1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қиёмат даҳшатлари

19:15 / 02.12.2016 6834 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ерда қиёматнинг баъзи бир даҳшатлари ҳақида сўз кетади. Унинг ҳақиқий даҳшатлари қандоқ бўлиши Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади.
Аллоҳ таоло: «Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир.
Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир»
, деган.
Ушбу ояти карималардаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятларда ҳамма одамларни Аллоҳ таолодан қўрқишга, тақво қилишга чақириқ аксини топгандир.

Агар Аллоҳдан қўрқмайдиганлар бўлса, билиб қўйсинлар:
«Албатта, соат (қиёмат) зилзиласи улкан нарсадир».
Яъни, қиёмат бошланганидан дарак берувчи зилзила жуда даҳшатли, хавфли ҳодисадир. Ана ўшанда иймонсизлар, Аллоҳга тақво қилмаганлар нима бўлишини кўрадилар.
«Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Яъни, Қиёмат соати зилзиласи рўй берган кунда:
«Ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар».
Маълумки, она ўзи эмизаётган боласига жуда боғлиқ бўлади. Ухлаб қолган онани момоқалдироқ уйғота олмаслиги мумкин, лекин боласининг инграши дарҳол уйғотади. Эмизувчи она ҳамма нарсани унутса, унутади, аммо боласини унутмайди. Лекин қиёмат соати зилзиласи шу қадар даҳшатлики, ҳатто эмизувчи аёл боласини унутади. Битта-иккитаси эмас, ҳаммаси, ҳар бир эмизикли аёл эмизадиган боласини унутиб қўяди.
«Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар».
Бу ҳам ўша зилзиланинг даҳшатидан рўй беради. Ҳомиладор ҳомиласини ташлаб қўйиши учун ниҳоятда қаттиқ қўрқиши керак. Ўшандоқ қурқув қиёмат соати зилзиласидан бўлади. Ўша вақтда:
«Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас».
Бу ҳолат ҳам ўша зилзиланинг ғоятда даҳшатли эканига далолат қилади. Қаттиқ қўрққан одамлар ҳеч нарса ичмасдан туриб ҳам, эс-ҳушларини йўқотиб, худди маст одамларга ўхшаб қолишади. Чунки:
«Аллоҳнинг азоби шиддатлидир».
Аллоҳ таоло: «Сўровчи воқеъ бўлувчи азоб ҳақида сўради. Кофирларга. Уни дафъ қилувчи йўқдир. У Аллоҳдан-маъорижлар эгасидандир. Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтарилур. Бас, чиройли сабр қил», деган.
Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб юборгандан сўнг, у зот мушрикларни Аллоҳнинг азобидан қўрқишга чақирадилар. Шунда мушриклар бир-бирларига: «Муҳаммаддан сўранглар-чи, бу азоб кимники ва кимга ва қачон тушар экан», дейишган. Назр ибн ал-Ҳорис исмли мушрик келиб Пайғамбар алайҳиссаломдан шу саволни сўраганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилади.
Шунга биноан юқоридаги уч оятнинг маъноси қуйидагича бўлади.
Назр ибн ал-Ҳорис исмли сўровчи Пайғамбардан воқеъ бўлувчи азоб ҳақида сўради.
У сўраган азоб кофирларга воқеъ бўлади. У азобни ҳеч бир дафъ қилувчи йўқдир.
У азоб Аллоҳдан-маъорижлар эгасидандир.
Меърож, юқорига чиқиш жойи маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб ва кейинги оятнинг маъносидан олиб, Маъорижни Ислом уламолари «осмонлар» деб ҳам тафсир қилганлар.
Лекин энг яхши тафсирни келаси оятнинг ўзи қилади.
«Фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига миқдори эллик минг йил бўлган кунда кўтарилур».
Фаришталарнинг Аллоҳнинг ҳузурига кўтаришлари буйруқларни қабул қилиб олиш учундир.
