1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннатнинг анҳорлари ва булоқлари

18:27 / 02.12.2016 7500 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса, дўзахдир», деган.

Жаннатнинг васфида бошқа кўпгина оятлар ҳам келган. Улар билан ўз ўрнида танишдик ва яна танишамиз. Ушбу ояти карима ҳам жаннатни қисқача таърифлаб ўтмоқда.
«Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир):»
Демак, жаннат фақат тақводорларга ваъда қилинган экан. Бошқаларга эмас. Ўша жаннатнинг васфи бундоқдир.
«остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир».
Яъни, тақводорларга Аллоҳ таоло томонидан ваъда қилинган жаннатнинг дарахтлари остидан анҳорлар оқиб туради. Бу энг олий навли боғу–бўстоннинг васфидир. Бу дунёда ҳам дарахти остидан анҳорлар оқиб турган боғ, анҳори йўқ боғдан неча чандон устун туриши ҳаммага маълум. Жаннат анҳори васфига тил ожизлигини ҳам ҳамма билади.
Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг яна бир сифати мевалари доимийлигидир. Бу дунёнинг боғлари ҳар қанча яхши бўлган чоғида ҳам меваси доимий эмаслиги маълум. Ҳар йили бир неча ҳафталик мавсумида меваси бўлиб, бир узиб олингандан кейин тамом бўлади. Янаги йилнинг мавсумуни кутишга тўғри келади. Жаннатнинг мевалари эса доимий бўлиши ушбу ояти каримада таъкидламоқда. Жаннатнинг мевалари мавсумий эмас. Доимийдир. Жаннатилар қачон хоҳласалар, ҳузурларида таёр бўлиб туради.
Шунингдек, жаннатнинг соялари ҳам доимийдир. Куннинг маълум соатида соя бўлиб, кейин сояси йўқолмайди. Ёки дарахтлари сербарг бўлганда сояли бўлиб, маълум вақтдан кейин барглари тўкилиб соясиз бўлиб қолмайди.
Бу маъноларни тўлароқ англаш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан иккитасини келтирмоқчимиз.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуёш тутилганда ўқилган намоз тўғрисидаги ҳадисда, жумладан шуларни ривоят қиладилар: «Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизни бу мақомингизда бир нарсани олганингизни, сўнгра ортга тисарилганингизни кўрдик?» дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жаннат кўрсатилди. Ундан бир шингил мева тановул қилдим. Агар уни олганимда, дунё боқий тургунича ер эдингизлар», дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир дарахт бор, агар учқур от минган одам астойдил юз йил юрса ҳам, унинг соясидан чиқа олмайди», деганлар.

Аллоҳ таоло: «Икковларида оқувчи икки булоқ бор», деган.
Жаннатилар ичмоғи учун ва дарахтлар тагидан оқмоғи учун мазкур икки жаннатда оқувчи икки булоқ бўлиб, уларда сув сероб бўлади.

Аллоҳ таоло: «Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бордир», деган.
Ўша ям-яшил икки жаннатда суви фаввора бўлиб отилиб турувчи, икки булоқ бор. Уларнинг суви зинҳор тўхтамас.

Аллоҳ таоло: «Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки):ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр-шаробли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор». деган.
Мазкур оятнинг аввалида Аллоҳ таоло тақводор бандаларига ваъда қилинган жаннатнинг васфини келтирмоқда.
«Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки)
У ерда сон-саноқсиз неъматлар мавжуд, жумладан:
«айнимаган сувли анҳорлар бор». Ўйлаб кўрилса, бутун авлоди жазирама саҳрода бир томчи сувга зор бўлиб ўтаётган арабларга ўша вақтда бу қандай улкан неъмат?! Бирор қарич ерида сув оқмайдиган диёрда ҳар замонда бир ёғадиган ёмғирдан қолган кўлмак сувни учратиш мумкин. Кўлмак сув эса, ҳаммага маълумки, бир оз муддатдан сўнг айниб, ҳидланиб қолади. Шунинг учун «айнимаган сувли анҳорлар бор», дейилмоқда. Бир ёки икки эмас, бир қанча анҳорлари бор, бу қандай улкан неъмат!
«таъми ўзгармаган сутли анҳорлари бор».
Бу ҳам тенгсиз бир неъмат. Туяни ҳар замонда соғиб ичиб юрган араблар учун нақадар тенги йўқ неъмат! Худди сув каби унинг ҳам таъми ўзгармаган, бир эмас, бир неча анҳорлар бор. Инсон чақолоқлигидан тортиб то умрининг охиригача сутга кўп ҳожати тушади. Шунинг учун ҳам оятда сувдан кейин сутнинг зикри келади.
«ичувчиларга лаззатбахш хамр-шаробли анҳорлар бор».
Майхўрлик араблар учун ўша вақтда энг улуғ ва ҳузурбахш иш ҳисобланарди. Уларнинг каттаси-ю кичиги, эркаги-ю аёли ётса ҳам, турса ҳам майдан гапиришарди. Аллоҳ таоло майхўрликни зарарлари учун бу дунёда ҳаром қилди. У дунёда эса, зарарсиз ҳолатда, ҳузурбахш қилиб, жаннатнинг неъматларидан бирига айлантирди.
«мусаффо асалли анҳорлари бор».
Асал ҳам Аллоҳнинг улуғ неъматларидан. Айниқса, мусаффо бўлса. Аллоҳ таоло жаннатда тақводор бандалари учун мусаффо асалли анҳорларни оқизиб қўяди. Бу қандай буюк бахт!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сайҳон, Жайҳон, Фурот ва Нил ҳаммаси жаннат анҳорларидандир», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Сайҳон-Сайҳун, Жайҳон-Жайҳун шаклидан ҳам айтилади. Сайҳун-Сирдарё, Жайҳун-Амударё. Бу ҳадиси шарифдан мурод жаннатда мазкур исмлардаги анҳорлар бўлишига далолат бўлиши ҳам мумкин. Ёки мазкур исмдаги ҳозирда ер юзида мавжуд дарёлар жаннатдаги анҳорлар каби баракали деган маъно чиқиши ҳам мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Кавсар ҳақида сўралди. Шунда у зот: «У бир анҳордир. Аллоҳ азза ва жалла уни менга жаннатда бергандир. У сутдан ҳам оқдир, асалдан ҳам шириндир. Унда бир қуш бор. Уларнинг бўйнилари туяларнинг бўйинларига ўхшайди», дедилар.
«Ана ўша роса маззали бўлса керак?!» деди Умар.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ейдиган нарсалари ундан ҳам маззали», дедилар
».

Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, жаннатда сув денгизи, асал денгизи, сут денгизи ва хамр денгизи бордир. Кейин улардан анҳорлар чиқарилади», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳеч бир бандага .Мен Юнус ибн Маттодан яхшиман,, дейиш тўғри келмайди,, деганлар. Яъни Юнус алайҳиссаломдан давоми...

4691 19:30 / 06.01.2020
Аллоҳ таоло .Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик,, деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани келтириш билан, қадарга иймон келтириш, Қуръонда зикри келган давоми...

7072 23:21 / 02.12.2016
.Шийъа, сўзи .тарафкаш, деган маънони англатади. Ислом оламида эса ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага давоми...

7344 10:53 / 19.10.2018
Ҳар бир жон ўлимни татувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.Бу дунёда ўлмайдиган жон йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам, давоми...

5909 20:01 / 14.03.2018