1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Мусулмон албатта жаннатга тушади

21:12 / 22.07.2017 8967 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга:

«Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради» деб башорат берди», дедилар.

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дедим.

«Агар зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.

Сўнгра тўртинчи мартада:

«Абу Зарр истаса-истамаса», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Келинг, аввал у кишининг таржимаи ҳоллари билан танишайлик.

Бу саҳобийнинг исмлари Жундуб ибн Жунода Fифорий, кунялари Абу Зарр. Исломга энг аввал кирган саҳобаларнинг бешинчиси. Бу зотга Ҳандақ жангидан кейин Мадинага ҳижрат қилиш насиб этди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган саҳобалардан эдилар. Абу Зарр эртанги кунга емак сақламайдиган зоҳид зотлардан эди.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 281та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар ва бошқалардан ривоят қилдилар. Бу зотдан Аҳнаф ибн Қайс, Абдурраҳмон ибн Fанам, Атоъ ва бошқалар ривоят қилганлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида, 32-ҳижрий санада Рабазада вафот этдилар.

Имом Термизий ўз ривоятлари охирида:

«Зуҳрийдан: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтса, жаннатга киради», деган ҳадис ҳақида сў­рашганда:

«Бу Исломнинг аввалида, шариат аҳкомлари туширилмасдан олдин, одамларни динга тарғиб қилиш мақсадида бўлган эди», деган» жумласини қўшиб қўйган.

Демак, Имом Термизий ҳам одамлар нотўғри тушунмасин, деган мақсадда ушбу қўшимчани киритганлар.

Биринчи ҳадис китобини тўплаган улкан ­тобеъин Имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий эса саҳобалардан билганларини айтганлар.

Зотан, Оиша онамизнинг ҳам: «Аввалги тушган оятларда иймон, жаннат ва дўзах зикри бор эди, одамлар қизиқиб, динга кирганларидан ке­йин намоз, рўза каби аҳкомлар нозил бўлди», деган маънодаги гаплари ривоят қилинган.

Ушбу ҳадисда тавҳиднинг, Аллоҳга ширк кел­тирмасликнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда. Ал­батта, тавҳид ақийдаси улкан шараф ва бахт-саодат эканида ҳеч шубҳа йўқ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Фаришта Жаброил алайҳиссалом Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон олиб келишдан ташқари, бошқа хабарларни ҳам бериб кетишлари.

2. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмай ўлиш фазилатли бўлиб, охир-оқибат жаннатга киришга сабаб бўлиши.

3. Зино ва ўғриликнинг катта гуноҳ экани.

4. Бирор нарсани аниқлаб олиш учун қайта-қайта сўраш мумкинлиги.

Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳунинг зино ва ўғрилик ҳақида қайта-қайта сўрашларининг боиси шуки, бу икки амал ўша пайтдаги энг оғир ва энг кўп тарқалган жиноятлардан бўлган. Уламоларимизнинг таъкидлашларича, гуноҳлар умумий равишда икки йўналишга бўлинади. Биринчиси – Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш. Иккинчиси – банданинг ҳаққини поймол қилиш. Зино Аллоҳнинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги, ўғрилик эса банданинг ҳаққини поймол қилиш йўналишидаги гуноҳларга киради. Демак, савол икки йўналишни ҳам ўз ичига олган.

Эътибор берадиган бўлсак, Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳунинг саволларида Аллоҳнинг амри­ни ва ибодатларини бутунлай тарк қилиб юриш ҳақида эмас, гоҳ-гоҳида содир бўладиган гуноҳлар ҳақида сўралмоқда. Шунга биноан, ушбу маънодаги ҳадисларни Аллоҳнинг амрларини тарк қилишга далил қилиб оладиганларнинг иши тамоман ботил экани яна ҳам равшан бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносига ўхшаш маъноларни ботил аҳллари нотўғри таъвил қилишлари мумкинлигини ўша вақтда, ҳатто Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан мулоҳаза қилинганини келгуси ҳадисдан билиб оламиз.

24. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳам­мадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар. У:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одам­ларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди.

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар.

Муъоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Аввал у кишининг ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқайлик:

Муъоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий Хазражий, кунялари Абу Абдурраҳмон. Ўн икки ёшларида Исломни қабул қилган. Иккинчи «Ақаба» ­байъатида иштирок этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамики жангларда бирга бўлган. У зот улуғ табиатли, мулойим, чиройли хулқ­ли саҳобалардан эдилар.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 157та ҳадис ривоят қилганлар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абу Саълаба, Абу Қатода каби саҳоба ва тобеъинлар ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мар­ҳамат қилдилар:

«Умматимнинг ичида ҳалол-ҳаромни ажратувчиси Муъоздир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Қиёмат кунида Муъоз ибн Жабал уламоларнинг имомидир», деб айтдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Хотинлар Муъоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздирлар. Агар Муъоз бўлмаса, Умар ҳалок бўлибди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз розияллоҳу анҳуни Яманга, дин таълимотларини ўргатиш учун юбораётганларида:

«Эй Муъоз, нима билан ҳукм чиқарасан?» деб сўрадилар.

Шунда Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳнинг Китоби билан», деб жавоб бердилар.

«Агар Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг-чи?» дедилар.

