1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳою-ҳавас охиратни унуттиради

12:02 / 20.11.2018 4284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Эй умматим, сиз учун қўрққанларимнинг энг қўрқинчлиси икки нарсадир:

1. Ҳою-хавас.

2. Ҳавойи нафсга берилмоқ.

Ҳою-ҳавас охиратни унуттиради. Ҳавойи нафсга берилиш эса кишини тўғри йўлдан адаштиради.

Мен уч нарса кишини уч нарсага ҳеч шак-шубҳасиз мубтало қилажагига кафилман:

1. Мол-дунёга бутун борлиғи билан ташланмоқ Бу шундай бир қашшоқлик келтирадики, ортиқ ундан кейин бойлик бўлмайди. Яъни бутун борлиғини дунёга бағишлаган кимса қанчалик бойлик орттирган бўлмасин, ўзини бой бўлган кўрмайди (бахтсизлик изма-из юради).

2. Дунёда очкўз бўлмоқ. Бу одамга шундай бир машғуллик келтирадики (яъни одамни ишга шундай боғлаб ташлайдики), унда ҳеч бир ибодат, ҳеч бир хайрли иш учун бўш вақт қолмайди. Чиндан ҳам дунёга тўймайдиган кимсанинг ибодат ва бошқа хайрли ишлар учун бўш вақти йўқдир.

3. Дунё молига хасислик. Бу шундай бир қайғу, шундай бир ташвиш олиб келадики, ортиқ ундан кейин севинч ва фароғат йўқ. Ҳам ўзига, ҳам ўзгага хасислик қилувчи кимса молига кўп мол қўшолмаётганидан сиқилиб юради”.

Баъзи буюкларимизнинг бу мавзудаги сўзлари.

Абу ад-Дардо:

“Эй инсонлар, уялмайсизми? Бино қурасиз, ичида ўтира олмайсиз. Яна орзу-ҳаваслар билан машғул бўласиз, охирига етолмайсиз. Дунё молини тўплайсиз, қаноат қилиб ея олмайсиз. Сиздан олдинги қавмлар сиздан зиёдароқ дунёлик тўплагандилар ва сиздай ҳою-ҳаваслар билан овора бўлгандилар. Лекин, шундай кун келдики, дабдабали бинолари мозорга айланди; орзу-ҳаваслари уларни алдади; тўплаган дунёлари маҳв бўлди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

– (Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга хитобан) Икки дўстингга (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу) қўшилишни истасанг, ямоқ кўйлак ва ямоқ пойабзал кий. Ҳою-ҳавасга берилма. Тўйиб овқатланма.

Ҳазрати Одам алайҳиссалом ўғли Шитга қуйидаги беш нарсани насиҳат қилган ва у ҳам ўлмасдан бурун ўғилларига насиҳат қилишини буюрган эди:

1. Ўғилларингга айт: дунёга очкўзлик қилмасинлар, ундан ўзларини халос тутсинлар. Мен абадий жаннатда очкўзликка берилдим. Шу туфайли Аллоҳ мени жаннатдан чиқарди.

2. Ўғилларингга айт: хотинларнинг ҳавойи нафсига асир бўлмасинлар. Мен ўз хотинимнинг ҳою нафсига асирлигим туфайли тақиқланган мевадан едим. Кейин афсус қилдим.

3. Ўғилларингга айт: қиладиган ишларининг оқибатини ўйласинлар. Агар мен қилаётган ишимнинг оқибатини ўйлаган бўлсайдим, бундай оғир айрилиққа дучор бўлмас эдим.

4. Ўғилларингга айт: қалблари бирон нарсадан ҳадиксираса, ундан узоқлашсинлар. Мен тақиқланган мевадан ея бошлаган пайтимда, юрагим бир ҳаприққан ва ҳадиксираган эди, лекин мен орқага қайтмадим ва узоқлашмадим, кейин надомат мени боғлагандан боғлайверди.

