1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг борлиги

00:22 / 03.12.2016 6533 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч ким шубҳа қилмаслигини яхши билганлар. Шунинг учун кўпроқ ўз китобларини Аллоҳ таолонинг бирлиги, шериги йўқлиги ҳақидаги ёки шунга ўхшаш масалалардан бошлаганлар. Аммо ҳозирги замонда ақоид бўйича китоб ёзган уламоларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг борлигини исботлашга алоҳида эътибор берганлар. Охирги пайтда турли омилларга кўра Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қилиш авж олгани уларни бу ишга мажбур қилган.

  Аллоҳ таолонинг борлигини исбот қилиш ақоиднинг бош масаласидир. Чунки ақоиднинг бошқа масалалари айнан Аллоҳ таолонинг борлигига бўлган иймондан келиб чиқади. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтирмаган одамга ақоиднинг бошқа масалалари ҳақида ҳарчанд гапирманг, заррача фойдаси бўлмайди.
Албатта, ақийдага далил сифатида ишлатиладиган мутавотир хабар, ақлий далил ва илмий далиллардан биринчисини Аллоҳ таолога иймони йўқ кишига ишлатиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг борлигига ишонмай турган одамга, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ундоқ деган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифда бундоқ деганлар, дейишнинг ўзи кулгули бўлиб кўринади. Шунинг учун бу ерда фақат ақлий ва илмий далилларгина қўл келиши мумкин.
Келинг, аввал Аллоҳ таолонинг борлигига ақлий далиллар келтиришдан бошлайлик.
1. Йўқдан бор бўлиш далили.
Тааммул ила ўйлаб кўрайлик, одам ўзини ўзи яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди.
Шунингдек, одам ўз фарзандини ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Нафақат фарзандини, балки фарзандидаги бирорта тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди.
Одам боласи ўзи устида яшаб турган ерни яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Шунингдек, инсон осмонни ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам. Осмон ва ер орасидаги сонсиз саноқсиз нарсалардан бирортасини ҳам яратган эмас ва ярата олмайди ҳам.
Одам боласи мазкур нарсаларнинг Аллоҳ таолодан бошқа яратувчиси борлигини исботлаб бера олмайди ҳам.
Демак, Аллоҳ таолодан бошқа холиқ йўқлигини тан олишдан, Аллоҳ таолонинг борлигини тан олишдан бошқа илож йўқ. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ажойиб услуб ила баён этган.
Аллоҳ таоло «Тур» сурасида қуйидагиларни айтади: «Балки улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўзлари яралгандирлар?! Ёки улар яратувчиларми?» (35 - оят)
Даҳрий ва худосизларга қарата воқеъликдан келиб чиққан соддагина ушбу саволни, тафаккур билан мулоҳаза қилган шахс иймонга келмай иложи йўқ. Савол оддий, сен ўз-ўзингдан яралганмисан?
«Балки улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзлари яралгандирлар?!»
Яъни, инсон шундоқ, ўз-ўзидан дунёга келиб қолганми? Албатта, ундай эмас. Бўлмаса, ўзларини ўзлари яратганми?
«Ёки улар яратувчиларми?»
Албатта, йўқ. Айтинг-чи, сизни ким яратди бўлмаса?!
Келаси оят даҳрийларга ўзидан бошқа энг яқин, ҳар лаҳзада мулоқотда бўлиб турадиган осмону ерни ҳам ўйлаб кўришни таклиф қилади.
«Балки, улар осмонлару ерни яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар» (36 - оят).
Осмонларни, инсон ҳозиргача ададини аниқ билмайдиган осмонларни, бу чексизлик ичида сон-саноқсиз юлдузлару сайёралари бор бўлган осмонларни ҳам даҳрий-худосизлар яратганми?
Мушрикларга осмонни ким яратган, деган савол берилса, Аллоҳ, деб жавоб берар эканлар. Лекин ақийдаларида Аллоҳни инкор этадилар. Осмонга назар солиб, бу ўз-ўзидан бўлиб қолиши мумкин эмас, биз ҳам яратган эмасмиз, деган фикрни ўтказиб, буни Аллоҳ яратган, дейишга мажбур бўлишган. Бошқа вақтда эса Аллоҳни инкор этаверганлар. Ўзлари айтган гапга ўзлари ишонишмаган, шунинг учун ҳам оятда:
«Йўқ, улар ишонмаслар», дейиляпти.
Аллоҳ таоло «Ғошия» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Улар назар солмасми: Туянинг қандай яратилганига?
Ва осмоннинг қандоқ кўтарилганига?
Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига?
Ва ернинг қандоқ текислаб қўйилганига?»
(17-20- оятлар).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонларни, хусусан, кофирларни Ўзининг яратган нарсаларидан тўрттасига назар солиб кўришни тавсия қилмоқда:
1. Туянинг қандай яратилганига, назар солмайдиларми?
Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўъжиза: унинг тузилиши–қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, «саҳро кемаси»нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир. Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги «омбор»дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни, у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?
Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
2. Ва осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, назар солмайдиларми?
