Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оламнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг Расули Муҳаммадга салот ва саломлар бўлсин. У зоти шариф Роббисининг ваҳийсини одамларга етказди, умматини Дажжолдан огоҳлантирди. Унинг хатари мўминларга катта бўлгани учун қаттиқ огоҳлантирди ва ундан қутилиш йўлларини кўрсатди.
Аммо баъд:
Дажжолнинг иши ўта хатарли бўлгани учун ҳар бир пайғамбар ўз умматини ундан огоҳлантирган. Ҳар бир уммат эса ундан хабардор бўлган. Дажжол ким ўзи? Биз қўлингиздаги китобда Аллоҳ қодир қилганича бу лаънати ҳақида батафсил ёритишга харакат қиламиз. Энг аввало шуни айтиб ўтишим керакки, мен қурбим етганича бу лаънатининг дунёсига яқинлашмоқчи бўлдим. Лекин имконим етмади. Чунки унинг дунёси Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлган Бани Исроил яҳудлари дунёси билан боғлиқ экан. Ҳа, уларнинг олами ёмонлик, фақат ёмонликдан иборат бўлган олам.
Бани Исроил оламига яқинлашсангиз, тарих варақларида қора доғ бўлиб қолган, уларнинг яқин ва ўтмишдаги тарихини, Аллоҳнинг динини ўзгартириб, унга ўзлари томонидан туҳмат ва бўҳтонларни қўшиб юборганларининг гувоҳи бўласиз.
Биз юқорида Дажжолнинг Бани Исроилга яқинлигини айтиб ўтган эдик. Ҳақиқатда Дажжолнинг замони келганда уларга йўлбошчилик қилади. Дажжолнинг бузуқ ниятини амалга ошириш, ер юзини фасодга тўлдириб, фитна тарқатиш учун, Бани Исроил унинг ҳақиқий тобелари бўлади.
«Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса уларга улкан азоб бор» (Моида сураси, 33-оят).
Шунингдек, Бани Исроил оламига яқинлашсангиз, узоқ ўтмишдан ҳозирги замонамизгача бўлган даврлар мобайнида улар қўл урган хиёнатлар аҳд-вафони бузишлар, улар содир этган жиноятлар гувоҳи бўласиз.
Фасод ва бебошликнинг тарқалишида Бани Исроилнинг роли жуда катта. Улар Дажжол келишига замин тайёрлайдилар. Ҳатто унинг замони келганида ҳаммаёқни фитна қоплаган, дин унутилган ва фасод тарқаган бўлади. Шу сабабли Дажжолнинг тарихини ўрганиш жуда қийин. Лекин яқин ва узоқдан унга ишора қилишимиз, пайғамбарларнинг суннатларига эргашиб, одамларни ундан огоҳлантиришимиз даркор.
Биз бу китобда Дажжол ҳақида саҳиҳ ҳадисларни келтириб, унинг сувратини чизишга ҳаракат қилдик. Дажжол чиқишидан олдин бўладиган аломатлар, унинг қаердан чиқиши, қаерга етиб бориши, қайси шаҳарларга кира олмаслиги, нимага даъват қилиши, унинг фитналари, Масиҳ Исо ибн Марям билан учрашуви ва тобеъларининг тақдири ҳақида ҳикоя қиламиз. Эътиборга лойиқ жойи шуки, Дажжол ҳақидаги гаплар ҳамма асрларда ҳам одамларни бефарқ қолдирмаган. Ҳар бир замонда одамлар Дажжол билан ўз асрлари ўртасидаги боғлиқликни топишга ҳаракат қилганлар. Бизнинг давримизда ҳам «Учар ликопчалар” билан Дажжол ўртасини боғлашга ҳаракат қилаётганлар чиқяпти. Албатта, бу далил-ҳужжатсиз бир тахмин, холос. Лекин саҳиҳ ҳадисларда келганидек, Дажжолнинг ғайриоддий ишлари борлигини инкор қилмаймиз. Бу ғайриоддийлик замонавий технологиянинг энг янги ютуқлари билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Яна Аллоҳ билгувчироқ.
Амал саҳифалари рўпара қилинадиган кунда бу китобимизни саҳифамизга ёзишлигини Аллоҳ таолодан сўраймиз. Омин.
Доктор: Отиф Ламоза
Дажжол – саҳиҳ ҳадисларда
Дажжолнинг охир замонда чиқиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда келган.
Биринчи ҳадис*
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжолнинг чап кўзи ғилай, сочи кўп. Унинг жаннати ва дўзахи бор. Аслида дўзахи – жаннат, жаннати эса дўзахдир”».
Яна Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мен Дажжолда бўладиган нарсаларни ўзидан ҳам яхшироқ биламан. Унинг оқиб турувчи икки анҳори бўлиб, бири кўзга оппоқ сув бўлиб кўринса, иккинчиси алангаланиб турган олов бўлиб кўринади. Агар бирон киши унга дуч келса, олов бўлиб кўринаётган анҳорга келсин. Кўзини юмиб, бошини эгсин ва ундан ичсин. Ҳақиқатда у совуқ сув бўлади. Дажжолнинг кўзи ўчиб кетган бўлиб, устида ортиқча эт бор. Икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилган. Ўқишни биладиган ва билмайдиган ҳар бир мўмин уни ўқий олади.
*(Имом Бухорий 3450, Имом Муслим 2934, Имом Аҳмад 5/ 383).
Иккинчи ҳадис**
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамлар орасида Масиҳи Дажжолни зикр қилиб шундай дедилар: “Аллоҳ ғилай эмас. Билиб қўйинглар, Масиҳи Дажжолнинг ўнг кўзи ғилай бўлиб, бўртиб чиққан узумга ўхшайди”».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар: «Кечаси, тушимда Каъбанинг ёнида турганимни кўрибман. Шу вақт буғдойранг бир кишини кўрдим. У гўёки сиз кўрган буғдойранг кишиларнинг энг чиройлиси эди. Сочи икки елкасига тушган, сочини тараган (бошидан сув томиб турарди). Қўлларини икки кишининг елкасига қўйиб, Байтуллоҳни тавоф қилар эди. Мен: “Бу киши ким?” деб сўрадим. “Масиҳ ибн Марям”, деб жавоб беришди. Яна бир кишини кўрдим. Сочи қисқа ва жингалак. Ўнг кўзи ғилай. Мен кўрган одамлар ичида Ибн Қатанга жуда ўхшаб кетади. Қўлларини икки кишининг елкасига қўйиб, Байтуллоҳни тавоф қилар эди. Мен: “Бу ким?” деб сўрадим. “Бу – Масиҳи Дажжол”, деб жавоб беришди».
**(Имом Бухорий 4/164, Имом Муслим 169, Имом Аҳмад 2/ 937).
Учинчи ҳадис*
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол – ғилай, сочи жингалак, ранги оппоқ, боши гўёки дарахт шохларига ўхшайди. У Абдул-Уззо ибн Қатан ал-Хузоийга жуда ўхшаб кетади. Ҳақиқатда ҳалок бўлувчилар (ўша вақтда) ҳалок бўладилар. У ғилайдир. Аллоҳ ғилай эмас”».
*(Имом Аҳмад 1/240. Ибн Ҳиббон 8/281. Имом Табароний 1/118).
Тўртинчи ҳадис**
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аммо залолатдаги Масиҳ (Дажжол)га келса, унинг кўзи ғилай, пешонаси кенг, бурун тешиги катта, Абдул-Уззога ўхшаб қомати озгина эгилган”.
“Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Унинг менга ўхшаши менга зарар қиладими?” деб сўради Қатан. “Йўқ. Сен мусулмонсан. У кофир”, деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.
**(Ибн Аби Шайба 15/132. Имом Табароний 18/335).
Бешинчи ҳадис***
Абу Каъб айтади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Дажжол эсга олинди. Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Дажжолни эсга олиб, дедилар: “Кўзларининг бири яшил шишага ўхшайди. Аллоҳдан қабр азобидан паноҳ беришини сўраймиз”.
***(Тайолиси 544. Имом Аҳмад 5/123).
Олтинчи ҳадис****
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол машриқдан, Хуросон деган ердан чиқади. Юзлари тери қопланган совутга ўхшайдиган гуруҳлар унга эргашади”».
(Имом Термизий 2237. Ибн Можа 4072).
Еттинчи ҳадис*****
Саид ибн Жумҳон Сафийнадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба ўқиб, шундай дедилар: “Ҳар бир Набий умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Огоҳ бўлинглар, унинг чап кўзи ғилай. Ўнг кўзининг устида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасига “кофир” деб ёзилган. У билан икки водий чиқади. Бири жаннат, бошқаси дўзах. Аслида дўзах – жаннат, жаннат эса дўзах бўлади. Дажжол одамларга: «Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми? Тирилтираман ва ўлдираман”, дейди. У билан икки фаришта бўлиб, улар иккита пайғамбарга ўхшайдилар. Мен у пайғамбарларнинг исмини, оталарининг исмини ҳам биламан. Хоҳласам, уларнинг исмини айтишим мумкин. Бири Дажжолнинг ўнг томонида, бошқаси чап томонида бўлади. У: “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми? Тирилтираман, ўлдираман”, дейди. Фаришталардан бири айтади: “Ёлғон айтдинг”. Лекин шеригидан бошқа биронта инсон унинг (гапини) эшитмайди. Иккинчиси (биринчи фариштанинг гапини тасдиқлаб): “Рост айтдинг”, дейди. (Унинг гапини ҳамма эшитади.) Бу фитна бўлади. Сўнгра йўлида давом этиб, Мадинага етиб келади. “Бу ўша кишининг (Муҳаммад алайҳиссалом) шаҳрими?” дейди.
Мадинага киришга унга рухсат берилмайди. Сўнгра йўлида давом этиб, Шомга етиб келади. Аллоҳ уни Афиқ довонида ҳалок қилади».
*****(Тайолиси 1106. Имом Аҳмад 5/221.)
Юқоридаги маъноларни ифодалайдиган, ҳар хил ривоятлар билан келган бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам бор. Иншааллоҳ ўрни келганда, лаънати Дажжол ҳақидаги суҳбатимиз асносида бошқа ҳадисларни ҳам келтириб ўтамиз.
Дажжолнинг сифати
Унинг жуссаси жуда катта бўлади. Худоликни даъво қилади. Шунинг учун Дажжолнинг гавдаси катта бўлишига қарамай, ожизлиги ва кўзидаги нуқсонга ишора қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ ғилай эмас”, деб айтганлар.
Дажжол – инсон боласи. У жин ҳам фаришта ҳам эмас. Демак, унда эр кишиларда бўлганидек гавда ва қомат бўлади. Одамлар сингари ейди, ичади, ухлайди, бедор бўлади, ҳожатга боради, ер юзида юради ва улов минади. Хачирининг икки қулоғи ўртасидаги масофа қирқ зироъ* (зироъ – қўл учидан тирсаккача бўлган қисм) келади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида Дажжолни шундай сифатладиларки, биз уни кўзимиз билан кўриб тургандекмиз. Умумий ҳадисларда келган васфига кўра, Дажжол – жуссаси баҳайбат, бўйи баланд, семиз эркак киши. Унинг калта, қуюқ жингалак сочи бўлиб, қомати озгина эгилган. Ранги оқ, икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилган. Бу ёзувни ўқишни биладиган ва билмайдиган ҳар бир мўмин ўқий олади. Икки кўзи ғилай. Лекин ўнг кўзидаги ғилайлик кучли бўлганидан, у нурсиз бўлиб кўринади. Чап кўзининг устида ортиқча эти бор. (У кўзни қоплаб турадиган бир парча тери ёки кўзнинг четидан ўсиб чиққан гўштга ўхшайди). Чап кўзи ҳам ғилай. Демак, у яхши кўра олмайди. Деярли кўр ёки кўрга яқин. Шундай бўлишига қарамасдан у ер юзини айланиб чиқади ва ҳамма ерни фасодга тўлдиради.
Бу – Дажжолнинг тахминий сурати. Аллоҳ унинг ёмонлигидан барчамизни асрасин.
