1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Нарсалар яратилиши ҳақида

23:28 / 02.12.2016 5613 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«У киши  ўғлига:
«Эй ўғлим!  Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб  ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон  ҳақиқати таъмини топа олмассан. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта,  Аллоҳ аввал яратган нарса — Қаламдир. У Зот унга:
«Ёз», деди. 
«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди. 
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини  ёз» деди», деганларини эшитганман. Эй ўғлим! Албатта, мен Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васалламнинг: 
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас»,  деганларини эшитганман», деган». 
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 

Шарҳ: Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу  анҳу мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига дарс бермоқдалар. У  киши ўз ўғилларига мурожаат қилиб:
«Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб  ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини  билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан», демоқдалар.
Қаранг, иймон ҳақиқати таъми —қазои қадарга ишонишда  экан!
Ўзига етган нарсани: «Бу мени четлаб ўтиши мумкин  эмасди, албатта, шу нарса бўлиши керак эди», деб билишда!
Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани: «Бу  шундоқ бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан!
Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап  бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда. «Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши  мумкин эмаслигини», яъни, сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу яхшилик  ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди,  деб ўзингдан кетма.
«Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди»,  деб Аллоҳга шукр айт!
Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб
ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати  таъмини топа олмассан! Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундоқ бўлмаганда бундоқ бўлар эди, дейдиган бўлсанг, иймон  ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «шу нарса менга етиши керак эди, четлаб  ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина,  иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.
Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни  ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни, самарасиз уриниш ва вақтни  беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш  керак.
«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин  эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан». 
Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб: «Ундоқ  қилмай бундай қилганимда бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди?» деб юрма! Ёки бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени  четлаб ўтмас эди, деб юрма! Ундоқ қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини  топа олмассан. «Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга  етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина иймон ҳақиқати таъмини топа  олурсан! Чунки, шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан!
Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик  қилиб бу ёмонликдан четлаб қолдим», деб қувонма! Фалончининг ёрдами бўлмаганда ишим чатоқ эди, деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан! «Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди»,  дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қилган  насиҳатлари Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан  келиб чиққанини билдириш учун:
«Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса —Қаламдир. У зот  унга:
«Ёз», деди.
«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини  ёз», деди, деганларини эшитганман», деб гапларини давом этдирдилар.
Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин,  Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган  ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша нарсага ҳар бир мусулмон иймон келтириши керак. Ана ўшанда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам  қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.
Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир  мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки, бу ақийдадан четга чиққан одам  залолатга кетган бўлади. Шунинг учун ҳам Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи  васаллам:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари  «менинг йўлимда эмас» деганларидир. Бу эса, жуда оғир гапдир. Расуллулоҳ  саллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ асрасин.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

  1. Отанинг боласига ақийда бўйича таълим бериши зарурлиги.
2. Иймон ҳақиқати таъми борлиги.
3. Мўмин-мусулмон одам ўзига етган нарса четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билиши лозимлиги.
4. Мўмин-мусулмон одам ўзини четлаб ўтган нарса унга етиши мумкин эмаслигини билиши зарурлиги.
5. Билган одам гапини ҳадис билан тасдиқлаши яхшилиги.
6. Қаламга ва Аллоҳ яратган биринчи нарса эканлигига иймон келтириш.
7. Ҳамма нарсанинг такдири яратилишидан олдин ёзиб қўйилганлиги.
8. Қазои қадардан бошқа ақийда билан ўлган одам Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам йўлларида бўлмаслиги.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим ва туямни эшикка боғладим.  Бас, у зотнинг олдиларига Бани Тамимдан одамлар келдилар. Шунда у зот:
«Суюнчини  қабул қилиб олинг! Эй Бани Тамим!» дедилар.
«Батаҳқиқ,  бизга башорат бергансиз. Бизга икки марта беринг», дейишди.
Сўнгра у  зотнинг ҳузурларига аҳли Ямандан одамлар кирди. Бас, у зот:
«Суюнчини  қабул қилиб олинг! Эй аҳли Яман! Зотан Бани Тамим уни қабул қилмадилар!»  дедилар.