Осмон ҳам ҳамма жойда барчанинг назари тушиб турадиган нарса. Лекин унинг улканлиги, ичидаги нарсаларнинг кўплиги, интизоми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
3. Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига, назар солмайдиларми?
Тоғлар ҳам ўз салобати ила ҳамманинг назарига тушиб турадиган нарса. Уларнинг тузилиши, сир-асрори, ажойиботлари ҳам ақлни ишлатган, эътибор назари солганларни Аллоҳга иймон келтиришга ундайди.
4. Ва ернинг қандоқ қилиб текислаб қўйилганига, назар солмайдиларми?
Ердаги ажойиботлар доимо ақлли кишиларни иймонга йўллаб келган. Ким эътибор назари билан қараса, кўп нарсани топади.
2. Иноят далили.
Бир хонага кирган одам ундаги жиҳозларнинг чиройли тартибда турганини кўрса, дарҳол бу ишни ўта дидли киши ёки кишилар томонидан қилинганини сезади. Чунки кичик бир хонани биров тадбирини қилмаса ундаги нарсалар ўз-ўзидан тартибга тушиб қолмаслиги аниқ.
Бас, шундоқ экан одам боласи борлиққа назар солсин. Ундаги санаб адоғига етиб бўлмайдиган нарсаларни ақл лол қоладиган даражада тартибга солган ким? Албатта, Аллоҳ!
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди» (61-оят).
Осмондаги юлдузларнинг буржларини Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Осмондаги чироқ – қуёшни Аллоҳ қилмаса, ким қила олар эди? Осмондаги нур сочиб турувчи ойни Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Ана ўша нарсаларни яратган зот баракотли ва буюк бўлмаса, ким баракотли ва буюк бўла оларди?
«У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир» (Фурқон: 62-оят).
Аллоҳ таоло кеча билан кундузни бири кетиб, бири келадиган қилиб қўймаса, ким буни қила олар эди? Ким ибрат олмоқчи бўлса, шундан ибрат олсин. Ким Аллоҳ берган неъматга шукр қилмоқчи бўлса, шунга шукр қилсин.
Аллоҳ таоло «Жосия» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Аллоҳ сизга денгизни унда Ўз амри билан кемалар юриши учун ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди. Шоядки, шукр келтирсангиз» (12-оят).
Аллоҳ таоло бошқа нарсалар қатори денгизни ҳам инсон учун мусаххар қилиб берди. Яъни, беминнат хизматкор ўлароқ бўйсундириб қўйди. Яъни, денгизни инсон фойдаси учун яратди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.
Инсон уни ўрганиб, ўз фойдасига хизмат қилдиришга уриниши керак. Аниқки, денгиз ўзи келиб хизмат қилмайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятдаги:
«...ва сиз Унинг фазлидан исташингиз учун бўйсундириб қўйди» деганидан тушунамиз.
Сиз Аллоҳнинг фазлидан бирор нарса келишини кутиб ўтиришингиз учун, демади, балки,
«...Унинг фазлидан исташингиз учун», деди.
«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни-ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир» (13- оят).
Демак, осмонлардаги ҳамма нарса Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундириб қўйилган.
Ердаги барча нарсалар Аллоҳ томонидан инсон фойдаси учун бўйсундирилгандир. Ҳақиқатни фақат тафаккур қилганлар тушуниб етадилар. Фақат ақл ишлатиш, тафаккур қилиш орқали борлиқдаги ҳамма нарсанинг инсон учун бўйсундирилгани англаб етилади ва улардан инсон учун фойда олинади. Ўз навбатида, ақл юритиш борлиқдаги барча нарсаларни инсонга бўйсундириб берган зотга иймон келтириб, ибодат қилишга олиб келади. Бўлмаса, иймонсиз, қуруқ илм фойда эмас, зарар келтиради.
Ҳа, дунёдаги ҳеч бир нарса ўз - ўзидан бўлиб қолмаган. Уларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи тартибга солган.
3. Ҳаракат далили.
Ақлни ишлатган одам дунёдаги юлдузлар, сайёраларнинг ҳаракатининг ўзидан Аллоҳ таолонинг борлигини билиб олиши қийин иш эмас.
Аллоҳ таоло «Йасин» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир» (38-оят).
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг бирлигига ва борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига оят-белгидир. Оятда қуёшнинг яратилиши, унинг улканлиги, таратиб турган зиёси ва бошқа хусусиятлари ҳақида эмас, балки ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши – ҳаракатланиши ҳақидагина гап бормоқда.
Авваллари олимлар, қуёш жойида собит туради, бошқа сайёралар унинг атрофида айланади, деб айтар эдилар. Кейинги кашфиётлар қуёш ҳам ҳаракат қилишини кўрсатди.
Фалакиёт илми олимларининг айтишича, қуёш бир сонияда ўн икки мил тезлик ила ҳаракат қилар экан. У ўзига истиқрор қилинган манзил ва вақт томон доимий жараёнда экан.
Фалакиёт илми яқиндагина кашф этган бу улкан ҳақиқатни Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир қисқа оятининг ярмида айтиб ўтган экан.