Дажжол чиқиши олдидан бўладиган аломатлар
Дажжол тўсатдан, бирон-бир белгисиз чиқиб келмайди. Чунки унинг чиқиши жуда хатарли бўлиб, қиёматнинг яқинлашганини ва ернинг умри тугаганини билдиради. Унинг чиқиши катта фитна бўлади. Жуда кўп инсонлар Дажжол макрининг қурбонлари бўладилар. Ҳақ билан ноҳақ аралашиб кетади. Инсонларнинг динлари ҳам бузилиб кетади. Шунингдек, бу лаънати илоҳликни даъво қилиб, одамларга: “Мен сизларнинг Роббингизман”, дейди. Шунинг учун унинг чиқиши тасодиф бўлмайди. Балки ундан олдин аломат ва белгилар бўлади.
Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада, девор соясида ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоналарида эдилар. Бизнинг олдимизга чиқиб сўрадилар:
– Нима қилиб ўтирибсизлар?
Биз:
– Гаплашиб ўтирибмиз, – дедик.
– Нима ҳақда гаплашяпсизлар?
– Қиёмат ҳақида.
– Сизлар, ўнта аломатни кўрмагунингизгача, ундан олдин қиёмат бўлмайди. Аввалгиси қуёш мағрибдан чиқиши, сўнгра тутун, сўнгра Дажжол, сўнгра ер ҳайвони, сўнгра уч марта ер ютиши, машриқда бир марта, Араб жазирасида бир марта (учинчиси айтилмаган), Исонинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши, охирги аломат Ямандаги, Аданнинг чуқури қаъридан чиқадиган олов. У биронта одамни қолдирмай маҳшарга ҳайдаб боради».*
*(Имом Муслим 2901, Имом Термизий. 2274).
Шу маънода, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан бошқа ҳадис ҳам ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан чиқдилар. Биз қиёмат ҳақида гаплашиб ўтирган эдик. “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди, – дедилар. – Қуёшнинг мағрибдан чиқиши, Дажжол, тутун, ер ҳайвони, Яъжуж ва Маъжуж, Исо ибн Марямнинг чиқиши, уч марта ер ютиши – машриқда, мағрибда ва Араб жазирасида, Аданнинг қаъридан чиқадиган олов. У одамларни маҳшарга ҳайдайди. Одамлар тунда ухласалар ҳам кундуз куни мизғисалар ҳам олов улар билан бирга бўлади (яъни улардан ажрамайди)”».*
*( Имом Муслим 2901. Имом Термизий. 2274).
Имом Қуртубий айтади: “Юқоридаги ҳадисда, қиёмат аломатлари умумий равишда, тартибсиз келтирилган. Биринчи ҳадисда эса “сўнгра” лафзини ишлатиш орқали тартиб ифодаланган. Лекин Ҳузайфанинг яна бошқа ҳадисида тартиб аниқ баён қилинган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларида эдилар. Биз пастроқда ўтирган эдик. Бизнинг олдимизга чиқиб:
“Нимани эсга оляпсизлар?” деб сўрадилар. “Қиёматни”, деб жавоб бердик биз. “Ўнта аломатни кўрмагунингизгача қиёмат бўлмайди, – деб санай бошладилар: – Машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш, Араб жазирасидаги ер ютиш, тутун, Дажжол, ер ҳайвони, Яъжуж ва Маъжуж, қуёшнинг мағрибдан чиқиши, Адан қаъридан чиқадиган олов. У одамларнинг орқасидан (қувиб) юради”».*
*(Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китобидан).
«Ҳадиснинг баъзи ровийлари: “Ўнинчи аломат – Исо ибн Марямнинг тушиши”, десалар, бошқалари: “Одамларни денгиз томон ҳайдайдиган шамол”, дейдилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу аломатларнинг энг аввалгиси уч марта ер ютиши. Уларнинг бири Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида рўй берган.
Абул-Фараж ибн Жавзий шундай ҳикоя қилади: “Ироқда жуда қаттиқ зилзила ва ер ютиши содир бўлди. Бу офат туфайли кўп халқлар ҳалок бўлди”.
Қуртубий айтади: “Устозларимизнинг биридан эшитган эдик. Андалуснинг шарқидаги Қатартанда деган қишлоқда зилзила бўлган ва тоғ қулаб, қишлоқни бутунлай босиб қолган.
Дўстларимизнинг бири хабар беришича, Тарсаҳ қишлоғида ҳам қаттиқ ер силкиниши рўй берган. Уйларнинг девор ва шифтлари босиб тушган. Қишлоқ аҳлидан жуда оз сонли кишилар саломат қолганлар”.
Ҳадисда, ер ҳайвони Яъжуж ва Маъжуждан олдин чиқиши айтилган. Аслида, қиёматнинг биринчи аломати – Дажжолнинг чиқиши бўлиб, сўнгра Исо ибн Марям тушади. Кейин Яъжуж ва Маъжуж чиқади. Аллоҳ таоло уларни бўйнига “нағаф”* (нағаф – туя ва қўйларнинг бурнига тушадиган қурт) қуртини тушириб, ҳалок қилгач, пайғамбар Исо ибн Марям (алайҳиссалом)нинг ҳам жонини олади. Исо (алайҳиссалом)дан кейин, одамлар секин-аста Ислом динини унута бошлайдилар. Инсонлар ўзларининг аввалги жоҳилий одатларига секин-аста қайтадилар. Ҳар сафар Аллоҳ бандаларига огоҳлантирувчи (элчи) юбориб, ҳужжат қоим қилгандан кейин рўй берганидек, одамлар яна куфр ва фосиқликка қайтадилар. Шунда Аллоҳ ердан бир ҳайвонни чиқаради. У мўминни кофирдан ажратади. Кофирларни куфрдан, фосиқларни фисқу фужурдан қайтаради. Сўнгра ер ҳайвони ғойиб бўлади. Одамларга эса озгина муҳлат берилади. Агар улар ўз туғёнларида давом этсалар, қуёш мағрибдан чиқади. Бундан кейин кофир ва фосиқларнинг тавбаси қабул бўлмайди. Жинлар ва инсонлардан ибодат масъулияти бекор бўлади. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Агар ибодат қилиш масъулияти улардан соқит бўлса, уларнинг ер юзида туришларидан маъно қолмайди. Уламолар шундай дейишган (Валлоҳу аълам).
Ўн аломатдан бири бўлган тутун ҳақида Али, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ибн Абу Мулайка ва Ҳасан: “Аллоҳ таолонинг ушбу оятида келган тутун – ўша аломатлардан биридир”, деб айтганлари ривоят қилинган.
«Бас, осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кут».
«(У) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир» (Духон сураси, 10–11-оятлар).
Ер ҳайвони ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга одамлар оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб беради» (Намл сураси, 82-оят).
Муфассирлар ер ҳайвонини шундай таърифлайдилар: “У жуда баҳайбат бўлиб, Сафо тоғининг ёриғидан чиқади. Ёнидан ўтган ҳар бир киши мўмин бўлса, ҳайвоннинг юзи ёришиб, пешонасида “мўмин” деган ёзув пайдо бўлади. Кофир ўтса, юзи қораяди ва пешонасига “кофир” деб ёзилади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг айтишича: “Ер ҳайвони жассосанинг ўзидир” (жассоса ҳақида китобимизнинг кейинги саҳифаларида тўхталиб ўтамиз).
Аломатларнинг охиргиси Ямандан чиқадиган олов. Бир ҳадисда “Адан қаъридан” дейилган бўлса, бошқа ҳадисда “Ҳижоз еридан” деб айтилган.
Қози Иёз айтади: Эҳтимол иккита олов одамларни маҳшарга йиғиши мумкин ёки олов аввал Ямандан чиқиб, кейин Ҳижозда зоҳир бўлиши мумкин.
Қуртубий айтади: “Ҳижоздан чиқадиган олов, чиқиб бўлган”. Одамларни маҳшарга ҳайдайдиган олов ҳали чиқмади. У Ямандан чиқади. Қуёшнинг мағрибдан чиқиши ҳақида Худо хоҳласа бошқа ўринда сўз юритамиз.
Аллоҳ таолонинг: «Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди» (Қамар сураси, 1-оят).
Ояти каримаси ҳақида ривоят қилинишича, Макка аҳли Расулуллоҳдан мўъжиза кўрсатишни сўраганларида, уларга ойни иккига бўлинган ҳолида кўрсатдилар. Ойлар тоғнинг икки томонида турар эди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гувоҳ бўлинглар”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Дажжол чиқишидан олдин бўладиган аломатлардан бири, уч йил қаҳатчилик бўлади. Одамлар қаттиқ машаққат, очлик ва фақирлик ичида қоладилар.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“...Дажжол чиқишидан олдин уч йил қаҳатчилик бўлади. Одамлар очарчиликка йўлиқадилар. Биринчи йил Аллоҳ осмонга ёмғирнинг учдан бирини ушлаб қолишни, ерга ҳам ўсимлигининг учдан бирини ушлаб қолишини буюради. Иккинчи йили Аллоҳ осмонга ёмғирнинг учдан иккисини ушлаб қолишни, ерга ўсимлигининг учдан иккисини ушлаб қолишини буюради. Учинчи йили келганда, Аллоҳ осмонга ҳамма ёмғирни ушлаб қолишини буюради. Бир томчи ҳам ёмғир тушмайди. Ерга ҳамма ўсимлигини ушлаб қолишини буюради. Биронта кўкат ердан униб чиқмайди. Биронта уй ҳайвони ҳам ёввойи ҳайвон ҳам қолмай, ҳалок бўлади, магар Аллоҳ хоҳлагани бундан мустасно».
“Одамлар у замонда нимани истеъмол қилишади”, деб сўралди.
Таҳлил, такбир, тасбеҳ, таҳмид (айтишади). Булар одамларга овқат ўрнига ўтади”, деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам”.*
*(Ибн Можа 4077. Абу Довуд 4322).
Дажжол қаердан чиқиб, қаергача етиб боради?
Дажжол шарқдан, аниқроғи, Хуросондан... Исфахоннинг Яҳудийя номли қишлоғидан чиқади. Сўнгра Ироқ билан Шом ўртасидаги Ҳижоз ерига боради. Бу малъун, узоқ масофаларни тезлик билан босиб ўтишда, ерни тез суратда айланиб чиқишда ғайриоддий қудратга эга. Шунинг учун унга “Дажжол” деб ном берилган. Дажжол сўзининг луғавий маъноларидан бири “Ерни кесиб ўтувчи” деганидир. У ер юзини хачирга ўхшайдиган думсиз эшагига миниб, айланиб чиқади. Аввалги сахифаларда айтиб ўтганимиздек, эшагининг икки қулоғи ораси қирқ зироъ келади. Дажжол шамол ҳаракатлантирган ёмғирли булут каби, ер юзида тез суратда ҳаракат қилади. Бу ҳам Аллоҳ бандаларига юборадиган синовлардан ҳисобланади. Баъзи ҳадисларда зикр қилинишича, унинг эшаги босган ҳар бир қадам бир милга тенг келар экан. Эшак на текисликни на дўнгликни ва на чуқурликни қолдирмай, ҳаммасини босиб ўтади.
Дажжол ер юзида қанча муддат туради?!
У ер юзида қирқ кун туради. Аммо бу қирқ кун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатлаганларидек бизнинг қирқ кунимиз каби эмас.
“...Биз айтдик: “Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қанча туради?”
У Зот айтдилар: “Қирқ кун туради. Бир куни бир йилдек, яна бир куни бир ойдек, яна бир куни бир ҳафтадек. Қолган кунлари, сизларнинг кунингизга ўхшаш”. “Эй Расулуллоҳ! Мана шу бир йилга тенг келадиган кунда, бир кеча-кундуздаги (5 маҳал) намоз бизга кифоя қиладими?” “Йўқ. Ўзингиз белгилаб (ўқийверинглар)”.
“Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қандай тезликда ҳаракат қилади?”
“Ортидан шамол эсган ёмғирли булут каби. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар...”*
*(Имом Муслим 2937. Имом Термизий 2240).
Дажжол, Байтул-Мақдисда, Масиҳ Исо ибн Марям қўлида ҳалок бўлади.
