1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қасам фақатгина Аллоҳ таолонинг исмларидан бири билан бўлади

23:24 / 02.12.2016 5612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у худди сиз нутқ қилаётган нарсадек ҳақдир», деган (Зорият, 23).

  Шарҳ: Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Ўзи қасам ила бандаларига ваъда қилган ризқи худди бандалари нутқ қилиб турган гапларидек ҳақ эканини таъкидламоқда.
Араб тилида қасам турли услублар билан бўлади. Очиқ қасам ичиш маъносидаги сўзлар билан ёки қасам ҳарфлари–жумладан, «вов», «бе», «то» ҳарфлари билан.
Қуръони Каримнинг бир қанча суралари қасам билан бошланган. Жумладан, «Ан-Назиат» сураси ҳам. Бу ҳолатда қасам лафзлари ишлатилмайди, балки қасам ҳарфларининг ўзи кифоя қилади. Масалан: «Ван-Назиати» ан-Назиат билан қасам ичаман, дегани.
Одатда, бир гапни таъкидлаш ва унга эътиборни жалб қилиш учун, энг муҳим масалаларни баён қилишдан аввал қасам ичилади. Аллоҳ Ўзи яратган нарсалардан баъзиларини қасамда тилга олиши ўша нарсаларнинг аҳамиятини яна ҳам оширади.
Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсаси билан қасам ичаверади, бу Ўзининг иши. Лекин бандалар Аллоҳдан бошқа билан қасам ичишга ҳақлари йўқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган:
«Ким қасам ичмоқчи бўлса, Аллоҳ номи билан ичсин, бўлмаса, жим турсин», деган ҳадиси шариф бор.
Бир нарсани қиламан ёки қилмайман, деб қасам ичса, ўша ишни бажармоғи вожиб, агар бажара олмаса, каффорат тўлайди. Яхшиси, ҳар нарсага Аллоҳ таолонинг номини ишлатиб, қасам ичавермаслик маъқул.
Бу масаланинг тафсилотларини қуйида ўрганилади.

