Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Вожиб шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига комил таслим бўлиб, уларга бўйсунишимиз, икковларининг хабарини тасдиқ ила қабул қилишимиз, уларга ботил хаёлимиздаги нарсани ақл, деб эътироз қилмаслигимиз керак. Демак, юборилган Расулнинг ҳукмини қабул қилишда, таслим бўлишда, бўйсунишда ва итоат қилишда у кишини танҳо зот деб қабул қилишимиз лозим. Расул юборувчи Зот – Аллоҳни эса ибодатда, хушуъ-хузуъда, тавбада ва таваккулда танҳо Зот деб қабул қилмоғимиз лозим.
Аҳли жаннатнинг Аллоҳни кўришига далил:
ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ
«У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг далиллар ичидан ушбуни зикр қилиши унинг энг очиқ ва энг зоҳир далил эканидандир.
Ким ушбу оятни «таъвил» номи билан бузадиган бўлса, унинг учун охират, жаннат, дўзах, ҳисоб ҳақидаги оят ва ҳадисларни таъвил қилиш жуда ҳам осондир. Оят ва ҳадисларни таъвил қилаётган, уларни ўз ўрнидан ўзгартираётган ҳар бир бузғунчи ушбу оят ва ҳадисларни фосид услубда ва касодли узр билан таъвил қилувчилар ушлаб олган нарсага ёпишиб олади. Тўғри таъвил билан нотўғри таъвил орасидаги фарқ ҳақида юқорида гапириб ўтдик.
Ушбу таъвилга ўхшаш нарсалар дину дунёни бузгандир. Аллоҳ бизларни уларга ўхшаган нарсани қилишдан ҳазир бўлишга чақирган.
Ботилчилар эса фақат уларнинг йўлидан юришни хоҳладилар. Бузуқ таъвил динга ва унинг аҳлига қанчадан-қанча жиноятлар қилди.
Усмон розияллоҳу анҳу ҳам бузуқ таъвил туфайлигина ўлдирилмадими? Шунингдек, Жамал куни, Сиффинда, Ҳусайннинг ўлдирилишида, Ҳаррада бўлган ишлар ҳам бузуқ таъвил туфайли бўлди.[1] Хавориж, мўътазила, рофиза каби фосид мазҳабларнинг чиқиши ҳам, умматнинг етмиш учга бўлиниши ҳам фосид таъвил туфайли бўлмадими? («Шарҳи «Ақийдатут-Таҳовия», 204-бет).
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ушбу оятда назарнинг юзга изофа қилиниши, сўнгра унинг «ила» ҳарфи билан ўтимли қилиб келтирилиши ўша сўзнинг кўз билан назар солиш эканига, ҳақиқий маъносига хилоф маънога далолат қилувчи далилдан холи эканига, Аллоҳ таоло бу билан инсон юзидаги кўз билан Ўзига назар солишни ирода қилганига очиқ-ойдин далилдир. Худди «Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига назар солинг» (Нисо сураси, 99-оят) оятидаги назар солиш кўз билан бўлганидек, Аллоҳга назар солиш ҳам кўз билан бўлади.
Ушбу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Икрима ва Аҳли сунна вал жамоа тафсирчилари худди шундай тафсир қилганлар.
ﰇ ﰈ ﰉ ﰊ ﰋ ﰌ ﰍ
«Улар учун унда (жаннатда) нима хоҳласалар, бор. Ва ҳузуримизда зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35-оят).
Тобарий: «Али ибн Абу Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳум: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», дейишган», деди.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕﭖ
«Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят).
«Яхшилик» жаннатдир, «зиёдалик» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг ортларидан саҳобалар худди шундай тафсир қилганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиснинг охирида:
«...فَيَكْشِفُ الْحِجَابَ، فَيَنْظُرُونَ إِلَيْهِ، فَمَا أَعْطَاهُمْ شَيْئًا أَحَبَّ إِلَيْهِمْ مِنَ النَّظَرِ إِلَيْهِ، وَهِيَ الزِّيَادَةُ». (رَوَاهُ مُسْلِمٌ عَنْ صُهَيْبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ).
«...Бас, ҳижобни очади. Улар У Зотга назар соладилар. Уларга У Зот Ўзига назар солишдан кўра махбуброқ нарса ато қилмагандир. Зиёда шудир», дейилган.
Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундай тафсир қилганлар.
ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ
«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббларидан тўсилганлардир» (Мутоффифин сураси, 15-оят).
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа имомлар ушбу оят ила жаннат аҳлининг Аллоҳнинг жамолини кўришига ҳужжат келтирганлар. Буни Табарий ва бошқалар зикр қилишган.
