Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (114-дарс). Илм Ислом тарафида ва ақийда далиллари

13:27 / 14.12.2020 3535 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аммо Исломда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аввал бошда бошқалар Исломни ҳам бошқа динлар каби илмга қарши қўйдилар. Лекин илм ривожланиб борган сари Исломда келган маълумотларнинг тасдиғи кучайиб борди. Аста-секин Ислом ақийдасида келган нарсаларнинг тўғрилигига илмий кашфиётларни далил сифатида келтириш йўлга қўйилди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда. Шу тариқа Исломдаги ақийдавий масалаларга илмий далил келтириш юзага чиқди.

Охири келиб, Ислом ақийдаларининг далиллари – Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар ақл ҳамда илм асосига айланди.

Ақийда далиллари

Ақоид китобларида келадиган барча масалалар «ғайбиёт» деб номланган нарсалардир. «Ғайбиёт» деганда биздан ғойибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келтириш фақатгина ишончли – «мутавотир» хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундай нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони Карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир хабарларнинг бошида Қуръони Карим туради. Бу илоҳий китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда, мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони Каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Исломдан чиқади.

Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Уларда собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Исломдан чиқади.

Баъзи кишилар «Ақийдада келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор. Оҳод хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди», деганларга қандай жавоб берамиз?» дейишлари ҳам мумкин.

Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади.

Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони Каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шахс кофир бўлади.

Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса кофир бўлиб, Исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра ва Муҳаммад Носириддин Албонийлар оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг гаплари асосида исбот қилганлар.

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи: «Аслида ақийдаларнинг собит бўлиши фақат таъвилни қабул қилмайдиган Қуръон оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақийда қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда баъзи ақийдага оид нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир демаймиз», деган маънодаги гапларни ёзган.

Жумладан, Муҳаммад Носириддин Албоний: «Баъзилар «Ақийда фақатгина қатъий далил, оят ва мутавотир ҳадис билангина собит бўлади», деган фикрга борганлар. Бу бидъат қавлдир. Шариатда асли йўқ қавлдир. Салафи солиҳлар бу гапни айтмаганлар ва улардан буни бирор киши нақл ҳам қилмаган», деб ёзган.

Аввалги ўтган уламоларнинг барчаси: «Оҳод хабарлар ақийдага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларнинг кўпи илми яқийнни ифода қилади», деганлар. Ўша уламоларнинг сафида Ибн Салоҳ ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам бор.

Кўпчилик пайтларда оҳод хабарлардан бир нечасида бир масала зикр қилинади ва улар жамланиб, «маънавий мутавотир» деган даражани олади.

Диний илмлардан бехабар бўлсалар ҳам, бу ишларга аралашиб юрадиганлар ўзларининг қабр азобини инкор қилишларига баҳона топиш учун «Азоби қабр оҳод ҳадис билан собит бўлган, у эса гумонни билдиради, Қуръони Каримда эса гумон қораланган» деб, ушбу оятни далил қилиб  келтирадилар:

ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ

«Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Улар гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас» (Нажм сураси, 28-оят).

Ҳар бир илмнинг ўз истилоҳлари бўлгани каби, ақийда илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор. Унда мутавотир хабар билан собит бўлган нарсани илми яқийн билан собит бўлди, дейилади. Мутавотир хабар билан собит бўлмаган нарсани «зонн» билан собит бўлди, дейилади. Бу ердаги «зонн» биздаги гумон маъносини англатмайди. Балки илми яқийн даражасида бўлмаган илм маъносини англатади.

Энг муҳими, «зонн» билан «зонн»нинг фарқи бор. Оҳод хабар ақийдада ҳужжат бўлмайди, деган илмсизларнинг «зонни» билан имом Бухорий, имом Муслим каби Ислом умматининг жумҳури тан олган имомлар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда нақл қилинган «зонн»нинг фарқи бўлади, албатта. Бу ҳақда ҳадис илмларининг улкан билимдони, улумул ҳадисдан мусулмон уммати ижмоъ ила эътироф қилган китоблар ёзган машҳур олим Ибн Салоҳ ўзларининг «Муқаддима» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Албатта, дастлаб ихтиёр қилган мазҳабимиз тўғри экани менга аён бўлди. Чунки хатодан маъсум бўлган кимсанинг «зонни» хато бўлмайди. Уммат эса ўз ижмоъсида хатодан маъсумдир».