Ҳадиси шарифда шундай келган:
“Сўнгра Исо алайҳиссалом тушиб, Саҳар вақтида (одамлар олдига) боради. Улар айтадилар: “Бу киши (ким?). “Бориб қарасалар, Исо ибн Марям алайҳиссалом бўлади. Намозга такбир айтилгач, “(Имомлик қилиш учун) олдинга ўтинг, эй (Аллоҳнинг) Руҳи”, дейилади. У айтади: “Имомингиз марҳамат қилиб (олдинга ўтсин) ва сизларга намоз ўқиб берсин. Бомдод намозини ўқиб бўлингач, ҳаммалари Дажжолнинг олдига чиқадилар. Лаънати каззоб – Дажжол, Исо ибн Марямни кўрган заҳоти, туз сувда эриганидек эриб кетади. Сўнгра Исо Дажжолни ўлдиради. Ҳаттоки дарахт ва тошлар (тилга кириб) нидо қилади:
“Эй Руҳуллоҳ (Исо ибн Марям)! Мана бу (орқамга беркинган) яҳудий (Дажжолнинг тобеларидан). Исо алайҳиссалом улардан биронтасини қолдирмай, ҳаммасини ҳалок қилади.
Дажжолга ҳаром қилинган маконлар
Айтиб ўтганимиздек, Дажжолнинг қадами барча шаҳар ва қишлоқларга етади. Лекин муққаддас шаҳарлар бўлган Макка ва Мадина бундан мустасно.
Макка – Аллоҳнинг шаҳри. Унинг Ўзи шаҳрини ҳар қандай тажоввуз ва ёмонликдан, босқинчи ва хиёнаткордан асрайди. Макка – тавҳид байроғи ер юзида биринчи бўлиб кўтарилган макондир.
«Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир».
«Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлга қодир бўлганларга Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 96-97-оятлар).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб борган макон. Аллоҳ уни ёқимли, хушбўй қилгани учун “Таййиба” номини олди. Бу шаҳар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратлари туфайли мунаввар бўлди. Ул зотнинг қабрлари ҳам ўша ерда бўлгани учун шаҳарнинг нури, кўркамлиги янада зиёда бўлди. Аллоҳ унинг тупроғини ҳам хушбўй, ёқимли қилди. Расулуллоҳ Мадинага барака сўраб дуо қилганлар. Аллоҳ унинг меваларига, тошу тарозусига барака берган.
Ҳадиси шарифда келишича:
“Бу икки муборак шаҳар малъун Дажжолга ҳаром бўлиши ҳақиқат. Аллоҳ дунё ва охиратда уни хор қилсин”.*
*(Ибн Ҳишом “Сийрат”идан).
Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Бирон бир шаҳар йўқки Дажжолнинг қадами етмаган бўлса, магар, Макка ва Мадина бундан мустасно”.**
**(Имом Бухорий 3/28. Имом Муслим 2943).
Анасдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол Макка ва Мадинадан ташқари ҳамма шаҳарларга киради. Бу икки шаҳарнинг ҳар бир дара ва сўқмоқларида, фаришталар саф тортган ҳолда қўриқлаб турадилар. Дажжол (шаҳар ташқарисидаги) тақир ерга тушганида, ер уч марта силкинади. Кофир ва мунофиқларнинг ҳаммаси (икки ҳарамни ташлаб) Дажжолнинг олдига чиқадилар”.***
***(Имом Муслим 2943. Ибн Хиббон 8/284).
Бошқа ҳадисда бундай дейилган:
“Дажжолнинг оёғи, биронта маконга етмай қолмайди. Лекин Макка, Мадина, Байтул-мақдис ва Тур тоғи бундан мустасно. Чунки фаришталар уни бу жойлардан қувиб чиқаради”.****
****(Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китоби).
Маълумки, Байтул-мақдис Каъбадан кейин ибодат учун қурилган иккинчи уйдир. Аксар пайғамбарлар шу ерга юборилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож кечасида, аввало Байтул-мақдисга борганлар. У Шунингдек, аввалги пайғамбарларнинг қибласи ҳамдир. Аллоҳ Каъбани қибла қилиб белгилагунига қадар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Байтул-мақдисга юзланиб намоз ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож кечасида Байтул-мақдисда барча пайғамбарларга (Одамдан Исо алайҳимуссаломгача) имом бўлиб намоз ўқидилар.
Тур тоғи – пайғамбар Мусо алайҳиссалом билан Оламларнинг Роббиси Аллоҳ ўртасида бўлган бевосита суҳбатга гувоҳ бўлган тоғдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун Ўзимизни яқинлаштирдик» (Марям сураси, 52-оят).
Аввал бошида пайғамбарликни, сўнгра ҳаддидан ошиб, илоҳликни даъво қилиб, “Мен Аллоҳман” деб айтишга журъат қиладиган каззоб – Дажжол юқорида зикр қилинган муқаддас маконларга кира олмаслиги аниқ ҳақиқатдир.
Бизга Дажжолни кўриш тақдир қилинадими ёки йўқми, унинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Чунки у – фитна. Жуда катта фитна. Ёмонлик. Кенг тарқаладиган ёмонлик. Буюк Аршнинг соҳиби бўлган Аллоҳдан сўраймиз, Дажжолнинг ёмонлигидан қиёмат кунигача бизга кифоя қилсин. Омин.
Дажжол одамларни нимага чақиради?
Дажжол ишининг бошида Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбарлигини даъво қилади ва одамларни ўзининг пайғамбарлигини тасдиқлашга чақиради. Ўзини пайғамбарларнинг охиргиси эканини даъво қилади.
Тўғрисўз Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хабар берадилар:
“Дажжол ишининг бошида шундай дейди: “Мен Аллоҳнинг Набийсиман. Мендан кейин биронта пайғамбар келмайди».
Каззоб бу билан кифояланмай, нодонлиги ва аҳмоқлиги шу даражага етадики, ўзини Аллоҳлигини ва инсонларининг Роббиси эканини даъво қилиб, “Мен сизларнинг Роббингизман”, дейди.
Бу хусусда келган саҳиҳ ҳадислар мажмуасини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Сафийнадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мендан олдин ўтган Набий борки, умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Унинг чап кўзи ғилай. Ўнг кўзининг устида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасида “кофир” деб ёзилган бўлиб, Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир мўмин уни ўқий олади. Унинг икки анҳори бўлиб, бири жаннат, бошқаси дўзахдир. У билан икки фаришта бўлиб, улар икки пайғамбарга ўхшаб кетади. Хоҳласам, уларнинг ва оталарининг исмини айтиб беришим мумкин. Бири Дажжолнинг ўнг томонида, бошқаси чап томонида бўлади.
Дажжол: “Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми? Тирилтираман, ўлдираман”, дейди.
Фаришталардан бири айтади: “Ёлғон айтдинг”. Лекин (унинг гапини) шеригидан бошқа биронта инсон эшитмайди. Иккинчи фаришта шеригига: “Рост айтдинг”, деб гапини тасдиқлайди. Одамлар унинг гапини эшитиб, Дажжолнинг гапини тасдиқлаяпти, деб ўйлайдилар. Бу фитна бўлади. Сўнгра йўлида давом этиб, Мадинага етиб келади. (Шаҳарга киришга) унга рухсат берилмайди. “Бу ўша кишининг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни назарда тутиб) шаҳрими?” деб сўрайди.
Сўнгра йўлида давом этиб, Шомга етиб келади. Аллоҳ уни Афиқ тепалигида ҳалок қилади».*
*(Имом Аҳмад 5/221, 222).
Самура ибн Жундубнинг ҳадисида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Дажжол – чап кўзи ғилай бўлиб, устида ортиқча эт (тери) бўлган ҳолда чиқади. У пес ва моховларни даволайди, ўликларни тирилтиради. Ва (одамларга қарата): “Мен сизларнинг Роббингизман” – дейди. Кимда-ким: “Сен менинг Роббимсан” деса, Дажжол фитнасига тушади. Кимки: “Менинг Роббим Аллоҳ азза ва жалла” деб, ўлгунича шу (эътиқодда) бўлса, унинг фитнасидан қутилиб қолади. Унга фитна ҳам азоб ҳам бўлмайди. Дажжол ер юзида Аллоҳ хоҳлаганича туради. Сўнгра Мағриб томондан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва динларини тасдиқ этиб Исо алайҳиссалом келади. Бас, Дажжолни ўлдиради. Сўнгра қиёмат қоим бўлади”.**
**(Имом Аҳмад 5/13).
Самура ибн Жундубнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дажжолни эслаб, шундай дедилар: “У чиққан вақтда, ўзини “Аллоҳ” деб даъво қилади. Ким унга иймон келтирса, гапини тасдиқлаб эргашса, аввал қилган солиҳ амали унга фойда бермайди. Кимда-ким унга кофир бўлса ва “ёлғончи” деса, (Аллоҳ ҳузурида) ўтмишда қилган гуноҳлари туфайли жазоланмайди. Дажжол ер юзига эгалик қилади, фақат Ҳарами шарифга (Макка) ва Байтул-мақдисга кира олмайди. У Байтул-мақдисдаги мўминларни қамал қилади.
Аҳмад ибн Ҳанбал ўз муснадида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни келтиради. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дажжол дин заифлашган, илмдан юз ўгирилган вақтда чиқади. У қирқ кечада ер юзини айланиб чиқади. Унинг бир куни бир йилдек (узун), бир куни бир ойдек, яна бир куни бир ҳафтадек бўлади. Қолган кунлари эса сизларнинг кунингизга ўхшаш. У икки қулоғининг ўртаси қирқ зироъ келадиган эшагини миниб юради. Одамларга: “Мен сизларнинг Роббингизман”, дейди. У ғилайдир, Роббингиз ғилай эмас. Икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилган бўлиб, ўқишни билган ва билмаган ҳар бир мўмин уни ўқий олади. Дажжол қуруқлик бўлсин, сув бўлсин, ҳамма ерга етиб боради. Фақатгина Мадина ва Маккага киришни Аллоҳ унга ҳаром қилади. Бу шаҳарларнинг эшикларида фаришталар (қўриқлаб) турадилар. Унинг нондан қилинган тоғи бўлади. Унга эргашмаган инсонлар қаттиқ машаққат (очарчилик)да бўладилар. Унинг икки дарёси бўлиб, уларни Дажжолдан кўра мен яхшироқ биламан. Бир дарёсининг номи “жаннат”, бошқасининг номи “дўзах”. У кимни “жаннат” деб номланган дарёга киритса, ҳақиқатда дўзахга кирган бўлади. Кимни “дўзах” деб номланган дарёга киритса, аслида жаннатга кирган бўлади. У билан шайтонлар жўнатилади. Улар одамларга гапирадилар. Дажжол билан жуда катта фитна келади. Осмонга буюрса, инсонлар кўз ўнгида ёмғир ёғади.У бир кишини ўлдиради, кейин инсонлар кўз ўнгида уни қайта тирилтиради. Сўнгра инсонларга қарата: “Эй инсонлар, шунга ўхшаш ишларни фақатгина яратувчи бажара олади-ку!” дейди. Одамлар Шомдаги Духон номли тоққа қочадилар. Дажжол йўл босиб, уларнинг олдига келади, уларни қаттиқ қамал қилади ва ҳолдан тойдиради. Сўнгра Исо алайҳиссалом тушиб, саҳар вақтида инсонлар олдига келади.
“Эй инсонлар! Бу ёвуз каззобнинг олдига чиқишдан сизларни нима манъ қиляпти?” дейди у. Одамлар: “Бу киши (ақлдан озган шекили)” дейдилар. Ва олдига бориб қарасалар, Исо ибн Марям алайҳиссалом эканлиги маълум бўлади. Намозга такбир айтилгач, “(Имомлик қилиш учун) Олдинга ўтинг, эй (“Аллоҳнинг руҳи”) дейилади.
У айтади: “Имомингиз марҳамат қилиб (олдинга ўтсин) ва сизларга намоз ўқиб берсин. (Сўнгра) Дажжолнинг олдига чиқадилар. Лаънати каззоб – Дажжол, Исо ибн Марямни кўрган заҳоти, туз сувда эриганидек эриб кетади. Ҳаттоки дарахт ва тошлар (тилга кириб) нидо қилади: “Эй Расулуллоҳ (Исо ибн Марям), мана бу (орқамга беркинган) яҳудий (Дажжолнинг тобеларидан)». Исо ибн Марям улардан биронтасини қолдирмай, ҳаммасини ҳалок қилади”.*
*(Ибн Аби Шайба 15/151).