Хўш, шундай улуғбир сайёрани ўз истиқрори томон жорий қилиб қўйган зот Аллоҳ таоло эмасми?!
«Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир».
Аллоҳ азиздир. Барчадан ғолибдир. Ҳар бир нарсага қодирдир. Ўта билгувчи зотдир. Қуёш ўша зот тақдир қилган жараёнда ҳаракатланади. Шунинг учун у вазифасини бекаму кўст адо этиб турибди.
«Ойни эса токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз» (39-оят).
Ой ҳам, қуёш ҳам думалоқ шаклдаги самовий жисмдир. Инсоннинг кўзига қуёш доим бир хил суратда кўринади. Лекин ой бир ой давомида йигирма саккиз шаклга киради. Аввал кичик ҳилол бўлиб кўринади. Кундан-кунга катталашиб, тўлин баркашга айланади. Кейин яна аста-секин ҳилол ҳолига қайтади. Чунки Аллоҳ таоло ой учун манзиллар бичиб қўйгандир. Аллоҳ унинг учун йигирма саккиз манзилни бичиб қўйган. Ҳар куни ҳар хил манзилдан чиқади, ҳар куни ҳар хил ҳажмда кўринади.
Уламоларимиз ояти каримадаги
«токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар» деган жумлага алоҳида эътибор берадилар. Араб тилида хурмо мевасини тутиб турувчи шингил, аржун, дейилади. Оятда ой «худди эски аржун (ҳоли)га қайтгунга қадар» деб васф қилинмоқда. Яъни, ойни охирида эски аржун ҳолига қайтарамиз, дейилмоқда. Меваси чиқариб олинган шингил ҳилолга ўхшаб қолар экан. Лекин ҳилол билан ҳилолнинг фарқи бор. Янги туғилган ҳилол тамоман бошқача бўлади. Унда янгилик, гўзаллик, ҳаёт аломатлари барқ уриб туради. Охирида ҳилол шаклига келган ой эса эски аржун–қуриб қолган шингилга ўхшаб, кўримсиз бўлиб қолади.
Бу оятда ойнинг яратилиши, осмонда тутиб турилиши, инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйилиши ва унга тегишли бошқа мўъжизалар ҳақида эмас, унинг янгидан пайдо бўлиб, яна эски ҳолига қайтиши, сўнгра яна янгидан туғилиши ва бу ҳол бардавом эканлиги ҳақида гап бормоқда.
Дунё бунёд бўлганидан бери ойни шундай бир низомга солиб қўйган зот Аллоҳ таоло эмасми?!
«На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар» (40-оят).
Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири фақат Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Айни тайин қилинган вақтидагина чиқади. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот Аллоҳ таоло эмасми?!
«...ва на кеча кундуздан ўзиб кетар».
Бирон марта кечаси кундуздан ўзиб кетган эмас. Йил-ўн икки ойнинг ҳар туни қачон бошланиб, қачон тамом бўлиши, куни қачон бошланиб, қачон поёнига етиши дақиқасигача аниқ. Дунё бунёд бўлганидан бери бу жараён ҳеч ўзгармай давом этиб келмоқда. Шу қоидани тақдир қилган зот Аллоҳ таоло эмасми?!
Осмондаги қуёш, ой ва бошқа сайёраларнинг
«ҳар бири фалакда сузиб юрар».
Бу ҳам Аллоҳнинг биру борлигига, ҳар бир нарсага қодирлигига, жумладан, ўликларни қайта тирилтира олишига оят-белгидир. Барча инсонлар буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқариб, Аллоҳга иймон келтиришлари, ўлгандан кейин қайта тириладиган куннинг тайёргарлигини кўришлари керак.
Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган зотдир» (41- оят).
Осмонлару ернинг яратилиши, уларнинг йўқдан бор қилиниши ҳақида гапирмай турайликда, уларнинг туриши ҳақида фикр юритайлик.
Осмонлару улардаги сонсиз-саноқсиз нарсалар, ер ва ундаги нарсалар қандоқ қилиб бир тартибда турибдилар?
Нима учун бирор нарсага бирон нарса билан маҳкамланмаган бўлсалар ҳам жойларида собит турибдилар?
Нима учун ўз маконларидан бошқа томонга чиқиб қулаб кетмаяптилар?
Уларни ким ушлаб турибди?
Ўзаро тортишиш кучими?
Ўзаро тортишиш кучи нима ўзи?
Бу кучни пайдо қилган ким ўзи?
«Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур».
Аллоҳдан бошқа уларни қулаб тушишларидан ушлаб турадиган зот йўқ. Аллоҳ таоло уларни ушлаб турмаса, дарҳол ўз жойларидан қулайдилар.
«Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас».
Мабодо осмонлар ва ер ўз жойларидан қулайдиган бўлса, Аллоҳ таолодан бошқа уларни ушлаб қоладиган зот йўқ.
«Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган зотдир».
Шунинг учун ожиз бандалари Унга нисбатан улкан зулм қилиб, бошқаларни ширк келтирсалар ҳам, ўта ҳалимлиги туфайли уларни жазолашга шошилмайди. Ўша золим бандалар тавба қилсалар, ўта мағфиратли Аллоҳ гуноҳларини кечираверади.
