1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ашаддий ёлғончини танийсизми?

15:05 / 26.08.2019 2998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна вал жамоа ақийдасининг муҳим қисмларидан бири Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган қиёматнинг аломатларига: Дажжол, Даббатул-арз, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг мағрибдан чиқиши кабиларнинг ҳақлигига ишонишдир.

Арабчада «дажжол» сўзи «ашаддий ёлғончи, алдамчи, фирибгар» деган маънони англатади. Қиёмат кунининг энг катта аломатларидан бири ана шу ашаддий ёлғончи – Дажжолнинг пайдо бўлишидир. Аллоҳ таоло Дажжол билан ҳам бандаларини имтиҳон қилади. Бу ашаддий ёлғончи илоҳликни даъво қилишдан ташқари, Аллоҳ таолонинг изни билан ғайритабиий иш ва ғаройиб ҳодисаларни амалга оширади. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган баъзи ишларга уни қодир қилиб қўяди: у ўзи ўлдирганни тирилтиради, дунёни гулларга буркайди, ерни ҳосилдор қилиб қўяди. Унинг жаннати, дўзахи, икки дарёси бўлади. Ер хазиналари унга бўйсунади, буюрса, осмондан ёмғир ёғади, ердан ўсимликлар унади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Баъзи одамлар бунга алданишади, мўминлар эса Аллоҳ таолонинг динида собит қолишади. Маълум вақт ўтгач, Аллоҳ таоло Дажжолнинг фитналарини тўхтатади.

Дажжол ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бизлар видолашув ҳажи хусусида гаплашар эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёнимизда эдилар... У зот Аллоҳга ҳамду сано айтиб, кейин масиҳ дажжолни зикр қилдилар. Ва: «Аллоҳ бирор пайғамбар юборадиган бўлса, албатта бу пайғамбар ўз умматини дажжолдан огоҳлантирган. Нуҳ ва ундан кейинги пайғамбарлар ҳам ундан огоҳлантиришган. Агар дажжол чиқадиган бўлса, унинг баъзи ҳолатлари махфий бўлиши мумкин. Аммо бу ҳақиқат сизлардан махфий эмаски, албатта Роббингиз бир кўзли эмас. Лекин Дажжол бир кўзли бўлиб, ўнг кўзи кўрмайди. Гўё унинг кўзи сувда қалқиб турган узумга ўхшайди...», дедилар» (Бухорий ривояти).

Рибъий ибн Ҳирош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Абу Масъуд Ансорий билан бирга Ҳузайфа ибн Яъмон розияллоҳу анҳунинг олдига бордим. Абу Масъуд: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дажжол ҳақида эшитганларингни менга ҳам айтиб бермайсанми?» деди. У: «Албатта, дажжол чиққан пайтда у билан сув ва олов бўлади. Аммо одамларга олов бўлиб кўринаётган нарса совуқ сувдир. Одамларга совуқ сув бўлиб кўринаётган нарса эса куйдирувчи ўтдир. Ўшанда сизлардан ким шуни кўрса, ўзига ўт бўлиб кўринаётган нарсага тушсин, чунки у чучук ва совуқ (сувдир)», деди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Дажжол бирор шаҳар қолдирмасдан суқулиб киради, фақат Макка билан Мадинага кира олмайди. Чунки бу икки шаҳарнинг кираверишида фаришталар саф бўлиб қўриқлаб туришади. Дажжол Мадина ташқарисидаги шўр ерларга етганда Мадинада уч бора ер силкинади. Ўша сабабли Аллоҳ таоло барча кофир ва мунофиқларни у ердан чиқариб юборади»» (Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дажжолга Исфаҳон яҳудийларидан етмиш мингги эргашади. Уларнинг устларида яшил рангли махсус кийим бўлади», дедилар» (Муслим ривояти).

Умму Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар дажжолдан хавфсираб тоғларга қочиб кетишади», деганларини эшитганман» (Муслим ривояти).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одам (алайҳиссалом) яратилишлари билан қиёмат куни оралигида Дажжолдан кўра каттароқ фитна бўлмайди», деганларини эшитганман» (Муслим ривояти).

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дажжол ҳақида мен сўраган нарсани ҳеч ким сўрамаган. У зот менга: «Ундан сенга нима зарар етар экан?» дедилар. «Унинг тоғдек нони, бир анҳор суви бўлади дейишяпти», дедим. У зот: «Аллоҳнинг наздида у бунга арзимайди», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қачон бирон пайғамбар келган бўлса, албатта, умматини бир кўзли ёлғончи (дажжол)дан қўрқитган. Огоҳ бўлинглар, дажжол бир кўзлидир. Роббингиз азза ва жалла бир кўзли эмасдир. Дажжолнинг икки кўзи орасига «каф», «фа», «ро» ҳарфлари, яъни «кофир» деб ёзиб қўйилган»» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга дажжол ҳақида ҳеч бир пайғамбар ўз қавмига айтмаган гапни айтиб бермайми? Унинг бир кўзи йўқ. У ўзи билан жаннат ва дўзахга ўхшаш нарса олиб келади. Унинг «бу жаннат» деб айтаётгани дўзахдир», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Hilol» журнали, 1-сонидан олинди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини яхши билиш ва ўрганиш барча мўминмусулмонларга лозим амаллардан биридир. Зеро у зоти давоми...

4662 13:30 / 07 февраль
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ .Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир бўлагинг кетган бўлади,. Ва яна .Бир қавмларни билдимки, улар давоми...

3341 12:00 / 30.01.2019
Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, у қанча давом этишидан қатъий назар ўша дамларнинг шукуҳи бир умр кишини тарк этмайди, доим мунаввар туйғулар қўзғайди, давоми...

3169 18:21 / 27.04.2020
Имом Муслимдан ривоят қилинади Оиша розияллоҳу анҳу айтадилар Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар, болдирлари очиқ давоми...

3806 07:00 / 18.12.2018