Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (148-дарс). Аҳли сунна мавқифи (учинчи мақола)

19:08 / 23.08.2021 3062 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. «Эшитишга қодир бўла олмадилар, кўра олмадилар ҳам» (Ҳуд сураси, 20-оят).

Яъни иш бажариш имконлари йўқ эди. Асбоб ва воситалари бўла туриб, кўриш ва эшитишни амалга оширишга қудратлари етмас эди.

2. Мусо алайҳиссалом қиссасида солиҳ банданинг

قَالَ إِنَّكَ لَن تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا

 

«Албатта, сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан», деб айтиши (Каҳф сураси, 67-оят).

Бунда ҳам сабр иши билан бирга бўладиган қудрат йўқлиги айтилмоқда. Сабр асбоби ва воситалари эса Мусо алайҳиссаломда бор эди.

Иститоъатни иккига бўлиб, ўртача йўл тутиш Аҳли сунна ва жамоа оммасининг йўлидир.

Инсоннинг соғ-саломатлиги, қудрати, имконияти ҳамда асбоб ва воситаларнинг мавжудлигига боғлиқ иститоъат хитобга – шаръий буйруқлар ва таклифларга боғлиқдир.

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْسًا إِلاَّ وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَا إِن نَّسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلاَ تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلاَ تُحَمِّلْنَا مَا لاَ طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَآ أَنتَ مَوْلاَنَا فَانصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

Аллоҳ таоло «Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас», деган (Бақара сураси, 286-оят).

Аҳли сунна ва жамоа уламоларининг инсоннинг амалини Аллоҳ таоло халқ қилишига далиллари:

اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

2. «Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир» (Зумар сураси, 62-оят).

يَكَادُ الْبَرْقُ يَخْطَفُ أَبْصَارَهُمْ كُلَّمَا أَضَاء لَهُم مَّشَوْاْ فِيهِ وَإِذَا أَظْلَمَ عَلَيْهِمْ قَامُواْ وَلَوْ شَاء اللّهُ لَذَهَبَ بِسَمْعِهِمْ وَأَبْصَارِهِمْ إِنَّ اللَّه عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

3. «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят).

وَمَا تَشَاؤُونَ إِلَّا أَن يَشَاء اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمًا

4. «Ва Аллоҳ хоҳласагина сизлар хоҳлайсизлар...» (Инсон сураси, 30-оят).

Бандаларнинг хоҳишлари ҳам Аллоҳнинг халқ қилиши – яратиши билан бўлганидан кейин, бошқа амаллари ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Чунки ихтиёрий амаллар хоҳишнинг жузъи ва самарасидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир бўлгандан кейин, У Зотни бандаларнинг амалини халқ қилишдан нима ожиз қила олади?

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бандадан содир бўладиган нарса икки хил бўлади.

Биринчи хили: унинг иродаси, имконига боғлиқ бўлмаган, титраш, қалб уриши каби нарсалар. Булар унинг амали эмас, сифатидир.

Иккинчи хили: банданинг ихтиёрига ва имконига боғлиқ нарсалар бўлиб, бунга барча ихтиёрий ҳаракатлар киради. Булар банданинг сифати эмас, амали ва касби, деб васф қилинади.

Аллоҳ банданинг ихтиёрий ва бошқа ҳамма амалларининг холиқи(яратувчиси)дир.

Юқоридаги кўҳна китоблардан олинган иқтибослардан кейин, ижозатингиз билан худди шу масаланинг ҳозирги талқини билан ҳам танишиб чиқишга таклиф қиламан.

«Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўладими?» Агар шундай бўлса, бандага нима қолади, деган саволга жавоб ахтарайлик.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисм – инсоннинг дахли йўқ нарсалар.

Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онанинг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча ишлари борки, уларда инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Инсон бу нарсалардан масъул ҳам эмас.

Мисол учун, уни ҳеч ким «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?» деб сўроқ-савол қилмайди. Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб.

Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этиладиган иш ва амаллар.

Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда.

Худди шу турдаги ишларни қандай баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган.

Кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтганлар чиққан.

Аввал айтиб ўтилганидек, Қадария ва Мўътазилия мазҳабидагилар: «Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади, бунга Аллоҳ аралашмайди», деганлар.

