1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Христианлик дини ёхуд Исломдан маълумотлар

11:06 / 17.08.2020 5476 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги пайтда дунёнинг барча жойида мансублари мавжуд ва дунё нуфузининг 1/5 қисми дин сифатида эътироф этган Христианлик дини Фаластин ерларида (христианлик мил. I-асрда, тахминан 2000 йил аввал Фаластиннинг Иудея қишлоғида, ҳозирда бу қишлоқ Вифлеем деб номланади, яшовчи дурадгор Иосиф-Юсуф ва унга унаштирилган Марямдан мўъжиза орқали дунёга келган Иисус-Исо номи билан боғланади) вужудга келган. Бу оламшумул самовий диннинг 1,5 миллиарддан ортиқроқ мансуби бор. Христианлик, ваҳий ва муқаддас китобга асосланган, аслида яккахудолик эътиқодига тобеъ бўлишига қарамасдан, кейинчалик учлаш (таслис) га ўрин берган илоҳий манбали бир диндир. Бу динда пайғамбар, фаришта, охират, тақдир каби диний тушунчалар ҳам кўзга ташланади. Лекин бу тушунчаларнинг баёни Ислом динидан анчагина фарқ қилади.

Христианликда Исо алайҳиссалом асосий эътиборда ушлаб турилади. Бугунги кунги Христианлик, Яҳудийликнинг эътиқод, ибодат ва урф-одатлари билан бирга Юнон-Рим (Greko-Romen) дунёсининг маданиятларини ҳам ўзида мужассамлаштирган «Нажоткор» ёки «Худонинг Ўғли»ига хос диндир.

Христианлик, носиралик Исога асосланувчи бир яҳудий-христиан кўринишидаги ҳаракатдир. Исо, Бани исроилни келажак Тангрининг шохлигига тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Лекин бугунги христианлик, Исонинг ҳаворийлари сафига кейинчалик келиб қўшилган Авлиё Павел (Павлус) нинг баён ва таъвиллари билан умуман бошқача бир шакл ҳосил қилган.

Христиан сўзи «Масиҳга боғлиқ», «унга алоқадор» маъноларини билдиради. Бу сўз юнонча «Hristos (christ)» сўзидан келиб чиққан. Ибронийчаси «машиаҳ ёки машиҳ[1]» бўлиб, «ёғланган ва муборак» деган маънони билдиради. Одатда қироллар ўз ишларини бошлашларидан олдин муқаддас ёғ билан ёғланганликлари боис, яҳудийлар ҳам келажак қутқарувчиларини шундай номлашган (яъни, уларга кўра бу келажак қутқарувчилари қирол мавқеъида бўлиб, унинг ҳам ўз муқаддас вазифасини бошлашидан олдин ёғланажаги таъкидланарди).

Исо алайҳиссалом ҳам ўзининг бир яҳудий ва «Масиҳ» эканлигини очиқ айтган[2]. Лекин яҳудийлар унга иймон келтиришмаган. Чунки улар, Масиҳнинг Ҳазрати. Довуд алайҳиссаломнинг наслидан келишига, унинг қирол бўлишига, фақатгина яҳудий миллатини қутқаришига ҳамда уларни дунёда ҳоким ва устун бир миллатга айлантиришига қаттиқ ишонар эдилар. Ҳолбуки Исо алайҳиссалом бир ҳақ пайғамбар бўлиб, барча инсонларни тўғриликка, биродарликка, ўзаро муҳаббатга, фидокорликка, қисқаси ҳақ йўлга даъват эта бошлаган эдилар. Ўша пайтда яҳудий дин арбоблари, диннинг аслидан узоқлашиб, шаклчилик, манфаатпарастлик ва майда-чуйда масалалар билан ўралашиб, ўзлари билан ўзлари машғул бўлиб қолган эдилар. Лекин ҳалқ ичидан, оз бўлса-да, пок кўнгилли, гуноҳкор бўлсалар-да самимий баъзи кишилар унга иймон келтиришади. Лекин кўпчиликка, айниқча фарзийлар[3] ва яҳудий динига мансуб кишиларга Исо алайҳиссалом айтаётган нарсалар асло тўғри келмас эди. Бунинг натижасида расмий яҳудий жамоатлари ва Рим империяси диққат эътибори Исо алайҳиссалом ва унга эргашганларга, янги динни қабул қилганларга қаратилади. Зеро яҳудийлар; турли истеълолар, жангу-жадаллар, асоратлар, машаққат ва қийинчиликлар натижасида, ўзларини бу нарсалардан қутқариб Ҳазрати. Довуд алайҳиссалом даврларидаги фаровон ҳаётга эриштирадиган, уларни дунёга ҳоким қиладиган бир қутқарувчи, нажоткор қиролни кутиб турган эдилар. Исо алайҳиссалом эса, уларга келажак Тангрининг шохлигидан сўз юритиш билан бирга, уларни дунёвий эмас, ухровий, маънавий ва ахлоқий мавзуларга даъват қилмоқда эдилар. Бу даъватга эргашишни истамаган ва ўз манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйган яҳудийлар, хоч (чармих) га михланиш воқеъсининг келиб чиқишига сабаб бўлишади. Охир-оқибат воқеалар ривожи, Исо алайҳиссаломнинг хочга михланиши билан тугайди[4]. Кейинчалик христианлар бу ёғочга михланиш ҳодисаси атрофида ўзларининг баъзи ишонч ва эътиқодларини тартибга солар эканлар; бошқа бир томондан яҳудийлар, ҳақиқий Масиҳ музаффар бўлади, у ўлим нималигини билмайди деб, Исо алайҳиссаломнинг Масиҳ эмаслигига ҳукм қиладилар ва уни пайғамбар сифатида эътироф этмайдилар. Шундай қилиб яҳудийлар Исо алайҳиссаломга осий, гуноҳкор, оддий одам сифатида қарар экан, христианлар эса кутилмаганда уни тангрилаштира бошлайдилар. Ислом эса хочга михланиш ҳодисасига ойдинлик киритиб, михланган шахснинг Исо алайҳиссалом эмаслигини маълум қилади. Зеро, инжилларда Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлар билан, хочга михланишдан уч кун кейин, 40 кун муддатда биргаликда бўлганлигидан сўз юритилади. Шунинг билан бирга Ислом Исо алайҳиссаломнинг Тангри эмас, Марямнинг ўғли, Аллоҳнинг бандаси ва ҳақ элчиси эканлигини билдиради. Исломий таълимот соясида самовий динларга оид баъзи бир нотўғри эътиқодлар тўғриланиб, христианлар ва яҳудийлар ўртасидаги ихтилофларга барҳам берилган ва ўрта йўл топилган.

