаслик даркор. Лекин мўмин, аввало мусулмон одобига хос бўлмаган иштиёқу манфаатлардан тийилиши лозим. Сўнг солиҳлар даврасига қўшилиши, ҳалол амалларда қоим бўлиши зарур. “Бугунга қадар нафсим истагандай яшадим. Энди эса фақат Аллоҳнинг буюрганига итоат қиламан!” деган ниятда собит туриши керак. Бу қарор инсоннинг икки дунёсини жаннатга айлантиради. Аллоҳ истагандай яшаш эса, табиийки инсондан кучли иймон талаб этади. Бундай иймонга ҳақиқий сабоқлар ва суҳбатлар орқали эришилади. Фикри ожизимча, инсон намозларда бардавом бўлиш учун, аввало ён-атрофидани ўраб турган одамларга аҳамият бериши керак. Дўсту ёрлар, таниш-билишлар, доимий муомала-муносабатда бўладиган кишиларининг инсонга таъсири бениҳоя каттадир.

Саксон ёшдаман, аммо ҳануз маънавий дунёимга фойдаси бўладиган инсонлар томон ошиқаман. Чунки ҳаром селдай оқади. Ҳаромни қувватлайдилар, ҳаромни тарғиб қиляптилар. Бундай пайтда ўзини мажбурлаб бўлса-да, инсон олимлар, солиҳлар даврасига киришга уриниши керак. Ҳар доим ҳам тафсир ўқишга имкон ва вақт топилавермайди. Аммо шундай инсонлар борки, умри, ҳаёти, ҳолу ҳаракати, ҳар қадами билан инсонга таълим беради. Улардан фойдаланиш ақлга озуқадир.

Аҳамият берилса, масжидга бормайдиган, намоз ўқимайдиган инсонлар, аввало дунё ҳаётида машаққатда яшайдилар. Масжидлар Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасидир. Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига ҳайвонлар чиқди, аммо ўғли чиқмади. Намоз ўқимаётганлар ҳам Нуҳнинг кемасига чиқишни истамаётганлардир. Ўйлаб кўринг-чи, халоскор кемага чиқмаганлар кимлар эди? Изланиш керак, ўқиш керак....

Намозга муҳаббат

Намоз ўқишга аҳд қилган инсон жисмонан шундай демоқчи бўлади: “Менинг заруратим йўқ. Заруратим Аллоҳ буюрганига итоат этишдир!”

Учрашув ва семинарларда менга шундай савол билан мурожаат этишади: “Фарзандларимизга намозга бўлган муҳаббатни қандай уйғотиш мумкин? Болаларимизни намозларни вақтида, бенуқсон адо этишлари учун нима қилишимиз керак?” Шунда мен уларга қарата:

“Аввало ўзимиз Ислом арконларига хос, мусулмон ҳаётида яшашимиз керак! Энг гўзал ва мукаммал сабоқ бу амали, хатти-ҳаракати билан сабоқ беришдир. Мен болаларим ва фарзандларимга намоз ўқинглар, демаганман. Рафиқам ва фарзандларим билан сайру саёҳатларга чиқадиган бўлсак, “қайси уловга чиқсак, тез ва бехатар манзилга етамизу, намозларимиз қазо бўлмайди?” дердим. Болаларим намозга бўлган муносабатим ва муҳаббатимни кўриб улғайдилар. Балки намоз ўқинглар, дея мажбурлаганимда ғурурлари оғрир, намозга мажбурият юзасидан қарармидилар?

Баъзан намоз ўқиш менинг нафсимга ҳам малол келади. Кексаман, бетобман. Таҳорат олиш, намоз ўқишга қийналаман. Аммо нафсга оғир ҳолатда намоз ўқиш Аллоҳнинг лутфи, марҳаматидир! Чунки нафси истамаган одам Аллоҳ хоҳлагани учун намоз ўқийди ва бу билан ихлоси ортади. Ихлос – бир амални фақат ва фақат Аллоҳ розилиги учун бажармоқдир!

Бир инсон мендан шундай деб сўради: “Хоҳламай намоз ўқиш намозга нуқсон етказмайдими?” Мен унга: “Ўзи хоҳламай намоз ўқиш ибодатнинг ажрини ортирради!” деб жавоб қилдим. У ҳайратдан шошиб қолди: “Шундай бўлиши мумкинми?!” Мен: “Агар қалбинг истагани учун, маънавий лаззат, руҳинг енгил тортиши учун намоз ўқисанг, ўзинг учун ўқиган бўласан. Аммо ўзинг истамай намоз ўқисанг, Аллоҳ розилиги учун ўқиган бўласан!” дедим.

Қўққисдан уйғониб кетаман. Соатга қарасам, бомдод намози яқин. Рафиқамдан  таҳорат олиш учун ёрдам сўрайман. “Хоним, яқинда вафот этамиз. Келинг, яхшиси, ибодат қилайлик!” – дейман. “Яқинда вафот этишимизни қаердан биласиз?” – дейди рафиқам. “Биологик умрим тугаб боряпти, тақвимлар шундай далолат қилмоқдалар” дея жавоб қиламан. Ҳар намозимизда сўнггиси каби ибодат қилсак, намоз бизга малол келмайди. Пешинни адо этсам, асрни ўйламайман. Асргача етаманми-йўқми, Аллоҳ билгувчи.

Яна бир нарсани ўйлаш керак: дунё ишлари намозимиздан қийматлими?! Намоздан муҳим, ибодатдан қадрли иш йўқ, бу дунёда! Қабристонларга қулоқ тутинг: “Дунёда абадий қолмайсан!” деган илоҳий огоҳлантиришни туясиз. Дунёда қандай ишлар билан машғул бўлсак, охиратда ана ўшаларни топамиз!..

Умар Ўқчи (Ҳакимўғли Исмоил)

    

Таржимон
Умида Адизова
Мавзуга оид мақолалар
Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, давоми...

5434 20:00 / 02.05.2019
.Уйланишдан, хотин олишдан ҳамманинг мақсади бир хил эмас,, дейилса, бу фикр дастлаб ғалати туюлиши мумкин. Баъзилар айшишрат қилиш, шаҳват нафсини қондириш учун давоми...

5013 15:00 / 29.04.2019
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расмрусмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирги кунда расмиятчиликка давоми...

1983 11:03 / 28.10.2020
Қаънабийнинг Басрадаги бир ўғли айтади .Отам ичкилик ичиб, ёмонларга шерик бўлиб юрарди. Бир куни шерикларини чақириб, эшик олдида уларни кутиб ўтирди. Шу пайт давоми...

1799 08:00 / 30.11.2020