Аллоҳ таоло: «Машриқлар ва мағриблар Роббиси ила қасамки, албатта, Биз ўринларига улардан яхшироқларини алмаштиришга қодирмиз ва Биз бу ишни қилишдан ожиз эмасмиз», деган (Маъориж, 41-42).
Шарҳ: Бу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло Ўз зоти олийи ила қасам ичмоқда. Бу ҳам сиз билан биз мўмин-мусулмонларга ибрат бўлиши керак, Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа нарса ила ҳеч қачон қасам ичмаслигимиз лозим.
Такаббурлик сари юз тутган мушрикларга қарата хитоб қилинган бу оятларда Аллоҳ таоло Ўз нафси билан қасам ичиб таъкидлайдики, хоҳласа, бу осийларни йўқотиб, уларнинг ўрнига яхшироқ одамларни келтира олади, қудрати етарли. Лекин Аллоҳнинг даргоҳи кенг, у чексиз меҳр-мурувватли зот, шунинг учун уларни бу дунёда азобламай тек қўйиши мумкин. Аммо у дунёнинг азоби ҳақлиги келаси оятларда баён қилинади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасамлари — «Лаа ва Муқаллибил қулуби» эди».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: «Лаа ва Муқаллибил қулуби», дегани, «Йўқ, қалбларни айлантириб турувчи Зот ила қасамки», деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда кўпроқ ушбу лафзлар ила қасам ичар эканлар. Бу эса, Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ила қасам ичиш доирасига киради.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қасамга зўр берадиган бўлсалар, «Абул Қосимнинг жони қўлида бўлгап Зот ила қасамки», дер эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: «Абул Қосим» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик ёшида вафот этиб кетган ўғиллари Қосимнинг исмини ўзларига куня қилиб олган эдилар.
Ақоид илми уламолари «жони қўлида бўлган» иборасини «жони қудратида бўлган», деб таъвийл қилишни тавсия қиладилар. Ушбу ҳадиси шариф мазкур иборалар билан ҳам қасам ичиш мумкинлигига далилдир.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон Кисро ҳалок бўлса, ундан сўнг Кисро бўлмас, қачон Қайсар ҳалок бўлса, ундан сўнг Қайсар бўлмас. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, иккисининг хазиналари Аллоҳ таолонинг йўлида инфоқ қилинур», дедилар
».
Шарҳ: Ўша давларда Форс давлатига подшоҳ бўлган кишига «Кисро» лақаби берилар эди. Шунингдек, Рим давлатига подшоҳ бўлган одамни «Қайсар» деб аталар эди.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган икки муҳим иш ҳақида башорат бермоқдалар:
1. Ўша даврдаги Кисродан кейин Кисро бўлмаслиги, Қайсардан кейин Қайсар бўлмаслиги, яъни, ўша пайтдаги энг кучли икки императорлик емирилиб, уларни бошқарадиган янги императорлар етишиб чиқмаслиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу башоратлари юзага чиқди, Форс ва Рим империялари Ислом давлати қаршисида енгилдилар, иккала салтанат парчаланиб кетди, Кисродан кейин Кисро бўлмади, Қайсардан кейин Қайсар чиқмади.
2. Ўша даврдаги Кисро ва Қайсарларнинг тўпланган хазиналари Аллоҳ талонинг йўлида сарф қилиниши.
Бу набавий башорат ҳам тезда юзага чиқди. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Форс ва Рим ўлкалари фатҳ қилинди, Кисро ва Қайсарларнинг хазиналари ўлжага олинди ва мусулмонлар томонидан Аллоҳ таолонинг йўлида сарф қилинди.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда бўладиган баъзи ишларнинг аниқ воқе бўлишини таъкидлаш учун «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки» жумласини ишлатганларини кўрмоқдамиз. Демак, шу ва шунга ўхшаш лафзлар ва иборалар билан қасам ичилса, жоиз экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билсангиз, албатта, кўп йиғлаган ва оз кулган бўлур эдингиз», дедилар
».
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг исми жалоли ила қасам ичганларини кўриб турибмиз. Ўтган ҳадиси шарифлардан қасам ичишда фақатгина Аллоҳ таолонинг исми ёки сифати ишлатилиши мумкинлиги кўриниб турибди. Мусулмон инсон учун бундан бошқа услуб ила қасам ичиш мутлақо мумкин эмас.
Ушбу ҳадиси шарифда ишора қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билиб,       умматлари билмайдиган нарсалар: ўлим, қабр даҳшатлари ва улардан сўнг банда дуч келадиган қи-йинчиликлардир. Мазкур нарсаларни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга билдиргани учун биладилар. Аммо умматлари у нарсаларнинг ҳақиқатини тўла тушуниб етмайдилар. Агар улар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламчалик билганларида кўп йиғлаган ва оз кулган бўлур эдилар.

