Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (144-дарс). Инсон ўз фаолиятида эркинми?

18:00 / 26.07.2021 3598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар маишат, истак масаласи деса, бошқалар бандаларнинг амали масаласи ҳам дейди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз фаолиятида эркинми ёки ҳамма нарса фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўладими, деган масаладир.

Инсон амали масаласи ҳам аввалги, қазои қадар масаласига чамбарчас боғлиқдир. Икки масала эгизак, десак хато қилмаган бўламиз.

Бу масала қадимда кўпгина ихтилофларга сабаб бўлган масаладир. Мусулмонлар ичида ҳам бу масалага турли қарашлар бўлган. Бу масалада тўғри фикрлардан кўра хатолар кўп бўлган.

Хатоларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини тўғри тушуна олмай, уларни инсоний қолипга солишга ҳаракат қилиш туфайли юзага чиққан.

Жабрия мазҳаби

Баъзи кишилар: «Ҳамма нарса Аллоҳ таолодан, инсон ўзича бир нарса қила олмайди, у бу дунёда худди денгизга отилган чўпга ўхшайди. Уни тўлқин қайси тарафга олиб кетса, кетаверади», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳар бир ишни мажбур бўлган ҳолда қилади. Шунинг учун ҳам бу фикрга эргашганлар жабрия мазҳабидагилар деб аталади. Улар Аллоҳ таолога жабр нисбатини берадилар.

Жабрия мазҳабидагилар ўз фикрларини қўллаш учун Қуръони Карим оятларидан далиллар келтирадилар.

Аллоҳ таоло Соффаат сурасида:

وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ وَمَا تَعْمَلُونَ

 

«Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деган (96-оят).

Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг ўзини ҳам, амалини ҳам яратади. Инсон Аллоҳ таоло яратган амални қилишга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида айтади:

فَلَمْ تَقْتُلُوهُمْ وَلَكِنَّ اللّهَ قَتَلَهُمْ وَمَا رَمَيْتَ إِذْ رَمَيْتَ وَلَكِنَّ اللّهَ رَمَى وَلِيُبْلِيَ الْمُؤْمِنِينَ مِنْهُ بَلاء حَسَناً إِنَّ اللّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

 

«Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди» (17-оят).

Эй мўминлар, билиб қўйинглар, Бадр урушида мушрикларни ҳақиқатда сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди. Ҳа,

«Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди».

Бунинг учун Аллоҳга шукр қилинг.

«Отган пайтингда сен отмадинг, балки Аллоҳ отди».

Яъни «Эй Пайғамбар, бир сиқим тупроқни олиб отганингда сен отганинг йўқ, балки Аллоҳ отди».

Бадр урушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собитдир. Бу ҳам инсон ўз ҳаракатида фақат Аллоҳ таолонинг қилган мажбури остида бўлишига ёрқин далил.

Жабрия мазҳабининг бошқа бир номи «жаҳмия»дир. Бу ном уларга 118 ҳижрий санада вафот этган ўзларининг бошлиқлари Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийнинг исмидан ўтган.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг Жабрия мазҳабидагиларнинг далилига жавоби:

1. Биринчи оятни далил қилганларига жавоб қуйидагича:

Бу оят ўзидан олдинги оятдаги жумланинг жавобидир. Икки оят қўшилиб, бир жумла бўлган. Ўшандай бўлганда маъно «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?! Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» бўлади.

Яъни сизни ҳам, сизлар қўлингиз билан йўниб ясаб, ибодат қилаётган нарсангизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!

2. «Отган вақтингда сен отганинг йўқ балки Аллоҳ отди» ояти уларнинг фойдасига эмас, зиддига далилдир. Чунки Аллоҳ таоло «Отган вақтингда», дейиш билан Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отганларини исбот қилмоқда.

Очиқ-ойдин кўрилиб турибдики, «отган вақтингда» дейиш билан исбот қилинган нарса бошқа, «отганинг йўқ» дейиш билан манфий қилинаётган нарса бошқа.

Бунинг тафсилоти қуйидагича:

Албатта, отишнинг ибтидоси бор, интиҳоси бор. Унинг ибтидоси силташ ва улоқтиришдир. Интиҳоси эса мўлжалга тегишидир. Уларнинг иккиси ҳам «отиш» деб номланади.

У вақтда оятнинг маъноси «Улоқтирган вақтингда мўлжални урганинг йўқ. Мўлжални Аллоҳ урди», бўлади.

Агар шундай бўлмаса, «Намоз ўқиган вақтингда сен намоз ўқиганинг йўқ. Лекин Аллоҳ намоз ўқиди», дейишга тўғри келади. Шунингдек, «Рўза тутган вақтингда сен рўза тутганинг йўқ. Лекин Аллоҳ рўза тутди», «Зино қилган вақтингда сен зино қилганинг йўқ...», «Ўғрилик қилган вақтингда сен ўғрилик қилганинг йўқ» ва ҳоказо. Бунинг фасодлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида, давоми...

7129 11:14 / 26.10.2018
Араб тилида .дуо, сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча .дуо, ва .бир нарсани талаб қилиш, маънолари бирбирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб давоми...

3607 19:30 / 25.10.2021
Намоз араб тилида .салот, дейилиб, луғатда .яхшиликка дуо, маъносини англатади.Шариатда эса намоз деб такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус давоми...

7077 16:30 / 13.01.2020
Аллоҳ таоло .Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

5097 23:01 / 02.12.2016