1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннатга аввал кирадиганлар

22:54 / 01.12.2016 11853 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен жаннатга шафоат берувчи биринчи одамман. Мен набийлар ичида энг эргашувчиси кўпиман», дедилар
».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатга шафоат беришлари жаннат эшигини очишга воситачилик қилишлари ёки баъзи осийларни жаннатга киритишга воситачилик қилишларидир. Ана ўша шафоатни бериш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб жаннатга кирадилар. Шу билан бирга у зотнинг умматлари бошқа пайғамбар алайҳиссаломларнинг умматларидан кўп бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен қиёмат куни набийлар ичида энг эргашувчиси кўпиман. Жаннат эшигини биринчи қақадиган одам менман», дедилар
».
Шарҳ: Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб жаннатга кирадилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Мен жаннатдаги аввалги шафоатчиман. Модомики мен тасдиқланмас эканман бошқа бирор набий тасдиқланмас. Набийлардан бир набий бор. Уни ўз умматидан бир кишидан бошқаси тасдиқ қилмайди
», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қиёмат куни жаннат эшигига келиб очишларини сўрайман. Бас, хозин:
«Сен кимсан?!» дейди.
«Муҳаммадман!» дейман.
«Сенга амр қилинганман. Сендан олдин ҳеч кимга очмайман», дейди», дедилар
».
Ушбу тўрттани Муслим ривоят қилган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Албатта, менинг умматимдан жаннатга етмиш минг ёки етти юз минги киради. Бир-бирларини тутган ҳолларида. Уларнинг охиргилари кирмагунча аввалгилари ҳам кирмайди. Уларнинг юзлари бадр кечасидаги ой каби бўлади», дедилар
».
Икки шайх ривоят қилган.

ЖАННАТГА ҲИСОБСИЗ КИРАДИГАНЛАР

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Менга умматлар кўрсатилди. Бас, бир набий ўта бошлади. У билан бирга бир уммат бор эди. Бир набий ўтди. У билан нафарлар бор эди. Бир набий ўтди. У билан ўн киши бор эди. Бир набий ўтди. У билан беш киши бор эди. Бин набий бир ўзи ўтди. Назар солсам, жуда кўп қора кўринди. Шунда мен:
«Эй Жиброил! Анавулар менинг умматимми?» дедим.
«Йўқ. Лекин сен уфққа назар сол!» деди.
Қарасам, жуда катта қора кўринди. Шунда у:
«Ана ўшалар сенинг умматинг. Уларнинг олдиларида етмиш мингтаси бор. Улар ҳисоб ҳам, азоб ҳам қилинмаслар», деди.
«Нима учун?» дедим.
«Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар», дедилар.
Шунда Укоша ибн Миҳсон туриб у зотнинг олдиларига бориб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ўшалардан қилсин!» деди.
«Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» дедилар.
Кейин бошқа бир киши туриб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
«Унга Укоша сенда ўзиб кетди», дедилар
».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир оғиз бўлса ҳам сўз эшитиш, ўз илмларини ортдиришга жуда ҳам зўр иштиёқли эдилар. Бу мақсад йўлида улар турли услубларни қўллар эдилар. Аксар ҳолларда масжиди набавийда ўтириб У зотни ҳужраи саодатдан чиқишларини кутар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани яхши билганлари учун иложи борича саҳобаларга кўпроқ таълимотларни етказишга ҳаракат қилар эдилар.
Ушбу ҳадиси шарифда у зот қиёмат куни бўладиган баъзи бир ҳодисалар ҳақида ахборот бермоқдалар. Унда турли набийлар турли ададдаги умматлари ила ўтганлари баён қилинмоқда. Уларнинг ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари энг кўп эканлиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида етмиш минг киши ҳисоб китобсиз ва азоб уқубатсиз тўғридан тўғри жаннатга киришлари айтилмоқда ва уларнинг бу бахтга элтувчи сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Улар куйдириш ила даволанмас, дам солдирмас, фол очдирмас эдилар ва Роббиларига таваккал қилар эдилар».
Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан;
1-«куйдириш ила даволанмаслик» 
Бунда ҳам, баъзи яраларига тамға қиздириб босиб даволаганда жоҳилиятдаги каби, тамға қиздириб босиш шифо берди деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган.
2-«дам солдирмаслик»
Яъни, жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни ўз-ўзидан шифо беради деб эътиқод қилмайдиган, балки, шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади, деган эътиқодда бўладиган.
3-«фол очдирмаслик»
Яъни, фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак. Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ, каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш керак. Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган қатъий ишонч билан яшаш керак.
4-«Роббиларига таваккал қиладиган»
Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.
Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу улкан башоратни эшитгандан кейин ҳамма ўзи ҳам ўша саодатманд кишилар ичида бўлишини орзу қилиб қолди ва…
«Шунда Укоша ибн Миҳсон туриб у зотнинг олдиларига бориб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ўшалардан қилсин!» деди.
Яъни, мен ҳам ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши бўлайин.

«Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!» дедилар.
Кейин бошқа бир киши туриб:
«Аллоҳга дуо қилинг! Мени ҳам ўшалардан қилсин!» деди.
«Унга Укоша сенда ўзиб кетди», дедилар».
Яъни Укоша розияллоҳу анҳу ўзининг ўша етмиш минг киши қаторида бўлишини тилаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўраган. У зот дуо қилганлар. Ижобат соати бўлгани учун дуолари дарҳол қабул бўлган. Кейинги сўраган одам ўша соатдан кеч қолгани учун унга дуо қилмаганлар.
Ривоятларда бу одам ким эканлиги ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, сўрови мувофақиятсиз чиққанидан хижолат бўлмасин деб номи зикр қилинмаган бўлса керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлардаги мазҳабиўтган саҳобалар, табаъ тобеъинлар жумҳурининг мазҳабидир. Қисқасини айтганда, бу асрнинг энг яхшисининг давоми...

4811 23:48 / 02.12.2016
Бизларга Ислом ақийдаси етиб келишида хизмат қилган зотларнинг ҳаммаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин Азиз ва муҳтарам ўқувчи Ҳозирги кунимизда ақийда ўта давоми...

6586 15:30 / 17.08.2020
9. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсонлардан бўлган ўз яқинларига етказиб давоми...

2351 00:00 / 30.11.2022
Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпи .Ҳадис ва Ҳаёт, китобининг .Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби, деб давоми...

3575 19:00 / 28.02.2023