1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Муборак сийрат

19:53 / 28.04.2017 3967 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида Қози Иёз, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хоний ва бошқа бир қанча адибларнинг асарларидан тўпланган «Муборак сийрат»дан парча келтирамиз:


«Қиёфалари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг   ранг-рўйлари бениҳоя чиройли, тана аъзолари фавқулодда мутаносиб ва хушбичим эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўра чиройлироқ одамни кўрмадим. Қуёш гўё у зотнинг юзларида балқиб турар эди. Кулганларида шуъласи деворларга тушарди», деганлар. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида эса: «Юзлари ўн тўрт кунлик ойдек ярқираб турар эди», дейилган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфлари охирида: «У зотни дастлаб кўрган одам ҳайбат, салобатларидан қўрқар эди, муомала қилиб таниганидан сўнг эса яхши кўриб қолар эди. Мен Расуллуллоҳдек (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамни илгари ҳам, кейин ҳам кўрмадим», деганлар.

Вужудлари: Пайғамбар алайҳиссаломнинг истаклари юзларидан билинар, бир нарсадан хушлансалар, мамнунликлари кўринар эди, ғазаб ва хафачиликлари ҳам юзларида сезиларди. Вужудлари доимо покиза, мушку анбар хоҳ суртсинлар, хоҳ суртмасинлар, хушбўйлик уфуриб турар эди. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳдаги (алайҳиссалом) хуш бўй мен ҳидлаган барча ифор, анбар ва мушклардан  ёқимлироқ эди», деб хабар берганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзимни силаб қўйган эдилар, қўлларидан худди атторнинг қутисидан таралганидек димоғимга хушбўй ҳид урилди», деб эслаганлар. Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадиси шарифдан маълум бўлишича, мушку анбар уфуриб турган кўчадан юрган киши бу ердан албатта Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтганларини билиб олар экан. Ул зот агар бирор боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кета олишмас экан.

У кишининг сезгилари фавқулодда қувватли эди. Узоқлардаги товушларни ҳам эшитар, ҳеч ким кўра олмайдиган масофани бемалол кўрар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо бу тўғрида: «У зот қоронғуда ҳам худди кундузгудек бемалол кўрар эдилар», деганлар.

Сўзлари: кераксиз бирор гап-сўз айтмасдилар. Айтганлари фақат ҳикмат ва  насиҳат бўларди. Ҳар кимнинг ақли ва тушунишига қараб сўзлар эдилар. Суҳбатларига асло тўйилмасди. Бирон киши бирон нарса сўраса, дарҳол жавоб қайтарар, жавоблари худди йиллар ўйлаган янглиғ ғоят ҳикматли, чуқур ва кенг бўлар эди. Шу билан бирга, жавоб қисқа, лўнда, сунъийлик ва такаллуфдан холи бўларди, айни пайтда фасоҳат билан гапирардилар. Мулойим ва камтар эдилар. Ўзларига қилинган ҳазилни тўғри қабул қилар эдилар. Ҳазилларига ёлғон аралашмасди. Кулишлари табассумдан иборат эди. Пайғамбарликка тегишли жиддият ва виқорни асҳоб билан ораларига тўсиқ қилмас эдилар. Ўзларини оддий одамдек тутардилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганида, у зотнинг ҳайбатлари босиб, гапиролмай қолади. Шунда Расулуллоҳ: «Қўрқма, мен ҳукмдор эмасман», деганлар.

Муомалалари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша очиқ юзли, табассумли эдилар. Муомалалари зериктирмайдиган, оғир ботмайдиган эди. Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлишдан ҳеч ким шикоят қилмаган. У зот уч нарсадан –баҳслашишдан, кўп гапиришдан, қизиқтирмаган нарса билан овора бўлишдан сақланар эдилар. Ҳеч кимни ёмонламас, ранжитмас, яширин ҳолларини тафтиш қилмас эдилар. Асҳобларининг суҳбатларини диққат билан эшитар, арзларини қабул этар, гап-сўзларидаги камчилик, ноаниқлик ва тушунмовчиликларга сабр қилар эдилар. Асҳоби киромларида бу борада бетоқатлик кўрганларида: «Эҳтиёж эгасига ёрдамчи бўлинглар», дер эдилар. Сўзлаётган одамнинг сўзларини бузмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни доимо ўзларига жалб этиб турар эдилар. Бирон нарсадан огоҳлантирганларида авзойларини ўзгартирмай, пешоналарини тириштирмай огоҳлантирар эдилар. Суҳбатдошларига даврада ўзига лойиқ жой кўрсатар эдилар. Йиғинда ўтирган ҳар бир киши, Расулуллоҳ ҳаммадан кўра менинг ҳурматимни жойига қўйдилар, деган фикр билан кўнгли чоғ бўлар эди. Танисалар, танимасалар – ҳаммани тенг кўрардилар. Камбағал ёхуд бойга ажратмай, ким уйига таклиф этса, борар, бирон киши билан юзма-юз келганда, ҳатто у кичкинтой (бола) бўлса ҳам, биринчи бўлиб салом берар эдилар. У зот бандаларнинг Аллоҳга энг итоатлиси эдилар. Чунки ўзлари: «Биринчи бўлиб салом берганларинг Аллоҳга итоатлироқларингдир», деб марҳамат қилганлар. Пайғамбар алайҳиссалом неъматни ҳар доим улуғ кўрар, озга қаноат этар, ёмонламас, мақтамас ҳам эдилар. Ҳақга эътироз этилсагина, ғазабланар эдилар. Аччиқланганларида асло ўринларидан турмасдилар. Бир нарсага ишорат қилгудек бўлсалар, бармоқлари билан эмас, қўллари билан ишорат қилар, бир тарафга қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан ўгирилиб қарар эдилар. Гапирганларида чап қўлларининг бош бармоғини ўнг қўлларининг кафтига урганларича сўйлар эдилар.

