1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қабрдаги савол-жавоб

12:00 / 22.02.2021 8914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар унинг (қабри) устида туриб: «Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади», дер эдилар».

Абу Довуд ва ал-Баззор ривоят қилган. Ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.

Демак, ўлганнинг қабрда саволга тутилишининг ҳақлиги ва тирик мусулмонлар ўлганлар ҳаққига дуо қилишлари керак экан. Янги кўмилган одамга сўроқ-савол вақтида сабот сўраб, дуо қилмоқ лозим экан.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон мўмин қабрида ўтқазилса, унга келинади. Сўнгра, Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳи, деб шаҳодат келтиради. Ана ўша Аллоҳнинг: «Аллоҳ иймон келтирганларни ҳаёти дунёда ва охиратда субутли сўз ила собит қилади», деганидир», дедилар».

Бу ҳадисдаги «Қачон мўмин қабрида ўтқазилса», дейилгани унинг дафни ва устига тупроқ тортилганидан кейин бўлади. Уни қабрида ўтқазиб сўроқ-савол қилиш бошланади. «Унга келинади», яъни унинг олдига сўроқ-савол қилингани келинади. Бу ишни бажаргани иккита қорамтир кўк рангдаги фаришта келади. Уларнинг исмлари Мункар ва Накийр бўлади. Уларнинг яратилиши фариштага ҳам, одамга ҳам ўхшамайди. Мўмин мусулмон кишининг иймони ва амали солиҳи туфайли уни икки фаришта сўроққа тутганда Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб, субутли сўз билан собит қилади. У калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам хабар берган экан. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ана шундоқ саботли калима эгаси бўлган бандаларидан қилсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, банда қачон қабрига қўйилсаю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг ковушлари таққиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва: «Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида – нима дер эдинг?» дейишади. Мўмин бўлса: «Шаҳодат бераманки, У Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. «Дўзахдаги ўрнигга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади унга. У икковини ҳам кўради. Аммо кофир ёки мунофиққа эса: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади. «Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас Унга:«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам» -дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир уриладики. Шунда шундоқ ҳам қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича Қуръон ва Суннат билан собит бўлган ақийдавий масала, қабр саволи ва азоби ҳақ экани ва унинг қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳадисни диққат билан ўрганишимиз ва ундаги ҳар бир масалани ақийда маъносида сингдириб олишимиз ва ҳар лаҳзада ундаги ҳолатни эслаб туришимиз керак. Худди ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда айнан қабрда нималар кечиши ҳақида сўз бормоқда. Келинг, бир-бир ўрганиб чиқайлик:

1. Қабрдаги янги кўмилган киши ўзини кўмиб кетаётган кишиларнинг оёқ товушларини эшитиши. Бу ҳақиқат ҳозирги замон илми орқали ҳам тасдиқланади.

2. Қабрнинг саволи кўмиб қайтаётган кишиларнинг қабрдан узоқлашмай турибоқ бошланиши.

3. Қабр саволи икки фаришта томонидан олиб борилиши.

4. Қабрдаги кишини ўтқазиб олиб сўроқ қилиниши.

5. Бериладиган саволлардан бири Пайғамбар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бўлиши.

6. Бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, иймони ва амали жойида бўлган киши қабр саволи вақтида дадил бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги саволга дадил ва аниқ жавоб бериши.

7. Мўмин-мусулмон кишининг дадил ва аниқ жавобидан кейин ҳалиги икки фаришта унга агар мўмин-мусулмон бўлмаганида дўзахдаги жойи қайси бўлишини кўрсатиши. Сўнгра мўмин-мусулмонлиги туфайли унга жаннатдан бериладиган жойни кўрсатишлари. Аллоҳ барчамизни ана шундай бахтли кишилардан қилсин.

8. Кофир ва мунофиқлардан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўроқ қилиниши. У дунёда бу одам ҳақида нима дер эдинг? деб сўралиши.

9. Кофир, билмасам, деб жавоб бериши. Тилида, мусулмонман, деб юрган одам эса одамлар нима деса ўшани айтар эдим, дейиши. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида одамлар нима деса ўшани айтиб юриш кифоя қилмас экан. Кишининг қалбида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мустаҳкам эътиқод бўлиши зоти шарифларини аниқ билиши керак экан.

10. Кофир ва мунофиққа саволга жавоб бера олмаганидан кейин, қаттиқ сўз айтилиб, бошига темир гурзи билан уриб азоб бериш бошланиши. Азоби қабр, дегани шу бўлади. Қабр азобининг баёнотлари келгуси ҳадисларда ҳам келади.