«миқдори эллик минг йил бўлган кун»дан мурод эса қиёмат кунидур. Аллоҳ таоло бу кунни гуноҳкорлар учун ниҳоятда узун қилиб қўяди. Чунки уларнинг Парвардигор ҳисоб-китобидан ўтишлари қийин кечган ҳолда, қиёмат даҳшатлари, кутилаётган азоб қўрқинчи оз муддатни ҳам кўп қилиб кўрсатади.
Мўминлар учун эса бу кун бир неча дақиқадан иборатдур.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида:
«Нафсим қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта у кунни (қиёматни) мўминларга енгиллаштирилади, ҳатто бу дунёда ўқийдиган фарз намозидан ҳам енгил кетади», деганлар.
Макка мушрикларининг инкори, Аллоҳнинг азоби ҳақидаги масхаралари Пайғамбар алайҳиссаломга оғир ботар, у зотни изтиробга соларди. Шунинг учун ҳам кейинги оятда Аллоҳ Ўз ҳабибига тасалли бериб сабрга чақиради:
«Бас, чиройли сабр қил».
Яъни, кофирларнинг истеҳзо қилишларига, озор беришига сабр қил, сабр қилганда ҳам чиройли сабр қил. Уларга азоб келишига шошилма.
Аллоҳга даъват қилишга бел боғлаган даъватчининг энг муҳим ва кучли силоҳи сабр бўлиши керак. Чунки, ҳар бир даъватчи, Ислом даъвати йўлида турли-туман озорларга, машаққатларга учраши турган гап. Ана шунда сабр бўлмаса, иш битмайди. Сабр бўлганда ҳамАллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга амр этаётган чиройли сабр бўлиши керак.
Чиройли сабрни имом Қуртубий: «Чиройли сабривоят қилинадичида жиззакилик ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилишлиги йўқ сабрдир» деб таъриф қилганлар.
Аллоҳ таоло «Маъориж» сурасида: «Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб биладир.
Ва Биз уни жуда яқин, деб билурмиз.
У кунда осмон худди қора мой қолдиқларига ўхшаб қоладир.
Ва тоғлар худди титилган жунга ўхшаб қоладир.
Ва яқин дўст ўз дўстидан сўрамайдир.
Уларни кўриб турадирлар. Гуноҳкор ўша кун азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам,
Ва хотинини ва ака-укасини ҳам,
Ва уни ўзига олган қабиласини ҳам,
Ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам фидо қилишни хоҳлайдир. Сўнгра ўзи нажот топса», деган.
Энди ушбу оятларни тафсири билан танишайлик.
«Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб биладир».

Яъни, кофирлар қиёмат куни қоим бўлиши эҳтимолдан, воқеъликдан узоқ нарса деб биладилар. Шу боис у кунда бўлади, деб ваъда қилинаётган азобни ҳам бўлиши мумкин эмас, деб биладилар. Шунинг учун ҳам, улар ўзларидан кетиб сени итеҳзо қилмоқдалар. Улар нима деб билсалар билаверсинлар, бунинг аҳамияти йўқ.
«Ва Биз уни жуда яқин, деб билурмиз».
Чунки, ҳар бир келувчи яқиндир. Бунга шубҳа йўқ. Кофирлар инкор қилаётган ана ўша кун келганда, дунёда ажойиб ишлар бўлиб кетади. У кунда ҳеч бир кўз кўриб, ҳеч бир қулоқ эштмаган даҳшатлар собит бўлади. Шу жумладан:
«У кунда осмон худди қора мой қолдиқларига ўхшаб қоладир».
Яъни, қиёматниг даҳшатидан осмонниг ранги ўзгариб кўкимтир бўлиб кетади.
«Ва тоғлар худди титилган жунга ўхшаб қоладир».
Осмон ё тоғ каби улкан ва собит нарсаларнинг ҳам қиёмат куни даҳшатидан мазкур ҳолатга тушиб қолишининг ўзиёқ бу куннинг қандоқ эканлигидан далолатдир.
