Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (159-дарс). Нега аҳли бидъатлар дуо ва савоб ўтган одамга бормайди дейишади?

19:00 / 29.11.2021 2936 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи бир аҳли бидъатлар: «Ўтган одамга дуонинг ҳам ва бошқа бирор нарсанинг ҳам савоби етмайди», деганлар. Уларнинг бу гаплари аввалги дарсимизда Қуръон ва суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.

Аҳли бидъатнинг далиллари:

وَأَن لَّيْسَ لِلْإِنسَانِ إِلَّا مَا سَعَى

1. «Инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас» (Нажм сураси, 39-оят).

فَالْيَوْمَ لَا تُظْلَمُ نَفْسٌ شَيْئًا وَلَا تُجْزَوْنَ إِلَّا مَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ

2. «Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо олмассиз» (Ёсин сураси, 54-оят).

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْسًا إِلاَّ وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَا إِن نَّسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلاَ تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلاَ تُحَمِّلْنَا مَا لاَ طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَآ أَنتَ مَوْلاَنَا فَانصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

3. «Қилган яхши касби ўзига фойда, қилган ёмон касби ўзига зарар» (Бақара сураси, 286-оят).

4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиб туриладиган илм!» деганлар».

Муслим ривоят қилган.

 

Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб:

1. Уларнинг «Инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас» ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шуки, аввало, инсон ўз саъйи-ҳаракати билан дўстлар орттиради, фарзанд орттиради, уйланиб, хотинлик бўлади, яхшиликлар қилади. Ўшалар унинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, бу унинг ўз саъй-ҳаракатидан бўлмай, нимадан бўлади?

Иккинчидан, Қуръонда «Одам ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмайди», дейилгани йўқ. Қуръон «Одам ўзидан бошқанинг саъйига эга бўлмайди», демоқда.

Бу икки иш орасида, яъни инсоннинг ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмаслиги билан эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир.

Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъйига эга эканлиги, бошқанинг саъйига ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса хоҳласа, ўзига олиб қолади, хоҳласа, бошқага беради.

Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки олдинги оятда «Бир жон бошқасининг оғирлигини кўтармайди», дейилган. Бу эса Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг айби туфайли иқоб қилмаслигини, бировнинг маъсияти учун бошқани жазоламаслигини билдиради.

Учинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо қилади.

Шундай бўлгандагина, инсоннинг ота-боболари, ўтганлари ва машойихларининг амали ила нажот топиши ҳақидаги хом хаёли кесилади.

2. «Қилган яхши касби ўзига (фойда), қилган ёмон касби ўзига (зарар)» оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, бировнинг касби эгаси эмасдир. Ҳар бир шахс ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқанинг маъсияти туфайли эмас.

3. Энди «Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо олмассиз» оятининг сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак, унинг тўлиқ матнида «Бу кун бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо олмассиз» дейилган.

Яъни, бир банданинг бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.

4. Одам боласи ўлса, ундан амали кесилиши ҳақидаги ҳадисга келсак, бу ҳадисни далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғридир. Чунки унда «амал кесилади» дейилган, «манфаатланиши кесилади» дейилмаган. Ҳар бир амалга уни қилувчиси эгадир. Хоҳласа, ўзига олади, хоҳласа, ўзгага бағишлайди» (Иқтибос тугади).

Эслатма

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳури «Маййит ўзидан бошқанинг амалидан манфаат олади», деганлар. Мўътазила мазҳабидагилар «манфаат олмайди», деганлар.

Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Булар бир қўшимча нарсалар. Асос ҳар бир одамнинг ўзи қилган амалидир.

Шунинг учун ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор.

Жумҳур уламолар «Маййитга ўзганинг амали манфаат беради» деган ҳукмни ўз хаёлларидан чиқариб айтган ҳам эмаслар. Балки, оят ва ҳадисларга суяниб, уларни далил-ҳужжат қилиб туриб айтганлар. Шунинг учун бу нарсани тўғри тушуниш ва унга тўғри амал қилиш керак.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир хонага кирган одам ундаги жиҳозларнинг чиройли тартибда турганини кўрса, дарҳол бу ишнинг ўта дидли киши ёки кишилар томонидан қилинганини сезади. Чунки давоми...

4186 13:00 / 25.01.2021
Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди. Фаришталарга иймон келтириш ақийдамиз арконларидан бири эканига давоми...

3660 19:00 / 15.08.2022
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АрРаҳийм Латиф неъматлар берувчи.Бу сифат хосроқ бўлиб, .Қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи, маъносини англатади. Бу исм Аллоҳдан давоми...

6541 08:08 / 20.04.2017
Азиз ўқувчилар Аллоҳ таолонинг фазли ила ақийда дарслари туркумида .Сунний ақийдалар, китоби асосида тайёрланган мақолалар ўз ниҳоясига етди. Мазкур рукннинг давоми...

1688 19:00 / 09 январь