«Аллоҳнинг Расулининг суннатлари билан», деди.

«Ундан ҳам тополмасанг-чи?» дедилар.

«Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари хурсандликка тўлган ҳолда:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ Расулининг элчисини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага йўллади», дедилар.

Муҳожирлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Муъоз ибн Жабалнинг тутинган исломий биродари эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ­«Қур­ъонни тўрт кишидан олинглар», деб айтдилар. Шуларнинг бири Муъоз ибн Жабалдир.

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Фалас­тин яқинидаги «Амовас» деган жойга вабо касали тарқалди. Мана шу вабо сабабли Муъознинг икки хотинлари, ўғли Абдурраҳмон вафот этди. Муъоз ибн Жабал ҳам ушбу хасталик сабабли ҳижратнинг 18-йили 38 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар.

Мазкур ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдинги ҳадиси шарифга ўхшайди. Қўшимча маънолар эса ҳадиснинг охирида келган. Ҳадисни ривоят қилувчи саҳобий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу тавҳид эгаларига бўлган буюк ваъдани эшитганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», дедилар.

Шу гапнинг ўзи бу масаланинг нақадар нозик эканини кўрсатиб турибди. Чунки бошқа масалаларда саҳобалар «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраганлари маълум эмас. Аксинча, саҳобалар ҳар бир эшитган нарсаларини бошқа одамларга етказишни бурч деб билганлар. Муъоз ибн Жабал бу хабарни одамларга етказсалар, бирор тушунмовчилик бўлишидан хавфсираб, шундай саволни берганлар. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга берган жавоб­ларидан ҳам фаҳмлаб оламиз.

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар».

Яъни, агар одамларга айтсанг, бу гапга суяниб, амал қилмай қолурлар, демоқчилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида ҳам одамлар бу гапни нотўғри тушуниб, амал қилмай қўйишлари мумкин, деган фикр бўлган. Шунинг учун саҳобага бу гапни одамларга айтишга рухсат бермаганлар. Афсуски, кейинчалик ушбу хавфсиралган нарса юзага чиқди, одамлар ичида бу гапни нотўғри талқин қилиб, Ислом дини рукнларига амал қилмайдиганлар тоифаси пайдо бўлди. Бу масалани нотўғри тушуниш «Дўзахда абадий қолмайди» деган тушунчани «Дўзахга тушмайди» деган тушунчага алмаштириб олиш билан юзага келди.

Энди ҳадиси шарифни чуқурроқ ўрганиб чи­қайлик. Унда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳам­мадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса», демоқдалар.

Уламоларимиз «Чин қалбдан» деганларидан мунофиқларнинг шаҳодати ўтмаслиги тушунилади, дейдилар. Худди шу ибора билан бошқа жойларда гапнинг амалга мос келиши ҳам ифода қилинган.

Айни пайтда, бундан «Шаҳодат калимасини айтганларнинг барчаси дўзахга тушмайди», деган маъно эмас, балки «Чин қалбдан айтганлари, яъни айтганини амал билан тасдиқлаганлари кирмайди», деган маъно чиқади, дейдилар. Чунки бошқа далиллар тавҳид аҳлларининг осий бўлганлари дўзахга тушишини таъкидлайди.

Демак, тавҳид аҳлидан ким дўзахга тушиши, ким тушмаслиги аниқ. Шунинг учун Муъоз розияллоҳу анҳуга бу гапни одамларга айтишга изн берилмади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаҳодат калимасининг улуғ нарса экани.

2. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурла­рида мартабалари баланд экани.

3. Устоздан, раҳбардан иккиланган нарсасини сўраб олиш, одамларга айтиш-айтмасликни аниқлаб олиш зарурлиги.

4. Фаҳмли, ақлли кишиларга кўпчиликка айтиб бўлмайдиган гапни айтиш мумкинлиги.

5. Латиф маъноларни тушунмайдиган, калта­фаҳм, илмсиз кишиларга қийин маъноли гапларни айтмаслик.

6. «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулул­лоҳ» деган одам дўзахга кирмайди, каби гапларни одамларга айтавермаслик кераклиги.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Улуғ тобеъинлардан Ваҳб ибн Мунаббиҳга:

«Лаа илааҳа иллаллоҳу» жаннатнинг калити, дейи­шади?» дейилганда, у киши:

«Ҳа, албатта, калит тишсиз бўлмайди. Агар тиши бор калит олиб келсанг, сенга очилади. Бўл­маса, очилмайди», деган эканлар.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар .Роббимиз, давоми...

6690 19:14 / 21.02.2018
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.Мен жаннатга шафоат берувчи биринчи одамман. Мен набийлар ичида энг эргашувчиси давоми...

11854 22:54 / 01.12.2016
Одамлар бу дунёда турли даражаларда бўлганлари каби, охиратда ҳам турли даражада бўладилар. Охиратда улар тўрт қисмга бўлинадилар ҳалок бўлувчилар, давоми...

6001 22:02 / 22.04.2017
Асмоул ҳусна ndash гўзал исмлар тўғрисидаги оят ва ҳадислар мусулмонларнинг катта эҳтимомларига сазовор бўлган.Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини уларнинг давоми...

6358 12:10 / 18.02.2019