«Ва яқин дўст ўз дўстидан сўрамайдир».
Чунки бу кунда ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Шунинг учун дўст ўз дўстидан ҳол сўрай олмайди. Улар бу ишни бир-бирларини кўрмаганлари учун қилмайдилар. Балки, кўриб-билиб туриб дўст ўз дўстида ҳол сўрай олмайди. Ҳа,
«Уларни кўриб турадирлар. Гуноҳкор ўша кун азобидан қутулиш учун ўз болаларини ҳам,
Ва хотинини ва ака-укасини ҳам,
Ва уни ўзига олган қабиласини ҳам,
Ва ер юзидаги жамийки кимсаларни ҳам фидо қилишни хоҳлайдир. Сўнгра ўзи нажот топса».
Мазкур оятлардан кўриниб турибдики, қиёматнинг даҳшатидан киши қўрқинчда ўзини йўқотиб қўяди.
Бу дунёда инсонлар бошига оғир иш тушганда дўст-биродари ҳол сўраб бир-бирига ёрдамга келади. Лекин у дунёда дўст ҳам кўриб-билиб туриб ҳол сўрамас экан.
Ана шундай оғир ҳолатдан қутулиш учун инсонлар қиёматда турли чора ахтаришади.
Гарчанд бу дунёда пул сарфлаб, таниш-ёйилишни ўртага қўйиб, энг оғир мушкулларини ҳал қилиб, мағрур юрсАҳмада, қиёматнинг оғирлигидан ўз фарзанди, хотини, ака-укасини, қабиласини ва қариндош-уруғини фидо қилиб бўлса ҳам ўзи қутулиб қолишга ҳаракат қиларкан. Лекин бунга эриша олмайди, дўзахдан жой олади. Чунки у кунда бандасининг эмас, балки яратган тангрининг хоҳиши амалга ошади.
Аллоҳ таоло «Таквир» сурасида:
«Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса.
Ва вақтики юлдузлар узилиб тушиб, сочилиб кетса.
Ва вақтики, тоғлар жойидан кўчирилса.
Ва вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса.
Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса.
Ва вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса.
Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса.
Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.
У нима гуноҳ учун ўлдирилган?
Ва вақтики, саҳифалар нашр қилинса.
Ва вақтики, осмон қўпорилса.
Ва вақтики, жаҳаннам қиздирилса.
Ва вақтики, жаннат яқинлаштирилса. Ҳар бир жон нима ҳозирлаганини биладир», деган.
Қиёматнинг даҳшати қанчалар улкан бўлишини англаб етишимиз учун ушбу ояти карималарнинг тафсири билан батафсил танишиб чиқсак яхши бўлади.
«Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса».

Сиз билан биз инсонлар биладиган сайёралар мажмуаси «Қуёш мажмуаси» деб номланиши ва ўша мажмуада Қуёш энг улкан нарса эканлиги ҳаммамизга маълум. Шунингдек, олимлар Қуёш ҳажми билан Ер ҳажми орасидаги фарқ, катта тарвуз билан кичик нўхат доначаси орасидаги фарқчалик, деб айтадилар.
Демак, бир вақт келиб, шунчалар катта ҳажмга эга бўлган, ёғдуси биз тасаввур қила олмайдиган кенгликка таралиб турган, ўзидаги иссиқлик қуввати ила сонсиз-саноқсиз нарсаларни манфаатлантириб турган Қуёш ўралиб, тўпланиб қўйилар экан. Ояти каримадаги таъбирдан бу ишнинг қилиниши ҳеч қандай куч-қувват, уриниш-ҳаракат сарфланмай амалга ошиши билиниб турибди. Бу эса ўз навбатида қиёматни қоим қилишАллоҳ таоло учун нақадар осон иш эканини билдиради. Зотан, мазкур улканликларга эга бўлган Қуёшнинг шундоққина ўраб, йиғиб қўйиш У кундаги кўплаб ишлардан арзимаган бири, холос.