Дажжолнинг фитналари
Дажжол чиққач, аввало пайғамбарликни даъво қилади. Кейин ўзини ибодат қилинадиган Аллоҳ деб эълон қилади. Одамларга «Мен сизларнинг Роббингиз эмасманми?” дейди. Дажжол бу даъвони қилишдан олдин ғайриоддий ҳодисалар ёки мўъжизалар рўй беради. Аслида улар, Аллоҳ таоло бандаларини синаш учун юборган фитна-синовлар бўлади. Бу ҳодисаларни кўриб, мўминнинг иймони зиёдалашса, кофир залолатга чуқурроқ ботади. Унга эргашганлар эса ҳалок бўладилар.
Дажжолнинг фитналаридан бири: Аллоҳ таолонинг иродаси билан ўликларни тирилтириши. Ёш, бақувват бир йигитни чақириб, қиличи билан уни икки бўлакка бўлиб ташлайди. Сўнгра йигитни туришга буюради. Йигит гўё ҳеч нарса бўлмагандек, кулиб туриб кетади.
Унинг фитналаридан яна бири: У осмонга ёмғир ёғдиришни буюради, бас, осмондан ёмғир ёғади. Ерга ўсимлик ундиришни буюради, бас, ердан кўкат униб чиқади. Ҳатто чорва моллар (яйловдан) олдингидан кўра семизроқ ва каттароқ бўлиб, елинлари сутга тўлиб қайтади. Сўнгра одамлар қошига келиб, уларни ўзига ибодат қилишга чақиради. Инсонлар бош тортиб, даъватидан юз ўгирадилар. Шунда ер, гўё унда аввал ўсимлигу наботот ўсмагандек, харобазорга айланади. Одамлар қўлларида биронта мол-мулклари қолмай қайтадилар. Ер бўшаб, тақир бўлиб қолади. Мол-дунёлар йўқ бўлиб кетади.
Дажжолнинг фитналаридан яна бири: У харобазорлардан ўтиб кета туриб, унга хазиналарини чиқаришни буюради. Шу заҳоти хазиналар тўзғиган аридек чиқиб келади.
Унинг фитналаридан яна бири: Дажжол бир кишини чақириб айтади: “Агар ота-онангни қайта тирилтирсам, менинг худолигимга гувоҳлик берасанми?”
“Ҳа” дейди киши. Шунда икки шайтон унга ота ва она суратида кўриниб: «Эй ўғлим, унга эргашгин, у сенинг Роббинг” дейди”.
Яна бир фитнаси: Унинг жаннати ва дўзахи бўлади. Аслида дўзахи жаннат ва жаннати эса дўзахдир. Ким унга эргашса, жаннат деб ўйлаган анҳорга киргизади. Лекин у дўзахга кирган бўлади. Кимда-ким унга осий бўлса, “дўзах” деб билган анҳорга отади. Аслида уни жаннатга киргазган бўлади.
Унинг бу фитна ва тузоқларининг ҳаммаси ишончли, саҳиҳ ҳадисларда келган. Дажжолнинг (Аллоҳнинг лаънати бўлсин) кимлиги бизга янада равшан бўлиши учун шунга ўхшаш фитналар ҳақида хабар берган баъзи ҳадисларни келтириб ўтамиз.
Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дажжол чиққанда, мўминлардан бир киши унинг олдига боради. (Йўлда) қуролланган кишилар – Дажжолнинг кишиларига дуч келади. Улар: “Қаерга боришни қасд қилдинг?” деб сўрайдилар. У: “Ўша чиққан киши (Дажжол)нинг олдига боришни қасд қилдим”, дейди.
– Унинг Роббимиз эканига ишонмайсанми?
– Роббимизда махфийлик йўқ.
– Ўлдиринглар уни.
Баъзилари айтади: “Роббингиз (яъни Дажжол) ўзи йўғида биронтасини ўлдиришингиздан сизларни қайтармаганмиди?” Бошқалари айтади: “Юринглар, уни Дажжол олдига олиб борамиз”.
Мўмин киши Дажжолни кўрган заҳоти: “Эй инсонлар! Ахир бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилган Дажжол-ку!” дейди. Дажжол (одамларига) буюради. Мўмин киши қорни билан ерга ётқизилади. Дажжол: “Уни ушлаб, бошини ёринглар”, дейди. Мўмин кишининг орқаси ва қорнига кўп урадилар. Дажжол: “Менинг (худолигимга) иймон келтирмайсанми?” дейди.
Киши: “Сен каззоб, Масиҳи Дажжолсан” дейди.
Кейин у мўмин кишининг боши ўртасидан арра билан аралашга буюради. Уни икки оёғи орасигача аралаб, иккига бўлиб юборилади. Сўнгра Дажжол икки бўлакнинг ўртасига келиб “Тур” дейди. У аввалгидек расо одам бўлиб ўрнидан туради.
Дажжол: “Энди менга иймон келтирарсан?”
Мўмин киши: “Сенинг (кимлигинг) ҳақида ақлим янада зиёдалашди”.
Сўнгра айтади: “Эй инсонлар! Дажжол мендан кейин биронта инсонни, мен каби ҳолатга сола олмайди”.
Дажжол мўмин кишини сўйиш учун ушлайди. Унинг бўйни билан ўмрови ўртасига пичоқ қўяди. Лекин (сўйишга) қодир бўлмайди.
Дажжол мўмин кишининг қўл ва оёғидан ушлаб дарёсига улоқтиради.Одамлар “Дажжол уни дўзахга улоқтирди”, деб ўйлайдилар. Аслида, уни жаннатга ташлаган бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Бу (мўмин киши) оламлар Роббиси ҳузурида шаҳидларнинг энг улуғидир”.*
*(Имом Муслим 2938. Имом Бухорий 3/28).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Дажжол келади. Лекин у учун Мадинага кириш ҳаром қилинган бўлади. Мадина яқинидаги гиёҳсиз тақир ерга етиб келади. (Мадинадан) одамларнинг яхшиси ёки яхшиларидан бири унинг олдига чиқиб шундай дейди: “Гувоҳлик бераманки, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида баён қилган Дажжолсан».
Дажжол айтади:
“Агар мен бу (кишини) ўлдирсам (кейин тирилтирсам), менинг ишим (яъни худолигим) ҳақида шубҳаланасизларми?”
Одамлар: “Йўқ”, дейдилар. Дажжол уни ўлдириб, сўнгра тирилтиради. Киши айтади: “Аллоҳга қасамки, сен ҳақингда фикрим ҳеч қачон ҳозирчалик қатъийроқ бўлмаган”.
Дажжол уни яна ўлдиришни хоҳлайди. Лекин Аллоҳ ундан бу қудратни тортиб олади”.**
**(Имом Муслим 2943. Имом Бухорий 3/28).
Абу Умома ал-Боҳилий шундай дейди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба ўқидилар. Хутбаларининг аксарида Дажжол ҳақида гапириб, бизни огоҳлантирдилар ва шундай дедилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгандан бери ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлган эмас. Албатта, Аллоҳ жўнатган ҳар бир пайғамбар ўз умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен охирги пайғамбарман, сизлар эса охирги умматсизлар. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. У чиққанда орангизда бўлсам, мен ҳар бир мусулмон учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб бўламан). Агар мендан кейин чиқса, ҳар ким ўзи ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга (ёрдам беради). Дажжол Шом билан Ироқ ўртасидаги Хулла деган жойдан чиқади. Ўнг ва чап тарафларни босиб ўтади. Эй Аллоҳнинг бандалари, эй инсонлар, собитқадам бўлинглар. Мендан олдин биронта пайғамбар унинг сифатларини айтмаган, мен сизларга айтиб бераман. У ишининг бошида «Мен Аллоҳнинг Набийсиман” дейди. (Билингларки) мендан кейин набий келмайди. Сўнгра ҳаддидан ошиб, “Мен сизларнинг Роббингизман” дейди. (Билингларки) ўлмагунингизча Роббингизни кўрмайсизлар. У ғилай бўлади. Роббингиз ғилай эмас. Унинг икки кўзи ўртасига “кофир” деган ёзув бўлиб, ўқишни билган ва билмаган ҳар бир мўмин уни ўқий олади. Унинг фитналаридан бири, унинг жаннати ва дўзахи бўлади. Аслида, дўзахи жаннат ва жаннати эса дўзахдир. Кимда-ким унинг дўзахига тушиш билан имтиҳон қилинса, Аллоҳдан паноҳ тиласин ва Каҳф сурасининг аввалини ўқисин. Олов Иброҳим (алайҳиссаломга) салқин ва саломатлик бўлгани каби Дажжолнинг олови ҳам унга салқин ва саломатлик бўлади. Унинг фитналаридан яна бири, бир аъробийга айтади: “Агар ота-онангни қайта тирилтирсам, Роббинг эканимга гувоҳлик берасанми?”
У: “Ҳа”, дейди.
Унга икки шайтон ота-онаси суратида гавдаланиб, айтадилар:
“Эй ўғлим, унга эргаш. У сенинг Роббинг”.
Дажжолнинг фитналаридан яна бири, у бир кишига устун бўлиб, уни ўлдиради. Арра билан уни аралаб, икки бўлакка бўлиб ташлайди. Сўнгра одамларга шундай дейди:
“Қаранглар бандамга. Мен уни ҳозир қайта тирилтираман. Сўнгра у мендан бошқа Роббиси борлигини даъво қилади. Аллоҳ у кишига қайта жон берганда, ёвуз, каззоб унга шундай дейди: “Роббинг ким?” У айтади: “Роббим Аллоҳдир. Сен Аллоҳнинг душманисан. Сен Дажжолсан. Аллоҳга қасамки, сен ҳақингда фикрим ҳеч қачон бугунчалик қатъийроқ бўлмаган”.*
*(Имом Муслим 2943. Имом Бухорий 3/28).
Навос ибн Самъон Килобийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш вақтида Дажжолни эсга олдилар, уни камситдилар ва фитнасини катта санадилар. Ҳатто биз уни хурмозор тарафда, деб гумон қилиб қолдик. Сўнгра шундай дедилар:
“Мен сизларга Дажжол чиқишидан қўрқмайман. Агар у Мен сизларнинг орангизда бўлган вақтимда чиқса, Ўзим ҳар бирингиз учун у билан ҳужжатлашаман. Агар мен сизларнинг орангиздан кетган вақтимда чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга (ёрдам беради). У сочи жингалак, кўзи узумдек бўртиб чиққан ёш йигитдир. Мен уни худди Абдул-Уззо ибн Қатанга ўхшатаман. Кимда-ким унга дуч келса, Каҳф сурасининг аввалини ўқисин. Дажжол Шом билан Ироқ ўртасидаги Хулла деган жойдан чиқади. У ўнг ва чап тарафларда фасод тарқатади. Эй Аллоҳнинг бандалари, собитқадам бўлинглар”.
Биз сўрадик: “Эй Расулуллоҳ! У ерда қанча туради?”
“Қирқ кун. Бир куни бир йилга тенг, яна бир куни бир ойга тенг, яна бир куни бир ҳафтадек, қолган кунлари эса сизларнинг кунингиз кабидир”, деб жавоб бердилар.
Биз яна сўрадик:
“Эй Расулуллоҳ! Мана шу бир йилга тенг келадиган кунда, бизга бир кунлик (5 маҳал) намоз кифоя қиладими?”
“Йўқ. Ўзингиз белгилаб (ўқийверинглар)” деб айтдилар.