Бу борадаги маълумотларни бироз бойитиш мақсадида «Тафсири Ҳилол»нинг «Фурқон», «ар-Раҳмон» ва «Воқеъа» сураларига аталган қисмларидан иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.
Аввало «Фурқон» сураси тафсиридан иқтибос:
«У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (2-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло тўрт буюк сифат билан сифатланмоқда:
Биринчиси: 
«Осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган...»
Яъни, осмонлару ер ва улардаги барча нарсалар Аллоҳнинг хос мулкидир. Уларни Унинг ягона Ўзигина тасарруф этади. Уларда нимани хоҳласа, шуни қилади.
Иккинчиси: 
«Ўзига фарзанд тутмаган...»
Бу ҳам баркамоллик, эҳтиёжсизлик сифати. Чунки фарзандга муҳтожлик, унинг ёрдамига кўз тутиш ёки у туфайли ўз номининг бу дунёда сақлаб қолишидан умидвор бўлиш ожиз бандаларга хос. Аллоҳ таоло эса Ўз зоти ила боқийдир. У ҳеч нарсага ҳожати йўқ зотдир.
Учинчиси: 
«Мулкида шериги бўлмаган...»
Танҳо Ўзи барча нарсанинг моликидир. Ҳар бир нарсада Ўзи танҳо. Жумладан, молик бўлишда ҳам. Ҳеч бир нарсада ҳеч ким Унга шерик бўла олмайди.
Тўртинчиси: 
«Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир».
Яъни, нарсаларни шундай яратибгина қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабат ва алоқаларини ҳам очиқ-ойдин, аниқ қилиб яратган.
Худди шу охирги сифат ҳақида турли илмий кашфиётлардан кейин фикр-мулоҳазалар, маълумотлар кўпайди.
Авваллари бу оятни ўқиган ёки эшитган одам, Аллоҳ ҳамма нарсани ўлчов билан яратган экан, деган содда тушунча билан кифояланиб қолган.
Ҳозирда эса ўша аниқ ўлчов ила яратиш нима ва қандай эканлиги хусусида аниқ илмий маълумотлар пайдо бўлди. Мазкур маълумотлар турли йўллар билан одамларга етказилмоқда. Аммо кўпчилик дунёдаги нарсаларнинг яратилишидаги бу мўъжизавий дақиқликларга эътиборсизлик билан қарайди. Аслида, биттасигагина ибрат кўзи билан қараган заррача ақли бор одам иймонга келиши керак.
Мисол учун ҳавони олайлик. Уламоларнинг айтишича, ҳавонинг йигирма бир фоизини кислород ташкил қилар экан.
Нима учун ундан ортиқ ёки кам эмас?
Ким бу аниқ ўлчов ила ҳавони ўлчаб яратди?
Агар мазкур ўлчов бузилса, нима бўлади?
Олимларнинг таъкидлашларича, агар ҳавода кислороднинг миқдори йигирма бир фоиздан кўпайиб кетса, ердаги жуда кўп нарса куйиб кетар экан.
Еру осмон, тоғу тош, уммону қитъаларни бир ёққа қўйиб, ҳашарот ёки микроблар каби энг кичик нарсаларни олсак ҳам, инсон ақли лол қоладиган даражада аниқ ўлчов билан яратилганини кўрамиз. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг холиқлиги, тадбиркорлиги ва улуғлиги белгисидир.
«ар-Раҳмон» сураси тафсиридан иқтибослар:
«Қуёш ва ой ҳисобдадир» (5-оят).
Яъни, қуёш ва ой барча жиҳатдан ҳажми, ҳаракати, жойлашиши, улардаги моддалар ва бошқа жиҳатлардан ҳисоб-китобли, ўлчовлидир.
Қуёш ердан тўқсон икки ярим милён мил узоқдадир. Агар ушбу масофадан озгина яқин бўлса, ер ёниб ёки эриб кетиши керак эди. Аксинча, сал узоқ бўлса, ер музлаб қоларди, иккала ҳолда ҳам ундан асар қолмас эди.
Қуёшнинг бизга етиб келаётган ҳарорати, унинг мукаммал ҳароратининг икки милёндан бири, холос. Шугина ҳарорат бизнинг ҳаётимизга зарур экан, шугина келяпти. Ундан ортиқ ҳам эмас, кам ҳам эмас.
Шунингдек, ойнинг ҳажми ва ердан узоқлик масофаси сал ўзгарса, ер юзи остин-устун бўлиб кетиши мумкин. Агар ойнинг ҳажми ҳозиргисидан жиндак каттароқ бўлса, унинг тортиш кучи кўпайиб, барча тарафда сув тошқини бўлиб, ер юзини тўфон босар эди.
Ой билан қуёшни инсоннинг яшаши учун қулай ва фойдали қилиб берган зот ким?
Бундай улкан юмушни Раҳмон сифатли Аллоҳ бажармаса, бошқа ким ҳам қила олар эди.
«Ва ерни халойиқ учун қўйди» (10-оят).