5. Ўғилларингга айт: кенгаш билан иш қилсинлар. Агар мен малаклар билан кенгашганимда эди, бундай айрилиққа дучор бўлмасдим.

Мужоҳид:

“Абдуллоҳ ибн Умар менга дедики: «Тонг вактида шомгача, шом вақтида тонггача бора оламан, деб керилма. Ўлмасдан олдин ҳаётнинг қадрини бил, уни эзгу ишларга сарфла. Хасталикдан оддин соғлиқнинг қадрига ет. Чунки эртага ким бўлишинг номаълум”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан сўрадилар:

– Ҳаммангиз жаннатга киришни истайсизми?

Саҳобалар:

– Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!

Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Чексиз орзу-ҳавасларни қўйинг, Аллоҳдан ҳаё қилинг!

Саҳобалар:

– Биз ҳаммамиз Аллоҳдан ҳаё қиламиз.

Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Шунчаки уялиш бу Аллоҳдан ҳаё қилиш эмас. Аллоҳдан ҳаё қилиш қабрни ва маҳв бўлажагимизни хотирда тутиш демак. Аллоҳдан ҳаё қилиш ичи-ташини ва қалбини ёмон ниятлардан ва ёмон фикрлардан асраш демакдир. Кимки, жони охиратда яхши ҳаёт қозонишини хоҳласа, бу дунёнинг дабдабасидан қочсин. Мана шу нуқтада кишининг Аллоҳдан ҳаё қилиши бошланади ва бу ҳаё уни Аллоҳ дўстлиги сари элтади.

Бу умматимнинг биринчилари дунё завқи ва дабдабаларидан қўл тортиш билан шафоат ва нажот топадилар. Умматимнинг сўнггилари эса хасислик ва ҳою-ҳавас билан фалокатга учрайдилар”.

“Уммул-мунзир” деган китобда шундай ҳикоя қилинади:

“Бир оқшом Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жамоатга қўшилдилар ва уларга: «Эй инсонлар, Аллоҳдан уялмайсизми?” – дедилар. Жамоат: «Нега бундай деяпсиз, эй Расулуллоҳ?» – дейишганда,

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шуларни айтдилар:

– Емай-ичмай, мол тўплайсиз. Ўзингиз кўрмайдиган кунлар учун чексиз орзу-ҳавасларга бериласиз. Ўзингиз ичида истиқомат қилмайдиган бинолар қурасиз.

Абу Саид Ҳудрий ҳикоя қилади:

Усома ибн Зайд, Зайд ибн Собитдан 100 тиллага бир қул сотиб олганди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Бадалини бир ой кейин бермоқчи бўлиб қул сотиб олган Усомадан хавотир олмайсизми? Усома ҳою-ҳавасга берилган одам. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен қабоқларимнинг ҳар очилишида, яна бир ёпилмасидан бурун руҳим Аллоҳ томонидан олиниши мумкин, деб ҳисоблайман. Бир ёнимга ўгирилган чоғимда, жоним танимда экан, яна иккинчи ёнимга ўгирилолмаслигим мумкин, деб ўйлайман. Оғзимга бир луқма олганда, уни ютмасдан ўлишим мумкинлигига ҳам аминман!

Кейинроқ Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам шуларни айтдилар:

“Эй Одам ўғиллари, агар ақлингиз бўлса, нафсингизни ўлик сананг. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, сизнинг бошингизга тушажаги ваъда қилинган нарсалар муқаррар юз беражакдир. Сиз ундан қочиб қутулолмайсиз!”.


Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Мавзуга оид мақолалар
Сабр сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир. Ушбу мақомда биз учун сабрнинг худди шу маъноси керак.Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида давоми...

22894 05:00 / 28.02.2017
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади 1. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб, давоми...

6413 18:30 / 05.03.2022
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.Ҳаётда ҳеч қайси давоми...

3955 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ буюради Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг закотини беришга бахиллик хасислик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзларини учун яхшилик давоми...

4203 18:09 / 17.11.2018
Аудиолар

213194 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132414 14:35 / 11.08.2021