«Батаҳқиқ,  қабул қилдиқ эй Аллоҳнинг Расули, Биз сизнинг ҳузурингизга манави иш ҳақида  сўраш учун келдик», дейишди.
«Аллоҳ бор  эди. Ундан ўзга нарса йўқ эди. Унинг Арши сув устида эди. У зикрда (Лавҳул  Маҳфуз) ҳар бир нарсани ёзди. Осмонлару ерни яратди», дедилар.
Шунда бир  нидо қилувчи:
«Эй Ибн  Ҳусойн! Туянг кетиб қолди!» деб нидо қилди. Шошилиб чиқсам, у саробдан ҳам  узоққа кетиб қолган экан».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло халқ қилган нарсалардан  Арш, Лавҳул Маҳфуз, осмонлар ва ер зикр қилинмоқда.

Умар розияллоҳу анҳу: 
«Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда бир мақомда турдилар ва халқ  қилишнинг бошланиши ҳақида хабар бердилар. Токи жаннат аҳли ўз жойларига  киргунларича ва дўзах аҳли ўз жойларига киргунича. Ўшани ёд олган ёдлаб қолди.  Унутган унутиб юборди», деди».
Иккисини Бухорий ривоят қилган. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам:
«Фаришталар  нурдан яратилгандир. Жинлар оловнинг тутиндан ажраб чиққанидан яралгандир. Одам  эса сизларга Аллоҳ таолонинг «Батаҳқиқ, инсонни лойдан бўлган сулоладан халқ  қилдик» деган васфидаги нарсадан халқ қилингандир», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Одамни яратиб, унга руҳни пуфлаганида, у  акса урди ва: «Алҳамдулиллаҳи» деди.
У Аллоҳга  Унинг изни ила ҳамд айтди. Шунда Роббиси унга:
«Аллоҳ сенга  раҳм қилсин, эй Одам! Анави фаришталарнинг олдига бор. Улардан ўтирганлари тўпи  олдига бор ва: «Ассалому алайкум» дегин, деди. Улар: «Ва алайкассалому ва  роҳматуллоҳи», дейишди. Сўнгра у Роббиси ҳузурига қайтди. Бас, У Зот унга:  «Мана шу сенинг саломлашишинг ва болаларингнинг ўзаро саломлашишиларидир»,  деди.
Сўнгра Аллоҳ  унга икки қўлини мушт қилган ҳолида «Иккисидан хоҳлаганингни танла», деди.  Шунда у: «Роббимнинг ўнгини танладим. Ҳолбуки, Роббимнинг икки қўли ҳам ўнгдир,  муборакдир», деди.
Сўнгра уни  ёзган эди. Қараса, ичида Одам ва унинг зурриёти. Бас, шунда у:
«Эй Роббим!  Анавилар кимлар?!» деди.
«Анавилар  сенинг зурриётинг», деди.
Қараса, ҳар  бир инсоннинг икки кўзи орасига умри битилган экан. Қараса, уларнинг ичида  нуронийроғи ёки нуронийроғларидан бўлган бир киши бор экан.
«Эй Роббим!  Бу ким?» деди.
«Бу ўғлинг  Довуддир. Батаҳқиқ, унга қирқ йиллик умр ёздим», деди.
«Эй Роббим!  Унинг умрини зиёда қил», деди.
«Унга  ёзганим, ўзи шу», деди.
«Эй Роббим!  Батаҳқиқ, мен унга ўз умримдан олтмиш йилини бердим», деди.
«Майли,  ўшандоқ бўлсин», деди.
Сўнгра Аллоҳ  истаганича жаннатда сокин бўлди. Кейин ундан туширилди. Одам уни ўзига ҳисоблаб  юрарди. Бас, унинг олдига ўлим фариштаси келди. Бас, Одам унга:
«Шошилибсан.  Менга минг йил ёзилган эди», деди.
«Тўғри. Аммо  олтмиш йилини ўғлинг Довудга бергансан», деди.
Бас, у инкор  қилди. Унинг зурриёти ҳам инкор қилди.  Бас, у унутди. Унинг зурриёти ҳам унутди. Бас, ўша кундан бошлаб ёзиб қўйишга ва гувоҳлар келтиришга амр қилинди», дедилар».