КИМ АЛЛОҲДАН ЎЗГА ИЛА ҚАСАМ ИЧСА, ГУНОҲКОР БЎЛАДИ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарнинг бир гуруҳ отлиқлар ичида отаси ила қасам ичаётганини билиб қолдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Огоҳ бўлинглар! Аллоҳ азза ва жалла сизларни оталарингиз ила қасам ичишдан қайтаради! Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ ила қасам ичсин, бўлмаса, жим турсин», деб нидо қилдилар. Умар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳйиларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичдим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини тилимга олдим», деди».
Шарҳ: Жоҳилият даврида ҳаётнинг барча соҳалари издан чиқиши, ҳамма нарсада ҳақ ўрнини ботил эгаллаши маълум ва машҳур. Ушбу ҳадиси шарифдан жоҳилий жамиятда қасам ичиш ҳам йўлдан чиққанини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсада ота-бобоси ила фахрланишга одатланиб қолган жоҳилий кишилар улуғлаш ва эъзозлаш мақоми бўлмиш қасам ичишда ҳам Аллоҳнинг ўрнига ота-боболарини ўртага қўяр эдилар.
Ислом дини барча жоҳилий қонун-қоида ва урф-одатларни тузатиб, тўғри йўлга солиб бориш жараёнида қасам ичиш борасидаги хатоларни ҳам тузатди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан Умар розияллоҳу анҳунинг бир тўп отлиқ кишилар ичида туриб ўз отаси номи ила қасам ичаётганини кўриб қолдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ношаръий ишни дарҳол тузатишга ўтдилар. Мазкур отлиқлар тўпига нидо қилиб, ота-боболар номи ила қасам ичиш Исломда манъ қилинганини, мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиши кераклигини, бўлмаса, жим туриши лозимлигини баён қилдилар.
Шу жойга келганда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг:
«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наҳйиларини эшитганимдан буён на ўзим ўшандоқ қасам ичдим ва на бошқанинг ўшандоқ қасамини тилимга олдим», деган гапларига алоҳида эътибор бермоғимиз керак.
Ўйлаб кўрайлик-а, саҳобаи киромлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзлари умр бўйи оғишмай амал қилинадиган мустаҳкам қонунга айланиб қолган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларидан кейин нафақат умрбод ўз ота-боболарининг номи ила қасам ичмаганлар, балки, бошқа бировлар ота-бобоси ила қасам ичиб гапирган гапларини ҳам тилларига олмаганлар.
Шунинг учун ҳам ўша бахтли авлод мусулмонлари нажот топганлар, улкан муваффақиятларга эришганлар, бутун дунёда етакчи халқ бўлганлар. Агар улар ҳам бизга ўхшаб, оят ва ҳадисларни ўқиб, эшитиб қўйиб, ўз билганларини қилаверганларида, мазкур улкан натижаларга эриша олмас эдилар.
Агар бизлар ҳам буюк натижаларга эришишни, дунёнинг пешқадам халқи бўлишни истасак, улуғ аждодларимиздан ўрнак олиб, динимизнинг ҳар бир ҳукмига худди ўша азизларимиз каби амал қилмоғимиз лозим.
Демак, бирор нарса ила қасам ичиш ўша нарсанинг улуғлигини ўртага солиб, ўз гапини тасдиқлаш, таъкидлаш, бошқаларни ишонтиришга уриниш каби маънолардан иборатдир.
Мусулмон инсон учун эса, Аллоҳдан улуғ ҳеч қандай Зот йўқ. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон қасам ичмоғи лозим бўлиб қолса, фақат Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билангина қасам ичиши мумкин. Бундан бошқача қасам ичган одам гуноҳкор бўлади. Чунки, у Аллоҳдан бошқа ила қасам ичиши орқали Аллоҳни қўйиб ўзгани улуғлаган бўлади.
Қасам ҳақида сўз кетганда айтиб ўтиш лозим бўлган гаплардан яна бири шуки, агар қасам Аллоҳ таоло томонидан бўладиган бўлса, У зот Ўзи хоҳлаган нарса ила қасам ичаверади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда турли нарсалар ила қасам ичган. Бу ўша нарсаларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида эътиборли эканлигини кўрсатиш, сиз билан биз бандаларининг диққатимизни мазкур нарсаларга тортишга ўхшаш мақсадларда қилингандир.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан ким қасам ичса-ю, ўз қасамида «Лот ила қасам», «Узза ила қасам», деса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу», десин. Ким ўз соҳибига «Кел, сен ила қимор ўйнайман», деса, садақа қилсин», дедилар
».
Шарҳ: Лот ва Узза араб мушрикларининг катта бутларидан иккитасининг номи бўлиб, мушриклар асосан, «валлоти», «валузза» деб ушбу икки бут номи ила қасам ичар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифлари ила бу нотўғри ишга чек қўйдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига кўра, ким тили ўрганиб қолиб, эсида йўқ ҳолда мазкур бутларнинг номларини тилга олиб қасам сўзларини айтиб юборса, унинг каффоратига «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтмоғи лозим бўлар экан.
Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо биров мазкур ботил қасамни эътиқод ила айтса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб иймонини янгилаши лозим бўлади.
Шунингдек, баъзи бир кишилар мусулмон инсонга тўғри келмайдиган бошқа ибораларни, мисол учун, ўз биродарига «Кел, сен ила қимор ўйнайман», деб юбориши ҳам мумкин. Ундоқ пайтда         гуноҳни ювиш учун садақа беришларига тўғри келади.