“Эй Расулуллоҳ! Ер юзида у қандай тезликда ҳаракат қилади?” сўрадик биз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
“Шамол ҳайдаётган ёмғирли (булутга) ўхшайди. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар. Шунда у осмонга буюради, бас, ёмғир ёғади. Ерга буюрса, кўкат ундиради. Одамларнинг чорва ҳайвонлари кечқурун (яйловдан) катталашиб, елинлари сутга тўлиб, биқинлари семириб қайтади. Сўнгра бошқа қавмга келиб даъват қилади. Улар Дажжолнинг сўзини рад қиладилар. Дажжол улардан юз ўгириб кетганда, ерлар ҳосилсиз бўлиб, қўлларидаги молу дунёларидан бирон нарса қолмайди. У хазиналар (кўмилган) жойдан ўтаётиб, “хазиналарингни чиқар” дейди. Хазинаю дафиналар, асаларилар она арига эргашганидек, унинг ортидан эргашиб юрадилар.
Сўнгра барваста, ёш йигитни чақиради, уни қиличи билан уриб, ўқ етиб борадиган масофагача бўлакка бўлиб ташлайди. Сўнгра йигитни чақиради. Йигит юзи ёришиб (гўё ҳеч нарса бўлмагандек) кулиб келади. Дажжол шу ҳолатда турганда, Аллоҳ таоло Масиҳ ибн Марямни жўнатади. У Дамашқнинг шарқидаги оқ минора ёнига, сариқ кийим кийган, қўлини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолда тушади. Исо ибн Марям бошини эгса сув томади. Агар кўтарса, маржондек терлар оқади. Унинг нафаси етган кофир ўлмасдан қолмайди. Нафаси эса кўзи етган жойгача етади. У Дажжолни қидиради. Ниҳоят Лудда дарвозаси ёнида топиб, уни ўлдиради. Сўнгра Исо алайҳиссалом Аллоҳ Дажжолдан сақлаган қавмнинг олдига боради. Улардан қўрқув ва машаққатни кетказиб, жаннатдаги даражалари ҳақида гапириб беради. Ҳолат шундай бўлиб турганда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилади: “Мен, уларга қарши жанг қилишга биронтасининг қудрати етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бандаларимни Тур тоғига (олиб чиқиб) сақлагин”. Аллоҳ Яъжуж-Маъжужни жўнатади.
«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида» (Анбиё сураси, 96-оят).
Уларнинг аввалгилари Табария кўлидан ўтиб, унинг сувини ичиб қўядилар. Охиргилари ўтаётганда, “Бу ерда олдин сув бор эди”, деб айтадилар. Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари қамал қилинади. Ҳаттоки улардан бирига ҳўкизнинг боши, бугунги кундаги сизларнинг юз динорингиздан афзал бўлади (яъни қаттиқ очарчилик бўлади). Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари дуо-илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло Яъжуж ва Маъжуж бўйнига “нағаф” *(нағаф – туя ва қўйларнинг бурнига тушадиган қурт) қуртини туширади. Улар бир одам ўлимидек, ҳаммалари ўлиб битадилар. Сўнгра Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Бир қарич ҳам бўш ер топа олмайдилар. Ҳамма ёқни Яъжуж ва Маъжуж жасади ва бадбўй ҳиди босиб кетган бўлади. Исо ва асҳоблари яна дуо-илтижо қиладилар. Аллоҳ ёмғир ёғдиради. Ёмғир тошли уй бўлсин, жунли уй бўлсин, ҳаммасига тушади. Ерни ювиб, ойнадек (силлиқ ва покиза) қилиб қўяди.
Сўнгра ерга айтилади:
“Меваларингни ундир, баракангни қайтар”. Ўша вақтда бир гуруҳ (одамлар) бир дона хурмони еб (тўядилар) ва унинг шохи остида ҳаммалари сояланадилар. Аллоҳ таоло сутга барака беради. Ҳаттоки бир ҳомиладор туянинг (сути) бир гуруҳ одамга кифоя қилади. Ҳомиладор сигирнинг (сути) бир қабиланинг одамларига етади. Ҳомиладор қўйнинг (сути) бир уруғ аҳлига етарли бўлади. Улар шундай ҳолатда эканликларида Аллоҳ хушбўй шамолни жўнатади. У одамларнинг қўлтиқлари остидан эсиб ўтади. Шу билан Аллоҳ ҳар бир мўмин ва муслимнинг жонини олади. (Ер юзида) фақат ёмон одамлар қолади. Улар эшаклар каби аёллар билан ошкора яқинлик қиладилар. Уларнинг устига қиёмат қоим бўлади.
Бошқа ривоятда: “Яъжуж-Маъжужнинг “аввал бу ерда кўл бўлар эди” деган сўзидан кейин, қуйидаги жумла келган: “Сўнгра йўлларида давом этадилар. Ниҳоят “Хамар” деган тоққа етиб келадилар. У Байтул-Мақдисдаги тоғдир.
Улар айтадилар: “Ердагиларнинг ҳаммасини ўлдириб бўлдик. Келинглар, осмондагиларни ҳам ўлдирамиз. Улар осмонга қарата ўқ ота бошлайдилар. Аллоҳ ўқларини қизил қонга бўялган ҳолда ўзларига қайтаради”.
Термизий “Жомеъ” китобида юқоридаги ҳадисни, санадларини боғлаб келтирган.
“Аллоҳ таоло Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилгач, бўйинлари туя бўйни каби йўғон қушларни жўнатади. Улар Яъжуж ва Маъжужнинг жасадларини чуқур ўрага олиб бориб ташлайдилар”.
Термизийдан бошқалар: “Қушлар Яъжуж ва Маъжужнинг жасадларини Мухаййалга олиб бориб ташлайди”, деб ривоят қилганлар (Мухаййал – кунчиқар тарафдаги денгиз).
“Мусулмонлар Яъжуж ва Маъжуждан қолган ўқ-ёйларни етти йилгача оловда ёқадилар».*
*(Имом Термизий 2166. Имом Муслим 5228).
Мўминга хушхабар
Дажжолнинг сийрати қўрқув ва ҳадикни пайдо қилади. Ҳа, унинг фитналарига алданиш, гуруҳига қўшилиб қолиш, дўзахига кириш ва ниҳоят унинг тобелари қаторида ҳалок бўлиш қўрқувини пайдо қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини Дажжолдан аниқ ва равшан қилиб огоҳлантирдилар. Биз бу ҳадисларнинг баъзисини хукмингизга ҳавола қилдик.
Шу сабабли Дажжол зикр қилинганда мўмин киши огоҳ бўлиши ва хадиксираши, табиий. Лекин ворид бўлган умумий ҳадислардан, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига меҳрибонликларини, улар учун ташвишланишларини ва уларнинг нажот топишига қанчалар иштиёқманд эканликларини билиб оламиз.
“Мен сизлар устингизга Дажжол чиқишидан қўрқмайман. У чиққанда орангизда бўлсам, мен сизлар учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб) бўламан. Агар у мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонни (ҳимоя қилади)”.
Бу сўзлар ҳар бир мўминга қалб оромини ва хотиржамликни бахш этади. Дажжол ҳақиқий мўминга зарар бера олмаслигига мана бу ҳадисни келтирамиз. Бу ҳадис эса унга янада кўпроқ хотиржамлик беради:
Хузайфадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Баъзиларингиз (томонидан содир бўладиган) фитна Дажжол фитнасидан кўра менга хавфлироқ, биронта фитна, хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта, Дажжол фитнаси олдида арзимас бўлиб қолади. Кимда-ким олдинги фитналардан нажот топган бўлса, Дажжол фитнасидан ҳам қутулиб қолади. Аллоҳга қасамки, у мусулмонга зарар бера олмайди. Унинг икки кўзи ўртасига “кофир” деб ёзилгандир”.*
*(Имом Аҳмад 5/389).
Имом Қуртубий айтади:
Агар сўрасаларки: “Нима учун ҳадисда “Дажжол мусулмонга зарар бера олмайди”, деб айтиляпти. Ахир Мадинадан унинг олдига чиққан кишини арра билан икки бўлакка ажратиб, ўлдиради-ку. Бу зарар бўлиб ҳам энг катта зарар эмасми?”
Биз шундай жавоб берамиз: “Ҳадисдан бу мақсад кўзланмаган. Балки ҳадиснинг маъноси – хақиқий мусулмон Дажжолни белгиларидан танигани учун Дажжол уни фитнага солиб, динидан чиқара олмайди. Кимнинг иймони заиф бўлса, Дажжол қўлида содир бўладиган ғайриоддий ишларни кўриб, алданади ва унга эргашади.
Валлоҳу аълам”.**
**(Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китобидан).
Масиҳ (Исо) Масиҳ (Дажжол)ни ўлдиради
Ҳадисда келдики:
...Сўнгра Исо алайҳиссалом ерга тушади. Саҳар вақтида инсонлар олдига келиб шундай дейди:
“Эй инсонлар! Бу жирканч, каззобнинг олдига чиқишдан сизларни нима тўсяпти?” Одамлар: “Бу киши (ақлдан озган шекили)” дейдилар. Ва бориб қарасалар, Исо ибн Марям эканлигини кўрадилар. Намозга такбир айтилади. “Эй (Аллоҳнинг) Руҳи, (имомлик қилиш учун) олдинги сафга ўтинг”, дейилади.
Исо айтади: “Имомингиз марҳамат қилиб (олдинга сафга ўтсин) ва сизларга намоз ўқиб берсин”.
Бомдод намозини ўқиб бўлишгач, ҳаммалари Дажжолнинг олдига чиқадилар. Каззоб Дажжол Исони кўрган заҳоти туз сувда эриганидек эрий бошлайди. Ҳаттоки дарахт ва тошлар (тилга кириб) нидо қилади: “Эй Руҳуллоҳ, бу (орқамга беркиниб олган) яҳудий (Дажжол тобеларидан)”. Исо Дажжол тобеларидан биронтасини қолдирмай ҳалок қилади”.*
*(Имом Аҳмад 3/367).
Аввалги саҳифаларда Исо ибн Марямнинг тушиши ва Дажжолни қатл этиши баён қилинган эди.
Абу Умома ал-Баҳилий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дажжол ҳақида зикр қилган вақтларида, Абу Аскарнинг қизи Умму Шурайк сўрайди:
“Эй Расулуллоҳ! (Ўша вақтда) араблар қаерда бўлади?”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: “Улар жуда оз бўлади. Аксар қисми Байтул-мақдисда бўлиб, имомлари солиҳ киши бўлади. Одамларга бомдод намозини ўқиб бериш учун олдинги (сафга) ўтмоқчи бўлганида, уларнинг олдига Исо ибн Марям алайҳиссалом тушади. Исо одамларга (имом бўлиб) намоз ўқиб бериши учун имом орқага чекинади. Исо алайҳиссалом унинг елкасига қўлини қўйиб шундай дейди: “Олдинги (сафга) ўтгин ва (одамларга имом бўлиб) бергин. Чунки сен учун (намозга) такбир айтилди”. У одамларга имом бўлиб намоз ўқийди. Намоз тугагач, Исо алайҳиссалом айтади: “Эшикларни очинглар”.
Бас, эшиклар очилади. Ташқарида Дажжол, етмиш минг Бани Исроил яҳудийлари билан турган бўлиб, ҳаммаси яланғочланган қилич ва аслаҳалар билан қуролланган бўлади. Дажжол Исони кўрган заҳоти сувда эриган туздек эрийди ва орқасига қоча бошлайди. Исо унга қарата: “Мен сенга бир зарба беришим керак. Менинг зарбамдан қочиб, қутула олмайсан”, дейди.
Исо Дажжолга Дамашқ шарқидаги “Луд” дарвозасида етиб олади ва унга зарба бериб, ўлдиради. Аллоҳ таоло Дажжол тобелари бўлган яҳудларни мағлуб этади. Улар биронта тош ёки дарахт ёхуд ҳайвоннинг орқасига яширинсалар, у тилга кириб гапиради:
“Эй Аллоҳнинг бандаси! Мана бу яҳудий (Дажжолнинг тобеларидан). Кел, уни ўлдир. Фақатгина “ғарқада”* (бақлажонлар оиласига мансуб бўлиб, баландлиги 1 метрдан 3 метргача бўлади) дейиладиган дарахт гапирмайди. Чунки у яҳудийлар дарахтидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Исонинг (ер юзида) туриши қирқ йил бўлади. Бир йили (ҳозирги) ярим йилга тенг. Яна бир йили (ҳозирги) бир ой каби. Бир ойи бир ҳафтадек. Охирги куни уч кундек бўлиб, бирингиз Мадинанинг бир эшигидан иккинчи эшигига боргунча кеч кириб қолади”.