Термизий ривоят қилган. 
Шарҳ: Эҳтимол, шунинг учун инсон «нисён — унитиш» сўзидан  олинган, дерлар. Ҳа, кези келганда одам боласи ўзи эътироф қилиб, бировга  атаган нарсасини ҳам унутиб, инкор қилиб тураверади. Шунинг учун бошқалар билан  бўладиган муомалаларни, хусусан, молиявий муомалаларни ёзиб бориш ва унга  гувоҳлар келтириш амр қилинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз  олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат  билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва  ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф  ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан  икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан  бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик  бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ  қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва  шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо  бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ  келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир.  Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи  Зотдир» деган (282-оят).
«Ояти мудояна» — қарз олди-бердиси ояти номини олган  ушбу ояти карима Қуръони Каримдаги энг узун оятдир. Ушбу ояти карима Қуръони  Каримнинг, Ислом динининг инсон ҳаётининг барча томонларини қамраб олганининг ёрқин мисолидир. Бу ояти каримани ўрганган одам турмушда тез-тез учраб турадиган қарз масаласига Қуръони Карим қанчалик аҳамият берганини англаб  етади.
Энди бевосита ояти кариманинг тафсирига ўтайлик:
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди  қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг». 
Аллоҳ таоло бу ояти каримани ҳам, мусулмон бандаларига  маҳбуб, «Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошлаганидан унда келадиган  амрлар, масалалар алоҳида эътиборга сазовор эканлигини билиб оламиз. Шу билан  бирга, ушбу ояти кариманинг айтганига амал қилиб, қарз олди-берди қилганимизда  ёзиб-ҳужжатлаштириб қўйишимиз зарурлигини англаб етамиз. Ояти кариманинг  давомида мазкур ёзиб қўйиш қайси хидда бўлиши айтилади.
«Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин». 
Демак, қарз одди-бердиси ҳақидаги ҳужжатни қарз олувчи  ҳам, қарз берувчи ҳам ёзмайди. Балки, учинчи — холис бир шахс адолат билан  ёзади.
Ушбу қарз ишига ўхшаш ишлар одатда ташвиш келтириши  маълум. Шунинг учун кўпчилик бундоқ бош оғриғи бўладиган ишга ёзувчи сифатида иштирок этишни истамайди. Ана шу ҳолни эътиборга олиб ояти кариманинг давомида:
«Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош  тортмасин». 
Чунки, бу иш савобли иш. Бу иш Аллоҳ таолонинг амрига  биноан бўлаётан иш. Мусулмонлар жамоатга керак ишларда, ҳожатмандларнинг  ҳожатини чиқаришга доимо тарғиб қилади. Шунинг учун ҳам ёзувчиликка таклиф этилган одам, «Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига  тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин».
Ояти карима «ҳақ зиммасига тушган киши» деганда қарз  олувчини назарда тутган. Демак, ўртадаги киши келиб қарз олди-бердини ёзаётган  вақтда матнни қарз олувчи айтиб туради. Аввало, қарз олаётганини эътироф қилади. Қарзнинг миқдорини, шартини ва муддатини айтади. Бу нарсаларни қарз  берувчи айтиб турса, ўз фойдасига буриб юбормасин, деган эҳтиёт чораси туфайли  шундай қилинади. Қарз олувчи муҳтож бўлиб тургани учун бундай қилмаслиги  аниқроқ. Чунки, у муомаланинг тезроқ амалга ошишига муҳтож.
Шундай бўлса ҳам, ояти карима яна бир бор, уни Роббига  тақво қилишга ва ҳеч нарсани камайтирмасликка даъват қилмоқда.
«Агар зиммасига ҳақ тушган киши эси паст, заиф ёки  айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин». 
Яъни, қарз олаётган одам эси паст, молиявий ишлар  тадбирини билмайдиган бўлса, заифлиги (ёши кичикдир ёки ўта кексадир, касалдир) туфайли ёки тилидаги айби, билмаслиги ва бошқа мавжуд айблар туфайли айтиб тура  олмаса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Чунки валийлар бошқа ишларда  ҳам ўз қарамоғидагиларнинг масъулиятини оладилар.
