Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (115-дарс). Илм Ислом тарафида ва ақийда далиллари (2-қисм)

13:00 / 21.12.2020 3716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

 Оҳод ҳадислар ҳақидаги баҳс яна ҳам мукаммал бўлиши учун «Ҳадис ва Ҳаёт» номли асаримизнинг биринчи жузидан узунроқ бир иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз:

«Исломда энг нозик масала эътиқод масаласи экани ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил – ҳадиси шарифларни қандай шартлар ила ақийда бобида далил сифатида қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.

Ўртага биринчи қўйилган масала, зон (гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиб бўлиши мумкин эмаслигини ҳамма яхши билади. Ундай бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин.

Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн – гумон; зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий, илми яқийннинг даражасига етмаган саҳиҳ илмни англатишини билганимиздан сўнг, ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига: «Зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас», деб жавоб берган.

Кейин оҳод ҳадис (албатта, саҳиҳ бўлиш шарти ила) зонни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, ақоид уламолари истилоҳида заррача шубҳаси йўқ илми яқийнни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим.

Маълумки, оҳод ҳадис дейилганда, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушунилади.

Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:

1. Жумҳури уламолар: «Оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқийнни ифода этмайди», деганлар.

2. Баъзи ҳанбалий уламолар: «Оҳод ҳадислар, агар саҳиҳ бўлсалар, илми яқийнни ифода этади», деганлар. Аввал ҳамма: «Зонн билан, илми яқийнсиз ақийда собит бўлмайди», деган эди. Энди жумҳури уламолар: «Оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) зонни ифода қилади, холос», демоқдалар.

Ундай бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар экан-да?

Лекин ақийда бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз.

Жумҳури уламоларга: «Сиз муҳтарамлар «Оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди», дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар, Накирнинг саволи, сирот, ҳавз, мизон, шафоат каби кўплаб ақийда масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган экан-ку», деймиз.

Улар бизга: «Гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушунмабсизлар. Биз «Зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди», деганимизда, ақийда рукнларини, яъни буларни инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган ҳукмларни, чунончи, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фаръий масалаларида оҳод ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса, қабул қилишга қарор қилганмиз», дейдилар.

Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймоннинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони Каримга, қиёмат кунига, фаришталарга, Қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «Диндан деб билиш зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқийн лозим экан. Бу эса Қуръони Карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунга ҳеч ким хилоф қилмайди.

Лекин афсуски, оҳод ҳадис илми яқийнни ифода қиладими, деган тортишув натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Ўша масалада жумҳури уламолар, Аҳли сунна ва жамоа – моликийси бўлсин, шофеъийси бўлсин, ҳанафийси бўлсин, ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин, «Оҳод ҳадис, ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, у билан инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди», деганлар.

Муҳаддислар ва баъзи қавлларга қараганда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: «Саҳиҳ оҳод ҳадис ила илми яқийн, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақийда собит бўлади», деганлар.

Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёхуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислар. Уламолар: «Ҳатто мутавотир ҳадис билан ҳам инсонни диндан чиқди, деб ҳукм қилиш мумкин эмас», деб иттифоқ қилганлар. Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. .Қуръон, лафзининг луғавий маъноси .ўқиш, дегани. Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган давоми...

3822 19:00 / 18.07.2022
Савол Нега Аллоҳни кўриб бўлмайдиЖавоб 1. Маълумки дунё ҳаёти имтиҳондир. Аллоҳ ва расули берган хабарларга ишониш ва амал қилиш билан инсон имтиҳондан давоми...

4165 13:06 / 04.11.2018
Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг, у кишининг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

3332 19:00 / 01.08.2022
Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса ҳозир ndash ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам бўлиб, бўлганбўлмаган нарса учун кўпчиликни давоми...

5874 13:30 / 13.05.2019