Бу эса Аллоҳнинг баркамоллик сифатларига нуқсон бўлиб тушади. Агар мўътазилийлар айтган гап тўғри, дейилса, дунёда Аллоҳнинг иродасидан, қудратидан, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор бўлиб қолади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил бўлмайди. Қудрати чексиз бўлмайди. Холиқлиги ягона бўлмайди.

Жабрия мазҳабидагилар эса: «Инсон бу дунёда денгизга ташланган чўпдек гап», дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳеч бир нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши ила амалга оширади.

Бу фикр ҳам мутлақо нотўғри! Агар Жабрия мазҳабидагиларнинг гаплари тўғри, дейилса, Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот таоло одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар нарсага мажбур қилиб, кейин сўроқ-савол қилиб, «Нима учун бу ишни қилдинг?» дея жазолаши адолатсизлик бўлар эди.

Ушбу икки мазҳаб ҳам залолатга кетган бўлиб, маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Мусулмончиликнинг соф ақийдаси эса Аҳли сунна ва жамоа мазҳабида ўз аксини топган. Бу ақийдага биноан, инсоннинг ихтиёрий амаллари ҳам Аллоҳ халқ қилган нарсалар жумласидандир. Чунки дунёда Аллоҳ халқ қилган, яратган нарсадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас.

Лекин бу, инсон ўз ишини мажбур бўлиб қилади, дегани эмас. Чунки инсон бир ишни амалга оширадиган бўлса, ўша иш икки нарсага боғлиқ бўлади. Биринчиси, уни амалга ошириш учун зарур бўлган омиллар. Иккинчиси, инсоннинг ўша ишни амалга ошириш учун йўналиши.

Инсон айни ушбу иккинчи нарса, яъни ишни амалга ошириш учун йўналиши туфайли ирода ва ихтиёр эгаси ҳисобланади. Ҳамда ана шу иродаси ва ихтиёри учунгина жавобгар бўлади. Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришда унинг дахли йўқ.

Бу масалани ҳиссий баён билан тушунтириш учун, уламоларимиз қуйидаги мисолни келтирадилар:

Инсон қўли билан вараққа бир нарсани ёзмоқчи. Бу ишнинг ташқи омиллари – қўл, унинг томирлари, пайлари ва бошқалар Аллоҳ халқ қилган нарсалардир.

Шунингдек, варақ, қалам ва улардаги ёзиш учун бўлган хусусиятларни ҳам Аллоҳ таоло халқ қилган.

Ушбу нарсаларнинг бирлашиб ҳаракат қилиши оқибатида вараққа бир нарса ёзилади. Бу Аллоҳнинг қудрати ва яратиши билан бўлишига шубҳа қолмаган бўлса керак.

Аллоҳ инсоннинг амалини халқ қилади, деган гапнинг маъноси шу.

Аммо бу, Аллоҳ инсонни вараққа ёзишга мажбур қилди, дегани эмас. Чунки мазкур ташқи омилларнинг топилиши билангина вараққа ўз-ўзидан бирор нарса ёзилиб қолмайди. Балки унинг учун инсон аввало ёзишни ихтиёр қилиши ва шу ниятни амалга ошириш учун йўналиши керак. Ана шунда Аллоҳ инсонда Ўзи яратган ёзиш қобилиятига ва ёзиш учун зарур бўлган ташқи омилларга ёзишни амалга оширишга изн беради.

Шундай қилиб, «ёзиш» деб номланган иш амалга ошади. Бу ишнинг амалга ошишида ният ва йўналиш инсондан, ташқи ва ички омилларни яратиш Аллоҳ таоло томонидан бўлади.

Албатта, инсоннинг нияти ва йўналиши ҳам Аллоҳ унда халқ қилган хусусиятлар орқали бўлади. Инсон ана ўша қасди ва йўналиши учун жавобгар бўлади. Унинг ихтиёри, ҳурлиги ана ўшандадир.

 

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларини қутқариш учун икром қилиб берган ҳовуз ҳақдир.Шарҳ Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар давоми...

3624 13:02 / 06.07.2020
Вожиб шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига комил таслим бўлиб, уларга бўйсунишимиз, икковларининг давоми...

654 19:00 / 09 декабрь
Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам, Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал давоми...

4820 13:30 / 15.03.2021
Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпи .Ҳадис ва Ҳаёт, китобининг .Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби, деб давоми...

3573 19:00 / 28.02.2023