«Ва вақтики юлдузлар узилиб тушиб, сочилиб кетса».
Тунда кўзимизга кичкина бўлиб кўринадиган юлдузлар аслида жуда ҳам катта осмон жисмлари эканлиги ҳаммамизга маълум. Улар биздан жуда ҳам узоқ бўлганлари учунгина кичик кўринадилар. Аслида эса миллионлаб йиллар давомида қимр этмай турган ниҳоятда улкан сайёралардир. Юлдузлар доимо бир хил туришига кўзимиз ўрганиб қолган. Уларни узилиб пастга тушиши амри маҳол кўринади. Баъзи ўта кичик юлдузлардан сачраган «комета» деб ном олган арзимас учқун туша бошлаганда фалакиёт илми олимлари, мабодо шу арзимас учқун ерга тегса, дунё ер курраси тамом бўлади, деб дод-вой соладилар.
Ушбу ояти карима хабар бериши бўйича эса, бир вақти келиб барча юлдузлар худди тутдек тўкилиб, сочилиб кетар экан. Қиёмат куни содир бўладиган ушбу улкан инқилоб ҳам, худди кичик бир тут дарахтининг меваси тўкилиб атрофга сочилиб кетгандек васф қилинмоқда. Зотан, бизга ғоят улкан бўлиб кўринаётган иш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас. Бинобарин, У Зот азза ва жалла учун қиёматни қоим қилиш ҳам ҳеч нарса эмас.
«Ва вақтики, тоғлар жойидан кўчирилса».
Инсонга энг яқин ва энг салобатли нарса тоғдир. Ҳар бир инсон тасаввурида тоғлар қадимдан у яқиндан ҳис этадиган энг салобатли, энг улкан, энг катта, энг мустаҳкам нарса бўлиб келган. Қадимдан барча халқлар тоғни баҳайбатлик, сервиқорлик, салобатлик ва собитлик рамзи, деб билиб келганлар. Дарҳақиқат, ер юзида энг катта, энг салобатли ва энг юксак нарса тоғдир. Айниқса, ҳозирги илм ривожланган даврда аввал билинмаган маълумотлар ҳам, жумладан, ҳар бир тоғнинг ер остида ўзидан катта томири бўлиши ва шу кабилар ҳам аён бўлди.
Лекин Қуръони Каримнинг таъкидлашича, бир вақт келиб, ана шундоқ улкан, юксак, салобатли, собит, мустаҳкам ва виқорли тоғлар ҳам жойидан жуда осонликла кўчиб, осмонда чанг зарралари каби учиб юрар эканлар. Бу ҳодиса ҳам худди ер юзидаги чанг зарралари жойидан қўзғалиб ҳавода учиб юргандек осонлик билан содир бўлар экан. Чунки, бу ишни қилувчи Зот ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ҳодиса эса қиёмат куни содир бўлур. Ҳа, У кун шу қадар даҳшатлики, унда улуғвор тоғларнинг чанг зарраси каби учиб юриши ҳеч нарса бўлмай қолади.
«Ва вақтики, ҳомиласига ўн ой тўлган туялар қаровсиз қолса».
Қадимда арабларда туя энг қимматли мулк ҳисобланган: кишининг мол-дунёси, обрўси ҳам туяларнинг сони, сифатига қараб ўлчанган. Ҳомиласи ўн ойлик бўлиб, туғиши яқинлашган туя эса энг қадрли ҳисобланган, чунки туғса, туялар сони яна кўпаяди, сут бўлади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам улар бундоқ туяларга катта эътибор берганлар, ўзларига яқинроқ жойга боғлаб, ҳар дамда ундан хабар олиб турганлар. Қиёмат даҳшати шу қадар улканки, одам ўзи яхши кўрган барча нарсаларини, шу жумладан ҳомиласига ўн ой тўлган туяларини ҳам қаровсиз қолдиради, хабар ололмайди.
«Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса».
