Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 шаввол | 2025 йил 19 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (122-дарс). «Инсон» сўзининг келиб чиқиши

14:00 / 22.02.2021 8267 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

Воқиъа сураси тафсиридан иқтибослар:

 نَحْنُ خَلَقْنَاكُمْ فَلَوْلَا تُصَدِّقُونَ۝

«Сизларни Биз яратганмиз, ишонсаларинг-чи!» (57-оят).

Оятда одамларга лутф билан хитоб қилиняпти. «Инсон» сўзи «нисён»дан келиб чиққан, дейди араб тилшунослари. Нисён эса «унутиш» дегани.

Ҳа, инсон ҳамма нарсани тезда унутиб туради. Жумладан, ўзининг яратилишини ҳам. Агар инсон ўзининг дунёга келиш жараёнини тафаккур билан ўйлаб кўрса, албатта, Аллоҳ таолога иймон келтирмай иложи йўқ. Лекин бу нарса кўп такрор бўлавериб, ғофил инсон унга эътибор бермайдиган бўлиб қолган. Бир эътибор бериб кўрсин-чи, нима бўлар экан?! Ҳар бир инсоннинг дунёга келиши Аллоҳнинг қудратига ёрқин далил-ку!

 أَفَرَأَيْتُم مَّا تُمْنُونَ۝  أَأَنتُمْ تَخْلُقُونَهُ أَمْ نَحْنُ الْخَالِقُونَ۝

«Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а! Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?!» (Воқиъа сураси, 58-59-оятлар).

Инсоннинг яралиши эркак киши манийсининг аёл киши бачадонига тўкилиши ва у ердаги урчишдан бошланади. Демак, инсон яратилишининг бошланиш жараёни эркакнинг манийси экан.

Ўша манийни ким яратади? Инсоннинг ўзи яратадими?

Йўқ! Албатта, Роҳман сифатли Аллоҳ яратмаса, бошқа ҳеч ким ярата олмайди. Инсон бу ишда воситачи, холос. Умуман, одамнинг дунёга келишида ота-она бир восита бўладилар, холос. Эркак уруғи аёл бачадонига тўкилиб бўлгач, энди бундан уёғига икковлари ҳам ҳеч бир жараёнга аралаша олмай, томошабин бўлиб қараб тураверишади. Бошқа ҳеч нарса қила олишмайди. У бир томчи жирканч сувнинг баркамол инсонга айланиши учун Аллоҳ таолонинг қудрат қўли ишга тушади.

Илмий тадқиқотлардан аён бўлишича, эркакдан аёл бачадонига тушган манийда миллионлаб ҳайвонлар бўлар экан. Шулардан фақат биттасигина аёл тухуми билан урчир экан. Ана шу пайтда инсон шакллана бошлайди. Урчишдан кейин тухумча миллион-миллион ҳужайраларга бўлинади. Уларнинг ҳар бир тўпи ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бошқасидан фарқ қилади. Бир тўпи суяк ҳужайралари бўлса, бошқаси асаб ҳужайралари, учинчиси кўз бўлиши лозим бўлган ҳужайралар, тўртинчиси қулоқ ва ҳоказо. Бу тўпларнинг ҳар бири ўз вазифасини тўла бажаришга киришади. Кўз ҳужайралари жуда аниқлик ва нозиклик билан ўз жойини топиб жойлашиб, кўзни ташкил қиладилар, қоринга ёки сонга ёпишиб қолмайдилар. Айнан кўз бўладилар, дунёнинг машҳур рассомлари ўхшата олмай қийналадиган мўъжиза кўзга айланадилар. Бошқа ҳужайра тўплари ҳам худди шунга ўхшаб, ўз вазифаларини адо этадилар. Ушбу ишларнинг қайси бирига инсон – ота ёки она аралаша олади? Ёки бу жараёнлар ўз-ўзидан кечади деб ўйлайсизми?

Ундан кейин, инсон деганимиз фақат кўз, қулоқ, қўл, оёқдан иборат эмас. Унинг руҳи бор. Инсонга руҳни ким беради? Унинг ҳис-туйғулари, феъл-атвори, тафаккури ва ҳоказолари бор. Буларни унга ким беради? Отасими ёки онасими? Ё бўлмаса бу нарсалар ҳам тасодифан пайдо бўлиб қоладими?

Жавоб битта, у ҳам бўлса, инсонга буларнинг ҳаммасини Роҳман сифатига эга бўлган Аллоҳнинг Ўзигина беришга қодир.

Инсоннинг яралиши, яъни бошланиши, деганда шулар тушунилади. Унинг охири ҳам улкан мўъжиза, кишининг ақлини лол қолдирадиган ишдир. Буни ҳам ғофил инсон тузукроқ ўйлаб кўрмайди. Ҳар куни қанчадан-қанча кишилар вафот этади. Лекин бу жараённи ҳеч ким тафаккур ила кузатмайди. Ўлим кўп такрорланаверганидан инсон бу ҳодисага кўникиб қолган. Аслини олганда, бу ҳодиса ҳам Аллоҳнинг қудратига далолат.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола 2. .Улар учун унда жаннатда хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор, Қоф сураси, 35оят. Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик давоми...

4606 13:00 / 01.06.2020
Бир ўйлаб кўринг, одам ўзини ўзи ярата оладими Йўқ, ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди. Шунингдек, одам ўз давоми...

4343 13:00 / 18.01.2021
Мўминмусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. давоми...

2757 19:00 / 24.07.2023
биринчи мақола Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аввал бошда бошқалар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган давоми...

3695 13:27 / 14.12.2020