Араб тилида «халойиқ» сўзи жонзот маъносида ҳам ишлатилади. Яъни, ерни Аллоҳ таоло барча жонзотлар учун муносиб қилиб қўйди.
Маълумки, ер борлиқдаги сон-саноқсиз мавжудотлардан биттаси, шунда ҳам энг кичикларидан бири ҳисобланади. Лекин ўша ернинг яратилиши, унинг жонзотлар яшаши учун мос бўлиши ва ҳоказо ҳолатлар Аллоҳ таоло чексиз қудратининг ёрқин далилидур.
Бошқа сайёраларда нима учун жонзотларнинг яшашига имконият йўқ?
Ердаги ҳаво, сув, тупроқ, ернинг тортиш кучи ва бошқа милёнлаб хусусиятларни ким вужудга келтирди?
Фақат вужудга келтирибгина қолмай, уларни бир-бирига мослаб, жонзотлар учун, уларнинг ҳаёт кечириши учун, хусусан, инсон учун хизматкор қилиб қўйди?
Буларнинг бирортасини ҳам Раҳмон сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди!
«У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор» (11-оят).
Аллоҳ таоло ерни яшаш учун мослаб қўйган деганда, жонзотларнинг ризқ-рўзини сероб қилгани ҳам назарда тутилади. Турли-туман мева-чевалар ичида гулкосали хурмолар ҳам борлигини алоҳида зикр қилаётганининг боиси-хурмо араб диёрида энг сероб мева бўлиб, таркибида беҳисоб фойдали моддалар мужассам топгандир.
Меваларнинг шаклини, таъмини, фойдалик ва шифобахшлик даражаларини турли-туман қилиб ким яратди?
Нима учун бир ерда ўсган турли мевалар таъми турлича бўлади?
Уларга рангни ким берган экан?
Буларнинг барчасини Раҳмон сифатли Аллоҳ таоло ато қилмаса, бошқа кимнинг ҳам қўлидан келарди.
«Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор» (12-оят).
Мевалар лаззатланиш учун истеъмол қилинса, ушбу оятда асосий озуқа бўлмиш донли неъматлар эслатилмоқда. Шу билан бирга, инсон тўла роҳат олиши хушбўй ҳидларни ҳидлаш билан бўлишлиги эътиборидан райҳон ҳам зикр қилинмоқда.
Ҳар бир донли экиннинг ўсиши, дон бўлиши ва унинг жонзотларга озуқа бўлиши, алоҳида-алоҳида мўъжиза эмасми?! Донларга озуқа бўлиш хусусиятини ким берди экан? Албатта, Раҳмон сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бера олмайди!
Дунёда қанчадан-қанча хушбўй гуллар бор. Уларнинг чиройини айтмайсизми! Рангларининг хилма-хиллигини айтмайсизми! Қайси рассом уларга бўёқ берди экан. Ҳидларини-чи? Ҳидларни қаёқдан олишди у гуллар?
Жавоб битта: буларга фақат Раҳмон сифатли Аллоҳ таологина қодир.
«Дарё-денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди» (19-оят).
Биз «дарё-денгиз» деб таржима қилган ибора матнда «икки денгиз» маъносида келган. Уламолар икки хил-чучук ва шўр сувли денгиз дейишган, бизнинг тилимизда чучук сувлини дарё деганимиз учун биз дарё-денгиз деб таржима қилдик. Бу маънони алоҳида таъкидлаб шарҳлашнинг боиси кейинроқ аён бўлади. Чучук ва шўр сувли дарё денгизларнинг учрашиб туришида катта илоҳий мўъжиза бор экан. Бу келаси оятдан билинади.
«Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар» (20-оят).
Яъни, шўр денгиз билан чучук сувли дарё ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар бир-бирларига аралашиб кетмайди.
Ҳақиқатдан ҳам дарёларнинг суви денгизларга тинмай қуйилиб туришига қарамай, денгизнинг суви чучук бўлиб, дарёнинг суви шўр бўлиб қолмайди.
Денгиз илми билан шуғулланувчи олимлар аниқлашларича, иккисининг орасида маълум чизиқ бўлиб, шўр ёки чучук сувлар ўша чизиқдан на у ёққа, на бу ёққа ўта олишар экан.
Араб олимларидан доктор Муҳаммад Мутаваллининг таъкидлашларича, Форс кўрфазида денгиз остидан чучук сувли булоқлар куч билан отилиб чиқар экан. Олимлар текшириш ўтказганларида, ўша булоқларнинг суви денгизнинг шўр сувига ҳеч аралашмасдан юқорига отилиб чиқаркан. У булоқлар Кўкбод номи ила машҳур бўлиб, ғоввослар ичиб, фойдаланишар экан.
Шўр сувли денгиз ўртасида ширин сувнинг отилиб чиқиб, аралашиб кетмаслиги мўъжизаси ушбу оятда зикр қилинган ҳолатни яна бир бор тасдиқлайди. Бу ҳақда мутахассис олимлар ҳужжат ва далил билан кўпгина илмий асарлар ёзганлар.
