1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг Биру Борлигига яна қанча оят-далил керак?!

21:09 / 07.05.2018 4438 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизларнинг башар бўлиб тарқалишингиз Унинг оят(белги)ларидандир.

Ер юзида башариятнинг тарқалиб юришининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига ёрқин далилдир. Инсондек мураккаб ва ажойиботларга тўла мавжудотни Аллоҳдан ўзга ким яратади?

Аслида, Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратган. У Зот ўзининг ўликни тирилтирувчи сифати ила ўлик тупроқдан тирик ва мураккаб инсонни яратган.

Ҳа, инсон деб аталмиш бу улкан мўъжизанинг асли жонсиз тупроқ эди. Аллоҳ таоло чексиз қудрати ила уни ўша тупроқдан яратди. Унга жон ва бошқа нарсаларни берди. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким инсонга на жон ва на бошқа бирор аъзо, ҳатто тирноқ ёки бирор тук ато қила олмайди. Шунинг ўзи Аллоҳ таолонинг ягоналигига, ҳар бир нарсага қодирлигига очиқ-ойдин далил-ҳужжат, оят-белги эмасми?!

«Рум» Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйгани Унинг оят(белги)ларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир.

Инсонни эркак-аёлга ажратиб, жуфт яратишининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлиги, баркамол сифатлар соҳиби эканининг ёрқин далилидир. Доимо кўраверилгач, унга эътибор берилмайди, аммо эътибор ила тафаккур қилиб кўрилса, инсоннинг эркак ва аёллик ҳолати улкан мўъжизадир.

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришини «сокинлик топишингиз учун» демоқда. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ҳам ўзи учун керак бўлган сокинликни эркакдан топади.

«...ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйгани...»

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини, қийинчиликларни кўтара олармидилар? Чидаб, бирга яшармидилар?

Эркакнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки энг кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Аёлнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Ҳа, уларни бир-бирига меҳр-муҳаббатли қилиб, ўзаро келишиб, дунёни обод қиладиган, ўзаро сокинлик этиб яратган Зот қудратли Аллоҳ таолодир.

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят(белги)лар бордир».

«Рум»Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят(бурҳон)ларидандир. Албатта, бунда олимлар учун оят(белги)лар бордир.

Инсон боласи осмон остида ва ер устида яшайди-ю, бу маконларнинг улканлиги, мураккаблиги, мўъжизаларга бой эканига эътибор бермайди. Эътибор берса ҳам, маълум қисмини, маълум бир мақсад билан ўрганади. Аслида, осмонлару ерга чуқур тафаккур ила назар солган, ибрат кўзи билан қараган одам Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига дарҳол ишониб етади. Шунчалик улкан нарсалар ва унинг ичидаги сон-саноқсиз нозик жойлар ўз-ўзидан яралмаганига ишонч ҳосил қилади.

«...ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши…»

Шунингдек, инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир.

«Албатта, бунда олимлар учун оят(белги)лар бордир».

«Рум» Ва кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиз Унинг оят(белги)ларидандир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят(белги)лар бордир.

Инсон уйқуни эътиборсиз ўтказиб юборади. Уйқу ҳам ўз ҳолича олиб қаралганда, катта бир мўъжизадир. Уйқуни олимлар турли йўллар билан ўрганиб, кўплаб сирларни кашф қилдилар. Аммо ҳаммасини кашф қила олганлари йўқ.

«Ва кечаси ва кундузи ухлашингиз… Унинг оят(белги)ларидандир…»

Уйқу – Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат. Одам боласининг уйқуга эҳтиёжи жуда каттадир. Буни билиш, англаб етиш учун бирор кун уйқусиз юришнинг ўзи етади. Олимларнинг таъкидлашларича, инсон очлик ва яна бошқа муҳтожликларга узоқ муддат бардош бериши мумкин, аммо уйқусизликка чидай олмас экан. Уйқу инсон учун, унинг ҳаёти учун ниҳоятда зарур омилдир. Унинг сир-асрорлари жуда ҳам кўп. Хуллас, «уйқу» деб аталмиш бу неъмат ҳам Аллоҳнинг Биру Борлигига ёрқин оят-белгидир.

