1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дам солиш ҳақида нималарни биламиз (олтинчи мақола)

16:30 / 18.11.2019 2943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва, эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган, дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».

Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол улардан баъзисидан бирор нарса чиқар», деди. Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар. «Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши. Бир қанча қўйга келишишди. У «алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди. (Бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб: «Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига. Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди. Аммо дам солган киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот: «Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар». Бошқа бир ривоятда қуйидагилар ҳам бор: «…Бас, баъзиларига бу ёқмади. Аллоҳнинг китоби учун ажр олдинг, дедилар. Мадинага келганларида: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг китоби учун ажр олди», дедилар. Шунда у зот: «Сиз ажр оладиган нарсаларнинг энг ҳақлиси Аллоҳ азза ва жалланинг китобидир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни олдин ҳам шарҳда келтирган ва баъзи мулоҳазаларни қисқа шаклда айтиб ўтган эдик. Энди Аллоҳ таолонинг ёрдами ила муфассал сўз юритсак ҳам бўлади.

Бу ҳадиси шариф улуғ саҳобий Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ҳикоядаги бош қаҳрамон, мазкур саҳобалар гуруҳининг бошлиғи ва дам солган одам ҳам худди шу зотнинг ўзлари. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар». Мазкур сафарга чиққан саҳобалар гуруҳининг сонлари ўттиз кишидан иборат бўлган экан.

«Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар».

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, ўша маҳалла суви ғор жойда экан. Аммо маҳалла аҳли бахил одамлар экан, муҳтож мусофирлар ўзлари меҳмондорчилик сўрашса ҳам уларга бир нарса беришмапти.

«Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади». Аллоҳ таоло саҳобаларга илтифот кўрсатмаган бахил қавмга бир дарс бўлсин учун шундоқ қилган бўлса ажаб эмас. Бошлиғи азоб чекиб турганда ўзларининг бахиллик қилганлари ҳам тўсиқ бўлмай, саҳобалар гуруҳига юзланишга қарор қилдилар. «Шунда улардан баъзилари: «Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол улардан баъзисидан бирор нарса чиқар», деди». Ҳа, улар ноилож қолганда кеккайишни ҳам йиғиштириб қўйишди. «Уларнинг олдиларига бориб: «Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар». Яъни, чаён чаққанга қарши бирор чора кўришни биладиган одам борми ичингизда? «Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши». Ўша киши Абу Саъид ал-Худрийнинг ўзлари, лекин ривоят қилаётиб камтарлик юзасидан, мен, дейишни эп кўрмадилар. У киши бахилларга ўзига яраша муомала қилдилар. Йўлда оч қолиб, таом сўраганларида бахиллик қилганини айтдилар. Шундай қилиб, орада музокара бошланди. Бир тараф бирни айтди, иккинчи тараф иккини айтди ва охири... «Бир қанча қўйга келишишди».

Бошқа ривоятлардаги маълумотларга қараганда ўттиз дона қўйга келишишди. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу чаён чаққан маҳалла бошлиғига дам уриб қўядиган бўлдилар. Маҳалла аҳли бу ишнинг эвазига ўттиз дона қўй берадиган бўлдилар.

«У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб дам сола кетди». Келишув битгандан кейин Абу Саъид ал-Худрий маҳалла бошлиғига дам солишни бошладилар. У кишининг дамлари Фотиҳа сурасидан иборат эди. Дам солиб бўлар бўлинмас «(бемор) худди боғлови ечилгандек ҳаракатга тушиб кетди». Ҳозиргина кўзига дунё тор кўриниб турган маҳалла бошлиғи Абу Саъид ал-Худрий розиялоҳу анҳунинг Фотиҳа сурасини ўқиб дам солишлари билан соппа-соғ бўлиб қолди. Бу бахил бошлиқ бирдан соғайганини билгач сахийлиги тутиб кетди.

«Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб: «Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига».