Ер юзидаги шўр ва чучук сувларнинг дарё-денгизларга бўлиниб, миқдорлари аниқ бир ўлчовларда мувофиқ келиб қолиши ўз-ўзидан, бекордан-бекорга бўлиб қолганмикан?
Аввало, бирор томчи сув яратишга қодир зот бормикан?!
Йўқ, албатта. Фақат Раҳмон сифатли Аллоҳгина бу улуғнеъматни беришга қодир.
Агар ҳозирги сувнинг ҳажми ер куррасининг тўртдан уч қисмини эгалламаса бўлармиди, сувнинг кўпи шўр бўлмаса-чи? Йўқ, бўлмасди. Ҳаммаёқ сасиб кетарди. Ерни тозалаб турли заҳарли газларни ҳазм қилиб турган нарса ушбу шўр сув эмасми? Ва ҳоказолар. Буларнинг ҳаммасини жонзот учун, хусусан, инсон учун фойдали қилиб берган Раҳмон сифатли Аллоҳ таоло эмасми?!
«Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! У иккисидан луълуъ ва маржон чиқар» (21-22-оятлар).
Яъни, бу икки дарё-денгиздан луълуъ ва маржон чиқади. Луълуъ денгиздаги сонсиз-саноқсиз ажойиботлардан биридир. У денгизнинг энг қаърида, садафнинг ичида, турли хавф-хатарлардан сақланган ҳолда бўлади. У бир ҳайвон бўлиб, ўзининг тузилиши ва ҳаёт тарзи билан бошқа жониворларнинг барчасидан ажралиб туради. Унинг луълуъга айланиши жараёни ҳам ажиб. Мазкур ҳайвоннинг овчининг тўрига ўхшаш нозик тўри бўлиб, қорнига сувнинг тозаланиб киришини таъминлайди. Ўша тўрнинг остида ҳайвоннинг оғизлари, ҳар бир оғизнинг тўрттадан лаби бор. Агар қум ёки майда тош ёки зарарли жажжи ҳайвон садаф ичига кирса, ҳалиги ҳайвон ўзидан ёпишқоқ модда чиқара бошлайди ва кирган нарсани у билан қоплайди. Сўнгра у қотиб луълуъга айланади.
Маржон ҳайвони ҳам худди шундай ҳолатдадир. Ушбу денгиз неъматларини Раҳмон сифатли Аллоҳ бермаса ким беради?!
«Воқеъа» сураси тафсиридан иқтибослар:
«Биз сизларни яратганимиз, ишонсаларинг-чи!» (Воқеа 57).
Оятда одамларга лутф билан хитоб қилаяпти. Инсон сўзи «нисён»дан келиб чиққан, дейди араб тилшунослари. Нисён эса «унутиш» дегани.
Ҳа, инсон ҳамма нарсани тезда унутиб туради. Жумладан, ўзининг яратилишини ҳам. Агар инсон ўзининг дунёга келиш жараёнини тафаккур билан ўйлаб кўрса, албатта, Аллоҳ таолога иймон келтирмай иложи йўқ. Лекин бу нарса кўп такрор бўлавериб, ғофил инсон унга эътибор бермайдиган бўлиб қолган. Бир эътибор бериб кўрсин-чи, нима бўлар экан?! Ҳар бир инсоннинг дунёга келиши Аллоҳнинг қудратига ёрқин далил-ку!
Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а! Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?!» (Воқеа: 58-59 оятлар).
Инсоннинг яралиши эркак киши манийсининг аёл киши бачадонига тўкилиши ва у ердаги урчишдан бошланади.
Демак, инсон яратилишининг бошланиш жараёни эркакнинг манийси экан.
Ўша манийни ким яратади? Инсоннинг ўзи яратадими?
Йўқ! Албатта, Раҳмон сифатли Аллоҳ яратмаса, бошқа ҳеч ким ярата олмайди. Инсон бу ишда воситачи, холос. Умуман, одамнинг дунёга келишида ота-она бир восита бўладилар, холос. Эркак уруғи аёл бачадонига тўкилиб бўлгач, энди бундан уёғига икковлари ҳам ҳеч бир жараёнга аралаша олмай, томошабин бўлиб қараб тураверишади. Бошқа ҳеч нарса қила олишмайди. У бир томчи жирканч сувнинг баркамол инсонга айланиши учун Аллоҳ таолонинг қудрат қўли ишга тушади.
Илмий тадқиқотлардан аён бўлишича, эркакдан аёл бачадонига тушган манийда милёнлаб ҳайвонлар бўлар экан. Шулардан фақат биттасигина аёл тухуми билан урчийди экан. Ана шу пайтда инсон шакллана бошлайди. Урчишдан кейин тухумча милён-милён ҳужайраларга бўлинади. Уларнинг ҳар бир тўпи ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бошқасидан фарқ қилади. Бир тўпи суяк ҳужайралари бўлса, бошқаси асаб ҳужайралари, учинчиси кўз бўлиши лозим бўлган ҳужайралар, тўртинчиси қулоқ ва ҳоказо. Бу тўпларнинг ҳар бири ўз вазифасини тўла бажаришга киришади. Кўз ҳужайралари, жуда аниқлик ва нозиклик билан ўз жойини топиб жойлашиб, кўзни ташкил қиладилар, қоринга ёки сонга ёпишиб қолмайдилар. Айнан кўз бўладилар, дунёнинг машҳур рассомлари ўхшата олмай қийналадиган мўъжиза кўзга айланадилар. Бошқа ҳужайра тўплари ҳам, худди шунга ўхшаб, ўз вазифаларини адо этадилар. Ушбу ишларнинг қайси бирига инсон - ота ёки она аралаша олади? Ёки бу жараёнлар ўз-ўзидан кечади деб ўйлайсизми?