«Унинг фазлидан талаб қилишингиз Унинг оят(белги)ларидандир».

Шунингдек, инсон уйқудан туриб, ҳаракатга тушади ва Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқи рўз талаб қилишга киришади. Инсоннинг юриш-туриши, ҳаёт учун ҳаракат қилиши, ўзига, оиласига керакли нарсаларни топишга уриниши ҳам Аллоҳнинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига ёрқин оят-белгидир.

Уйқу ва ҳаракатнинг эшитишга бевосита алоқаси борлиги учун ҳам оятнинг охирида:

«Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят(белги)лар бордир»,  дейилмоқда.

«Рум» Ва Унинг оятларидан – сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатур ва осмондан сувни туширади-да, у билан ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Албатта, бунда ақл юритадиган қавм учун оят(белги)лар бордир.

Чақмоқдан ҳамма қўрқади. Йилнинг маълум мавсумида юз берадиган бу ҳодиса доимо инсон қалбига ўз таъсирини ўтказади. Лекин чақмоқдан умид қилиш ҳақида ўйлаган одам кам бўлса керак. Баъзи уламоларимиз ушбу оятга чақмоқдан қўрқиш, унинг ортидан келадиган ёмғирдан умид қилиш маъносини берганлар. Олимларнинг кашф қилишларича, чақмоқ чаққанда, ҳавони куйдириши натижасида ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит – азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир ила ерга тушиб ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, хавф ва умид чақмоққа боғлиқ экан.

«...ва осмондан сувни туширади-да, у билан ерни ўлимидан кейин тирилтирур».

Буни кераклигича фаҳмлаб етиш учун қурғоқчилик бўлган юртларни кўриш керак. Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирмай қўйган юртларда ер ўлиб, ўсимликлар, булоқ ва қудуқлар қуриб, ҳайвонлар ва одамлар қирилиб, ҳамма томондан ҳалокатга кетиш асарлари кўрилади. Шундай жойга Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирган пайтдаги ҳолатни ҳам бир кузатиш керак. Ана шунда Аллоҳнинг қудратига қойил қолинади.

Чақмоқ, ёмғир ва унга тегишли ҳодисалар фақат Аллоҳ қила оладиган ишлар, холос. У Зотдан бошқа ҳеч ким бунга қодир эмас.

«Албатта, бунда ақл юритадиган қавм учун оят(белги)лар бордир».

«Рум» Осмонлару ернинг Унинг амри ила туриши Унинг оят(белги)ларидандир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар.

Бу ояти каримада қисқагина сўзлар билан улкан ҳақиқат ифодаланмоқда. Осмонлару ерни ким тутиб турибди? Нима учун улар жойидан қўзғалиб кетмаяпти? Ўзаро тортишиш кучи ушлаб турибдими? Хўп, ўша ўзаро тортишиш кучини ким пайдо қилган? Ёки бошқа яна бирор баҳона топилармикан? Топилса-топилар, аммо ҳаммаси Аллоҳга бориб тақалиши турган гап. Демак, осмонлару ернинг қоим туришининг ўзи Аллоҳнинг Биру Борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига оят-белгидир.

Ана шундай улкан жисмлар ва чексиз коинотни Ўз тасарруфида ушлаб турган Зот:

«Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар».

Яъни «Сўнгра, вақти-соати келиб, қиёмат қоим бўлганида, Аллоҳ таоло сизларни бир марта чақирса, бас, кўмилиб ётган ерингиздан ҳаммангиз бирдан чиқасизлар. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Ўша Кунга ҳозирдан тайёргарлик кўраверинглар».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Исломда Шифо берувчи ndash Аллоҳrdquo дейилади, ҳолбуки, беморни шифокор даволайдикуЖавоб 1. Агар шифо шифокорнинг қўлида бўлганида эди, тузалмаган бемор қолмас давоми...

4858 11:07 / 10.11.2018
Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

5114 19:00 / 04.04.2022
Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва сифатларини яхшилаб таниб олинганидан кейин ўша олиймақом исм ва сифатларга боғлиқ бир неча масалаларни ҳам батафсил тушуниб давоми...

4162 13:50 / 19.04.2021
Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳгуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга .Сизга давоми...

5526 22:29 / 24.02.2018