Яна шу ҳақда устоз Абдурроҳман Ҳасан Ҳабаннакал Майдоний ўзларининг «Ал-Ақийда ал-Исломия ва усусуҳа» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Баъзи оҳод ҳадислар ақоиднинг бир қисмини ўз ичига олган. Ислом уммати уларни ўзининг аввалги асрларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилиб олган. Шу сабабдан ўша ҳадислар мутавотир мартабасига кўтарилган. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун улар «маънавий мутавотир» дейилади. У эса лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худди ўзини ифода этади».

Ақоид илмининг бобокалонлари «Оҳод ҳадисларни ақийдада ҳужжат қилиб бўлмайди», деганларни қаттиқ қоралаганларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Бунга мисол тариқасида «Талхийси шарҳи ақоиди Таҳовия» китобидан иқтибос келтирамиз:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ йўл билан собит бўлган шаръий нарсалар ва баёнлар ҳаммаси ҳақдир».

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари жаҳмия, муъаттила, мўътазила, рофиза мазҳабларига раддиядир, чунки улар ҳадисни инкор қилганлар ҳамда бу бузуқ ишларига қуйидаги далилларни келтирганлар:

«Ҳадислар ва хабарлар мутавотир (кўп кишилар томонидан ривоят қилинган) ва оҳод (оз кишилар томонидан ривоят қилинган) ҳадисларга бўлинади».

«Мутавотирнинг ривоят суянчиғи кучли ва қатъий бўлса ҳам, далолати қатъий эмасдир. Чунки лафзий далиллар қаттиқ ишончни ифода қилмайди» (Шунинг учун улар сифатларга далолат қилувчи Қуръони Карим оятларини ҳам инкор этиб, бузуқ таъвиллар қилганлар).

Яна улар ушбуларни айтадилар:

«Оҳод хабарлар илмни ифода қилмайди. Уларни ривоят суянчиғи жиҳатидан ҳам, матни жиҳатидан ҳам ҳужжат сифатида ишлатиб бўлмайди».

Улар шундай деб, Аллоҳни таниш, Унинг исмлари, сифатлари ва ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали таниш эшигини ёпганлар. Одамларга ўзларининг ваҳмдан иборат хаёлий муқаддималарини ақлий қатъиятлар ва ишончли далиллар, деб тақдим этганлар. Аслида эса у нарсалар саробдан бошқа нарса эмас. Энг ажабланарлиси, улар ўша сафсаталарни ваҳийдан устун қўйганлар. Ваҳий орқали келган нарсани қўйиб, ўша сафсата хаёлга амал қилишга даъват қилганлар. Ҳар бир бидъатчи тоифанинг одати ўзи шу. У ваҳийни ўз бидъатига солиштиради. Ўзига мувофиқ келган нарсани, бу – ишончли, деб қабул қилади, мувофиқ келмаган нарсани эса шубҳали, деб рад этади. Ёки бу нарсани фақат катта уламолар ва улуғ мужтаҳидларгина фаҳмлайди, дейди. Ёки бузиб кўрсатиб, ўз бузғунчилигини таъвил, деб атайди. «Таъвил қилувчи кофир эмас», дейди».

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Холиқ,нинг маъноси .Бориъ, билан бирга келганда .тақдир қилувчи, ndash .ўлчовли қилувчи, бўлади. .Бориъ,нинг маъноси эса .пайдо қилувчи,, .вужудга келтирувчи, бўлади. давоми...

5218 20:05 / 02.12.2019
Инсон ўзини бахтсаодатга элтадиган илммаърифатга эга бўлиш учун аввало, ўзидаги илммаърифат ҳосил қилиш воситалари ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиши керак. давоми...

2693 14:46 / 15.10.2018
биринчи мақола Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса давоми...

4146 13:00 / 08.03.2021
9. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсонлардан бўлган ўз яқинларига етказиб давоми...

2350 00:00 / 30.11.2022