Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (193-дарс).. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади

19:00 / 01.08.2022 3332 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг, у кишининг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аёл киши қовурғадан яратилгандир», деганлар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳақиқатни ҳам ҳозирги замон илми тасдиқлаб турибди. Одамнинг ҳужайрасидан бошқа бир одам пайдо қилиш мумкинлигини айтиб, жар солмоқда. Бу гапни мислсиз илмий кашфиёт сифатида тарғиб қилмоқда. Аммо худди ўшалар ва уларнинг олдин ўтган устозлари Аллоҳ таоло Одам Атонинг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратганлиги ҳақидаги ҳақиқатнинг устидан бир минг тўрт юз йилдан ортиқ даврда кулиб келган эдилар.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» деган (1-оят).

Бу оятда одамларни яратган Холиқ бир бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этиляпти:

«Сизларни бир жондан яратган».

Демак, ҳозирги дунёда турли-туман бўлиб яшаётган, бир-бирлари билан ирқий, миллий, диний урушлар қилаётган, мен яхши, сен ёмон, деб жанжаллашаётган, кишиларни тана рангига, қабиласига, миллати ёки ирқига қараб ажратаётган одамларнинг асли бирдир. Уларни  яккаю ягона Аллоҳ  бир жондан яратган.

Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири «...ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топган. Бундан «у жондан унинг жуфтини, яъни хотинини яратган» маъноси келиб чиқади.

«...икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳавводан «кўплаб эркагу аёлларни таратган»лик ҳам муҳим бир ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо  бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турфа инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди.

Аллоҳнинг амри ила ер юзига тушганларидан кейин Одам Ато ва Момо Ҳавво кўплаб фарзандлар кўрдилар. Ривоятларда келишича, Момо Ҳавво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша пайтдаги имконлар ҳисобга олиниб, биринчи жуфтликдаги ўғил-қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қуришлари мумкин эди. Шу тариқа одам зоти кўпайиб борди. Шундан бошлаб инсон ота-онадан туғилиб, кўпаядиган бўлди.

Аллоҳ таоло инсонни дастлаб тупроқдан яратиб, кейин уни сулоладан тарқаладиган қилиб қўйгани Сажда сурасида айтиб ўтилган:

الَّذِي أَحْسَنَ كُلَّ شَيْءٍ خَلَقَهُ وَبَدَأَ خَلْقَ الْإِنسَانِ مِن طِينٍ
ثُمَّ جَعَلَ نَسْلَهُ مِن سُلَالَةٍ مِّن مَّاء مَّهِينٍ

«(У) Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни аввал бошда лойдан яратган Зотдир. Сўнгра унинг наслини ҳақир сув сулоласидан қилди» (7-8-оятлар).

Аллоҳ таоло инсонни аввал бошда лойдан яратиб, кейин унинг наслини «нутфа» деб аталмиш ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилиб қўйди. Ҳеч нарсага арзимайдиган, ҳатто инсоннинг ўзи жирканадиган ҳақир сувдан шунчалик мураккаб, олиймақом бир инсон яраладиган қилиб қўйди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.

Бу ҳақиқат Муъминун сурасида ҳам айтилган:

وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ مِن سُلَالَةٍ مِّن طِينٍ
ثُمَّ جَعَلْنَاهُ نُطْفَةً فِي قَرَارٍ مَّكِينٍ
ثُمَّ خَلَقْنَا النُّطْفَةَ عَلَقَةً فَخَلَقْنَا الْعَلَقَةَ مُضْغَةً فَخَلَقْنَا الْمُضْغَةَ عِظَامًا فَكَسَوْنَا الْعِظَامَ لَحْمًا ثُمَّ أَنشَأْنَاهُ خَلْقًا آخَرَ فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ

«Батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан музға яратдик, музғадан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, улуғ бўлди» (12-14-оятлар).

Ушбу оятда инсон яратилишининг бошланғич босқичи ҳақида сўз бормоқда.

«Сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таоло томонидан лойдан суғуриб олингандир. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади.

«Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик».

Яъни инсон жинсининг бошланишини лой сулоласидан қилганимиздан кейин, бу жинснинг аъзолари ота сулбидан нутфа ҳолида чиқиб, она раҳмига – бачадонидек мустаҳкам қароргоҳга ўрнашадиган қилдик.

