Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (119-дарс). Ҳаракат далили

13:00 / 01.02.2021 3302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Ақлини ишлатган одам дунёдаги юлдузлар, сайёраларнинг ҳаракатининг ўзидан Аллоҳ таолонинг борлигини билиб олиши қийин иш эмас.

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида қуйидагиларни айтади:

 وَالشَّمْسُ تَجْرِي لِمُسْتَقَرٍّ لَّهَا ذَلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ۝

«Қуёш ўз истиқрори учун юрадир. Бу ўта иззатли, ўта билувчи Зотнинг ўлчовидир» (38-оят).

Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг бирлигига ва борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига яққол далилдир. Оятда қуёшнинг яратилиши, унинг улканлиги, таратиб турган зиёси ва бошқа хусусиятлари ҳақида эмас, балки ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши – ҳаракатланиши ҳақидагина гап бормоқда.

Авваллари олимлар «Қуёш жойида собит туради, бошқа сайёралар унинг атрофида айланади», деб айтар эдилар. Кейинги кашфиётлар қуёш ҳам ҳаракат қилишини кўрсатди.

Фалакиёт илми олимларининг айтишича, қуёш бир сонияда ўн икки мил тезлик ила ҳаракат қилар экан. У ўзига истиқрор қилинган манзил ва вақт томон доимий жараёнда экан.

Фалакиёт илми яқиндагина кашф этган бу улкан ҳақиқатни Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир қисқа оятининг ярмида айтиб ўтган экан.

Хўш, шундай улуғ бир сайёрани ўз истиқрори томон жорий қилиб қўйган зот Аллоҳ таоло эмасми?!

«Бу ўта иззатли, ўта билувчи Зотнинг ўлчовидир».

Аллоҳ Азиздир. Барчадан ғолибдир. Ҳар бир нарсага қодирдир. Ўта билувчи Зотдир. Қуёш ўша Зот тақдир қилган жараёнда ҳаракатланади. Шунинг учун у вазифасини бекаму кўст адо этиб турибди.

 وَالْقَمَرَ قَدَّرْنَاهُ مَنَازِلَ حَتَّى عَادَ كَالْعُرْجُونِ الْقَدِيمِ۝

«Ойни эса токи эски (хурмо) шингилидек (ҳолга) қайтгунига қадар манзилларини бичиб қўйганмиз» (39-оят).

Ой ҳам, қуёш ҳам думалоқ шаклдаги самовий жисмдир. Инсоннинг кўзига қуёш доим бир хил суратда кўринади. Лекин ой бир ой давомида йигирма саккиз хил шаклга киради. Аввал кичик ҳилол бўлиб кўринади. Кундан-кунга катталашиб, тўлин баркашга айланади. Кейин яна аста-секин ҳилол ҳолига қайтади. Чунки Аллоҳ таоло ой учун манзиллар бичиб қўйгандир. Аллоҳ унинг учун йигирма саккиз манзилни бичиб қўйган. Ҳар куни ҳар хил манзилдан чиқади, ҳар куни ҳар хил ҳажмда кўринади.

Уламоларимиз ояти каримадаги «токи эски (хурмо) шингилидек (ҳолга) қайтгунга қадар» деган жумлага алоҳида эътибор берадилар. Араб тилида хурмо мевасини тутиб турувчи шингил аржун дейилади. Оятда Ой худди эски аржун ҳолига қайтгунга қадар деб васф қилинмоқда. Яъни уни ойнинг охирида эски аржун ҳолига қайтарамиз, дейилмоқда. Меваси узиб олинган шингил ҳилолга ўхшаб қолар экан. Лекин ҳилол билан ҳилолнинг фарқи бор. Янги туғилган ҳилол тамоман бошқача бўлади. Унда янгилик, гўзаллик, ҳаёт аломатлари барқ уриб туради. Охирида ҳилол шаклига келган ой эса эски аржун – қуриб қолган шингилга ўхшаб, кўримсиз бўлиб қолади.

Бу оятда ойнинг яратилиши, осмонда тутиб турилиши, инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйилиши ва унга тегишли бошқа мўъжизалар ҳақида эмас, унинг янгидан пайдо бўлиб, яна эски ҳолига қайтиши, сўнгра яна янгидан туғилиши ва бу ҳол бардавом экани ҳақида гап бормоқда.

Дунё бунёд бўлганидан буён ойни шундай бир низомга солиб қўйган зот Аллоҳ таоло эмасми?!

 لَا الشَّمْسُ يَنبَغِي لَهَا أَن تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ۝

«На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар» (40-оят).

Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири фақат Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Айни тайин қилинган вақтидагина чиқади. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот Аллоҳ таоло эмасми?!

«...ва на кеча кундуздан ўзиб кетар».

Бирон марта кечаси кундуздан ўзиб кетган эмас. Йил – ўн икки ойнинг ҳар туни қачон бошланиб, қачон тамом бўлиши, куни қачон бошланиб, қачон поёнига етиши дақиқасигача аниқ. Дунё бунёд бўлганидан буён бу жараён ҳеч ўзгармай давом этиб келмоқда. Бу қоидани тақдир қилган зот Аллоҳ таоло эмасми?!

Осмондаги қуёш, ой ва бошқа сайёраларнинг «ҳар бири фалакда сузиб юрар».

Бу ҳам Аллоҳнинг биру борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишига далил-белгидир. Барча инсонлар буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқариб, Аллоҳга иймон келтиришлари, ўлгандан кейин қайта тириладиган куннинг тайёргарлигини кўришлари керак.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. давоми...

5011 19:18 / 02.12.2016
.АқийдатутТаҳовия,ни кўпгина улуғ уламолар шарҳ қилганлар. .КашфузЗунун, китоби соҳиби улардан еттитасини санаб ўтган. Уларнинг барчалари ҳанафий мазҳабида давоми...

1716 19:00 / 22 январь
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

2242 19:00 / 12.06.2023
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АрРаҳийм Латиф неъматлар берувчи.Бу сифат хосроқ бўлиб, .Қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи, маъносини англатади. Бу исм Аллоҳдан давоми...

6459 08:08 / 20.04.2017
Аудиолар

135064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55342 14:35 / 11.08.2021