Одатда, ваҳший ҳайвонлар бир-бирлари билан ашаддий душман бўладилар ва ҳеч қачон иккитаси бир жойда турмайди. Лекин қиёмат даҳшатидан улар ҳам бир жойга тўпланиб қоларкан.
Оддий ҳолатда бир-бирига умуман яқин келмайдиган, мабодо яқин келиб қолсалар, ҳамма нарсани унутиб, бир-бирини тилка-пора қилиш пайидан бўладиган ваҳшийлар қиёмат куни даҳшатидан бошқача бўлиб қолар экан. Ҳа, қиёмат куни даҳшатидан энг ашаддий ваҳший ҳайвоннинг ҳам ваҳшийлигидан асар қолмас экан. Мисли кўрилмаган даҳшат таъсирида ўзининг энг ашаддий душмани бўлган бошқа ваҳший ҳайвонлар билан бир жойга тўпланиб, атрофидагиларни ҳис эта олмай, илиги қалтираб, думи қисилиб тураверар экан.
«Ва вақтики, денгизлар аланга олиб ёнса».
Одатда денгиз–сув оловни ўчиради, сув билан олов бир-бирларига қарши нарсалар. Лекин қиёмат даҳшатидан денгизлар ҳам олов бўлиб ёниб кетар экан.
Ҳа, қиёмат қоим бўлиши ана шундоқ улкан ва ғайри оддий бир нарсадир. Ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг қудрати ила сиз билан бизнинг тасаввуримизда амри маҳол бўлган нарсалар ўз-ўзидан бўлаверади У кунда. Бир томчи сув оловланиб ёнади, деса ҳеч ким ишонмайди. Чунки, сувда ёниш қобилияти йўқ, аксинча сув оловни ўчириш учун ишлатиладиган асосий воситадир. Лекин, қиёмат шунчалик улкан даҳшатга, шиддатга тўла бир кунки, У Кунда бу дунёнинг биз ўрганиб қолган барча ўлчовлари остин-устин, алғов-далғов бўлиб кетади. Чунки, бу кунни ҳар бир нарсага қодир, қудратининг чеки йўқ Зот –Аллоҳ таоло қоим қилади. Ана ўша чексиз Қудратга соҳиб бўлган Зот, Ўз қудрати ила сувга берган ўтни ўчириш қобилиятини тескарисига–ўт бўлиб ёниш қобилиятига айлантириб қўйиши ҳеч нарса эмас. Бўлганда ҳам маълум миқдордаги ёки минтақадаги сувларни эмас, барча денгизлардаги сувларни ловуллаб, олов пуркаб ёнадиган қилиб қўяди. Қиёмат қоим қандоқ бўлишини бир оз бўлса ҳам, ўз тасаввуримизга яқинлаштириш учун дунёдаги барча сувларни ловуллаб ёнаётганини кўз олдимизга келтирайлик.
«Ва вақтики, нафслар жуфтлаштирилса».
Яъни, руҳ танага қайтарилиб, икковлари бирлашсалар.
Уламоларимиз, жумладан, Имом Табарий ушбу оятнинг иккинчи бир таъвили борлигини ҳам айтадилар. Ўша таъвилга биноан, оятга, агар бир бирига ўхшаш жонлари бир-бирларига қўшилса, деган маъно берилади. Яъни, қиёмат куни яхши кишилар яхшиларга қўшилиб жаннатга киритилади, ёмон кишилар ёмон кишиларга қўшилиб дўзахга киритилади.
Бизнинг ожиз фикримизча ояти карима мазкур икки маънони ҳам ўзида мужассам қилгандир. Шунинг учун ҳам айнан ушбу шаклда таъбир этилган. Қиёмат куни олдин жонлар танага қўшилади, бирга тирилади, сўнгра эса яхши жон яхши жонга, ёмон жон ёмон жонга қўшилиб, ўзлари учун тайёрлаган жойга бориб қўшиладилар. Зотан, қиёматнинг қоим бўлишидан асосий ҳикмат ҳам кишиларнинг руҳини танаси ила қайта жуфтлаштириб, сўнгра яхшиларни бирга қўшиб жаннатга, ёмонларни бирга қўшиб дўзахга юборишдир. Ана ўша Кунда, албатта сўроқ-савол бўлиши келгуси оятда зикр қилинмоқда:
«Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.