Эркак кишининг сулбидан аёлнинг бачадонига тушган нутфанинг бир босқичдан иккинчисига ўтишининг Қуръондаги васфи энг тўғри, энг аниқ васф эканлигини ушбу оятлар нозил бўлганидан ўн тўрт аср ўтиб, ҳомила илми бўйича дунёнинг энг кўзга кўринган ғайри мусулмон уламолари тасдиқ қилдилар.

«Сўнгра нутфадан алақа яратдик...»

Мустаҳкам қароргоҳ бўлмиш бачадонда унга эркакнинг сулбидан тушган нутфадан алақа яратдик. Яъни эркакдан тушган уруғлик аёлдаги тухум билан урчиганидан сўнг алақага (зулукка) айланадиган қилдик.

Эски тафсирларимизда алақани «лахта қон» деб аташган. Лекин араб тили қомусларининг бирортасида «алақа  – лахта қон» дейилмаган.

Алақа – ҳаммага маълум ва машҳур «зулук» номли қон сўрадиган ҳайвон. Қадимги тафсирчиларимиз нутфа урчиб, ҳомила пайдо бўлган биринчи босқичида лахта қон моддасига ўхшаш бўлгани учун «алақа»ни «лахта қон» деб тушунтирганлар. Ҳамма шуни айтиб, ёзиб ва тушуниб юраверган. Замон ўтиб, илм ривожланиб, турли асбоблар воситасида нутфанинг бачадондаги ҳолатини, алақага айланган ҳолини кўриш имконлари очилганидан сўнг, Қуръони Каримнинг яна бир мўъжизаси ошкор бўлди.

Ўша «алақа» деб номланган лахта қон зулук шаклида бачадон деворига ёпишиб, ундан озуқа сўриб турар экан. Бу ҳақиқатни англаб етган ҳомила илми олимлари Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканига ҳеч шубҳа йўқлигига тан бердилар.

«...алақадан музға яратдик...»

«Музға» сўзи чайналган, тишланган гўшт маъносини билдиради. Эмбрионнинг шу ҳолатдаги суратлари ҳақиқатдан ҳам бир парча чайналган, бир чети тишланиб, тишларнинг изи қолган гўштга жуда ўхшайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло нутфадан алақага айланган зулукка ўхшаш лахта қонни музғага, яъни чайналган гўштга ўхшаш нарсага айлантирдик, демоқда.

«...музғадан суяк яратдик...»

Инсоннинг суяклари шу тариқа пайдо бўлди. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, гўштдан суяк ҳосил қилади. Бола онасининг қорнида экан, у суяк юмшоқ бўлади. Туғилганидан кейин қаттиқ жисмга айланади.

«...бас, суякка гўшт қопладик...»

Гўштдан суяк яратиб туриб, яна ўша суякка гўшт қоплаш ҳам ажойиб бир нарса.

«...сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик».

Инсонни гўшту суякдан иборат ўзга жонзотлар каби қилиб қўймадик. Уни тамоман бошқача, ўзига хос бир жонзот этиб пайдо қилдик. Унинг жисми умуман бошқача, руҳи, ҳис-туйғулари, қувватлари ва бошқа хусусиятлари умуман ўхшаши йўқдир.

«Бас, яратувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли, улуғ бўлди».

Аллоҳдан ўзга яратувчи йўқдир.

3. Инсон аввал бошдан энг батамом кўриниш ва энг гўзал тузилиш ила яратилган.

Бу ҳақиқат Қуръони Каримдаги собит ҳақиқатлардан биридир. Ана ўша ҳақиқатга ҳар бир мўмин-мусулмон жазм ила эътиқод қилмоғи вожибдир.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иймоннинг зиёда ва кам бўлиши кўпгина тортишувларга сабаб бўлган масаладир. Лекин Аҳли сунна ва жамоа уламоларининг тортишувлари моҳиятда эмас, суратдадир. давоми...

2571 19:00 / 13.11.2023
. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто давоми...

4154 19:00 / 11.04.2022
islom.uz middot 007 Aқоид илмининг тарихи Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турлитуман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини давоми...

4712 13:30 / 31.08.2020
Аллоҳ таоло .Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик,, деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани келтириш билан, қадарга иймон келтириш, Қуръонда зикри келган давоми...

7072 23:21 / 02.12.2016