Изоҳ:

[1] Ислом уламоларининг фикрларига кўра, Исо алайҳиссаломга “Масиҳ” лақабининг берилишига сабаб – Жаброил алайҳиссалом барака тилаб у зотни силаб қўйганликларидир. Иккинчи бир фикрга кўра эса, Исо алайҳиссалом кар, соқов, кўр ва пес кишиларни қўллари билан силаб қўйсалар, дарҳол шифо топишар экан. Зеро, “масиҳ” сўзи араб тилида “силанган” ва “силовчи” маъноларини билдиради.

[2] Филип Кесарияси атрофларига келган Исо ўз шогирдларидан сўради:

- Одамлар Мени, Инсон Ўғлини, ким деб ҳисоблайдилар?

- Баъзилар Яҳё пайғамбар деб, бошқалар Илёс пайғамбар деб, яна бирлари эса Еремия ёки бўлак пайғамбарлардан бири деб ҳисоблайдилар, - деди шогирдлар. Исо улардан:

- Сизлар-чи, Мени ким деб ҳисоблайсизлар? - деб сўрагач, Симун Бутрус жавоб бериб деди:

- Сен барҳаёт Худонинг Ўғли – Масиҳсан!...

Шундан сўнг Исо ўзини Масиҳ эканини бирон кимсага айтмоқни шогирдларига қатъий манъ этди. (Матто\16-боб; 13-14-15 ва 20, 42-бет)

[3] Фарзийлар – яҳудийликнинг фарзу-суннатларини ўта синчковлик билан адо этган қадимги мазҳабга мансуб кишилар; Исо алайҳиссаломга кўп қаршиликлар қилганлар. (Матто\5-боб; 20, 15-боб; 1-20, Луқо\11-боб; 37-44, 18-боб; 9-14, Юҳанно\3-боб; 1, Ҳаворийларга\15-боб; 5, 26-боб; 5, Филиппиликларга\3-боб; 5). Улар ҳозирда мустақил фарисийлар мазҳаби кўринишида ҳам адабиётларда келтириладилар.

[4] Исо алайҳиссаломнинг хочга михланиши христианлар эътиқодига кўрадир. Аммо Ислом таълимотида Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилиб кетган. Яҳудийлар ва Рим империяси томонидан хочга михланиб ўлдирилмаганлар. Зеро, Қуръони Карим бу мавзуда шундай марҳамат қилади: «Шунингдек, Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибни Марямни биз ўлдирдик, деган гаплари туфайли (жазоладик). Ҳолбуки, уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат (бошқа бир киши Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, унинг тўғрисида баҳслашганлар у ҳақида шубҳададирлар. Уларда гумонга эргашишдан бошқа бирор (тўғри) маълумот йўқ. Аниқки, уни ўлдиришмаган» (Нисо сураси157-оят).

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Европада ўрта асрларда ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби тиббиёт соҳаси сохта дин черкови касофатидан аянчли ҳолатга келган эди.Мавзуни кенгроқ ёритиш мақсадида давоми...

3702 17:34 / 06.03.2021
.Истинжо, луғатда .ахлат кетказиш, маъносидадир. Фуқаҳолар истилоҳида эса, нажосатни сув ва шунга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса билан артишга давоми...

4408 17:00 / 10.01.2021
Мусулмон давлатида яшаётган иймонлиИсломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда давоми...

2257 17:00 / 13.05.2022
Б. Ортодокс мазҳабиОртодокс, тўғри фикр ва эътиқод маъноларини билдиради. Римнинг устунлик даъвосига қарши Византия Патриклиги, ўзининг тўғри йўлда эканлигини, давоми...

2414 11:01 / 20.06.2020