У нима гуноҳ учун ўлдирилган?»
Исломдан аввалги, жоҳилият даврида арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳшиёна урф-одатлари бор эди. Жумладан, уларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Ҳаттоки, катта бўлса урушларда қатнаша олмайди, қайтага асир тушиб бизга шармандалик келтиради, деб қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Ушбу икки оятда мушрикларнинг бу иши қаттиқ қораланмоқда ва қиёмат куни бу ҳақда савол-жавоб бўлиши таъидланмоқда.
Табиийки, қиёмат куни фақат шу мазкур нарса ҳақидагина савол-сўроқ бўлмайди. Балки, зарра мисқолидаги амал ҳақида ҳам савол-сўроқ бўлади. Аммо, нима учун айнан қиз болани тириклай кўмиб юбориш иши ҳақида алоҳида оят келиб, таъкидланмоқда. Бу аввало ушбу ояти карималар нозил бўлаётган давр талаби шу эканининг далолатидир. Ушбу оятлар Исломнинг дастлабки даврида нозил бўлган. Ўша вақтдаги нозил бўладиган оятлар калимаи тавҳидга, соф иймон ва эътиқодга чақириб, ширк, куфр ва бузуқ эътиқодлардан қайтариш билан бирга, мўминлик фазилатларига даъват қилиб, кофирлик разолатларидан қайтарар эди. Ўша пайт жоҳилиятининг кўзга кўринган разолатларидан бири, аёл жинсини паст санаш, одам ўрнида кўрмаслик ва ўша тасаввурнинг самараси ўлароқ қизларни тириклай кўмиб юбориш одати эди.
Энг муҳими эса, бу оят Ислом дини дунёда биринчи бўлиб аёл жинсини улуғлаш борасида ёлғиз ўзи кураш бошлаганининг аломатидир. Ҳа, ўша даврда аёлларнинг инсонлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Исломдан бошқа томон йўқ эди. Ана шундоқ бир пайтда Ислом аёл жинси ҳам тўлақонли, Аллоҳ мукаррам этган инсон сифатида ҳаққини олиши учун ўз курашини бошлади. Ўша пайти нозил бўлган ояти карималар аёл ҳақидаги Исломий таълимотларни баён қилиш билан бирга, аёл жинсини ерга урувчи жоҳилий урф-одатлар ва қонун-қоидаларни қаттиқ қоралар эди. Ана ўша нарсалардан энг кўзга кўрингани қизларни тириклайин кўмиб юбориб, у келтирадиган оривоят қилганомусдан қутулдим, деб ғурур билан гердайиб юриш эди. Ўша вақт одамларнинг гувоҳлик беришларича, қиз бола 4-5 ёшларига етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига қизимизни ясантириб бер, ўйнатиб келай, дер эди. Бечора она «ўйнатиб келиш» нима эканлигини яхши билса ҳам жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. У юрак- бағри тилка- пора бўлган ҳолда, қон ютиб ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота номидаги махлуқ бўлса, қизни овлоқроқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда қизни ўшанга тушиб ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Инсон номига доғ бўлган бу иш жоҳилиятнинг қинғир тарозисида юқори даража, деб тортиларди. Бу ишга ҳеч ким қарши чиқа олмас эди. Ўша ноинсоний одатга биринчи бўлиб Ислом қарши чиқди.
Мана «Таквир» сурасининг аввалидан бошлаб қиёмат қўрқинчларини васф қилиб ҳаммани унинг даҳшатидан қўрқитиб олиб, ана шундоқ кунда одамларга нима бўлар экан?-деган савол пайдо бўлганда, биринчи бўлиб тириклайин кўмиб ташланган қизлар, нима гуноҳи учун кўмилганлари сабаби уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.
