1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Зулм

12:30 / 13.05.2019 5743 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зулм бир неча турли бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, етим молини ейиш, бандаларни ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва ҳоказо.

«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил» деб ўйламанг!».

Яъни, Аллоҳ золимларнинг қилмишларини унутиб юборади, деб ўйламанг. Зеро, Аллоҳнинг суннати (одати) ўзи шундай – осийларни озгина муддат ўз ҳолига қўйиб қўяди-да, сўнг иззати ва қудратига хос тарзда тутади-жазолайди.

«Фақат Аллоҳ улар(нинг жазолари)ни кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли қиёмат) кунига қолдирмоқда, холос».

Яъни, уларни жазолашни даҳшати ва шиддатидан кўзлар очилган кўйи қимирламай қоладиган қиёмат кунига кечиктирмоқда.

«(У куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. (Эй Муҳаммад), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар кунда (қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз» дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми? Ҳолбуки, сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган билганларингиздан ибрат олмадингизлар, ҳақ йўлга юрмадингизлар)» (Иброҳим сураси, 42–45-оятлар).

«Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир» (Шўро сураси, 42-оят).

«Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар» (Шуаро сураси, 227-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур. Зиқналикдан сақланинглар. Зеро, зиқналик сизлардан олдингиларни ҳалок этди – уларни ўзаро қонларини тўкишга ва ҳаром ишларни ҳалол қилишга олиб келди» (Муслим ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» (Муслим, Термизий, Ибн Можа ривояти).

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ золимга узоқ умр беради. Уни ушлаган вақтда эса, қутула олмайди», дедилар ва Ҳуд сурасининг 102-оятини ўқидилар:

«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши – азоби аламли ва қаттиқдир» (Муттафақун алайҳ).

Хавла бинти Омир Ансория розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Айрим кишилар Аллоҳнинг молига тажовуз қиладилар. Қиёмат куни уларга дўзах бўлур», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис (ўта мискин, ночор) кимлигини биласизларми?» деб сўраган эдилар, саҳобалар: «Бизнинг наздимизда чақаси ҳам, матоси ҳам йўқ киши муфлисдир», дея жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг умматимдаги муфлис шундай кишики, у қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Келади, бироқ кимнидир ҳақорат қилган, бошқасини бадном этган, бунисининг молини еган, бошқасининг қонини тўккан, яна бировни урган бўлади. Кейин унинг яхшиликларидан уларга олиб берилади. Мабодо бўйнидаги нарсалар битмай туриб, яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб унга юкланади. Сўнг дўзахга улоқтирилади» (Муслим ривояти).

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар: «Қиёмат куни золим жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтаётганда, мазлум унга дуч келиб, зулмини эслатади. Зулм қилган кимсалар то қўлларидаги яхшиликларни олиб қўйишмагунча, мазлумлар олдидан кета олмайдилар. Агар уларнинг яхшиликлари бўлмаса, қилган зулмлари баробарида мазлумларнинг ёмонлиги уларга юкланади. Сўнг улар дўзах қаърига қулайдилар».

Ривоят қилишларича, қиёмат куни банда учун ўзини танийдиган кишини учратишдан кўра ёқимсизроқ нарса бўлмайди. Чунки у дунёда қилган зулмига тўлов талаб этишидан хафвсираб туради. Бу хусусда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Қиёмат кунида ҳақлар ҳақдорларга олиб берилади. Ҳатто шохли қўйдан шохсиз қўйнинг ўчи олиб берилади» (Муслим ривояти).

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтганлар: «Зўравон подшоҳлардан бири баланд қаср бино қилибди. Бир камбағал кампир қасрнинг ёнига кичкина кулба қуриб унда яшай бошлабди. Кунлардан бир куни подшоҳ отига миниб қасри атрофида айланиб юриб бир кулбага кўзи тушиб қолибди. «Бу кимники?» «Камбағал аёлники». У кулбани бузиб ташлашни буюрибди. Кампир келиб кулбаси бузилганини кўриб, ҳаммасини суриштириб билгач, бошини осмонга кўтариб дебди: «Эй Парвардигоро, мен бу ерда бўлмаган эканман, Сен қаерда эдинг?» Сўнг Аллоҳ Жаброилга қасрни ичидаги кишилари билан қўшиб ағдариб ташлашни буюрган эди, у дарҳол буйруқни бажарди».

Зикр этишларича, Кисро (форс подшоҳи) ўғлига таълим-тарбия берадиган устоз тайин қилди. Бола фазлу одобда баркамол бўлиб ўсди. Бир куни устози уни қаттиқ урди. Бола эса катта бўлгунча, устозига нисбатан ич-ичидан кек сақлаб юрди. Унинг хаёлидан ўша сабабсиз урилган зарба кетмасди.

Отаси ўлиб тахтга чиққач, биринчи устозини ёнига чорлади:

– Фалон, фалон куни ҳеч бир сабабсиз, айбим бўлмаса-да, мени қаттиқ урган эдингиз. Бунга сизни нима мажбур қилди?

– Эй подшоҳ, фазлу одобда камолга етганингизга, сиз отангиздан сўнг тахтга ўтиришингизни билган эдим. Шунинг учун сизга калтак оғриғини, зулм аламини тоттиришни хоҳладим, токи бирон кимсага ҳам зулм қилмагайсиз.

Подшоҳ бу жавобдан мамнун бўлиб: «Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин», деди ва совға-салом билан кузатиб қўйди.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсоннинг бу ишдан узоқ бўлиши олийжанобликдир. Абул Хасан АлБушанжий қуйидагиларни айтадилар.Сизнинг фаришталар билан бўлган муносабатингизда ҳаром қилинган давоми...

4182 15:30 / 28.01.2020
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Бу тақсимотлар меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинаган васият ва қарзлар адо қилинганидан кейин бўлур. Яъни, васият давоми...

2719 15:00 / 05.03.2019
Номаҳрамлардан кўзни тиймасликЗинога олиб борувчи йўлларнинг энг кенг тарқалгани, жамият ҳаётида чуқур илдиз отгани бу номаҳрамлардан кўзини тиймасликдир. Бу давоми...

3013 11:00 / 04.06.2020
Бир киши Ҳасан Басрий қуддиса сирруҳу ҳазратларининг олдиларига келиб .Фалончи сенинг ҳақингда фалондай, пистондай номаъқул гапларни гапирди,, дебди. ndash давоми...

1170 15:30 / 08 август
Аудиолар

135300 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55553 14:35 / 11.08.2021