1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

«Кофир» дейишдан эҳтиёт бўлиш | Ақийда дарслари (257-дарс)

20:23 / 11.12.2023 1589 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 9-оятида:

ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟﮠ

 

«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг», деб туриб, кейинги оятда:

ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡﯢ

 

«Албатта, мўминлар биродардирлар. Бас, икки биродарингизнинг ўртасини ислоҳ қилинг», деган (10-оят).

Машҳур саҳиҳ ҳадиснинг маъносига қараганда, бир-бирига қарши қурол кўтарган мусулмоннинг иккиси ҳам кофир бўлиши лозим эди. Аммо ўша ҳадисдаги «куфр» сўзи мажозий бўлганидан, бу оятда урушиб турганлар «мўмин» дейилмоқда ва «Биродарларингиз орасини ислоҳ қилинг», дейилмоқда, «Уларни диндан чиққан кофир сифатида қатл қилинг», дейилгани йўқ.

Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнларда зинокор, ўғри ва бошқа катта гуноҳларни қилганларни ўлдирмасликка, балки уларга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилишга далолатлар келган. Бу эса уларнинг муртад эмасликларини тақозо қилади.

Аммо бундан «гуноҳларни қилаверса бўлар экан», деган фикрга бориш керак эмас. Бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. «Гуноҳни қилаверса бўлар экан», дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.

Гап бир одамни кофирга чиқариб юбориш осон эмаслиги ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам жуда эҳтиёт бўлиш зарур. Афсуски, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кишиларни кофирга чиқаришга ишқибозлар етарли бўлган ва бўлмоқда.

Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари юқоридагига ўхшаш ишларга қарши бўлганлар.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ، وَلَا نُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَلٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик: гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч муҳим масалани баён қилмоқдалар.

1. «Лаа илааҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».

Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!

2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».

Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».

Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида шу!

Шундай бўлганидан кейин, бировни кофирга чиқаришга зинҳор шошилмаслик керак. Модомики, Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан, бировни кофир дейиш осон иш эмас. Зеро, Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи айтган.

Мужтаҳид имомларимиз фарзлиги ва ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилган ва Қуръони Карим ҳамда Суннатда қатъий далили йўқ нарсаларни инкор қилиш куфрга олиб бормайди.

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.

Аввало, имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон киши ўз биродарига «Эй кофир», деса, икковларидан бири ана шундай бўлади», деганлар.

Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.

Иккинчидан, бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.

1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.

2. Болалари унинг қарамоғидан чиқади.

3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.

4. Уни маҳкамага бериб, муртад деган ҳукм чиқарилади.

5. У ўлса, ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.

6. Ўша ҳолида ўлса, жаҳаннамий бўлади.

Шунинг учун ҳам тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қиладилар.

970 ҳижрий санада вафот этган «ал-Баҳрур Роиқ» номли китобнинг муаллифи, Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳи худди шундай қилганлар ва «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», деганлар.

Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун, «Фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу, ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир, дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар: «Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, «кофир» деб ҳукм чиқарилмайди».

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Убайдуллоҳ ибн алҚибтийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.алҲорис ибн Абу Робийъа ва Абдуллоҳ ибн Софван розияллоҳу анҳумолар Умму Салама розияллоҳу анҳонинг давоми...

7218 00:05 / 02.12.2016
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8973 21:12 / 22.07.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган Осмонлар ва Ердаги барча жонзот ҳожатларини Ундан сўрар. Ҳар куни У тинимсиз фаолиятдадирrdquo АрРоҳман сураси, 29оят.Ҳа, давоми...

4032 16:54 / 18.05.2017
Аллоҳ таолони бу дунёда кўришни эшитилган далиллар тасдиқлайдими Бу саволнинг жавобида Аҳли сунна ва жамоа икки хил фикрни айтганлар. Биринчи жавоб Оиша онамиз давоми...

4160 19:00 / 27.12.2021