Дарҳақиқат, жажжи қизчалар нима гуноҳлари учун бунчалик бешафқатлик билан ўлдирилар эди? У осуда гўдакларнинг нима гуноҳи бор эди? Ҳали улар гуноҳ қилиш ёшига етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта–қиз бўлиб туғилганлари эди. Қуръони Карим мазкура ҳимоясиз қизларга ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳақларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар қиёмат куни энг аввал шундан сўралишларини асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди.
Келгуси оятда эса, қиёмат куни бошқа амаллар ҳақида ҳам сўралиши ҳақида умумий баёнот берилмоқда.
«Ва вақтики, саҳифалар нашр қилинса».
Ҳар бир инсоннинг бу дунёда қилаётган ишларини фаришталар ёзиб турадилар ва шу ёзувлар тўплами номаи аъмол бўлиб, қиёмат куни ўз қўлига топширилади.
Ана ўша номаи аъмолларни ушбу ояти каримада «саҳифа лар» деб аталмоқда. Демак, қиёмат куни барча кишиларнинг саҳифалари–номаи амаллари нашр қилинади–ёйилади. Унда банда бу дунёда заррача яхшилик ёки ёмонлик қилган бўлса, ҳам аниқ ва очиқ ойдин битилган бўлади.
Кейинги оятларда яна қиёмат куни борлиқда бўладиган улкан инқилоблар ва ҳодисалар васфи давом этади.
«Ва вақтики, осмон қўпорилса».
Осмон инсон кўз олдида доимо намоён бўлган энг катта ва энг мустаҳкам нарсадир. Инсон бошини тўғри тутса, юқори кўтарса, осмонни кўради. Осмоннинг чети йўқ. Унинг чегараси йўқ. Ҳамма нарсани осмон қамраб олгандек бўлиб кўринади. Осмонга бу дунёда бўлаётган нарсалар таъсир ҳам қилмайди. Умуман, осмонга етиш ва унга таъсир қилиш амри маҳолдек туюлади. Аммо, қиёмат куни ўшандоқ улкан ва чексиз осмон ҳам ўз жойидан осонгина қўпорилар экан. Бу ҳодиса қанчалик даҳшат эканини тасаввур қилиш учун осмон эмас, осмондаги ер куррасини ўраб турган азон қопламанинг баъзи нуқтаси сийраклашиб қолаётгани учун ер юзини қоплаб олиши мумкин бало-офотлар ҳақида мутахассислар қанча ташвиш тортаётгани ҳаммамизга маълум. Бунда гап осмон ҳақида эмас, осмоннинг кичик бир нуқтаси бўлмиш ерни қоплаб турган ҳаво тўғрисида гап кетмоқда. Энди, буни мазкур осмонни бирйўла қўпориб олиш билан тенглаштириб кўринг. Ана шундоқ ишни қилиши осон бўлган Зот қиёматни қилиши ҳам жуда осон, у кунда сиз билан бизни қайта тирилтириб сўроқ-савол қилиш ундан ҳам осон. Чунки, мазкур улкан даҳшатларни содир этиб, қиёматни қоим қилишдан асосий мақсад ҳам шу. Шунинг учун ҳам келаси икки оятда юқоридаги борлиқда содир бўладиган улкан инқилоблар сўнгида сўроқ-саволдан кейин одамларни бу дунёда қилган амалларига қараб юбориладиган асосий жойлари дўзах ва жаннат зикр қилинмоқда.
«Ва вақтики, жаҳаннам қиздирилса.
Ва вақтики, жаннат яқинлаштирилса».
