Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (55-дарс). Ислом беш нарсага бино қилинди

16:40 / 14.10.2019 4736 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг рукнлари бешта экани ҳаммага маълум ва машҳур. Мазкур беш нарса рукн эканига далиллардан бири қуйидаги ҳадиси шарифдир.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ؛ شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истиъора ишлатиб баён қилмоқдалар, яъни у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди», деб бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ ва равшан бўлса, шундай услуб ишлатилади.

Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан, «Ислом бино қилинди», дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда.

Шунинг учун ҳам:

«Ислом беш нарсага бино қилинди», дейилмоқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:

1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зотлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳнинг Расули эканлиги ҳақида шаҳодат бериш.

2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.

3. Моли нисобга етса, закотини бериш.

4. Қодир бўлганда, Байтуллоҳни ҳаж қилиш.

5. Рамазон ойи рўзасини тутиш.

(Мана шуларнинг ҳаммасини самимий, холис Аллоҳ учун, сидқидилдан, муҳаббат ила бажариш тасаввуфдир.)

Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлгани учун, Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу, Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор уриш, шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, набийларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобе бўлади.

«Намоз» амалий, баданий, жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга тобе бўлади.

«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий-жисмоний ибодатлар унга тобеъ бўлади.

«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобе бўлади.

Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал бўлади.

Ҳадиснинг зоҳиридан инсон ушбу беш нарсасиз мусулмон бўла олмаслиги кўриниб турибди. Улардан бирортасини инкор қилган одамнинг кофир бўлишига ҳамма иттифоқ қилган.

Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир. Мусулмонман, деган одам бу ибодатларни шахсан ўзи адо қилиши фарз. Бу ибодатларни биров адо қилса, бошқадан соқит бўлмайди.

Энди мазкур беш рукн ҳақида ақийда илми аҳкомларига алоҳида тўхталиб ўтайлик.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўта бир муҳим нарсани билиб олиш ақийда илмини ўрганувчи шахс учун лозим ва лобуддир.Мутавотир хабар, хоҳ Қуръони Каримда, хоҳ ҳадиси шарифда собит бўлган бўлсин, давоми...

1886 17:00 / 28.12.2020
.Байъат, сўзи луғатда .олдисотди,ни англатади. Шариатда эса, байъат кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномаларини ифода давоми...

13779 22:47 / 02.12.2016
Арш ва Курси ҳақдир. Шарҳ .Арш, луғатда подшоҳнинг тахтини англатади. Аллоҳ таоло Қуръонда Сабаъ маликаси ҳақида .Унинг катта арши бор, Намл сураси, 23 деган, яъни, давоми...

7802 18:56 / 02.12.2016
Вожиб шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига комил таслим бўлиб, уларга бўйсунишимиз, икковларининг давоми...

655 19:00 / 09 декабрь