Ундан кейин, инсон деганимиз, фақат кўз, қулоқ, қўл, оёқдан иборат эмас. Унинг руҳи бор. Инсонга руҳни ким беради? Унинг ҳис-туйғулари, феъл-атвори, тафаккури ва ҳоказолари бор. Буларни унга ким беради? Отасими ёки онасими? Ё бўлмаса, бу нарсалар ҳам тасодифан пайдо бўлиб қоладими?
Жавоб битта, у ҳам бўлса, инсонга буларнинг ҳаммасини Раҳмон сифатига эга бўлган Аллоҳнинг Ўзигина беришга қодир.
Инсоннинг бошланиши деганда шулар тушунилади. Унинг охири ҳам улкан мўъжиза, кишининг ақлини лол қолдирадиган ишдир. Буни ҳам ғофил инсон тузукроқ ўйлаб кўрмайди. Ҳар куни қанчадан-қанча кишилар вафот этади. Лекин бу жараённи ҳеч ким тафаккур ила кузатмайди. Ўлим кўп такрорланаверганидан инсон бу ҳодисага кўникиб қолган. Аслини олганда, бу ҳодиса ҳам Аллоҳнинг қудратига далолат. Кейинги оятлар ушбу ҳақиқатни баён қилади.
«Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?» (63-64 - оятлар).
Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб кўрайлик. Унинг униб ўсишида, мева-маҳсулот беришида инсоннинг қандай ўрни бор? У Аллоҳ яратган ерга, Аллоҳ яратган уруғни Аллоҳ яратган тан аъзоларини ишлатиб, сепади, холос. Қолганига ҳеч нарса қўлидан келмасдан қараб тураверади. Уруғнинг униб чиқиши учун ер, сув, уруғлик ва кимёвий моддаларнинг ўзигина кифоя қилмайди. Уруғнинг ичида Аллоҳнинг қудрат қўли ҳаракатга солиб турган ички имконият бор. Ана ўша ишга тушиб ажойиботлар содир бўлади. Кўпгина ўзгариш, ўсишлардан уруғи олинган набототга ўхшаш ўсимлик ўсиб чиқади.
Унга ким шакл беради?
Ким ранг беради?
Ўз-ўзидан бўладими ё?
Инсон бу ишни амалга ошириш у ёқда турсин, ўша ўсимликка ўхшатиб расм чиза олмай овора бўлади. Ҳаммасини ҳам бир ёққа қўйиб туриб, «Биринчи ўсимлик қаёқдан пайдо бўлди?» деб савол берайлик-чи. Жавоб битта! Раҳмон сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким пайдо қилган эмас.
Ушбу ҳақиқатни эслатиб туриш учунми, баъзида ҳамма шарт-шароит бўлиб турса ҳам, экин ўсмай қолаверади ёки ўйлаган ҳосилни олиб бўлмайди. Чунки бу ишда инсон бир воситачи холос. Ҳақиқий иш бажарувчи Аллоҳнинг Ўзи. У ҳар бир нарсага қодир!
«Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз. Сизлар эса надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз, (дейсизлар) (65-67-оятлар).
Зироатни Аллоҳ таоло ўстириши аввал таъкидланиб, бу борада ҳам инсоннинг ожизлиги унинг эсига солинган эди. Ушбу уч оятда инсоннинг мазкур ожизлиги бошқа томондан таъкидланмоқда.
«Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз».
Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган лаҳзада ям-яшил бўлиб турган дов-дарахт, ўт-ўлан ва экин-тикинларни қуруқ чўпга айлантириб қўйиши жуда ҳам осон. Бу ишни бандаларига эслатиб туриш учун ҳар замонда, намуна тариқасида мисоллар кўрсатиб ҳам туради. Агар Аллоҳ хоҳлаб набототларни қуруқ чўпга айлантириб қўйса, бандалар нима қила олади? Ҳеч нарса. Уларнинг қила оладиган иши
«надоматда ажабланиб:
«Албатта, биз зиён кўрганлармиз.
Балки маҳрум бўлганлармиз», дейиш бўлади, холос.
Бас, шундоқ экан, бандалар ўзлари экаётган нарсаларни ундирувчи зот – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У зотга ибодат қилсалар бўлмайдими!
Қуръони Карим Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи ҳужжатларни келтиришда давом этиб, инсон ҳар доим муҳтож бўлиб турадиган неъматлардан бири бўлмиш сув ҳақида сўз очади:
«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширувчимизми?» (68-69-оятлар).
Сув ҳаёт манбаи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор? У сувни ичишдан ва булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Ҳаммаси фақат Раҳмон сифатли Аллоҳнинг қудрати билан бўлади.