Улар келишилган ўттиз қўйни тўлиқ бердилар. Қилган ишларидан, бошлиқларининг тузалиб қолганидан хурсанд бўлиб кетдилар. Бирдан бунча адад қўйга эга бўлиб қолган саҳобалар гуруҳи эса мазкур қўйларни нима қилиш ҳақида маслаҳат қила бошладилар. «Баъзилар, бўлишиб олинглар, дейишди». Қўйларни гуруҳ аъзолари ўзаро бўлишиб олайлик, у қавм ўзи рози бўлиб берди, дейишди. «Аммо дам солган киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайликчи бизларни нимага амр қилар эканлар», деди. Чунки, ҳозиргача биров чаён чаққан одамга Қуръони Каримдан ўқиб дам солиб, ҳақ олмаган эди. Бундай қилиш шариат ҳукмига тўғри келадими, йўқми биров билмас эди. Бундай нарсаларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраш лозим эди. Бу нарсани Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу яхши билар эдилар. Шунинг учун ўз шерикларини бу масалада шошилмасликка чақирдилар.

Бошқа ривоятда зикр қилинган маълумотга кўра Абу Саъид ал-Худрийнинг шерикларидан баъзилари, Қуръони Карим учун ҳақ олиб бўлмайди, деган тушунчада бўлганлар. «Бас, баъзиларига бу ёқмади. Аллоҳнинг китоби учун ажр олдинг, дедилар». Улар нафақат бўлиб олишга, балки, умуман ҳақ олишга қарши чиқдилар. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан масалани ҳал қилиш кечга сурилди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар».

Яъни, бўлиб ўтган қиссани бир бошдан сўзлаб бердилар. «Шунда у зот: «Унинг дам солиш эканини сенга ким билдирди?»

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саъид ал-Худрийга, сенга «Фотиҳа» дам солиш учун ўқилишини ким билдирди, дедилар. Бундан аввал «Фотиҳа»ни дам солиш учун ўқиш машҳур бўлмагани чиқади. Кейин у зот асҳобларига хитоб қилиб: «Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».

Яъни, дам солганлик учун қўйларни олиб тўғри қилибсизлар, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: «Сиз ажр оладиган нарсаларнинг энг ҳақлиси Аллоҳ азза ва жалланинг китобидир», дедилар».

Жумҳури уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини далил қилиб, Қуръони Карим ўқигани учун ҳақ олса жоиз, деганлар.

Баъзи уламолар, бу гапга Имом Абу Ҳанифа ва Имом Аҳмад қўшилмаган, дейдилар. Ҳанафий уламолар эса, Имом Абу Ҳанифа Қуръони Каримдан таълим бергани учун ҳақ олиш жоиз эмас, деганлар. Дам солганда ҳақ олиш жоизлигига у киши ҳам қўшиладилар, деб таъкидлайдилар.

(Давоми бор)

Islom.uz портали

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий 778 йилда Қуртубада Толун ибн Абдулжаббор Муъофирий роҳимаҳуллоҳ дунёга келди. Ўз замонида у Моликий мазҳабининг имоми, олим, обид эди. У Ҳакам ибн Ҳишомни давоми...

1858 10:34 / 19.05.2020
Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Махзумий айтади .Бир киши Ибн Оиша Таймийни тушида кўриб, .Роббингиз сизга қандай муомала қилди, деб сўради. Ибн Оиша .Фақат Уни, яхши давоми...

1417 09:05 / 21.01.2020
Абу Айёш Қаттон айтади .Басрада Мунийба исмли ибодатли аёл яшарди. Унинг ўзидан ҳам ибодатлироқ қизи бор эди. Ҳасан Басрий ўша қизни кўриб, ёш бўла туриб ибодатга давоми...

3157 07:00 / 04.02.2019
Абу Шомадан ривоят қилинади .Менга шомлик муҳаддис Абул Қосим ибн Асокир ҳақида шундай дейишди .У зот ўша куни пешин намозини ўқидилар. Кейин аср намозига давоми...

4632 07:00 / 31.01.2019