Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир», деган (Тавба, 100).
Шарҳ: Бу ояти каримани шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи тўлиқ келтирмаганлар. Бунинг устига бу иқтибосда ҳам, ояти каримани тўлиқ олганда ҳам сарлавҳага оид бирор маънони топа олмадик. Шунинг учун ўзимиз бу борадаги баъзи оятларни эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик.
Аллоҳ таоло Тур сурасида: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан, ўрнингдан турганингда Роббингга тасбеҳ айт!» деган (48-оят).
Дунёдаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси, қазои қадари билан бўлади. Барча қийинчиликларга сабр қилиш лозим, чунки булар ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.
Оятдаги «Албатта, сен кўз ўнгимиздасан» деган гап Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари нақадар юқори эканлигини билдиради. Ҳеч бир инсон бу мақомга сазовор бўлган эмас. Ўзга Пайғамбарларга ҳам юқори мартабага далолат қилувчи сўзлар айтилган, лекин ҳеч кимга «кўз ўнгимиздасан» дейилмаган. Шунинг учун ҳам, қанча кўп тасбеҳ айтилса, шунча оз.
Аллоҳ таоло Қалам сурасида: «Роббинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшама», деган (48-оят).
«Балиқ соҳиби»дан мурод, Юнус алайҳиссалом. У зот ўз қавмига аччиқ қилиб, уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётганда қуръага тушиб, денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида туриб, Аллоҳга ёлворганлари ҳақида бошқа суралардан батафсил маълумотлар олганмиз. Бу оятда эса Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саркаш қавмга аччиқ қилмай, сабр ила даъватни давом эттирмоқ кераклигини баён қилиш учун қисқача эслатма тарзида сўз юритмоқда. Демак, мўмин банда нима бўлганда ҳам, ўз Роббисининг ҳукмига сабр қилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло Инсон сурасида: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил ва улардан гуноҳкор ёки кофирларига итоат қилма», деган (24-оят).
Баъзи вақтларда гуноҳкорлар ва кофирлар мўмин-мусулмонларни Аллоҳ таолонинг ҳукмига сабр қилмай, бошқача йўл тутишга ундашлари бўлиб туради. Ана пгундай пайтларда мўмин-мусулмонлар уларнинг гапига учмасдан, Аллоҳ таолонинг ҳукмига сабр қилишда бардавом бўлишлари керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Дунё аҳлидан кўнгил қўйган одамини қабз қилганимда савоб умидида сабр қилган мўмин бандамга Менинг ҳузуримда жаннатдан ўзга мукофот йўқ», дейди», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Мусулмон инсон яқин кишиси вафот этиб, мусибат етганда сабр қилади, Аллоҳга дуо-фотиҳалар қилади, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлади. Мусибатга чидамай, бақириб йиғлаш, бидъат-хурофотга берилиб, сочини олдириб ташлаш ёки кийимларини йиртиш эса, мушрик ва кофирларнинг ишидир. Мўмин-муслимлар эса ўз Пайғамбарлари кўрсатган йўлдан бориб, мазкур ишларни мутлақо қилмасликлари лозим.
Аллоҳ жалла шаънуҳу мўминлар ҳақида:
«Улар қачон ўзларига мусибат етса, «Биз Аллоҳникидирмиз ва биз Аллоҳга қайтувчилармиз», дейдилар. Ана ўшаларга ўз Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир», деган.
Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида:
«Қандай яхши икки идл ва илова», деганлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзига мусибат етганда сабр қиладиган, рози бўладиган, «Биз Аллоҳникимиз, Ўзи нимани хоҳласа, шуни қилади, охиратда ҳам фақат Ўзигагина қайтиб борамиз», дейдиган кишиларни мадҳ этмоқда ва уларга бериладиган мукофотларни зикр қилмоқда.
Мазкур кишиларга бериладиган мукофотлар иккита асосий ва битта илова мукофотдан иборат экан. Иккита асосий мукофот — Аллоҳ таолодан бўладиган саловотлар ва раҳмат. Битта илова мукофот уларнинг ҳидоят топганлардан бўлишидир.