Охирги пайтда инсон булутлардан ёмғир ёғдиришга уриниб кўрди. Лекин бу тажриба, холос. Бу уринишнинг оқибатида катта ноқулайликлар ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, бор нарсага таъсир ўтказишдан иборат, холос. Худди ер остидан булоқ ёки қудуқ қазиб сув чиқазгандек, холос.
Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда сувга ҳожати тушиб туради. Уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам ўйлаб кўрмайди. Агар инсоф билан, синчиклаб ўрганганда эди, Аллоҳнинг қудратига қойил қолиб, ибодатига шошиларди. Чунки Аллоҳ хоҳласа, бир зумда сувнинг чучуклик хусусиятини йўқотиб, шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳа,
«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!» (70-оят).
Аллоҳ таолонинг неъматларини ўзининг зиддига солиштириб кўрилганда уларнинг қадри билинади. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб юриб ўрганиб қолганлар. Уларга бу нарса ўзи шундоқ бўлиши керакдек кўринади. Шунинг учун ҳам, ҳаёт манбаси бўлган сувни уларга берган зотни унутиб қўядилар. Лекин улар бир тасаввур қилсинлар-а!
«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз».
У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади. Шўр сувни қайта ишлаб чучук қилиб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак? Қолаверса, қайта ишланган сув Аллоҳ берган сувчалик бўлармиди?! Ундан ҳам қолаверса, сувни қайта ишлашни Аллоҳ билдирмаса, банда қаердан ҳам била олар эди! Эй, ожиз бандалар!
«Шукр қилсангиз-чи!»
Келаси оятларда Аллоҳнинг инсонга берган яна бир неъмати-олов ҳақида сўз боради:
«Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а! Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?» (71-72-оятлар).
Оловсиз ҳам инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар доим унга инсоннинг ҳожати тушиб туради. Лекин оловнинг ёниши ва ундан фойдаланиш одатдаги ҳолга айланиб, уни ким яратган, ёниш хусусиятини унга ким берган, деб ўйлаб кўриш доим ҳам инсоннинг эсига келавермайди. Оловнинг ёқилғиси дарахт. Унинг қандай вужудга келишини аввал ўргандик. Нима учун дарахтни дарахтга ишқалса ўт чиқади? Олов мўъжизасини ҳали ҳеч ким ўргана олгани йўқ.
Агар Аллоҳ таоло бандаларга олов неъматини бермаганида, уни келтириб чиқарувчи сабабларни жорий қилмаганида бандаларнинг ҳоли нима бўлар эди? Ҳеч бўлмаса, шуни ўйлаб кўрмайдиларми? Ўзлари ёқадиган оловнинг дарахтини яратган зотга иймон келтириб, ибодат қилмайдиларми?! Ҳа, ўйлаб кўрсинлар.
Бунга ўхшаш далил ва ҳужжатлар жуда ҳам кўп. Биз гапни чўзмаслик учун фақат улардан бир нечтасинигина ўта содда ҳолда келтирдик. Бу маънода кўпроқ маълумот олмоқчи бўлганлар махсус адабиётларга мурожаат қилишлари мумкин.
Энди Аллоҳ таолонинг борлигига соф илмий далиллар билан танишиш учун илмий тарафлардан чиққан баъзи маълумотлар билан танишиб чиқайлик.
Америкадаги илмий журналлардан бири атом, фалакиёт, биология ва математика олимлари билан ўтказган сўровдан кейин жумладан, қуйидаги маълумотларни эълон қилган:
«Олимларнинг таъкидлашларича, уларда бу дунёнинг низомини тутиб турган улуғнарса бор. Ўша зот уларни ўз риоясига олиб туради. Ўзининг чексиз раҳмати ила қамраб ва илми ила ўраб туради.
Доктор Райннинг айтишича, унинг лабораторияларда олиб борган тажрибаларида инсоннинг жисмида руҳ ва назарга тушмайдиган бошқа жисм борлиги собит бўлган.
Бошқа бир олимнинг айтишича, самовий динларда Аллоҳ деб номланган улуғнарсанинг бу дунёдаги атом қуввати ва бошқа қувват ҳамда қонунларни бошқариб туришида ҳеч қандай шубҳа йўқ».
Бунга ўхшаш маълумотлар ҳақидаги манбалар ҳам кундан кунга кўпайиб бормоқда. Истаган киши ўшаларга мурожаат қилиши мумкин. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

5270 05:00 / 07.12.2016
Биринчиси Алоқа ndash у қалбни маҳбубга боғлайди. Иккинчиси Ирода ndash у қалбнинг маҳбубга мойил бўлиши ва уни талаб қилишидир. Учинчиси Қуйилиш ndash у қалбнинг давоми...

913 19:00 / 21 октябрь
Биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим ва давоми...

4219 23:12 / 02.12.2016
1. Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг.У Зот .Мени ҳеч кўра олмассан,, деди, Аъроф сураси, 143оят оятини далил қилиб, .Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга .ҳеч, деган сўзни ишлатиб, давоми...

3800 14:00 / 08.06.2020