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш, худди уни қатл этган кабидир. Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир», дедилар
».
Учовини бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим масалани зикр қилмоқдалар:
1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса ила қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».
Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким, агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай, деса, яҳудий бўлади. Ёки агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай, деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам, ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.
2. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади».
Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиқамиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек гуноҳкор бўлади. Чунки, жонни унга Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандоқ қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб қайта-қайта ўлдириб туради.
3. «Мўминни лаънатлаш худди уни қатл этган кабидир».
Зотан, лаънатнинг луғавий маъноси Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишдир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса, Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъматдир, раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса, мўминни қатл этгандан бадтардир.
4. «Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, худди уни қатл этган билан баробардир».
Кофирлик ҳар бир мўмин одам учун дунёдаги энг катта бадбахтликдир. Иймон ҳаловатини татиб кўрган инсон учун кофирликка қайтиш ўлимдан ҳам оғир мусийбатдир. Шунинг учун ҳам мўмин инсонни кофирга чиқарган, фалончи кофир, пистончи куфр кетди, каби гапларни айтган одам худди ўша мўминни ўлдирган каби иш қилган бўлади. Чунки, аввал айтиб ўтганимиздек, кофирлик мўмин киши учун ўлимдан бадтардир.
Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ичимизда дарди-ҳасрати, қиладиган машғулоти мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш бўлиб қолганларимиз ҳам бор. Улар ўзларига одамларнинг кофир-мўминлигини ажратувчи тафтишчи сифатини бериб олганлар. Диндорлик ғурурига кетган мазкур кимсалар бўлган-бўлмаган нарсага, фалончи кофир, пистончи мушрик, писмадончи мунофиқ, деб фатво чиқариш билан оворалар.
Ана ўша кишилар мўмин-мусулмонлар орасида турли гаплар чиқишига, ҳар хил фитна-фасод қўзғалишига, орага совуқчилик тушишига ва бошқа кўпгина муаммоларга сабаб бўладилар.
Ана ўшандоқ «фатвочи» биродарлар ўзларининг бу қилаётган ишлари динимиз таълимотларига мутлақо зид эканини тушуниб етмоқлари ва мазкур қабиҳ одатларини ташламоқлари лозим.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг «Йўқ! Каъба ила қасамки!» деб қасам ичаётганини эшитиб қолиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», деганларини эшитдим», деди
».
Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам умумий маънони таъкидлаб келмоқда. Каъбаи Муъаззама–Аллоҳ таолонинг уйи, диний нуқтаи назардан жуда ҳам улуғ нарса ҳисобланади. Лекин шундоқ бўлса ҳам, фақат Аллоҳ таолонинг номи илагина қасам ичиш мумкинлигидан, бошқа ҳеч нарса ила қасам ичиб бўлмаслигидан Каъбаи Муъаззамадек улуғ нарса билан ҳам қасам ичиб бўлмайди. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», деган ҳадислари умумий қоидадир. Албатта, ким Аллоҳ таолодан ўзгани улуғлаш ниятида, билиб туриб ўша нарса ила қасам ичса, диндан чиқиб, мушрик бўлиши турган гап. Аммо, билмасдан тили кетиб қолса, макруҳ ишни қилган бўлади. Ундоқ одам дарҳол истиғфор айтиб, мазкур ишни қайтармаслиги лозим бўлади.

Бурайдадан, у ўз отасидан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким қасам ичиб, мен Исломдан воз кечдим деса-ю, ёлғончи бўлса, у ўзи айтгандек бўлади. Агар у ўз гапида ростгўй бўлса, ҳеч қачон Исломга саломат қайта олмайди», дедилар
».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, қасам ичиб туриб турли бўлган-бўлмаган гап-сўзларни айтиб бўлмайди. Агар биров қасам ичиб туриб, ёлғондан «Мен Исломдан воз кечдим», деса ёки шунга ўхшаш бошқа гапларни айтса, муқаддас нарсани ўйин қилганининг жазосига ёлғони ростга чиқарилиб, Исломдан чиққан ҳисобланади. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, мазкур одам ўзининг ўша машъум қасамида ростгўй бўлса, диндан бутунлай чиқиб, муртадга айланган бўлади, унинг энди Исломга саломат қайтиши мумкин бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам бу масалада ниҳоятда ҳушёр бўлмоқ керак, тилни тийиб, айтиладиган ҳар бир сўзнинг оқибатини ўйлаб гапириш лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда.Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади,, деган Ҳуд сураси, 114оят.Бу эса мўмин киши ёмонлик қилган чоғида яхшиликлар қилиб, давоми...

5529 13:30 / 06.05.2019
Шафоат Аллоҳ таолога илтижо қилиб баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб жаннатга ҳисобкитобсиз киритишини сўрашдир. давоми...

4213 19:07 / 02.12.2016
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

5269 05:00 / 07.12.2016
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади .Батаҳқиқ, ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб расул юборганмиз. давоми...

4070 18:30 / 21.03.2022