“Эй Расулуллоҳ! Биз бу қисқа кунларда намозни қандай ўқиймиз?” деб сўралди.
“(Дажжол чиққан) ўша узун кунларда қилганингиз каби вақтни белгилаб, сўнгра намоз ўқийверинглар”, деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай дедилар:
“Исо алайҳиссалом, умматим ичида адолатли ҳакам ва одил имом бўлиб туради. Хочни синдиради, чўчқани сўяди (яъни ўлдириб юборади), жизъя*(мусулмонлар ҳимоясида яшайдиган аҳли китоблар тўлайдиган тўлов)ни бекор қилади, (яъни аҳли китоб, Исломни қабул қилади) садақани тарк қилади, қўй ва туяларнинг закотини олишга ҳаракат қилинмайди (чунки садақа ва закотни ҳеч ким олмайди). Нафрат ва адоват кўтарилиб кетади. Заҳарли жониворларнинг заҳри йўқолади. Ҳаттоки ёш бола илоннинг инига қўл суқса ҳам илон уни чақмайди. Қиз бола шерга нарса суқса ҳам шер зарар бермайди. Бўри худди итлардек қўйларни (қўриқлайди). Идиш сувга тўлганидек, ер юзи тинчликка тўлади. Одамларнинг гапи бир хил бўлиб, фақат Аллоҳга ибодат қилинади. Уруш оловлари сўнади. Қурайш ўз мулкини қайтариб олади. Ер кумуш тоғорага ўхшаб, Одам алайҳиссалом даври (ўсимликларидек, катта) ўсимликлар ундиради. Ҳаттоки бир неча нафар киши бир бош узум устига жамланиб (ейишганда), узум уларни тўйдиради. Яна бир нечта одам анор (ейиш учун) тўпланадилар. Анор уларга етарли бўлади. Ҳўкиз шунча ва шунча пул баҳосида бўлади. От бир неча танга бўлади”. Савол берилди:
“Эй Расулуллоҳ! Нима учун отлар арзон бўлади?”
“Чунки улар уруш учун минилмайди (яъни уруш бўлмайди)”.
“Эй Расулуллоҳ! Ҳўкизлар нима учун қиммат бўлади?”
“Чунки улар билан ер ҳайдалади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларида давом этиб, шундай дедилар:
“Дажжол чиқишидан олдин уч йил қаҳатчилик бўлиб, одамлар қаттиқ очарчиликда қоладилар. Биринчи йил Аллоҳ осмонга ёмғирнинг учдан бирини ушлаб қолишини, ерга эса ўсимлигининг учдан бирини ушлаб қолишини буюради. Иккинчи йили келганда, Аллоҳ осмонга ёмғирнинг учдан иккисини, ерга ҳам ўсимлигининг учдан иккисини ушлаб қолишини буюради. Учинчи йили Аллоҳ осмонга бир қатра ҳам ёмғир ёғдирмаслигини буюради. Бир томчи ҳам ёмғир тушмайди. Ерга ўсимлик ундирмасликни буюради. Ерда бир дона кўкат ҳам ўсмайди. Биронта уй ҳайвони ва ёввойи ҳайвон қолмай ҳалок бўлади. Аллоҳ хоҳлагани бундан мустасно”. Шу вақт савол берилди.
“Одамлар ўша замонда қандай ҳаёт кечирадилар?”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:
“Таҳлил, такбир, тасбеҳ, таҳмид. Мана шулар, одамларга овқат ўрнига ўтади”.*
*(Ибн Можа 4077).
Бу ҳадиснинг қиймати ва аҳамияти ҳақида Ибн Можа шундай дейди:
“Абу Ҳасан Тананисдан эшитдим. У Абдураҳмон ал-Муҳарибийдан ушбу сўзларни эшитган экан: “Бу ҳадисни муаллимлар мактаб ўқувчиларига ўргатишлари лозим”.
Роббимиз тақдир қилган ишларни бажариш учун, Исо алайҳиссаломнинг ер юзига тушиши, киши чин иймон келтириши лозим бўлган ҳақиқатлардан биридир. Буни саҳиҳ, мутовотир ҳадислар эътироф қилган. Биз ушбу ҳадисларни баъзиларини айтиб ўтдик.
Муслим ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ибн Марям адолатли ҳакам бўлиб ер юзига тушади. Хочни синдириб, чўчқани ўлдиради, жизъяни бекор қилади, туялар ташлаб қўйилади ва уларнинг закотини олишга ҳаракат қилинмайди. Нафрат, адоват ва ҳасад кўтарилиб кетади. Одамлар молидан садақа бериш учун бошқаларни чақирадилар. Лекин биронта одам ҳам садақа олмайди”.**
**(Имом Муслим 155).
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Исо ибн Марям сизларнинг орангизга тушганда, имомингиз ўзингиздан бўлса, нима қиласизлар?”
Бошқа ҳадисда: “Ўзингиздан бўлган кишини имом қилса...» лафзи хусусида Ибн Абу Зиъб: “Бунинг маъноси нималигини биласизларми?” деб сўради. “Ўзинг айтиб берақол”, дейилди.
У жавоб берди: “Роббингизнинг китоби ва набийингизнинг суннатига биноан имомлик қилса”, деган маънодир.
Бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Исо Ибн Марям Равходаги тепаликда ҳаж ёки умра ёхуд иккисини адо қилиш учун “лаббайка”ни айтади.
Исо Масиҳ ер юзида қанча (муддат) туради?
Исо алайҳиссаломнинг ер юзига тушгандан кейин қанча муддат туриши хақида турли хил ривоятлар келган.
Тўғри, У зотнинг ер юзида қанча туришлигини белгилаб берган ҳадислар бор. Уларнинг баъзисида Исо алайҳиссалом ер юзида йигирма тўрт йил туриши айтилган. Лекин текширилган саҳиҳ ҳадислар, унинг ер юзида етти йил туришини эътироф этади.
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилган ҳадисда:
“...Сўнгра одамлар етти йил турадилар (Бу вақт мобайнида) икки киши бир-бири билан жанжаллашмайди. Кейин Аллоҳ Шом тарафдан совуқ шамол юборади”.*
*(Имом Муслим ривояти).
Исонинг ер юзига тушиши янги рисолат эмас
Исо алайҳиссалом охир замонда ер юзига янги рисолат (шариат) олиб тушмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – набийларнинг охиргиси. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида “Набийларнинг охиргиси” деб айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин пайғамбар бўлмайди”, деб айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Мен кузатувчиман”, деб айтганлар. Яъни “Мен пайғамбарларнинг охиргиси ва кузатувчисиман” дегани.
Шунингдек, У зот Умар ибн Хаттобга шундай деганлар:
“Агар Мусо тирик бўлганда, фақат менга эргашишлик унга дуруст бўларди”.
Балки Исо алайҳиссаломнинг тушиши, охирги пайғамбар бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ўтган пайғамбарнинг келишидир. Лекин у бошқа пайғамбар каби Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариатига эргашади.
«Аллоҳ: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганимга, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, деб набийларнинг аҳду паймонларини олиб туриб: Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. «Иқрор бўлдик», дейишди. (У Зот): «Бас, гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди» (Оли Имрон сураси, 81-оят)..
Жобир ибн Абдуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитдим. “Умматимдан бир тоифаси қиёмат кунига қадар ҳақ устида курашадилар. Шу вақт Исо ибн Марям алайҳиссалоту вассалом тушгач, амирлари айтади:
“Кел (эй Исо). Бизга (имомлик қилиб) намоз ўқиб бер)”.
Исо айтади: “Йўқ. Аллоҳнинг бу умматга кўрсатган фазлу карами туфайли, сизлар бир-бирингизга амирсиз”.*
*(Имом Муслим ривояти).
Имом Қуртубий айтади:
“Исо алайҳиссалом шариати Муҳаммадияни эътироф этиб, уни янгилаб тушади. Чунки у шариатларнинг охиргиси. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам расулларнинг охиргиси. Исо адолатли ҳакам бўлиб тушади. Демак, у имом ҳам қози ҳам муфтий ҳам эмас. Балки мусулмонларнинг ўша вақтдаги султони бўлади. У вақтга келиб, Аллоҳ илмни кўтарган, одамлар шариатдан бехабар бўлиб қолган бўладилар. Исо алайҳиссалом ерга тушишидан олдин Аллоҳ таолонинг амри билан одамлар ўртасида ҳукм қилиши, ўзи эса амал қилиши учун шариат илмидан етарли миқдорда эгаллаган бўлади. Мўминлар Исо атрофида жамланиб, ўзлари устидан ҳакам бўлишини сўрайдилар. Чунки Исодан бошқа биронтаси бу ишга ярамайди. Шариат ҳукмини бекор қилиш эса мумкин эмас. Чунки ер юзида “Аллоҳ, Аллоҳ” деб айтилар экан, қиёмат бўлмайди. Демакки, шариат хукмлари амалда бўлади...”
Шу ерда савол туғилади:
“Нима учун Исо олдинроқ эмас, айнан шу вақт ер юзига тушади?”
Келинг, саволга жавоб бериш учун, сўзни яна Қуртубийга берсак.
Имом Қуртубий айтади: “Биз бу саволга 3 хил жавоб берамиз:
Биринчи жавоб:
Яҳудийлар аввал-бошида Исо алайҳиссаломни ўлдириб, осмоқчи бўлдилар. Лекин воқеалар Аллоҳ таоло китобида баён қилиб берган тарзда содир бўлди. Улар доимо Исони ўлдирганликларини даъво қилганлар. Шунингдек, сеҳргарлик ва бошқа ярамас ишларни унга нисбат берганлар. Шунинг учун Аллоҳ уларга хорлик кийимини кийдирди. Айниқса, Аллоҳ Исломни азиз қилиб, байроғини юқори кўтарган вақтдан бошлаб, улар учун ер юзининг биронта қисмида на салтанат, на қувват, ва на обрў-эътибор қолди. Қиёмат яқинлашиб, энг кучли бўлган Дажжол чиққунига қадар шундай бўлади. У чиққач, биринчи бўлиб Бани Исроил яҳудлари унга байъат беради. Шу билан улар гўёки мусулмонлардан ўч оладилар. Дажжолнинг тобелари шу ҳолатда бўлиб турган вақтларида, Аллоҳ улар “ўлдирганмиз”, деб юрган кишини – Исони туширади ҳамда уларга ва бошқа мунофиқ, фосиқларга унинг тирик эканини кўрсатади. Худоликни даъво қилаётган раислари ва йўлбошчилари устидан уни ғолиб қилади. Дажжолнинг аскарлари бўлмиш Бани Исроил яҳудларини ҳам Исо ва у билан бирга бўлган мўминлар қўли билан мағлуб қилади. Ўша куни қочишга жой топа олмайдилар. Агар улардан бири дарахт, тош ёки девор ортига яширинса, улар тилга кириб, нидо қиладилар:
“Эй Руҳуллоҳ! Бу ерда (менинг орқамда, Дажжолнинг тобеларидан бўлган) яҳудий бор”. Ҳатто Исо унинг тепасига келганда ёки Исломни қабул қилади, ёки ўлдирилади. Бошқа миллатдаги кофирларнинг тақдири ҳам шундай бўлади. Ер юзида биронта кофир қолмагунча иш шу тахлит давом этади.
Иккинчи жавоб:
Исо алайҳиссалом ер юзига тушишининг сабаби, Дажжолни ўлдириш эмас балки ажалининг яқинлашгани учундир. Чунки Исо ибн Марям ҳозир тирик, Аллоҳ уни Ўз ҳузурига кўтарган. Тупроқдан яралган махлуқ самода ўлиши мумкин эмас.
Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз» (Тоҳо сураси, 55-оят).