Ушбу ояти кариманинг маъносини чуқур англаб етган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Қандай яхши икки идл ва илова», деган эканлар.
Арабларда «идл» деб, уловнинг икки биқинига ортилган юкка айтилади.
«Илова» эса, икки биқинидаги юкка илова (кўшимча) равишда эгар устига юкланган юкдир.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мусибат етганда сабр қилиб, «Биз Аллоҳ учунмиз ва биз Аллоҳга қайтувчилармиз» дегувчи кишиларга ваъда қилинган саловот ва раҳматни уловнинг икки биқинига ортилган икки юкка, ҳидоят топганлардан бўлишини эса, эгар устига ортилган қўшимча юкка ўхшатмоқдалар.
Мусибатнинг энг катталаридан бири яқин кишиларнинг ўлимидир. Ким ана шундоқ мусибатга учраса, сабр қилиб, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун»ни айтса, мазкур даражага эришар экан.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мисоли майсага ўхшайди. Уни шамол доимо у ёқ-бу ёққа эгиб туради. Мўминга доимо бало етиб туради. Кофир мисоли Арз дарахтига ўхшайди. Қимирламай туриб, бирдан томиридан қўпорилади», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мўмин бандага бу дунёда турли кўнгилсиз ҳолатлар ориз бўлиб туриши ҳам Аллоҳ таолонинг унга нисбатан яхшилиги бўлиши мумкин. Агар Аллоҳ таоло истаса, уни ҳам кофирни тек қўйиб туриб, бирдан томиридан қўпоргани каби қўпориши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло бу дунёдаги етадиган мусибатлар орқали мўминга бир неча фойдаларни ирода қилган. Уларнинг нималар эканлигини келгуси ҳадиси шарифларда ўрганамиз.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага жонида, боласида ва молида бало етиши бардавом бўлади. Токи, у Роббисига рўбарў бўлганда, бирор гуноҳи қолмасин», дедилар».
Шарҳ: Турли балоларнинг етиши мўминларнинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлар экан. Албатта, ўша бало етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми, дея розилик ила қабул қилиб олиш ва сабр қилиш шарти ила. Мўмин ўзига, боласига ва молига етган мусибатларни сабр ила қарши олиб, Аллоҳ таолонинг савобини кўпроқ касб қилишга уриниш ила зоҳиддик даражасига етишади.
Мусҳаб ибн Саъддан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси одамларнинг балога учраши шиддатлироқ?» дедим.
«Анбиёлар. Сўнгра уларнинг мисолидагилар ва уларнинг мисолидагилар. Киши динининг ҳисобига қараб, балога гирифтор қилинади. Агар дини маҳкам бўлса, бало ҳам шиддатли бўлади. Агар динида рақиқлик бўлса, динига қараб балога дучор қилинади. Бало банда ила у ер юзида гуноҳсиз ҳолатда юрадиган бўлгунича бардавом бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бундан балолар гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиш билан бирга, анбиёлар каби бегуноҳ зотларнинг даражалари янада юқори бўлиши учун ҳам хизмат қилиши келиб чиқади. Демақ диндор ва тақводор кишиларнинг баъзи бир бало-офатларга дучор бўлишларини ҳам худди шу маънода англаш керак. Инчунин, зоҳидлик ишқида юрган солиҳ бандаларга бало-офатлар етиши ҳам бежиз эмаслигини билиб қўймоқ керак.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра шиддатлироқ бемор бўлган бирор кишини кўрмадим», дедилар».
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом энг афзал банда бўлганлари учун энг шиддатли балоларга дучор бўлганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бемор бўлишлари ҳақидаги ривоятларни диққат билан ўрганган ҳар бир киши бу ҳақиқатни тўла англаб етади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят кцлинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон Аллоҳ Ўз бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бу дунёда уқубатни тезлатади. Қачон Аллоҳ Ўз бандасига ёмонликни ирода қилса, унга қиёмат куни тўлиқ азоб бериш учун гуноҳига яраша жазо бермай туради», дедилар».
