1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ўлимни орзу қилишдан қайтариш ва Аллоҳга яхши гумонда бўлиш ҳақида

17:45 / 13.07.2017 6937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан бошқа иложи қолмаса:

«Аллоҳим, модомики тириклик менга яхши бўлса, мени тирик қолдир. Қачон менга вафот этиш яхши бўлса, мени вафот этдир», десин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Қайс: «Хаббобнинг олдига борсам, қорнига етти марта нарса қиздириб, бостирган экан. Мен унинг «Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилаб дуо қилишдан наҳий қилмаганларида, албатта, уни тилаб дуо қилган бўлар эдим», деганини эшитдим», деди», дейилган.

Бухорийнинг ривоятида:

«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса», дейилган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло инсонга ҳаётни яшаш учун берган. Инсон бу дунёда яхши-ёмонга чидаб, ўзига берилган ҳаётни муносиб яшаб ўтказмоғи лозим. Кимки ўзига етган баъзи қийинчилик ва зарарларга чидай олмай, ўзига ўзи ўлим тиласа, бу Аллоҳнинг қадарига қарши чиқиш, Аллоҳнинг иродасига эътироз қилиш бўлади. Бу иш эса мўмин киши учун мутлақо мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўзига ўзи ўлим тилашдан наҳий қилганлар.

Баъзи кишилар жуда ҳам ночор ҳолга тушиб қолган тақдирларида ҳам уларга бу ишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишлари, нима яхшилик бўлса, ўшани сўрашлари тавсия қилинмоқда. Мўмин киши доимо яхшилик тарафдори бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан ўзи учун ўлим яхши бўлса, ўлимни, ҳаёт яхши бўлса, ҳаётни беришини тилайди.

Нима учун ўлим тилаш мумкин эмаслигининг ҳикмати Имом Бухорийнинг ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонларидан баён қилинмоқда:

«Бирортангиз ўлимни орзу қилмасин. Агар яхшилардан бўлса, шояд (амали) зиёда бўлса. Агар ёмонлардан бўлса, шояд қайтса».

Мўмин киши ўзига ўзи ўлим тиламасин, чунки у яхши одам бўлса, ўлмасдан, ҳаётда бардавом бўлиб турса, яхшиликлари кўпайиб, охиратга тўплайдиган заҳиралари кўп бўлади. Агар Аллоҳ кўрсатмасин, ёмон одам бўлса, тирик қолиши унга тавба қилиш фурсатини, яхшилар қаторига қўшилиш фурсатини берган бўлади. Демак, ҳаётда бардавом бўлишда мўмин учун фақат яхшилик бор. Ҳатто ўша ўзи нолиётган зарарга сабр қилиши ҳам кўплаб ажр-савобларга эга бўлишига сабаб бўлади.

938. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан уч кун олдин:

«Бирортангиз ўлимидан олдин Аллоҳ таоло ҳақида фақат яхши гумон қилсин», деб айтаётганларини эшитдим».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга биноан, мўмин киши ўлимидан олдин Аллоҳ мен учун меҳрибон, мен учун раҳмдил, мен учун шафқатли, деган яхши умидларни қилмоғи керак.

Аммо соғ-саломатлик вақтида мўмин киши доимо хавф қилиб туриши, Аллоҳга тақво қилиб яшаши лозим. Ана шунда у ёмонликлардан қайтади ва яхшиликларни кўпроқ қилишга уринади.

939. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳнинг дийдорини яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Ким Аллоҳнинг дийдорини ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёқтирмайди», дедилар. Бас, Оиша ёки у зотнинг завжаларидан баъзилари:

«(Бироқ) биз ўлимни ёқтирмаймиз-ку!», деди.

«Бу сен айтган нарса эмас. Лекин мўминга ўлим ҳозир бўлганда Аллоҳнинг розилиги ва карами унга башорат берилади. Шунда унинг учун олдидаги нарсадан кўра маҳбуброқ нарса бўлмай қолади. Шу сабабдан у Аллоҳнинг дийдорини яхши кўради ва Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Аммо кофирга ўлим ҳозир бўлганида эса унга Аллоҳнинг азоби ва уқубати башорати берилади. Ўшанда унинг учун олдидаги нарсадан кўра ёқмайдиганроқ нарса бўлмай қолади. Шу сабабдан у Аллоҳнинг дийдорини ёқтирмайди ва Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёқтирмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Одатда банданинг Аллоҳ таолога мулоқоти ҳақида гап кетганида ўлим тушунилади. Чунки фақат ўлимдан кейингина банда Аллоҳга рўпара бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Аллоҳнинг дийдорини яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Ким Аллоҳнинг дийдорини ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёқтирмайди», деганларида ҳам эшитувчиларнинг хаёлига дарҳол ўлим келди. Ўлимни эса ҳеч ким яхши кўрмайди. Ўлимдан сўнг кўпчиликнинг холи нима бўлади? Табиатидаги ўлимни ёмон кўриш сифати туфайли Аллоҳ таолонинг ёқтирмаслигига учрайдими?

Шунинг учун ҳам Оиша онамиз ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирлари: «(Бироқ) биз ўлимни ёқтирмаймиз-ку!», дедилар.

Бу гапда «унда ҳолимиз нима бўлади?» деган савол маъноси ҳам бор эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплари ўлимнинг ҳақлиги тўғрисида эмас, балки ундан кейин юзага келадиган ҳолат ҳақида эканлигини баён қилдилар.

