Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (5-дарс). Аҳли сунна вал жамоа

11:14 / 26.10.2018 7129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга «Аҳли сунна вал жамоа» номи берилди.

Кейинроқ, одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Ниҳоят, ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.

«Аҳли сунна вал жамоа» номи бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ, юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ, айни шу ном ишлатила бошланди. «Аҳли сунна» деганда «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар» деган маънолар кўзда тутилган.

Бу борада имом Ашъарий ва Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.

Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

Имом Абулҳасан Ашъарий

Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ўша ерда ҳижрий 324 санада вафот этганлар.

Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлишга эришган.

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси бўйича бир неча китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.

1. «Мақолатул исломиййин».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.

2. «Ал-Ибона».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобда Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб, мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган.

3. «Рисолатун ила аҳлис-сағр».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қиладилар ва ўзларининг имом Аҳмад мазҳабида эканларини баён қиладилар.

Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.

4. «Ал-Ламаъ».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб, у киши бу китобда салаф уламолари йўлидан эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар:

«Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган.

Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган.

Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган.

Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.

Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулларининг ва охират кунининг Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келган васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради.

Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далил келтириш лозимдир».

Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Тобарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахруддин Розий каби алломалар шулар жумласидандир.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва улар ҳақида хотиржам бўла олмаймиз, жаннатга киришларига давоми...

5367 13:45 / 27.05.2019
Курси эса Аршдан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади .Курсиси осмонлару ерни қамраган, 255оят. Одатда, курси мулкка далолат қилади. давоми...

1428 19:00 / 18.10.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда фаришталарнинг сифатлари ҳақида бир қанча оятлар нозил қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида давоми...

3878 19:01 / 22.08.2022
Ақоид илмида .ғайбиёт, номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғоиб бўлган, уни ҳеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни давоми...

12007 00:02 / 02.12.2016