«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг». 
Молиявий олди-берди катта аҳамиятга эгадир, чунки  бунда орага молу пул аралашади. Бундай ҳолда биров бошқанинг ҳақини еб  кетишининг йўлини ҳар жиҳатдан тўсиш лозим. Бунда адолатли котибга ёздириб  қўйиш билан кифояланмай, яна мусулмонлардан икки эркак кишини гувоҳ қилишга ҳам  амр бўлмоқда. Исломда гувоҳликка доимо адолатли кишилар ўтиши зарур, бу нарса  бошқа жойларда кўп таъкидлангани учун бу ерда қайта айтилмади. Аммо барибир бу  шарт бекор бўлмайди. Чунки шариат ўлчовида адолатсиз бўлган кишининг гувоҳлиги  қабул қилинмайди.
Гувоҳларнинг эркак киши бўлишини таъкидлашнинг ҳам  ҳикмати бор. Ҳақиқий исломий жамиятда юқоридаги каби серташвиш, хархашали ва масъулиятли ишлар, одатда, эркаклар зиммасига юкланади. Исломда аёл киши мол-дунё ташвишини чекишдан умуман озод этилган. Қарз олди-бердиси, ёзиб қўйиш  ва ҳоказо ишлар билан муслима аёллар безовта қилинмайди. Аммо, фаразан, гувоҳликка  икки эр киши топилмай қолса, унда нима бўлади?
«Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган  гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин». 
Бу ерда гувоҳларнинг адолатли бўлишлари устига, яна  бир муҳим шарт қўйилмоқда. Улар «ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан» бўлсин.  Кейин бирор гап чиқиб қолгудек бўлса, гувоҳларга ишончим йўқ эди, гувоҳлар қарши томоннинг одами экан, каби гапларга ўрин қўймаслик учун шундай қилиш  зарур.
«Икки эр киши бўлмаса, бир эр киши ва икки аёл киши  бўлсин» дейилгани Ислом душманларига жуда қўл келиб, динимизга таъна тошларини отишларига сабаб бўлган. Душманлар Ислом аёл кишини тўлиқ одам ўрнида кўрмайди,  шунинг учун гувоҳликка ўтишда икки аёлни бир эркак билан тенглаштирган, деб  даъво қилишади. Гувоҳлик ҳақида сўз кетаётганда мавзу қарз олди-бердиси  эканлиги, муслима аёллар одатда, бундай ишларда иштирок этмасликлари, шунинг  учун ҳам эҳтиёт чораси тарзида шундоқ қилинганлигини ҳеч айтгилари келмайди.  Балки яширадилар ва умумлаштириб, бу ҳукм ҳамма нарсага оиддир, деб айтадилар. Ҳолбуки, ояти кариманинг ўзи бундай тақсимотнинг сабабини очиқ-ойдин айтиб қўйган:
«Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин,  Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин». 
Одатда, аёл кишининг кўнгли бўш, таъсирчан, меҳри дарё  бўлади. Оналик учун зарур бўлган бу сифатлар талашиб-тортишиш ва уруш-жанжалда тескари натижа бериб қолиши ҳам мумкин. Агар икки киши бўлсалар, бир-бирларига  эслатиб, гувоҳликни адолат билан адо этадилар. Айнан мана шу эътибордан қарз  олди-бердисида икки аёл гувоҳ бўлиши шарт қилинган.
Шариатда шундай ишлар борки, унда мингта эркакнинг  гувоҳлиги ўтмаса ҳам битта аёлнинг гувоҳлиги ўтади. Мисол учун, идда, туғиш, эмизиш  каби масалалар. Буларда фақат аёлларнинг гувоҳлиги ўтади. Шу ҳукмни ушлаб олиб,  Ислом эркакларни одам ўрнида кўрмайди, чунки фалон-фалон ишларда уларнинг  гувоҳликлари қабул эмас дейилса, инсофданми? Демак, Ислом душманларининг  юқоридагидек даъволари мутлақо ўринсиздир.
«Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасин». 
Бу Аллоҳнинг амри. Бунга амал қилмаган инсон гуноҳкор  бўлади. Ҳақиқатни, адолатни ҳимоя қилиш учун гувоҳликка ўтиш улкан савоб ҳисобланади.
Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар  алайҳиссолату вассалом: «Сизларга энг яхши гувоҳ кимлигини айтиб берайми?  Гувоҳлиги сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганлардир», деганлар.
«Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача  ёзишингизни малол олманг». 
Яъни, қарз кичик микдорда бўлса ҳам, катта микдорда  бўлса ҳам, вақтини аниқ қилиб, қачонгача олинганини айтиб-ёзиб қўйишни малол олманг.  Кейин ёзиб қўярман, эслаб қолдим, шуни ҳам ёзиб ўтирадими, каби баҳоналар  беҳуда эканлиги ушбу жумладан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу таъкиддан  кўринадики, нима бўлса ҳам ёзиб қўйиш лозим экан. Чунки бу ишнинг фойдаси жуда  ҳам катта, унинг ҳикматларини кейинги жумла баён қилмоқда:
«Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка  кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир». 
Демак, қарз одди-бердисини ёзиб қўйиш жуда ҳам зарур  экан. Қарзни ёзиб қўйиш Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, афзалроқ экан. Гувоҳлик сифатида ҳам оғзакисидан кўра кучлироқ экан. Ва ниҳоят, шундай қилинганда, шубҳага  ўрин қолмас экан. Булардан маълум бўладики, қарзни ёзиб қўйиш тўғри иш, нозик  ва дақиқ иш, ишончли иш ва хотиржамликни пайдо қилувчи ишдир.
Қарз маълум муддатга олинадиган бўлса, ҳукми шундай.  Аммо юриб турган савдо ишлари бўлса, ёзиш шарт эмас. Чунки ҳамма нарса аниқ:  мол олдида турибди, савдо тез-тез такрор бўлиб турадиган нарса, ҳар бирини ёзиш зарур бўлса, қийинлашиб кетади:
«Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз  ҳам, сизга гуноҳ бўлмас». 
Ёзиб борса, ўзининг иши, лекин ёзмаса, гуноҳ эмас.  Бундан чиқадики, аввал зикр қилинган нарсаларни ёзмаса, гуноҳ бўлади.
«Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи  ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин». 
Савдо ишларига гувоҳ келтириш ҳақидаги ҳукмни уламолар  «мандуб» деганлар. Сотувчи билан харидор ўртасида баъзи келишмовчиликлар пайдо бўлиб қолса, гувоҳлар ҳақни ўрнатишда ўз гувоҳликлари билан ёрдам берадилар.  Оятнинг аввалидан ҳозиргача ёзувчи ва гувоҳларга вазифа юкланиб келди. Уларга  ушбу хизматдан қочмаслик қайта-қайта тайинланди. Мазкур жумлада эса, ёзувчи ва  гувоҳларнинг ҳақлари ҳимоя қилиняпти. Улар ёзувчилик ва гувоҳлик  қилаётганларида зарар тортмасликлари зарур. Одатда ёзувчи ва гувоҳлар савоб  умидида вақт сарфлаб, меҳнат қиладилар. Лекин кўпинча бало ва туҳматларга ҳам  қоладилар. Шунинг учун уларнинг хотирини жам қиладиган, бу савобли ишга  қизиқтирадиган ваъда шу ерда келмоқда:
«Агар қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир». 
Яъни, агар ёзувчи ва гувоҳга зарар келтирсангиз, фосиқлик  қилган бўласиз, Аллоҳнинг амридан чиққан бўласиз.
Оятнинг сўнгида яна, Қуръони Каримнинг одати бўйича, кишининг  виждонига, қалбига, асосий таъсир жойига хитоб қилинган:
«Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради.  Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир». 
Худди бошқа ишлардаги каби бу ишларда ҳам тақво муҳим  омил ҳисобланади. Тақво бўлса, Аллоҳ илм ҳам беради. У фазли улуғ Зотдир. Аллоҳ  ҳар бир нарсани билувчи зот, Ўзи билиб иш тутади.
