1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар

19:30 / 20.08.2019 1949 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Ислом барча самовий динларнинг асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан, деб эълон қилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«У сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани шариат қилди. Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсамизни, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсаларимизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар», дедик», дейди (Шууро сураси, 13-оят).

Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга динларни юборган Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам Ислом динини юборган. Уларни Расул қилиб танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур Расулларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар» деган амри илоҳийдан иборат бўлган. Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан, мусулмонларга барча асл самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур асл самовий динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.

Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига ҳамда уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларнинг аслига бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб, четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъкидланган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қилиб: «Аллоҳга иймон келтирдик. Ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага ҳам. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар», дейди (Бақара сураси, 136-оят).

Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон шахс Аллоҳ томонидан юборилган ҳамма пайғамбарларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ томонидан туширилган барча китобларга Қуръони Каримга иймон келтиргандек иймон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Бу ҳам дунё дийнлари ва тузумлари тарихида улкан янгилик эди.

Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун-қоидаларни йўлга қўйди.

Мисол учун, энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Лекин Ислом бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундай бўлса ҳам, турли дийн вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир-бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб, мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)», деган (Моида сураси, 5-оят).

Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва ўзи уларга таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса, бўлади.

Ислом давлати соясида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. Аҳли зимма учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон, мол, обрў ва бошқа нарсалар дахлсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир.

Демак, Ислом давлати соясида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўладилар ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўладилар. Фақат Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрик­ларигина аҳли зимма бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бунинг ўзи алоҳида бир масала. Лекин ушбу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб, умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим.

Бошқа мушриклар, яъни аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат, аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.

Демак, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган самовий бўлмаган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳаққ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. Қандай қилиб жорий қилганини эса қуйида ўрганамиз, иншоаллоҳ. Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холий бўлган жамият қурди. Бу жамият ўз аъзоларининг барчасига баробар назари билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги билан намоён бўлди.

Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди.

Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.

(Давоми бор)

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир илмий ҳаракатни ривожлантиришда, уни илм толибларига етказишда ва ниҳоят ўша илмий ҳаракат самарасини келажак авлодга қолдириб кетишда китоблар муҳим давоми...

2022 09:30 / 27.08.2021
У чиндан ҳам ўз ишининг устаси эди. Аммо оиласи катталашиб, эҳтиёжи ортиб боргани касбини ўзгартириши кераклигини ўйлаб қолди. Ишлаб турган жойидан бўшаса, қўлига давоми...

2777 11:00 / 03.02.2021
1144 йилнинг декабрь ойида Мосул амири Имадуд Дин Занги Эдессани босиб олганидан сўнг, 1145 йили папа Евгений III 1145ndash1153 янги салб юришига чақириқ билан чиқди. Жўшқин давоми...

2267 11:00 / 05.10.2023
Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож давоми...

1104 14:09 / 11 июль