Юқорида ўтган ўн уч оят қиёмат куни бўладиган улкан ўзгаришлар, воқеалардан баъзи кўринишларни тасвирлаб беради. Бошқа сураларда ҳам бу куннинг васф келади, лекин бошқачароқ. Ҳар бир суранинг ўзига мос сўз, жумлаларла ва ундаги мавзуга мос қилиб васфи келтирилади. Бир сурада бир кўринишлар келтирилса, иккинчисида бошқаси келтирилади ва ҳоказо. Бу воқеалар ўша даҳшатли кунда бирин-кетин, босқичма-босқич бўлиб ўтади. Фалон сурада ундоқ деган эди, бунисида бундоқ, дебди, орасида нима фарқи бор, деган саволларга ҳожат йўқ. Ҳаммаси ўз жойида ҳакимона келтирилган.
Демак, юқоридаги даҳшатли ҳодисалар бўлиб, дўзах кофирлар учун қиздирилиб, жаннат мўминлар учун яқинлаштирилгандан сўнг нима бўлади?
«Ҳар бир жон нима ҳозирлаганини биладир».
Яъни, ҳар бир жон ўша юқорида зикр қилинган улкан даҳшатли кун-қиёмат куни учун ўзи нима ҳозирлаб қўйганини билади. Чунки, ўша кунда унинг бу дунёда қилган ҳамма ишлари зарра миқдорича ҳам қолдирмай ўзига кўрсатилади. Ўша куни бу амал аниқ ўлчайдиган торозида тортилади. Яхши амал қилганлар яхши оқибатга эришиб жаннати фирдавсдан жой оладилар. Ёмон амал қилганлар эса ёмон оқибатга эришиб жаҳаннамга отиладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни одамлар терлайдилар. Ҳаттоки уларнинг тери ер қаърига етмиш аршин кириб кетади ва уларни жиловлаб қулоқларигача етади», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат куни баъзи одамларнинг ҳоли ушбу ҳадиси шарифда васф қилингандек бўлади. Улар ўша куннинг иссиғидан, даҳшатидан ва ўзларига етган хижолатдан қаттиқ терлайдилар. Уларнинг терлаши шу даражага етадики, оққан терлари дарё бўлиб ер қаърига етмиш аршин чуқурликка сингиб кетади. Шу билан бирга терлари ўзларини ҳам қулоқларигача кўмиб туради. Бу ҳолни бу дунёда терлаб бир неча томчи тер ерга тўкилгандан одамнинг ҳолини не кичишига солиштириб охиратдаги терлашнинг оқибати нима бўлишини тушиниб олавериш керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар оламлар Роббиси ҳузурида турадиган кунда улардан бирлари ўз терига қулоғигача ботиб туражак», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

ал-Миқдод ибн ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни қуёш ҳалққа яқинлашади. Ҳаттоки улардан бир мил миқдорга келади. Бас, одамлар амалларига қараб терда бўладилар. Улардан кимдир икки тўпиғигача, кимдир икки тиззасигача, кимдир икки биқинигача терга ботади. Кимнидир тер юганлаб олади» дедилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қўллари билан оғизларига ишора қилдилар».Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, қиёмат куни гуноҳи озлар оз, гуноҳи кўплар кўп терлар эканлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Ибодатда ширк келтириш. Аллоҳ таоло .Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин,, давоми...

1005 19:00 / 03 июнь
Ҳозирда араб тилидаги .нубувват, ва .рисолат, сўзларининг ўрнига бизнинг араб бўлмаган тилларда бир сўз ndash .пайғамбарлик, сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. давоми...

3625 17:31 / 17.01.2022
Агар сен Аллоҳни дунёда ҳамма нарсадан кўпроқ яхши кўрсанг, синовларга тайёр тур. Бу маҳаббатнинг мукофоти жуда катта, лекин унга ўзини ҳақлигини исбот қила олган давоми...

4951 16:45 / 05.06.2018
. Ва албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг мустафо бандаси, мужтабо набийси ва муртазо расулидир. Шарҳ Билингки, мустафо танлаб олинган, давоми...

674 19:00 / 17 сентябрь