1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мулла Тожиддин махдумнинг қабрдаги қўшниси (1867-1954)

14:30 / 11.04.2022 5073 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Наманган музофотининг шайхулисломи бўлган ҳазрат Иноятхожа Лангарийнинг муваффақиятларини кўра олмаган ҳасадгўйлар, 1867 йили унга иғво ва туҳмат уюштириб, шикоят билан Худоёрхон ҳузурига боришади. Натижада, вазиятни тушунмаган хон, ғазаб билан Иноятхожа Лангарий ва оиласини (ҳомиладор аёли билан) Андижон вилоятининг Шаҳрихон мавзесига (сургунга) жўнатиб юборади. Маълум вақтдан кейин хон ғазабидан тушиб, Иноятхожани Наманганга қайтариб олиб келади. Шу орада Иноятхожанинг аёли Ибодатхон ойимнинг кўзи ёриб, иккинчи ўғил фарзанд дунёга келади. Унга Тожиддин деб исм қўйишади.

Мулла Тожиддин хожа ҳалқ орасида Тожихон махдум исми билан машҳур бўлганлиги учун сиз азизларга ҳам шу исм билан таништиришни лозим топдик.

Мулла Тожихон махдум 1867 йили Андижоннинг Шаҳрихон туманида дунёга келди. Аввалига отаси Иноятхожа Лангарийда арабий-туркий хат саводини чиқаради. Сўнгра Бухородаги мадрасалардан бирида Мулла Муҳаммад Икром (1847-1925) ибн Абдуссалом (тахаллуси Икромча) домлада таълим олади. Манбаларда келтирилишича, Тожихон махдум саййид амир Олимхон билан бирга Бухорода таълим олган ва амирнинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси бўлган. Тожихон махдум ўқишни тамомлагач, она юрти Наманганга келади ва Нуриддинхожа эшонда илмни давом эттиради. Тожихон махдум ҳандаса, алжабр, фалакиёт, фиқҳ, ҳадис, мерос, талоқ каби илмлардан яхши хабардор бўлган олим ва фозил бўлиб етишади.

1902 йили ҳаж ибодатини адо қилиш учун поездга бир йиллик саёҳат чиптасини олиб, 4 нафар ҳамроҳлари билан йўлга отланади. Ҳамроҳлари билан маълум бир давлатларни саёҳат қилиб, охири Саудия Арабистонига етиб боришади. Тожихон махдум ибодатларини адо этиб, ўша пайтдаги мамлакат подшоҳи Қирол Файсалнинг ҳузурига кириб, Қуръондан имтиҳон топшириб, таълим бериш ижозасини олиб қайтадилар. Ҳозирги кунда мазкур ижоза ва у киши фойдаланган Қуръон, авлодлари хонадонларида табаррукона сақлаб келинмоқда. Тожихон махдум 40 ёшида, яъни 1907 йили Камолхон эшон қизлари Тўрабиби пошша билан оила қуриб, фарзандлик бўлади.

1930-1938 йиллар орасидаги қатағон сиёсати Тожихон махдумни ҳам четлаб ўтмади. Жуда оғир ва синовли кунларни бошидан кечирди. Узоқ вақт оиласидан узоқда, қувғинда яшашга мажбур бўлди. Маълумотларга кўра, Тожихон махдум яшаб турган жойини 29 маротаба ўзгартирган. Бир неча бор мол-мулклари мусодара қилиниб, ҳеч вақосиз кўчада қолиб кетган экан.

Тахминан, 1936-1938 йиллар орасида Тошкентда қочувда юрган пайтлари Чиғатойдаги катта қабристонда беркиниб жон сақлаган экан. Қочувда юрган Тожихон махдум бир куни Чиғатойдаги катта қабристонга келиб, эски ковлаб қўйилган қабрга кўзи тушади. Қабрга тушиб қараса, қўшни қабр очилиб қолган экан. Қизиғи, ичида ётган маййит чиримай янги ҳолатда қўйилгандек турган эмиш. Тожиддин махдум дарров очилиб қолган жойини беркитиб, анча вақт мана шу эски ковланган қабрда жон сақлаб юрган экан. Кунлардан бирида Тожихон махдумнинг ўғилларидан бири кўргани келиб, қиблагоҳини яшаб юрган жойларини кўриб, «Отажон юринг сизни бошқа жойга олиб бораман» дейди. Шунда Тожихон махдум: «Йўқ ўғлим, бу ердаги қўшниларим яхши инсонлар экан, дейди. Кейин билишса, отаси яширинган жойдаги қўшни қабрда шаҳид бўлган азиз киши ётган экан.