Ҳар бир кишига ўлим ҳозир бўлганидан кейин, у мўмин ёки кофир бўлишига қараб, унинг олдида, нариги дунёда нима турганлиги ҳақида хабар берилар экан. Мўмин одам ўзини олдинда кутиб турган Аллоҳнинг розилиги ва карамига эришиш учун тезроқ Аллоҳга рўбарў бўлишини яхши кўрар экан. Аллоҳ ҳам унга тезроқ учрашиб, уни мукофотлашни яхши кўрар экан.

Кофир эса ўлганидан кейин олдинда ўзини Аллоҳнинг азоби ва уқубати кутиб турганини билганидан кейин у томонга бориш, Аллоҳга рўбарў бўлишини ёқтирмай қолар экан. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундай нобакор банданинг дийдорини ёқтирмайди.

940. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим (олди)да ётган ёш йигитнинг олдига кирдилар ва:

«Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?» дедилар.

«Аллоҳдан умидим бор, эй Аллоҳнинг Расули. Ва албатта, гуноҳларимдан хавфдаман», деди.

Шунда соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу иккови (хавф ва ражо) мўмин банданинг қалбида шунга ўхшаш ҳолатда жам бўлса, албатта, Аллоҳ унга умид қилган нарсасини беради ва хавф қилган нарсасидан омонлик беради», дедилар».

Термизий ривоят қилган ва уни «ҳасан» деган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бемор бўлса, бориб, кўрар эдилар. Қарими, ёшми, қулми, саййидми, ажратмас эдилар.

Ушбу ривоятда ёш йигит ўлим тўшагида ётганида кўргани келганлари ривоят қилинмоқда.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим олдида ётган йигитдан:

«Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?» деб сўрадилар. Йигит эса чин мусулмон инсоннинг жавобини берди:

«Аллоҳдан умидим бор, эй Аллоҳнинг Расули. Ва албатта, гуноҳларимдан хавфдаман», деди».

Чин мусулмон шундай бўлиши керак. Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, У зотдан доимо яхшилик кутиши керак. Ноумид бўлиш мусулмон кишига ҳеч тўғри келмайди. Чунки у умид қилса, ҳар бир нарсага қодир, Ғофуру Роҳийм бўлган Аллоҳдан умид қилади. Аллоҳ таолодан ҳар қанча яхшиликни ражо қилса бўлади.

Шу билан бир вақтда, гуноҳларга бепарво бўлмай, улар туфайли Аллоҳнинг азобига дучор бўлишдан хавф қилиб туриш ҳам мусулмон инсонга хосдир. Бепарво бўлиш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди.

Чунки у бепарво бўлса, ҳар бир нарсанинг ҳисобини олиб турувчи, осийларнинг ҳар бир гуноҳига яраша жазосини берадиган Жаббору Зул-интиқом бўлган зот – Аллоҳ таолодан бепарво қолган бўлади. Шунинг учун банда доимо «азобга дучор бўлиб қолмай» деган хавфда туриши лозим. Ана ўшанда мурод ҳосил бўлади. Бу натижани Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда таъкидламоқдалар:

«Бу иккови (хавф ва ражо) мўмин банданинг қалбида, шунга ўхшаш ҳолатда жам бўлса, албатта, Аллоҳ унга умид қилган нарсасини беради ва хавф қилган нарсасидан омонлик беради», демоқдалар.

941. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаззатларни кесувчи (ўлим)нинг зикрини кўпроқ қилинглар», дедилар».

Термизий ва Насаий ривоят қилганлар

Шарҳ: Ўлим туфайли инсоннинг гуноҳ қилишига сабаб бўлувчи лаззатлари парчаланади, йўққа чиқади. Инсон ўлимни эслаганида ҳам лаззатлари парчаланади, дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади. Ёмон ишлардан қайтиб, яхши ишларни қилишга ўтади. Ўлимни ўйлаган, ўлганидан кейин бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беришини ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашга ҳаракат қилади.

Ўлимни ўйламаган одам эса тамоман тескари ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам халқ ичида ёмон, бетавфиқ, золим, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиган, ҳаром-харишдан ҳазар қилмайдиган кишиларга нисбатан «Ўлимини ўйламасмикан» деган ибора ишлатилади.

Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сизу биз – умматларига хитоб қилиб, ўлимни кўпроқ зикр қилишимизга – эслашимизга амр қилмоқдалар. Ҳа, ушбу ҳадисга амал қилиб, ким бўлишимиздан қатъи назар, барибир бир кун келиб, дунёдан кўз юмишимизни ҳеч эсдан чиқармайлик. Ана шундан кейин бу дунёда қилган ҳар бир ишимиз учун ҳисоб беришимизни ҳам унутмайлик.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида .Одамлар сендан Соат ҳақида сўрарлар. .Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир,, деб айт. Недан билурсан, эҳтимол, Соат давоми...

3080 19:00 / 20.02.2023
Дўзах Аллоҳ таоло кофир, мунофиқ ва осийлар учун тайёрлаб қўйган ва уларга азобndashуқубатлар бериладиган макондир. У ҳам жаннат каби халқ қилинган, унинг давоми...

7414 02:48 / 02.12.2016
.Ва улар .Агар Роҳман хоҳлаганида, биз уларга ибодат қилмас эдик,, дедилар. Уларда бу ҳақда ҳеч бир илм йўқ. Улар алжирамоқдалар, холос, Зухруф сураси, давоми...

744 19:00 / 02 сентябрь
Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

5043 19:00 / 04.04.2022
Аудиолар

135286 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55542 14:35 / 11.08.2021