Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қуръони Ҳакимга иймон | Ақийда дарслари (302-дарс)

19:00 / 11 ноябрь 672 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَإِنَّ الْقُرْآنَ كَلَامُ اللهِ، مِنْهُ بَدَا بِلَا كَيْفِيَّةٍ قَوْلًا، وَأَنْزَلَهُ عَلَى رَسُولِهِ وَحْيًا، وَصَدَّقَهُ الْمُؤْمِنُونَ عَلَى ذَلِكَ حَقًّا، وَأَيْقَنُوا أَنَّهُ كَلَامُ اللهِ تَعَالَى بِالْحَقِيقَةِ، لَيْسَ بِمَخْلُوقٍ كَكَلَامِ الْبَرِيَّة. فَمَنْ سَمِعَهُ فَزَعَمَ أَنَّهُ كَلَامُ الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، وَقَدْ ذَمَّهُ اللهُ وَعَابَهُ وَأَوْعَدَهُ بِسَقَرٍ، حَيْثُ قَالَ تَعَالَى:«ﭶ ﭷ ﭸ» :فَلَمَّا أَوْعَدَ اللهُ بِسَقَرٍ لِمَنْ قَالَ «ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ»عَلِمْنَا وَأَيْقَنَّا أَنَّهُ قَوْلُ خَالِقِ الْبَشَرِ، وَلَا يُشْبِهُ قَوْلَ الْبَشَرِ.

Ва албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У Зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У Зот уни Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша ҳолда ҳақ деб тасдиқ қилдилар ва уни ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг каломи деб қаттиқ ишондилар. У одамларнинг каломига ўхшаб, махлуқ эмасдир.

Бас, ким уни эшитса-ю, башарнинг каломи деб гумон қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Батаҳқиқ, ундай одамларни Аллоҳ мазаммат қилган, айблаган ва унга дўзах ила таҳдид қилган. Аллоҳ таоло: «Тезда уни сақар(дўзах)га киритиб, куйдирурман», (Муддассир сураси, 26-оят) деган. Аллоҳ: «Бу башарнинг сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас», (Муддассир сураси, 25-оят) деган кимсага сақар (дўзах) билан таҳдид қилгач, билиб, қаттиқ ишондикки, албатта, у башар Холиқининг сўзидир. Башарнинг сўзига ўхшамас.

Шарҳ: Шайх Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг «Ва албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир», деган сўзидаги «ва» (боғловчи ҳарф) олдин ўтган «Албатта, Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир» жумласига боғланганлигини билдиради. Худди «Ва албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг мустафо бандаси» жумласи ҳам ўша жумлага боғлангани каби.

Муаллифнинг «кайфиятсиз» деган сўзи, уни, яъни Қуръонни сўз қилиб гапиргани қайси кайфиятда бўлганини билиб бўлмайди, каломнинг содир бўлиши мажоз эмас, ҳақиқийдир, деганидир. Яъни каломнинг Аллоҳ таолодан содир бўлгани маълум, аммо қайси кайфиятда содир бўлгани маълум эмас.

«Қуръон» аслида масдар – ўзак бўлиб, гоҳида «қироат» маъносини англатади. Аллоҳ таоло:

ﭴ ﭵﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ

«Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир», деган (Исро сураси, 78-оят). (Яъни фажр вақтида Қуръон қироатига фаришталар шоҳид бўлурлар).

وَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «زَيِّنُوا الْقُرْآنَ بِأَصْوَاتِكُمْ». (رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ).

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон(қироати)ни овозларингиз ила зийнатланг!» деганлар.

(Абу Довуд Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Гоҳида эса «Қуръон»дан ўқилган нарса кўзда тутилади. Аллоҳ таоло:

ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин», деган (Наҳл сураси, 98-оят).

Яна У Зот:

ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ

«Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар, шояд, раҳм қилинсангиз», деган (Аъроф сураси, 204-оят).

وَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ هَذَا الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ». (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ).

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деганлар.

(Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.)

Муаллифнинг «У Зот уни Расулига ваҳий сифатида нозил қилди», деган сўзи «Аллоҳ Қуръонни Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фариштанинг тили орқали нозил қилди», деганидир. Қуръонни Жаброил алайҳиссалом Аллоҳдан эшитди ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришта Жаброил алайҳиссаломдан эшитдилар. Сўнгра одамларга ўқиб бердилар.

Аллоҳ таоло:

ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ

 «Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил этдик», деган (Исро сураси, 106-оят).

Яна У Зот:

ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ

«Уни Руҳул Амийн огоҳлантирувчилардан бўлишинг учун, очиқ-ойдин араб тилида сенинг қалбингга олиб тушди», деган (Шуаро сураси, 193-195-оятлар).

Муаллифнинг «Мўминлар уни ана ўша ҳолда ҳақ деб тасдиқ қилдилар», деганидаги «мўминлар»дан мурод саҳобалар ва тобеъинлардир. «Ана ўша ҳолда» деган сўзда Аллоҳнинг каломи ва унинг нозил қилиниши юқорида зикр қилинган кайфиятда эканига ишора бор. Яъни бу борадаги гап саҳоба ва уларга яхшилик билан эргашганларнинг – салафи солиҳларнинг сўзидир. Ва бу ҳақ ва сидқдир.

Муаллифнинг «Бас, ким уни эшитса-ю, башарнинг каломи, деб гумон қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди», деган сўзи «Ким Қуръоннинг Аллоҳнинг каломи эканини инкор қилса, уни Муҳаммаднинг ёки ундан бошқа махлуқотларидан бирининг – фариштанингми, башарнингми, каломи деса, кофир бўлишида ҳеч шак-шубҳа йўқ», деганидир.

Шунингдек, ким Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига иқрор бўлса-ю, кейин уни салафи солиҳ иттифоқ қилганидан бошқача қилиб, бузуқ таъвиллар билан таъвил қилса ёки ўзича бузса ҳам кофир бўлишида ҳеч шак-шубҳа йўқ.

«Башарнинг сўзига ўхшамас», яъни Аллоҳнинг каломи башарнинг каломига ўхшашдан шарафли, фасоҳатли ва олийдир. Аллоҳ Ўз каломининг васфида қуйидагиларни келтиради.

ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ

«Ким Аллоҳдан кўра тўғрисўзроқдир?!» (Нисо сураси, 87-оят).

«Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. .Эшитишга қодир бўла олмадилар, кўра олмадилар ҳам, Ҳуд сураси, 20оят. Яъни иш бажариш имконлари йўқ эди. Асбоб ва воситалари бўла туриб, кўриш ва эшитишни амалга давоми...

3063 19:08 / 23.08.2021
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

9183 10:20 / 08.10.2018
иккинчи мақола Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади .Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган давоми...

4339 15:00 / 08.02.2021
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади .Ана ўшалар расуллардир. давоми...

3295 18:31 / 08.03.2022