Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (81-дарс). Қабр азоби ва неъматига иймон

15:25 / 13.04.2020 7557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига – ким шунга лойиқ бўлса – ва унда Мункар ва Накирнинг Роббидан, динидан ва Набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.

Яъни, осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта банданинг қабрида туриб, уни Робби, дини ва Набийси ҳақида савол-сўроқ қилишига иймон келтирамиз.

Далиллар:

1. «Ва Оли Фиръавнни ёмон азоб ўрабди. У дўзахдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлган куни: «Оли Фиръавнни ашаддий азобга киритинглар», дейилур» (Ғофир сураси, 45–46-оятлар);

2. «Уларни то ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. У кунда ҳийлалар уларга ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва албатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмайдилар» (Тур сураси, 45–47-оятлар);

3. «Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ва охиратда субутли сўз ила собитқадам қилур. Ва Аллоҳ золимларни залолатга кетказур» (Иброҳим сураси, 27-оят);

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг кавушлари тақиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва унга: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?» дейишади.

Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди.

Шунда унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади.

У икки жойни ҳам кўради», деганлар.

(Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

5. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб:

«Бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири пешобдан сақланишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Бир хурмонинг ҳўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар.

Кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундай қилдингиз?» дейишди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингиз қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бири Мункар, бошқаси Накир дейилади», деганлар (Термизий ривоят қилган).

Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг сўроқ-савол қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. Ким инкор қилса, кофир бўлади.

Аммо ўша азоб ёки неъмат қандай бўлиши ҳақида гапирмаймиз. Чунки бу дунёда унга ўхшаш нарса бўлмагани учун, ақл уни тасаввур қила олмайди. Шариатда эса бу борада ақл кўтарадиган нарса келгани йўқ.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтади .Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта давоми...

5452 19:00 / 03.01.2023
Бу ҳақда юқорида эслатилган китобда шундай дейиладиБиз жамоатни .ҳақ ва тўғри, деб, тафриқани .тойилиш ва азоб, деб биламиз.Шарҳ Яъни .Саҳобалар жамоасига, давоми...

5004 05:00 / 07.03.2017
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда.Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига давоми...

6154 19:37 / 27.07.2017
.Закот, сўзи луғатда .поклик, ва .ўсиш, маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда .Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда давоми...

5680 16:04 / 27.01.2020
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021