Сўнгра келаси оятда қарз олди-берди муомаласи ҳақидаги  ҳукмга тўлдириш зикр қилинади:
«Агар сафарда бўлсангиз ва ёзувчи топа олмасангиз, бас,  қўлга олинадиган гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган  омонатни адо қилсин, Аллоҳга - Роббига тақво қилсин. Гувоҳликни беркитманг! Ким  уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни  билувчи Зотдир». 
Аввалги оятда оддий ҳолатдаги қарз одди-бердиси ҳақида  сўз кетган эди. Бу оятда эса, сафардаги қарз олди-бердиси ҳақида гапирилмоқда. Яъни, сафарда ўзига яраша қийинчиликлар, етишмовчиликлар бўлади. Баъзан қарз  олишга тўғри келади. Аммо бундай пайтда муомалани ёзиб туришга одам топилмаса, нима  қилинади? Ушбу ояти карима ана шундай ноқулай ҳолатдан чиқишнинг йўлини кўрсатмоқда:
«Агар сафарда бўлсангиз ва ёзувчи топа олмасангиз, бас,  қўлга олинадиган гаров бўлсин». 
Бу дегани — қарз олувчи қарз берувчига гаровга бир  нарса берсин, деганидир. Ўша нарса қарзни эслатиб туради, тониб кетмаслигига  сабаб бўлади.
«Агар баъзингиз баъзингизга ишонсангиз, бас, ишонилган  омонатни адо қилсин, Аллоҳга - Роббига тақво қилсин». 
Яъни, ўртада ёзувчи бўлмаса ҳам, қарз берувчи ишониб  қарз беради. Қарздор эса, қарз берувчига ишониб гаров беради. Бу ҳолатда икки  тараф ҳам бир-бирига ишонади ва омонат қўяди. Икковлари ҳам омонатни адо этишлари, Аллоҳга, Роббиларига тақво қилишлари керак. Яна бир бор тақво эслатилмоқда, ҳамма ишларда тақво асос сифатида зикр қилиняпти. Кишиларда тақво  ҳисси уйғотилгач, яна бир муҳим ишга диққат жалб этиляпти:
«Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби  гуноҳкордир». 
Бу гувоҳлик қозининг ҳузуридаги гувоҳликдир. Яъни, қарз  ёки тижорат ишларида гувоҳликдан қочиш ярамайди. Вақти келиб, мазкур ишда келишмовчилик чиқиб қолиб, тарафлар қозига мурожаат қилишса, албатта, қози  гувоҳни чақиради. Шунда гувоҳликни беркитмаслик керак. Ким гувоҳликни беркитса,  унинг қалби гуноҳкордир. Чунки гувоҳлик ёки уни беркитиш қалбга боғлиқ ишдир.
«Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни билувчи Зотдир». 
Шунга биноан, жазо ёки мукофот беради.
Қарз ва савдо тўғрисидаги ушбу илоҳий таълимотларни  ўрганиш давомида инсоният ўз бахтсаодатининг манбасини топа олмай адашиб юрганидан  афсус қилинади. Бошқаларни қўйиб мусулмонман, деб юрганлар ҳам аксар пайтларда  қарз муомаласи юзасидан турли мушкилотларга дучор бўладилар. Улар Аллоҳ  таолонинг амрига биноан иш тутмаганлари учун бир-бирларининг молларини ейдилар,  уруш-жанжалларга кўмиладилар. Агар ушбу ояти каримага амал этишса, ҳеч қандай  муаммо бўлмас эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурларhellip.Нур, бир кишиларки, уларни давоми...

5678 18:05 / 23.10.2017
Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини яхшилаб таниб олинганидан кейин ўша олиймақом исм ва сифатларга боғлиқ бир неча масалаларни ҳам батафсил тушуниб давоми...

3929 13:50 / 19.04.2021
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам .Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида бардавом бўлурлар. То Аллоҳнинг давоми...

5422 18:37 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади .Батаҳқиқ, ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб расул юборганмиз. давоми...

3841 18:30 / 21.03.2022
Аудиолар

131060 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51584 14:35 / 11.08.2021