Ҳоким Робеъ ибн Сулаймондан ривоят қилиб, қуйидагиларни айтган: «Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийдан ушбу оят ҳақида сўралганда, мен ҳозир эдим. Шофеъий раҳимаҳуллоҳ шундай деди:
«Анавилардан ғазаб туфайли ҳижобланганидан кейин, авлиёлари У Зотни розилиги туфайли кўриши турган гап».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларидан Аллоҳнинг жамолига назар солиш мумкинлиги ҳақида ривоят қилинган ҳадислар мутавотирдир. Уларни саҳиҳ, муснад ва сунан китоблари соҳиблари ривоят қилгандирлар. Кўриш ҳақидаги ҳадислар ўттизтача саҳобийдан ривоят қилинган.
1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ نَاسًا قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، هَلْ نَرَى رَبَّنَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هَلْ تُضَارُّونَ فِي رُؤْيَةِ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ؟» قَالُوا: لَا يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «هَلْ تُضَارُّونَ فِي الشَّمْسِ لَيْسَ دُونَهَا سَحَابٌ؟» قَالُوا: لَا، قَالَ: «فَإِنَّكُمْ تَرَوْنَهُ كَذَلِكَ». (مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ).
«Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида ойни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат етказасизларми?» дедилар. Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ пайтда қуёшни кўришда бир-бирингизга зиён-заҳмат етказасизларми?» дедилар. Улар: «Йўқ», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар У Зотни ана шундай кўрасизлар», дедилар».
(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
2. Худди Абу Ҳурайранинг юқоридаги ҳадисига ўхшаш ҳадис Бухорий ва Муслимлар томонидан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.
3. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийнинг ҳадиси:
عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْبَجَلِيِّ قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ إِلَى الْقَمَرِ لَيْلَةَ أَرْبَعَ عَشْرَةَ، فَقَالَ: «إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ رَبَّكُمْ عِيَانًا، كَمَا تَرَوْنَ هَذَا لَا تُضَامُّونَ فِي رُؤْيَتِهِ». (مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эдик. У киши ўн тўрт кунлик ойга қараб: «Албатта, сизлар Роббингизни манавини кўраётганингиздек очиқ-ойдин кўрасизлар. Уни кўришда тиқилишиб қолмайсизлар», дедилар».
(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
4. Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Бу ҳадиснинг бир бўлагини Имом Муслим ривояти ила «Яхшилик қилганлар учун яхшилик ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят) оятининг тафсирида келтирдик.
5. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар айтилган:
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «...وَمَا بَيْنَ الْقَوْمِ وَبَيْنَ أَنْ يَرَوْا رَبَّهُمْ تَبَارَكَ وَتَعَالَى إِلَّا رِدَاءُ الْكِبْرِيَاءِ عَلَى وَجْهِهِ فِي جَنَّةِ عَدْنٍ». (مُتَّفَقٌّ عَلَيْهِ).
«Жаннати Аднда у қавм билан Роббларини кўриш орасида У Зотнинг юзидаги кибриё ридоси бўлади, холос».
(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)
6. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар келган:
عَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «...وَلَيَلْقَيَنَّ اللهَ أَحَدُكُمْ يَوْمَ يَلْقَاهُ وَلَيْسَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهُ حِجَابٌ وَلَا تَرْجُمَانٌ يُتَرْجِمُ لَهُ، فَلَيُقُولُ: أَلَمْ أَبْعَثْ إِلَيْكَ رَسُولًا فَيُبَلِّغَكَ؟ فَيَقُولُ: بَلَى يَا رَبِّ، فَيَقُولُ: أَلَمْ أُعْطِكَ مَالًا وَأُفْضِلْ عَلَيْكَ؟ فَيَقُولُ بَلَى يَا رَبِّ». (أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Сиздан ҳар бирингиз мулоқот куни албатта Аллоҳ ила мулоқотда бўлади. У билан анинг ўртасида ҳижоб ҳам, таржима қиладиган таржимон ҳам бўлмас. Бас, У Зот:
«Мен сенга Пайғамбар юбормадимми, у сенга етказмадими?!» дейди. У:
«Ҳа, Роббим, (юбординг)», дейди. У Зот:
«Мен сенга мол ато қилмадимми, фазл бермадимми?!» дейди. У:
«Ҳа, Роббим (бердинг)», дейди».
(Бухорий ривоят қилган).
Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан
[1] Мазкур воқеаларда мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб, кўплаб улуғ зотлар ўлдирилган.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.