Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (98-дарс). Ақийда ва унинг асослари

15:30 / 17.08.2020 7664 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизларга Ислом ақийдаси етиб келишида хизмат қилган зотларнинг ҳаммаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!

Азиз ва муҳтарам ўқувчи! Ҳозирги кунимизда ақийда ўта долзарб масалага айланиб қолгани ҳаммамизга маълум. Шу билан бирга, бу муҳим масала бўйича мусулмонлар оммасига тушунарли бўлган, осон услубда ёзилган китоб етишмай тургани ҳам маълум.

Охирги пайтда ақоидга оид бир неча китоблар таржима қилинди. Уларнинг баъзилари кўпгина ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб ҳам бўлди. Баъзиларини эса ҳатто илмли кишилар ҳам англаб олиши қийин бўлди.

Ана шу маънода шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам бир ишга қўл урган эдилар. «Ақийдатут Таҳовия»нинг талхийси – хулосасани таржима этган эдилар. Бунда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг мўътабар китобларидан бири кишилар онгидаги диний-маънавий бўшлиқни тўлдирар, деган мақсад бор эди. Чоп қилиш имкони бўлмагани учун узоқ вақт туриб қолган бу китобни нашр этишга рухсат бўлганда, барибир халқ оммасига ўзи тушунадиган тил ва услубда бир китоб керак экан, деган фикр пайдо бўлди. Ўша фикрни амалга ошириш учун ақийда бобида ёзилган эски ва янги китобларнинг услубидан ва маълумотларидан фойдаланиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда бир китоб ёзишга қўл урилди. Китобни ёзишда ҳозирги кунда Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг асл ҳақиқатларини англаб етишга нисбатан эҳтиёж кучайгани ҳисобга олинди. Шу билан бирга, баъзи илмни даъво қилса ҳам, ўзлари илмдан йироқ бўлганларга раддиялар бериш кўзда тутилди.

Асл мақсадни ифода этиш учун китобга «Сунний ақийдалар» деган ном танланди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишни осон ва фойдали қилсин. Омин!

Ақийда ва унинг асослари

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақоид илмининг таърифи

Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.

«Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиблари Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий: «У яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.

«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий: «У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад этиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Иҳёу Улумид дин» номли китобларида: «Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.

Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Мавоқиф»га қилинган шарҳида: «Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.

Муҳаммад Абдуҳ ўзининг «Рисолатут Тавҳид» китобида: «Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У Зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади», дейди.

Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».

Биз эса ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади .Ана ўшалар расуллардир. давоми...

4146 18:31 / 08.03.2022
Аллоҳ таоло .Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у худди сиз нутқ қилаётган нарсадек ҳақдир,, деган Зорият, 23. Шарҳ Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзи давоми...

6794 23:24 / 02.12.2016
Жаъданинг мавлоси Абу Яҳёдан ривоят қилинадиМен Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадисни эшитганман Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссаломга Эй Расулаллоҳ, фалончи аёл давоми...

6975 18:20 / 18.05.2018
5. Аллоҳ таоло Фотир сурасида .Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. У Зот давоми...

4476 19:00 / 24.08.2022
Аудиолар

210865 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130130 14:35 / 11.08.2021