Овқатланишлари: Ниҳоятда кам ер ва кам ухлар эдилар. Аслида кўп ейиш ва кўп ухлаш ҳеч қачон инсон боласига фазилат бўлган эмас. Бани башарнинг энг афзаллари бўлган пайғамбарларга эса бу иллат мутлақо бегона бўлган. Чунки булар ақлни заифлаштиради, кишини ланж, ялқов, хомуш қилади, умрни зое кетказади, кўнгилни ғафлатга солади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам боласи қорнидаги ёмон идишни тўлдиролгани йўқ. Унга тўйиш учун бир неча луқма кифоя қилади. Шубҳасиз, қориннинг учдан бири таом, учдан бири сув, учдан бири нафас учундир», деб тарғиб этар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари тўйиб овқат еган эмаслар», деганлар. У зотнинг уйқулари ҳам жуда кам бўлган. Шунда ҳам: «Икки кўзим ухлагани билан қалбим ухламайди», деганлар.

Феъллари: ҳар бир ишлари ўртача эди. Бир-бирига терс тушадиган ҳеч бир ҳаракатлари йўқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушиб, Ҳақдан айрилишларидан хавотирланганлари боис улардан доим хабардор бўлиб турардилар. Ҳақни ҳар нарсадан афзал билиб ҳимоя қилар эдилар. У зотнинг назарларида энг яхши одам динга хизмати кўп бўлган одам эди. Саҳобалардаги бирдамликни қаттиқ тутиб турардилар. Энг йўқсил бечораларни ҳам назарларидан четда қолдирмасдилар. Бир сафар масжидни супуриб-сидириб юрадиган йўқсил кампир вафот этади. Саҳобалар у зотга айтиб ўтирмасдан аёлни кўмиб келишади. Умматидан доимо ҳол-аҳвол сўраб, суриштириб турадиган у мукаррам зот  кампир нима учун кўринмай қолганини саҳобаларидан сўрайдилар. Унинг ўлганини билдиришганида у зот: «Нега менга хабар бермадинглар?» деб оғринадилар ва (ғойибона) жанозасини ўқийдилар.

Хулқлари: Аллоҳ таоло Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мақтаб: «Сиз улуғ ахлоқ эгасисиз», деб марҳамат қилган. Чиндан ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам маънавий ва ахлоқий жиҳатдан баркамол зот эдилар. У зот ўзларига ҳали пайғамбарлик келмасидан олдин ҳам чиройли хулқли бўлганлар. Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ энг гўзал ахлоқ эгаси эдилар», деганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан у зотнинг хулқлари ҳақида сўрашганида: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хулқлари Қуръон эди, Қуръон рози бўлган нарсадан рози бўлар, ғазабланган нарсадан ғазабланар эдилар», деб жавоб берганлар.

Одоб-ахлоқнинг манбаи ақлдир. Илм-маърифат эса ақлнинг маҳсули. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ақл ва илм жиҳатидан ҳеч ким етолмаган ва етолмайдиган даражага етишганлар. Мулойимликлари, бағрикенгликлари, ўч олишга қодир бўлатуриб кечириб юборишлари, мусибатга сабр қилишлари Аллоҳ таолонинг ул зотга инъоми эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу тўғрида бундай деганлар: «Пайғамбар алайҳиссалом икки ишдан бирини танлаш лозим бўлганида, гуноҳ бўлмаса, енгилроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, энг узоқда турувчи эдилар. Ўзлари учун интиқом олмас эдилар. Фақат Аллоҳ таолонинг ҳурмати бузилганида Аллоҳ таоло учун қасос олар эдилар». Уҳудда мусибат ёғдирган мушрикларни дуоибад қилишни сўрашганида: «Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар билишмайди», дея Яратганга ёлборганлар. Бундай ҳалимликни дунё кўрган эмас. Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло йўлидаги жангдан бошқа ерда бирор кимсани чертмаганлар. Умрларида на хизматкорни, на аёлларини урганлар», деб эслайдилар.

Саховатлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда сахий эдилар. Мол-дунёга умуман рағбат қилмаганлар, «Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ таоло йўлида сарфлаш учун мўлжаллаганимдан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди», деганлар. Вафот этганларида оилаларининг харажати учун совутлари гаровда бўлган. Жобир розияллоҳу анҳунинг хабар беришича, ким нима сўрамасин, Расулуллоҳ йўқ демас эканлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Яхшилик йўлида Расулуллоҳнинг қўллари ниҳоясиз очиқ эди. Айниқса, муборак рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар», дея эслаганлар. Кунларнинг бирида ул зот қўлларига тушган тўқсон минг динорни бўйра устига ташлаб, охирги чақасигача ҳаммасини бўлиб берадилар. Бир одам келиб сўраганида, «Ёнимда ҳеч нима йўқ, лекин сўраганинг менинг устимда қарз бўлиб турсин, бирон нарса келса, уни сенга берамиз», деганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу «Аллоҳ таоло Сизни қудратингиз етмаган ишга таклиф қилмаган-ку», деганида ул зот бу сўзлардан хушланмаганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом ниҳоятда шерюрак ва жасоратли эдилар. Энг қалтис вазиятларда ҳам сабот билан мардона турар эдилар. Табиатларидаги бу жиҳат Уҳуд, Ҳунайн ва Ҳандақ ғазотларида яққол намоён бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳдан шижоатлироқ, жасурроқ, сахийроқ кишини кўрмадим», деганлар.

Уятчанликлари: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг ҳаёли инсон эдилар. Бошқаларни ҳам ҳаёли бўлишга чақирар, «Ҳаё имондандир» деб ўгит берар эдилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг гувоҳлик беришича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чимилдиқдаги келинчакдан ҳам уятчан эдилар. Бирон ишни ёқтирмаганларини шундай юзларидан билиб олардик. Тиниқ ва латиф чеҳрали эдилар. Бирон кишига у ёмон кўрадиган гапни айтишга ҳаё ва карамлари  йўл қўймасди». Оиша розияллоҳу анҳо эса: «У зотга биров ҳақида ёмон гап етса, фалончига нима бўлди, бундай депти, демасдилар, балки, қавмга нима бўлди, бундай дейишибди ёки қилишибди, дея афсусланар ва ўша одамнинг исмини айтмасдан туриб, уни ёмонликдан қайтарар эдилар», дея хотирлаганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаганлар. Бунга қодир бўлатуриб душманга жазо беришдан сақланар, аксинча, унга яхшилик қилар эдилар. У зотнинг ҳузурига жазо олишни ўйлаб келган душманлар мурувват кўришар, ўлимга тайёрланиб турганлар ҳаётга қайтишар эди. Бу ҳол ҳар қандай бағритош душманларга ҳам ул зотни севдирар эди. Дарҳақиқат, у зот бутун оламларга айни раҳмат қилиб юборилганлар.

Тақволари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Одам болалари ичида энг тақволиси, энг ибодатлиси эдилар. Қўрқув ва умидлари, тоат-ибодатлари илмларига яраша эди. «Мен билган нарсаларни билганларингда кам кулиб, кўп йиғлардиларинг. Сизлар эшитмаган нарсани мен эшитаман. Осмон фарёд чекади ва бунга ҳаққи бор. Унда фаришта Аллоҳга сажда қилиб, пешонасини қўймаган тўрт энлик бўшлиқ жой йўқ. Аллоҳга қасам, агар мен билган нарсани билганларингда, кам кулиб, кўп йиғлар, тўшакда аёллар билан лаззатланмас, Аллоҳга фарёд уриб, тоғу тошларга чиқиб кетган бўлар эдиларинг...» деганлар.

Ибодатлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ибодат қилар эдилар. Кечаси таҳажжуд намозида қиёмда тураверганларидан оёқлари шишиб кетарди. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатлари тинимсиз ёғиб турган ёмғирга ўхшарди», деганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан топган қувончлари намоз эди. Ўзлари ҳам: «Кўз қувончим намозда», деб айтганлар. Ибодат қилар эканлар, йиғлайверар эдилар. Соқоллари, кўкраклари, ҳатто ер ҳўл бўлиб кетарди. Хотинлари: «Аллоҳ гуноҳларингизни кечирган-ку?» дейишса, «Шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?!» дердилар. Ҳа, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп нарсани билар, билганлари учун кўп йиғлар эдилар».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар қайта тирилтирилганларида мен уларнинг аввалгисиман. Тўпланиб келганларида давоми...

3941 19:00 / 21.12.2018
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . ..Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4878 16:07 / 17.11.2019
324. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг бавосирим бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот .Тик туриб ўқи. давоми...

4694 14:18 / 07.02.2020
353. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳайз кўрувчининг намозини Аллоҳ фақат химор билан қабул қилади,, дедилар,. Абу давоми...

1548 19:00 / 13 январь