Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (3-дарс). Ақийдавий фирқаланиш

10:46 / 15.10.2018 8699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмини ўрганмоқчи бўлган ҳар бир толиби илм билиши зарур бўлган тоифалар – ўзини илми каломга урган фирқалар қуйидагилар:

Хавориж

Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиқиб, ақийда масаласида баъзи бир шубҳали саволлар чиқарганлар ва хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.

Кечагина Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитда пайдо бўлган одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўз услубларида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар.

У киши Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.

Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган экан. Чунки ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмон ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб, бирор нарсани англатиш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунча ва тафаккур йўналиши бор бўлиб, уларга ўзига хос муомала қилинмаса, бўлмас эди.

Шунинг учун ҳам имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор этган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расулининг ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!» деган эдилар.

Ишни ҳакамлар орқали ҳал қилишга келишилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Сиффийндан Куфага қайтдилар. Аммо бу пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ёрилиш бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди, деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб, йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг йиғинига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун юбордилар. Аммо бу иш ҳеч қандай фойда бермади. Шунда уларнинг ҳузурига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари бориб:

«Бу қарши чиқишингизнинг сабаби нима?» дедилар.

«Сиффийн куни ҳакамга рози бўлганинг», дейишди.

«Аммо мен икки ҳакамга Қуръон тирилтирган нарсани тирилтириб, Қуръон ўлдирган нарсани ўлдиришни шарт қилиб қўйдим», дедилар.

«Бизга айт-чи, қон ишида одамларни ҳакам қилиш адолатдан бўладими?!» дейишди.

«Биз одамларни ҳакам қилганимиз йўқ. Биз Қуръонни ҳакам қилдик. Мана бу Қуръон икки жилд орасидаги ёзилган хат, у гапирмайди. Балки у билан одамлар гапиради», дедилар.

«Ундай бўлса нима учун ораларингизда маълум вақт белгиладинг?» дейишди.

«Билмаган билиб олиши, билган пишитиб олиши учун. Шояд, Аллоҳ ушбу келишув сабабидан бу умматнинг ишини ислоҳ қилса», дедилар.

Шундан кейин улар у кишининг гапларига рози бўлишди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хурсанд бўлиб:

«Шаҳрингизга киринг, Аллоҳнинг раҳмати ила!» дедилар. Уларнинг ҳаммаси шаҳарга киришди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ва бир қисм одамларни ҳакамлик иши бўйича Давматул Жандалга юборганларидан кейин, хаворижларнинг қиёмати қоим бўлди. Аслида «хавориж» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» маъносидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Энди эса уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар: «Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилгани учун кофир бўлди», деб фатво чиқаришди. Ҳолбуки, улар у кишининг энг ашаддий тарафдорлари эдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади. Охири уларни йўлга солишдан умидларини узганларида:

«Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан тўсмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча, биз сизга қарши уруш қилмаймиз», дедилар.

Бу ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бағрикенглигидан эди. У киши ўзларини «кофир» деб турган қавмга шу илтифотларни қилаётган эдилар.

Сўнгра ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта аскар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хаворижлар пайтни ғанимат билиб, ер юзида катта фасод қилган эдилар. Улар мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблаган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.

«Хавориж» аслида, аввал ҳам айтилганидек, «хуруж қилувчи» – «мусулмонлар бошлиғига ва жамоасига қарши чиқувчи» деганидир. Уларнинг тарихи яхшилаб ўрганилган. Аслида хаворижлар таълим-тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун, озгина билган нарсасини маҳкам тутиб, ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ўзининг камчилигини хаспўшлашга ўтадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қалби қасоватли аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарсалардан асар ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана шу омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.

Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм, босиқлик ва ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.

Хаворижлар илм-маърифатдан йироқ кишилар бўлиб, улар саҳобалар шуҳратига ҳасад билан қарашар ва уларнинг обрўсига шерик бўлишни истар эдилар. Кейинчалик уларга бошқа миллатлардан ҳам ўзларига ўхшаганлар қўшилди. Уларнинг мазҳаби илмий асосда бўлмаса ҳам, бир неча ақийдавий масалаларни ўз ичига олган:

1. Гуноҳ қилган мўмин дарҳол кофирга айланади.

Зотан, уларнинг мазҳаби Али розияллоҳу анҳуни, икки ҳакамни ва таҳкимга рози бўлганларни кофирликда айблашдан бошланган. Баъзи хаворижлар ўзларидан бошқани «мўмин эмас» дейишгача бориб етишган.