1940 йилларда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш олдидан катта тайёргарлик кўрилади. Худди шу вақтларда Чиғатойдаги қабристонда қочувда юрган Тожихон махдумни Ойбекнинг отаси Мусо Тошмуҳаммад домла кўриб қолади. Ҳазрат домла Тожихон махдум билан анча вақт дилдан суҳбатлашиб ўтиришади. Ўша вақтда Усмон Юсупов (1900-1966) Фанлар Академияси қошидаги тил ва адабиёт институти ўқитувчиларига Алишер Навоий «Хамсаси»ни ўзбек тилига насрий баёнларини тайёрлаш лозимлигини уқтиради. Шунда Мусо Тошмуҳаммад асарни насрий баён этгани билимли кишилар кераклигини айтади. Усмон Юсупов ўша билимли инсонларни топиб, асарни насрийга тезроқ таржима қилишни сўрайди. Шунда, Мусо Тошмуҳаммад илмли бир киши борлигини, бироқ қочувдаги киши эканини айтади. Усмон Юсупов у кишини ана шу заҳоти олиб келишни буюради. Хуллас, Усмон Юсуповнинг саъй-ҳаракати билан Тожихон махдум домла очиқликка чиқади. Ана шу йили Навоийнинг «Хамса» асари ўзбек тилида насрий усулда ёзилади. Бу асарни ўзбек тилига таржима қилинишида Тожихон махдум домланинг хизматлари беқиёс бўлган. Тожихон домла Тошкентда яшаб, фаолият кўрсатган вақтларида Кўкча, Аллон ва Ҳазрати Имом мавзесидаги масжидларда имом хатиб ва имом ноиби бўлиб дин хизматида бўлган эканлар. Кейинчалик ватани Наманганга қайтиб, мударрислик фаолиятини давом эттирган.

Тожихон махдум домла Ҳазрати Лангар, Ҳайдар Закотчи, Ҳожа Амин ва мулла Бозор Охунд мавзесидаги масжидларда толиби илмларга илм-маърифат зиёсини тарқатган. Шаҳарнинг кўплаб машҳур уламолари у кишидан таълим олиб, шогирд бўлиш шарафига муяссар бўлишган.

Шулардан баъзиларини келтириб ўтмоқчимиз:

Мулла Юсуфжон охунд (пешқадам), Абдулғофур (1872-1949) қори домла, мулла Абдусаттор (1891-1975) домла, Кароматхон эшон (1894-1984) домла, мулла Ҳошимжон (1904-1996) қори домла, Шамсиддин (1914-1998) қори домла, Ёсинхон (1897-1982) тўра домла, Тожиддин (1904-1969) қори (Лангарлик), Юсуфхон (1911-1975) тўра домла, Аҳмаджон қори (1916-1997) домла (Лангарлик), мулла Мадраҳим эшон (Шўрқўрғонлик), Баҳриддин ҳожа (Янгиқўрғон-Бекобод қиш.) ва мулла Ҳасанбой (Уйчи-Файзабод) ва бошқалар.

Тожихон махдум домла 1943 йили шўролар даврида Наманганда биринчи очилган Лангар мавзесидаги жомеъ масжидда имом бўлиб фаолият кўрсатганлар. У зотнинг ёрдамчилари бўлиб Исмоил махдум бўлган экан. Ҳазрат Тожихон махдум 1954 йилда оламдан ўтади. У зот шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий» мозорига дафн қилинган.

Мулла Тожихон махдумнинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача маълумот:

Тожихон махдум Тўрабиби (1894-1981) Камолхон эшон қизи билан турмуш қурган. Уларни 3 нафар ўғил, 1 нафар қиз фарзандлари бўлган.

Фарзандлари Абдулваҳҳоб (1900-1981), Абдулҳафиз (1920-1936), Абдулатиф (1924-2008) ва Робияхон ойим (1930-2014).

Абдулатиф ҳазрат Марҳаматхон ойим (1937-1985) Азизхон эшон қизи билан турмуш қурганлар. Уларни 6 нафар ўғил, 2 нафар қиз фарзандлари бор.

Фарзандлари Акмалхон (1956-2021), Аҳрорхон (1958-2018), Мухторжон (1960-1992), Анваржон (1962), Абдумутал (1968-2008) ва Орифхон (1971) лар[1]. 

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

  
 
 

[1] Ушбу маълумотлар Тожихон махдум  авлодларининг шахсий архивидан олинди.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаХатиб айтадилар .Масъуд ибн Носир Сижзий Ибн Ҳиббон ёзган китобларни зикр қилдилар .Тарихус сиқат,, .Илал авҳомил муаррихин, 1 жилддан, .Илал маноқиби давоми...

1466 12:00 / 31.01.2021
Шайх, имом, ҳофиз, ўрнак бўлувчи, мусанниф, сиқа Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Самкувайҳ Асбаҳоний.Ҳиротда истиқомат қилганлар. Ҳадис илмининг давоми...

1508 15:00 / 06.12.2020
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМСаҳобаи киромнинг ваъзнасиҳатларини ўрганишга киришишдан олдин у зотларнинг баъзи фазилатларини, уламоларимиз саҳобаларнинг давоми...

4505 11:40 / 04.05.2018
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг диний қарашлари ҳақида жуда кўп ёзилган ва ёзилмоқда. Бироқ буюк алломанинг иқтисодий тафаккури ҳам айнан шундай юксак давоми...

1707 13:30 / 07.06.2023
Аудиолар

137625 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57691 14:35 / 11.08.2021