Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 ражаб | 2026 йил 06 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 180-дарс. Манманликнинг зарарлари ва унинг давоси

19:00 / 10.04.2022 4318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Манманлик гуноҳларни унутишга ва тавбани кечиктиришга олиб боради.

2. Манманлик тоатларни озайтиришга ва уларда нуқсонга йўл қўйишга олиб боради.

3. Манман кишининг ҳаракатлари беҳудадир.

4. Манманлик ғурурга ва одамлардан ўзини юқори тутишга олиб боради ва уларнинг ёмон кўришларига сабаб бўлади.

5. Манманлик қилувчи ўзини ўзи ҳалок қилади.

Манманликнинг офатларидан бири кибрга олиб боришидир. Кибрдан эса кўплаб офатлар туғилиши сир эмас. Агар манманлик ва кибр жам бўлиб қолса, иккиси барча фазилатларни йўққа чиқаради ва ҳамма разолатларни жалб қилади. Ким мазкур икки нарсага эга бўлса, насиҳатга қулоқ осмайди ва тарбияни қабул қилмайди.

Банда яхши билиши лозимки, уни ҳам, ундаги хислатлар, фазллар ва амалларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган. Бас, шундай бўлганидан кейин, олимнинг ўз илми ила, омилнинг ўз амали ила, бойнинг ўз бойлиги ила, кучлининг ўзидаги қувват ила, чиройлининг ўз чиройи ила манманлик қилишининг маъноси қолмайди. Чунки ўша нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг фазлидандир.

Агар биров «Амални ўз қудратим билан қилганман», дейдиган бўлса, «Қудратни қаердан олдинг?» дейилади. Амал бўлиши учун одамнинг ўзи, иродаси ва қудрати бўлиши лозим. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолодандир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَقَالَ رَسُولُ اللهِ: «لَنْ يُدْخِلَ أَحَدًا مِنْكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ». قَالُواوَلَا أَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «وَلَا أَنَا إِلَّا أَنْ يَتَغَمَّدَنِيَ اللهُ مِنْهُ بِفَضْلٍ وَرَحْمَةٍ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ مُسْلِمٌ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизлардан бирор киши ҳеч қачон ўз амали билан жаннатга кира олмас», дедилар. 

Одамлар: «Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. Ул зот: «Мен ҳам. Агар Аллоҳ мени Ўз раҳмати ва фазли ила ўраб олмаса», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Манманликнинг сабаблари ҳам кибрнинг сабабларининг айни ўзидир. Уларни аввал кўриб ўтдик.

Мисол тариқасида насаб билан манманлик қилишни олиб кўрайлик. Шарафли насаб эгаси ота-боболарининг шарафи ила нажот топишни хаёл қилади.

Бунинг иложи қуйидагича: Агар у ўз боболарига хилоф қилса ҳам, кейин бориб уларга қўшилишни орзу қилаётган бўлса, хато қилади. У билиб қўйсинки, боболари тоат-ибодат ва ижобий сифатлари ила шарафли бўлганлар, насаблари билан эмас. 

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ


 

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлийингиз энг тақводорингиздир» (13-оят)

عَنْ سَمَّاكِ بْنِ حُذَيْفَةَ، عَنْ أَبِيهِ قَالَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: «يَا فَاطِمَةَ بِنْتَ رَسُولِ اللهِ، اعْمَلِي لِلَّهِ خَيْرًا، فَإِنِّي لَا أُغْنِي عَنْكِ مِنَ اللهِ شَيْئًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ الْبَزَّارُ.

 

Саммак ибн Ҳузайфадан, у отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Фотима, Расулуллоҳ қизи! Аллоҳ учун яхши амал қил! Мен қиёмат куни сенга Аллоҳдан бўладиган бирор нарсани қайтара олмайман», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Баъзи кишилар «Шарафли насабга мансуб одам яқинларининг шафоатидан умидвор бўлиши мумкин», дейдилар.

Барча мусулмонлар шафоатдан умидвор бўлишади. Ҳаттоки дўзахга тушган шахс ҳам шафоатдан умид қилади. Аммо гуноҳ кучли бўлса, шафоатнинг кучи етмай қолишини ҳам унутмаслик керак.

Шафоатдан умид қилиб, гуноҳларга ботган одам табибга ишониб, дардга парво қилмаган кимсага ўхшайди. Зотан, табиб баъзи дардларнигина даволаши мумкин, ҳаммасини эмас.

Катта саҳобалар охират хавфида бўлар эдилар. Уларнинг мартабасига етмай туриб, қандай қилиб бепарво бўлиш мумкин?!

Хато фикрга суяниб манманлик қилиш ҳам жуда ёмон нарса. Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

أَفَمَن زُيِّنَ لَهُ سُوءُ عَمَلِهِ فَرَآهُ حَسَنًا فَإِنَّ اللَّهَ يُضِلُّ مَن يَشَاء وَيَهْدِي مَن يَشَاء فَلَا تَذْهَبْ نَفْسُكَ عَلَيْهِمْ حَسَرَاتٍ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

 

«Ахир қилган ёмон амали ўзига чиройли кўрсатилиб, уни яхши деб билган киши(дан яхшилик чиқармиди)?!» деган (8-оят). 

 Бу манманликни даволаш бошқаларидан кўра мушкул. Ўз фикри ила манманлик қиладиган одам бировнинг насиҳатига қулоқ осмайди. Ўзи нажот деб эътиқод қиладиган нарсани қандай ҳам тарк этиши мумкин?! 

Бунинг давоси ўз фикрини доимо танқид остига қўйиш ва у билан ғурурга кетмасликка одатланиш орқали бўлади. Ўз фикрига Қуръони Каримдан, Суннатдан ва шартлари тўлиқ бўлган ақлий далиллардан шоҳид келтириш билан бўлади. Бу эса Қуръони Карим ва Суннатни яхши билиш ва уламолар мажлисини лозим тутиш орқали амалга ошади.

Умр бўйи илм билан машғул бўлишни ўзига ихтиёр қилмаган киши мазҳаблар орасидаги тортишувларга ўзини урмаслиги лозим. У уламолар баён қилган маънолар билан кифояланади. Тақвони лозим тутади ва тоатларни кўпайтиради. 

Ким мазҳабларга ўзини урса ва қўлидан келмаган илмий баҳсларга кўмилса, ҳалокатга учрайди. 

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким У Зотнинг лутфи қадаридан ажраганини гумон қилса, бу унинг назари қисқалигидандир.ndash Лутф ndash хоҳлаган нарсасини нозик услублар ила амалга ошириш. Латийф ndash давоми...

6427 23:26 / 14.04.2017
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири ҳасаддир. Уламолар, ҳасадбировга етган неъматга рашк билан қараш ва давоми...

6675 05:00 / 28.02.2017
Кечанинг олтидан бири қолган вақт. Буни саҳар вақти ҳам дейилади. Бу истиғфор айтиладиган вақтдир.Аллоҳ таоло Зориёт сурасида марҳамат қилади.Ва улар саҳарларда давоми...

6452 14:30 / 01.08.2020
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда 107ҳ187ҳ яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, Обидул давоми...

4852 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

219816 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

138882 14:35 / 11.08.2021