2. Золим волийларга қарши хуруж қилиш вожибдир.

Уларнинг мазҳаби худди шу «хуруж» сўзини ўзига исм қилиб олган. Аввалги хаворижлар таҳким масаласига норози бўлиб, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қарши хуруж қилганлар. Хуруж хавориж мазҳабининг асли ҳисобланади.

3. Мусулмонларнинг бошлиғини эркин сайловлар йўли билан сайлаш керак. У қурайшлик бўлиши шарт эмас.

Хаворижлар кейинчалик йигирмага яқин фирқаларга бўлиниб кетган. Аммо улардан тўрттаси маълум ва машҳур бўлган:

1. Азориқа. Нофеъ ибн Азраққа эргашганлар. У «Хаворижлардан бошқа ҳамма кофир, бошқа мусулмонларнинг даъватига жавоб берилмайди, сўйишларини еб бўлмайди, уларга қиз бериб, қиз олиб бўлмайди, ораларида мерос бўлмайди» каби фатволарни чиқарган эди.

2. Нажадот. Наждат ибн Омирга эргашганлар. У: «Дин фақат икки нарса – Аллоҳнинг маърифати ва Расулнинг маърифатидан иборатдир», дер эди. Яна: «Кимнинг ижтиҳоди уни ҳаромни ҳалол санашга ва ҳалолни ҳаром санашга етакласа, у узрлидир», дерди.

3. Абозия. Абдуллоҳ ибн Абозга эргашганлар. Бу фирқа хаворижлар ичидаги энг ювош ва муросачи ҳисобланади. Бу фирқага кўра, хаворижлар бошқа мусулмонлар билан оила қурса ва мерос олса бўлади. Абозийлар ҳозир ҳам араб мағрибида яшаб келмоқдалар.

4. Суфрия. Зиёд ибн Асфарга эргашганлар. Бу фирқа ҳам худди Азориқага ўхшайди.

Хаворижлар бадавий бўлганлари учун улардан илмий асосдаги асарлар қолмаган. Асосан шеър, хутба ва ҳикоялари мавжуд, холос.

Хаворижларнинг чиқиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида олдиндан хабар айтиб қўйган эдилар. У ҳадиси шарифни имом Муслим ва имом Абу Довудлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Менинг умматимдан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқади. Сизнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Намозингиз ҳам уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Рўзангиз ҳам уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Исломдан ўқ камондан тескари чиққандек чиқурлар. Ўзларича буни ўз фойдаларига ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, у уларнинг зараригадир. Агар уларга мусибат етказадиган лашкарлар ўзларига Набийлари тили ила ҳукм қилинган нарсани билсалар, амалдан тўхтаб қолурлар. Ўша нарсанинг белгиси шуки, уларнинг ичида бир одам бўлур. Унинг билагида чиғаноғи йўқ бўлур. Билагининг учида аёл сийнасининг учига ўхшаш тугмача бўлур. Унинг устида оқ туклар бўлур».

Хаворижлар билан бўлган жанг тамом бўлган заҳоти ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз одамларига мазкур сифатга эга одамни ахтаришни топширдилар. Улар уни топа олмадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу унинг топилмаётганидан маҳзун бўлиб турдилар ва ўзлари ахтара бошладилар. Охири ўликлар уйилиб ётган жойга бориб, бирма-бир қаратдилар. Жасад ўша ердан чиқди. Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳу Акбар! Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғончи бўлмадим! Ана у! Қўли калта! (Тирсак) суяги йўқ! Учида аёл сийнасининг учига ўхшаш нарса бор! Унинг устида бешта-еттита туки ҳам бор!» дедилар.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади .Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган давоми...

4342 15:00 / 08.02.2021
Кафолат сўзи одамлар ўртасидаги савдосотиқ ва умумий тижоратларида қаттиқ эътибор ва катта аҳамият қозонган. Кафолатланган молмулк ва суғуртаси бор товарлар давоми...

6858 16:58 / 16.08.2017
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган давоми...

3473 15:00 / 10.05.2021
Бу мавзу қазои қадар ва банданинг амали мавзусига узвий боғлиқдир. Қадария ва мўътазилаларга ўхшаб .Банда ўз амалини ўзи халқ қилади, Аллоҳ таолонинг бу ишга давоми...

4562 18:00 / 13.09.2021