Аллоҳ таоло Исони ерга тушириб, биринчи марта уни ерга дафн қилади. Яқиндаги кишилар уни кўради, узоқдагилар у ҳақда эшитади. Сўнг унинг жонини олади. Мўминлар Исони дафнга тайёрлаб, намозини ўқийдилар. Кейин аждодлари бўлмиш пайғамбарлар дафн қилинган жой – “Муқаддас ер”га дафн қилинади. Қиёматда ҳам улар билан бирга қайта турғазилади. Исонинг ер юзига туширилишининг сабаби, шу. Лекин унинг тушиши Дажжолнинг Луд дарвозасига етиб келган вақтига тўғри келиб қолади. Бу тўғридаги ҳадислар айтиб ўтилди.
Дажжолнинг фитнаси, худоликни даъво қилиш даражасига етади. Мўминлардан биронтасига уни ўлдириш насиб этмайди. Шунинг учун Исо унга юзланишга ва ўлдиришга ҳақли бўлади. Чунки Исо ибн Марям, Аллоҳ Ўз рисолатини етказиш учун танлаган, китобини нозил қилган, уни ва онасини оят-аломат қилган пайғамбарлардандир. Демак, Исонинг ер юзига тушиш сабаби мана шу, айнан Дажжолни ўлдириш эмас. Валлоҳу аълам.
Учинчи жавоб:
Исо Инжилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг фазилатини топган:
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийди). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди, уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар. Кофирларнинг ғазабини қўзитиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди» (Фатҳ сураси, 29-оят).
Сўнгра Аллоҳдан ўзини Муҳаммаднинг умматидан қилишини сўраб дуо қилгач, осмонга кўтарди. Охир замонда Ислом динидан, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан унутилганларини янгилаш учун Аллоҳ уни ерга туширади. Исонинг тушиши Дажжолнинг чиқишига тўғри келиб қолади ва уни ўлдиради.
Исонинг тушиши, одамлар фитнага дучор бўлган, Дажжолга қарши жанг қилиш ҳар бир мусулмонга фарз бўлган вақтга тўғри келади. Исо ҳам мусулмонлардан бири бўлгани учун бошқаларга фарз бўлган нарса, унга ҳам фарз бўлади. У ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тобеларидан бўлгани учун жангга киради ва одамлар кўз ўнгида Дажжолни ўлдиради.
Исонинг қаерга дафн қилиниши хусусида ҳар хил гаплар бор. Ҳалимий: “Муқаддас ерга”, деб айтса, бошқалар, “Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилинади”, дейдилар. Валлоҳу аълам”.
Дажжолнинг чиқишига иймон келтириш хақдир
Дажжолнинг чиқиши, қиёмат аломатларидан эканлиги ҳақ. Бу аҳли сунна, аҳли фиқҳ ва аҳли ҳадисларнинг мазҳабидир. Дажжолнинг чиқишини фақат Хаворижлар инкор қиладилар. Лекин биз – аҳли сунна вал-жамоа Дажжолнинг чиқишини кўзимиз билан кўрамизми-йўқми, барибир иймон келтирамиз. Чунки бу ҳақда бизга энг тўғрисўз инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар. Набийимиз гўёки кўзлари билан кўриб тургандек, уни бизга таърифладилар, айбу нуқсонларини очиб бердилар. Аввало пайғамбарликни даъво қилиб, сўнгра худоликни даъво қилишини ҳам хабар бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пасткаш Дажжолнинг кимлигини бизга изоҳлаб ва огоҳлантириб шундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ ғилай эмас. Унинг кўзи ўртасида “кофир” деган ёзув бўлиб, уни ўқишни биладиган ёки билмайдиган ҳар бир мусулмон ўқий олади».
Дажжол худоликни даъво қилган вақтда мўминлар: “Сенинг ёмонлигингдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, дейдилар. Ўқишни биладиган ёки билмайдиган мўмин борки, унинг икки кўзи ўртасидаги “кофир” деган сўзни ўқиши ҳам ғайриоддий нарса бўлиб, Парвардигорнинг мўмин бандаларига берган неъматларидандир... Субҳаналлоҳ...
Кофир эса ўқишни билиши ёки билмаслигидан қатъи назар, жоҳиллиги, кофирлиги ва ғафлатдалиги учун бу ёзувни ўқий олмайди. Шунингдек, кофир Дажжолнинг иллат, нуқсонларини пайқамайди. Унинг ожизлигини, яратувчи эмас, балки махлуқ эканлигини кўриб турса ҳам, уни илоҳ деб билади ва ибодат қилади. Мана шулар Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган, ғайб ишларини тасдиқлашдаги аҳли сунна вал-жамоанинг тутган йўлидир. Биз бу хабарларга ишонамиз ва бу воқеаларнинг содир бўлишига гувоҳлик берамиз.
Дажжол ҳозир қаерда?
Дажжолнинг тарихи, асрлар ва замонлар янгиланиши билан янгиланиб турувчи қадимий тарихдир.
Шубҳасиз, у малъундир. Барча пайғамбарлар уни лаънатлаган.
“Ҳар бир набий ўз умматини Дажжолдан огоҳлантирган”.
Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Мен сизларни Дажжолдан огоҳлантираман. Ҳар бир Набий ўз қавмини ундан огоҳлантирган. Нуҳ ҳам қавмини ундан огоҳлантирган. Лекин мен сизларга у ҳақда биронта пайғамбар қавмига айтмаган сўзни айтаман. Билиб қўйинглар, Дажжол ғилайдир. Аллоҳ ғилай эмас”.
Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нидо қилиб, шундай дедилар:
“Эй инсонлар! Аллоҳ Одам зурриётини яратгандан бери, ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган. Аллоҳ азза ва жалла биронта набийни юборган бўлса, албатта, у умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен набийларнинг сўнггисиман. Сизлар энг сўнгги умматсиз. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. Агар у мен орангизда бўлган вақтда чиқса, мен ўзим ҳар бир мусулмон учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб чиқаман). Агар у мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга ёрдам беради...»*
*(Ибн Можа ривояти).
Шубҳасиз, Дажжол узоқ замондан бери мавжуд. Уламоларнинг эҳтимолий гапларига кўра, у Мусо алаҳийссалом даврида ҳам тирик бўлган.**
**(Муҳаммад Исо Довуднинг “Ал-хуйутул-хафия” китобидан).
Аллоҳ таоло башариятни, унинг ёмонлик ва мусибатларидан қутқариш учун Исо алайҳиссаломни ер юзига туширгунча, у мавжуд ва тирик бўлади.
Дажжолнинг бундай узоқ умр кўришининг сири, қуйидагича бўлиши мумкин: Дажжол, ёмонлик, фитна, залолат ва макр-ҳийла жиҳатидан Иблисга ўхшайди. Аллоҳ таоло Иблис ва унинг ёрдамчиларига қиёматга қадар яшамоқ учун муҳлат берганидек, Дажжолга ҳам қиёматга қадар тирик қолишга рухсат берган. Зеро, Дажжол бутпарастлар пушту паноҳи, сигирга сиғинувчиларнинг йўлбошчисидир.
Имом Аҳмад муснадларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:
“Дажжолнинг ота-онаси ўттиз йил фарзанд кўришмайди. Сўнгра уларда ҳаммага зарар берувчи, манфаати оз, ғилай фарзанд дунёга келади. Унинг кўзи ухласа ҳам қалби ухламайди”.
Ривоят қилинишича, саҳобалардан бири кимсасиз оролда занжирбанд этилган Дажжол билан учрашган. Бу ажойиб ва ғаройиб учрашувдан Дажжолнинг чиқиши билан бошланажак катта фитнадан олдин унинг аҳволи қандай эканлигини билишимиз мумкин. Дажжол билан саҳобанинг ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан унинг дунёда рўй бераётган баъзи воқеаларни, ҳаттоки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиши ва Мадинага ҳижрат қилишидан ҳам хабардор эканлиги маълум бўлади.
Келинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган бу таъсирли учрашув ҳақидаги ҳадисга қулоқ тутайлик.
Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида қуйидаги ҳадисни келтирган:
Омир ибн Шурахбил Шаъбий Заҳҳок ибн Қайснинг синглиси, аввалги муҳожир аёллардан бўлган Фотима бинти Қайсдан сўради: “Бошқа бировдан эмас, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзидан эшитган биронта ҳадис айтиб берсангиз”.
Фотима: “Майли, хоҳласанг, айтиб бераман”.
Омир: “Ҳа, албатта, айтиб беринг”.
Фотима қиссасини шундай бошлади:
Ибн Муғийрага турмушга чиққан эдим. У ўша вақтдаги Қурайш йигитларининг энг яхшиларидан эди. Эрим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган бир жиҳодда жароҳатланди (сўнг мени талоқ қилди). Мен бева қолдим. Шунда бир неча саҳобалар билан бирга Абдураҳмон ибн Авф менга совчи бўлиб келди. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилган қуллари Усома ибн Зайдга (турмушга чиқишни сўраб) совчи бўлиб келиб қолдилар. Мен илгари Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мени яхши кўрса, Усомани ҳам яхши кўрсин”, деганларини эшитган эдим. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга таклиф қилганларида, “Ўзингиз хоҳлаган кишига турмушга бераверинг”, дедим.
Расулуллоҳ: “Ундай бўлса, Умму Шарикнинг уйига кўчиб ўтгин”, дедилар. Умму Шарик ансорий аёлларнинг бадавлати бўлиб, Аллоҳ йўлида жуда кўп инфоқ-эҳсон қилар, кўпчилик унинг уйига меҳмон бўлиб тушар эди. Мен: “Хўп бўлади”, дедим.
Расулуллоҳ: “Йўқ. Ундай қилмай қўяқол. Умму Шарик меҳмони бисёр аёлдир. Рўмолинг тушиб кетиши ёки этагинг кўтарилиб, оёғинг очилиб қолиши, натижада (ўша ердаги) кишиларнинг сен хоҳламаган ҳолда баданингга кўзи тушиб қолишини истамайман. Яхшиси, амакингнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Умар ибн Умму Мактумнинг уйига борақол”, дедилар (У қурайшнинг Бани Фиҳр қабиласидан бўлиб, мен унинг уруғидан эдим).
Мен унинг уйига кўчиб ўтдим. Идда муддати тугаган куни Расулуллоҳнинг муаззинлари “жамоат намозига (келинглар)”, деб нидо қилаётганини эшитдим.
Масжидга чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. Мен эркакларнинг охирги сафидан кейинги, аёллар сафида эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач, кулиб минбарга чиқдилар ва: “Ҳеч бир инсон жойини тарк этмасин”, деб айтдилар. Сўнгра: “Биласизларми, нима учун сизларни (бу ерга) йиғдим?” деб сўрадилар, ул зот. Одамлар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқ”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, Мен сизларни ихтиёрий равишда йиғмадим, қўрққанимдан ҳам эмас (яъни беҳудага йиғмадим). Тўплаганимнинг сабаби, Тамим ад-Дорий* (Улуғ саҳобалардан Ҳижратнинг 9-йили Исломни қабул этиб, 40-йили вафот топган. Исломдан аввал Фаластинда яшаган. Христиан роҳиби бўлган) насроний киши эди. У келиб менга байъат берди ва Исломни қабул қилди. Сўнгра Масиҳи Дажжол ҳақида бир воқеани сўзлаб берди. Унинг гаплари мен сизларга айтган хабарга тўла мос келяпти. Унинг менга айтишича, у Лахм ва Жузом қабиласидан 30 киши билан кемага минибди. Тўлқин уларни денгизда бир ойгача (хас-чўпдек) ўйнаган. Ниҳоят улар кунботар тарафда, бир орол олдида лангар ташлаганлар. Қайиқларга ўтириб, қирғоқ томон сузганлар ва оролга қадам қўйганлар. Уларнинг олдига юнглари ўсиб кетган жонивор келган. Юнгининг кўплигидан олди қайси, орқаси қайси, била олмабдилар.
“Ҳолинга вой, кимсан ўзи?” деб сўрабдилар.
“Мен Жассосаман” (маъноси: жосус), жавоб берибди, у.
“Нима дегани, у Жассоса?” сўрабдилар яна.
Махлуқ айтибди: “Эй қавм, ибодатхонадаги анави кишининг (олдига) юринглар. Чунки у сизларнинг хабарингизга муштоқ”.