11. Қабрида темир гурзидан калтак еган кофир ва мунофиқнинг дод-войини одам ва жинлардан бошқа ҳамма мавжудот эшитиши. Ушбу нарсаларга тўлиқ иймон келтириш ва ҳаётда ҳали имкон борида қабрга кирганда яхши ҳолда бўлишга лойиқ ишларни қилишга ўтиш керак.

Асма розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг: «Албатта, мен ўзимга кўрсатилмаган ҳар бир нарсани ушбу маконимда кўрдим. Ҳатто, жаннат ва дўзахни ҳам. Менга сизлар, албатта, қабрларингизда Масийҳи дажжолнинг фитнасичалик ёки шунга яқин фитнага учрашларинг ваҳий қилинди. «Бу одам ҳақида қандоқ илминг бор?» дейилади. Мўмин ёки аниқ ишонган одам: «У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг (чақириғига) жавоб бердик ва унга эргашдик. У Муҳаммаддир», деб уч марта айтади. Шунда унга:«Солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сени унга қаттиқ ишонишингни билар эдик», дейилади. Аммо мунофиқ ёки шубҳали киши эса: «Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитган эдим. Ўшани айтганман», дейди», дедилар.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда келган гапларини Кусуф намозидан кейин қилган хутбаларида айтганлар. Бу ҳадиси шарифда қабр саволига тегишли бўлаги келтирилмоқда. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қабрнинг фитнаси Дажжолнинг фитнаси ёки унга яқин бир фитна эканлиги. Бундан унга зинҳор эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги келиб чиқади.

2. Мўмин, аниқ ишонган одамнинг: «У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг чақириғига жавоб бердик ва унга эргашдик», деб жавоб беришида катта аҳамият бор.

Демак, оғиз билан Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деган билан кифояланиб бўлмас экан. У киши Аллоҳ томонидан нималар келтирганини яхши билиш ҳам керак экан. У киши чақирган нарсага, лаббай деб жавоб бериш ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам керак экан. Бу эса Ислом динига тўлиқ эътиқод ва амал қилиш билан бўлади.

3. Фаришталарнинг мўмин одамга унинг дадил ва ишончли жавобидан кейин солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сенинг унга қаттиқ ишонишингни билар эдик, дейишларидан иккита хулоса чиқади:

Биринчиси: Қабр саволидан кейин маййит қиёмат қоим бўлгунча ухлаб туради.

Иккинчиси: Қабрдаги сўроқ бир нарсани билиш учун эмас, билиб бўлинган нарсани банданинг ўзига иқрор қилдириш учун бўлади.

4. Мунофиқ, динга ишончи собит ва мустаҳкам бўлмаган одамнинг қабр сўроғига, «Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитувдим. Ўшани айтганман», деб жавоб беришида, ҳаётда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом ҳақидаги одамлардан эшитган гапини тилидагина айтиб ўзини мусулмон санаб юрганларнинг ҳаммаси мунофиқ ва шубҳа эгаси эканликлари англашилади.

Аллоҳ шуларга ўхшашдан Ўзи сақласин.Қабрда бериладиган саволлардан: Роббинги ким?, Роббим Аллоҳ, деб, Набийинг ким?, Муҳаммад алайҳиссалом, деб Дининг нима?, диним Ислом» деб жавоб берилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

savollar.islom.uz/s/202

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва бир кун ҳамма нарса ортингда қолади. Барча севган инсонларинг, яхши кўрган нарсаларингдан айриласан.Ҳалол ёки ҳаром йўл билан жамғарган молмулкинг, уйларинг, давоми...

2548 14:07 / 07.06.2021
Охиратда соясалқинда туришга уринайликИссиқ қандай бўлаётганини ҳис қиляпмиз. Дунё иссиғига оҳвоҳ деймиз. Ҳаво исиганда, соясалқин жойларга қочамиз. Ваҳоланки, давоми...

3996 09:03 / 08.07.2021
ndash Руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояndash Ҳузурҳаловат, хотиржамликка манбаиndash Иммунитетни кучайтирадиndash Руҳан, жисмонан соғломликndash Юрак хасталиги давоми...

2963 11:00 / 22.08.2021
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ бир кишидан сўрадиЁшингиз нечадаУ .Олтмишда, деб жавоб берди.Фузайл .Сиз олтмиш йилдан бери Роббингиз томон юриб, Унга етишингизга оз давоми...

4918 19:00 / 23.10.2022