Шарҳ: Демак, мўмин банда бу дунёда ўзига етадиган балоларга қиёматга қолмай ёруғ дунёнинг ўзида гуноҳлари учун олаётган жазо сифатида ҳам қараши керак бўлади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандага кўрсатган меҳридир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай, ўзига етган балодан ғазабланса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади. Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билаб, сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмоғи одам боласининг саодатидандир. Аллоҳнинг истихорасини тарк қилмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир. Аллоҳнинг ҳукмидан ғазабланмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир», дедилар».
Шарҳ: Мўмин банда ўзига мусибат етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми сифатида қабул қилиб, рози бўлиши зарурлиги ушбу ҳадиси шарифда алоҳида таъкидланмоқда. Саодатга эришаман, деган одам Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сабр қилмоғи даркор.
Шу билан бирга, ҳар бир муҳим ишни қилишдан олдин Аллоҳ таолога истихора қилиши ҳам керак. Ўша ишни қилиш ёки қилмаслик ҳақида ишорани кутиб, икки ракъат истихора намозини ўқиб ухлаши ва тушига кирган ёки кўнглига тушган ишорага қараб, иш юритиши лозим.
Ўзига етган мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳукми деб билмасдан ғазабланиш эса, банданинг Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлишига сабаб бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни аҳли балоларга савоб берилган пайтда аҳли офиятлар дунёда жилдлари қайчи билан қийилган бўлишини орзу қиладилар», дедилар».
Ушбу еттитани Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу дунёда ўзига етган балоларни Аллоҳ таолонинг ҳукмидан билиб, уларга сабр қилган мўмин бандага бериладиган савобларга бу дунёда бало-офатлардан узоқда бўлиб ўтганлар ҳавас қилар эканлар. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган балоларга сабр қилиб, Аллоҳ таолодан савоб умидида бўлиш лозим. Бу ҳадиси шарифда бу дунёда бало-офатларга учраган мўмин банда учун катта тасалли бор.
Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш лозимки, мўмин банда савоби кўп бўлар экан, деб, ўзини ўзи балога уриши ёки ўзига ўзи бало етишини тилаши мутлақо мумкин эмас.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот:
«Неча киши Ислом лафзини айтганини менга ҳисоблаб беринглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз олти юз билан етти юз орасида бўлсак ҳам, бизга ёмонлик бўлишидан хавф қиласизми?» дедик.
«Сизлар билмайсизлар. Эҳтимол, ҳали балоларга дучор бўлурсизлар», дедилар.
Дарҳақиқат, балоларга дучор бўлдик. Ҳатто биздан бир киши намозни фақат беркитиб ўқийдиган бўлди».
Шарҳ: Ислом янги тарқалаётган пайтда шунга ўхшаш қийинчиликлар жуда ҳам кўп бўлган. Ислом учун мусибатга учраш қадимдан маълум ва машҳур. Шунинг учун Ислом йўлида юрганларга бу нарса доимий равишда эслатиб турилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ мўминга бирор яхшиликда зулм қилмайди. Унинг учун бу дунёда ато беради ва охиратда мукофот беради. Аммо кофирга бу дунёда Аллоҳ учун қилган яхшиликлари учун таом берилади. Токи, охиратга борганда унинг мукофот оладиган яхшилиги қолмаган бўлади», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло кофирнинг қилган яхшиликларига мукофотни бу дунёнинг ўзида тугал бериб қўяди. Кофир учун охиратга ҳеч нарса
қолмайди. Мўмин банданинг қилган яхшиликларига Аллоҳ таоло бу дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот ва даражотлар беради. Жумладан, турли бало-офатларга сабр қилгани учун ҳам. Шунинг учун икки дунё саодатига эришишни ва Аллоҳ таолонинг мукофотини кўпроқ олишни истаган мўмин банда кўпроқ яхшилик қилмоғи керак. Ана шунда у зоҳидлик мақомига эришади.