Тамим ад-Дорий айтади:
“Махлуқ бизга ибодатхонадаги кишини таърифлаб берган эди, бу махлуқ шайтон эмасмикан”, деб чўчидик. Тез юриб, ибодатхонага кирдик. Қарасак, икки қўли бўйнига боғланган, тиззасидан тўпиғигача темир билан кишанланган жуда баҳайбат инсонни кўрдик. Биз ундан сўрадик:
“Ҳолинга вой бўлсин, сен кимсан?”
У айтди: “Менинг хабаримни билдингиз. Менга хабар беринглар-чи, сизлар кимсиз?”
Биз айтдик: “Биз араблармиз. Кемага минган эдик. (Сафаримиз) денгизда довул бўлган вақтга тўғри келиб қолди. Тўлқин бизни бир ойгача (хас-чўпдек) ўйнади. Сўнгра мана бу орол яқинига лангар ташладик. Қайиқларга ўтириб (қирғоқ томон суздик) ва оролга чиқдик. Шу вақт юнгининг кўплигидан на олди ва на орқаси билинадиган, юнгдор жонивор олдимизга келди. “Ҳолингга вой, кимсан ўзи?” деб сўрадик. У: “Мен Жассосаман”, деди. Биз “Жассоса нима дегани?” деб сўрадик яна. У айтди: Ибодатхонадаги анави кишининг (олдига) боринглар. У сизларнинг хабарингизга муштоқ”.
Биз сенинг олдингга тез юриб келдик. Махлуқдан шайтон эмасмикан, деб чўчидик”.
Баҳайбат киши сўради: “Байсон* (Фаластиндаги қадимий шаҳар) хурмозори ҳақида менга хабар беринглар?”
Биз айтдик: “Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?”
У: “Унинг хурмолари ҳақида сўраяпман. Мева беряптими?”
Биз: “Ҳа”, дедик.
У: “Яқинда, у мева бермай қўяди. Энди менга Табария кўли** (Байтул-Мақдис ёнидаги кўл) ҳақида хабар беринглар”, деди.
Биз: “Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?” дедик.
У: “Унда сув кўпми?” деди.
Биз: “Ҳа. Унинг суви кўп”, дедик.
У: “Кўлнинг суви (оз муддатдан кейин) қурий бошлайди. Энди менга Зуғар булоғи*** (Шомнинг ғарб томонида жойлашган шаҳар) ҳақида хабар беринглар”, деди.
Биз: “Унинг нимаси ҳақида сўраяпсан?” дедик.
У: “Булоқнинг суви борми? Одамлар экинларини булоқ суви билан суғоряптими?” деди.
Биз: “Ҳа. Булоқнинг суви кўп. Аҳоли ҳам экинларини булоқ суви билан суғоряпти”, дедик.
У: “Омиларнинг пайғамбари ҳақида менга хабар беринглар-чи? У нима ишлар қилди?” деди.
Биз: “У Маккадан чиқди ва Ясриб (Мадина)га кўчиб ўтди”, дедик.
У: “Араблар, унга қарши жанг қилдиларми?” деб сўради.
Биз: “Ҳа”, дедик.
У: “У араблар билан қандай (йўл тутди)?” деди.
Биз унга: “Пайғамбар атрофдаги араблардан ғолиб келди. Оқибатда ҳаммалари унга бўйинсундилар”, деб жавоб бердик.
У: “Шундай бўлдими?” деди.
Биз: “Ҳа”, дедик.
У: “Албатта, араблар унга итоат қилсалар, ўзлари учун яхши бўлади. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда хабар бераман. Мен Масиҳи Дажжолман. Яқинда менга чиқиш учун рухсат берилади ва мен чиқаман. Мен ер юзини қирқ кеча-кундуз ичида айланиб чиқаман. Макка ва Таййибадан ташқари биронта қишлоқ, шаҳарни қолдирмай, кираман. Бу икки шаҳарга (кириш) менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта қўлида яланғочланган қилич билан пешвоз чиқиб, мени (йўлимни) тўсади. Макка ва Таййибанинг ҳар бир тепалигида фаришталар уларнинг ҳудудини қўриқлаб туради”.
(Ҳадис ровийси) Фотима бинти Қайс айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асолари билан минбарларига ишора қилиб, “Таййиба, мана шу бўлади, Таййиба, мана шу бўлади”, деб (Мадинани назарда тутиб) айтдилар.
Кейин шундай дедилар:
“Огоҳ бўлинглар. Мен сизларга, бу ҳақда хабар берган эдимми?”
Одамлар: “Ҳа”, деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ айтдилар: “Мен сизларга Дажжол ҳақида, Макка ва Мадина ҳақида айтган гапларим Тамимнинг хабарига тўлиқ мос келиши мени ажаблантирди. Билиб қўйинглар, Дажжол Шом ёки Яман денгизида. Йўқ, у машриқ тарафдан (чиқади). Ҳа, у машриқдан (келади), машриқдан (келади)”. Қўллари билан машриққа ишора қилдилар. Мен Расулуллоҳдан мана шу сўзларни ёдимда сақлаб қолганман”, деди Фотима бинти Қайс”.*
*(Имом Муслим 5235).
Эътиборли жойи шундаки, Дажжолнинг номи Қуръонда очиқ-ойдин келмаган. Ҳақиқатда, нима учун у зикр қилинмаган? Албатта, бу мулоҳазада жон бор. Лекин Аллоҳ Дажжолни эътиборга олмагани, унинг ишини назар-писанд қилмагани учун бу пасткашнинг номини Қуръони каримда зикр қилмаслиги эҳтимол, мўминларнинг қалбига хотиржамлик бахш этар. Чунки у ҳақиқатда заиф, ҳақир ва алдоқчи. У: “Мен, ибодатга лойиқ илоҳман”, деб одамларни алдайди.
Ибн Касир айтади:
“Дажжол, ўзи даъво қилаётган рубубият мақомига нисбатан нуқсони аниқ ва равшандар. Дажжолнинг Қуръонда зикр қилинмаслиги, мўмин бандаларга иймонни, Аллоҳ ва расулига таслим бўлишни зиёда қилишини билгани учун Аллоҳ уни зикр қилмади, каломида номини айтмади”.*
*(Ибн Касир “Фитналар ва жанглар” китобидан).
Қуръон Дажжолни ошкора зикр қилмади, балки унга ишора қилиб ўтди. Бағавийнинг тафсирида: «Албатта, осмонлару ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (Ғофир сураси, 57-оят), оятининг шарҳида имом Бағавий айтади:
“Оятдаги инсонлардан мурод, Дажжолдир. Бу “озчилик ўрнига кўпчиликни ишлатиш” қоидасидир. Баъзилар “Аллоҳ таолонинг ушбу оятида ҳам Дажжолга ишора қилинган”, дейишади:
«Фаришталар келишини, ё Роббингнинг келишини ёки Роббингнинг баъзи оятлари келишини кутмоқдалар, холос. Роббингнинг баъзи оятлари келган кунида ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермас. «Кутаверинглар, биз ҳам кутгувчилармиз», деб айт» (Анъом сураси, 158-оят).
Бу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари шарҳлайди:
“Агар учта оят-аломат чиқса, илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган иймони) фойда бермас. Улар – Дажжол, ер ҳайвони ва қуёшнинг мағрибдан, яъни ботар томонидан чиқиши”.**
**(Имом Термизий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган).
Яна Ибн Касир айтади:
“Дажжол улуҳиятни даъво қилгани сабабли, Аллоҳ уни камситиб, Қуръонда исмини ошкора зикр қилмади. Унинг иши оламлар Роббиси наздида эслашга арзимайди. Унинг даъвосини ҳикоя қилиш энг ҳақир ва кичик нарсадир”.***
***(Ибн Касир “Фитналар ва жанглар” китобидан).
Биз эса Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида Дажжолнинг чиқишини таъкидлаганларига, унинг фитнасидан огоҳлантирганларига ишора қилиб ўтмоқчимиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг охирида, ташаҳҳуддан кейин Дажжолнинг ёмонлигидан паноҳ тилашни доимий одат қилганларининг ўзи бизга кифоя қилади.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб-қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан, қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин”.*
*(Бешовлари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Хулоса
Дажжол барча пайғамбарлар тилга олган ғайб хақиқатларидан бири бўлиб, унинг суврати бизга маълум. У китобимиз саҳифаларида келтирилган саҳиҳ ҳадисларда сифатланган. Шубҳасиз, Дажжол катта имкониятларга эга бўлади. Ҳаттоки, у ўз замонасининг илғор технологиясидан ҳам фойдаланади. Албатта унинг даврига келиб, технология янада ривожланиб, тараққий этган бўлади.
Баъзиларнинг айтишига кўра, ўн тўққизинчи асрга келиб, фанга маълум бўлган “Учар ликопчалар”ни бошқараётганлар ҳам Масиҳи Дажжолнинг лашкарлари эмиш. Учар ликопчалар эса ҳадисларда баён қилинган Дажжолнинг тезюрар улови эмиш. Албатта, булар далил-ҳужжатга асосланмаган гаплар, холос. Лекин қандай восита билан бўлишидан қатъи назар, у ғайриоддий тезлик билан ҳаракатланиши ҳадисларда ворид бўлган.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Дажжолнинг тезлиги қандай?” деб сўраганларида, у зот шундай жавоб бердилар: “Ер унга қўчқорнинг териси ўралгандек ўралади (яъни узоғи қисқа бўлади)”.
Бошқа ҳадисда:
“Унинг тезлиги шамол ҳайдаётган ёмғир кабидир”, дейилган.
Навос ибн Самъон ривоят қилган ҳадисда:
“Эй Расулуллоҳ , унинг ердаги тезлиги қандай?” деб сўрадик.
“Шамол ҳайдаётган ёмғир каби”, деб жавоб бердилар.
Ҳадиснинг шарҳловчилари шундай дейдилар:
Ҳадисдаги “ёмғир” сўзидан аслида булут назарда тутилган. Шунга биноан ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади:
“У ер юзида кучли шамол ҳайдаётган булут каби ҳаракат қилади”.
Эҳтимол, Дажжолнинг тезлигини булутга ўхшатиш, унинг табиатга Аллоҳ тарафидан берилган кучлардан фойдаланиши мумкинлигини билдирар.
Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Дажжолга, юзлари тери қопланган совутга ўхшаш қавмлар эргашади”.
Яъни улар жангларда кўпинча, душман зарбасидан сақловчи дубулға кийиб оладилар.
Шунингдек, шарқий Осиё ҳалқларининг юзлари япалоқ, ёноқлари совутга ўхшаб бўртиб чиққан. Улар ҳозирги кунда тез суратларда ривожланиб бормоқдалар. Бу тараққиёт эса дабдаба, исроф ва турли хил маъсиятларнинг илдиз отишига сабаб бўляпти. Зеро, Дажжолнинг чиқиши ҳам мана шундай фасоднинг кенг тарқалиш вақтига тўғри келади.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатланганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга амримиз келадир, уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз» (Юнус сураси, 24-оят).
Нима бўлишидан қатъи назар, Дажжолнинг лашкари мағлубиятга учраганда, Исо Масиҳ уни ўлдирмоқчи бўлганда унга куч-қудрати ҳам фойда бермай қолади.
Муҳими Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг катта аломатларидан бири эканлиги ва бу аломат кўҳна дунёнинг умри ниҳоясига етаётганининг даракчиси эканлигини билишимиздир. Албатта, бу босқич билан қиёмат қоим бўлиши орасида ўнлаб, балки юзлаб йиллар ўтиши мумкин.
Сўзимизнинг ниҳоясида суюкли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, каззоб Дажжолга қарши бизга берган қурол билан қуролланишимиз қолди, холос.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Сизлардан биронта киши Дажжолга йўлиқса, унга Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин».*
*(Имом Термизий 4/518).
Ҳазрати саййидимиз алайҳиссалом яна шундай дедилар:
“Сизлардан биронта киши Дажжолга дуч келса, унинг юзига тупурсин ва Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”.**
** (Имом Табароний 38794).
Аллоҳдан Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришини сўраймиз. Тавфиқ Аллоҳдан. Набийимиз Муҳаммадга, саҳобаларига ва оила-аъзоларига Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлсин.
Доктор: Отиф Ламоза