Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (100-дарс). Aқоид илмининг тарихи

13:30 / 31.08.2020 4720 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турли-туман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини ўзича баён қилар, ким гапга устароқ бўлса, ўша ютиб чиқар эди. Асосан ақийдалар хурофий гаплар ва тасаввурлардан иборат эди. Шунингдек, ўша вақтда машҳур бўлган яҳудийлик, насронийлик, мажусийлик каби катта динларнинг ақийдалари ҳам ақл бовар қилмайдиган афсоналар билан тўлиб-тошган эди. Арабистон ярим оролида эса асосан ширк ақийдаси ҳукм сурарди. Одамлар ўзлари қўллари билан ясаб олган ҳайкал, буту санамларни худо деб эътиқод қилар эдилар. Уларда фаришталар, жинлар ва яна бошқа нарсаларга ҳам ўзига хос бидъат-хурофотдан иборат ақийдалар мавжуд эди.

Ислом келиб, мазкур ақийдаларнинг барчасини ислоҳ эта бошлади. Мусулмонлар ўз ақийдаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлаётган оят ва ҳадислардан ола бошладилар. Дастлаб уларда бу икки манбадан бош-қа нарса ҳақида ўйлаш ҳам йўқ эди. Ҳамма нарса фақат шу икки манбадан келиб чиқарди.

Қуръони Каримнинг ўзида насоро, яҳудий ва мушрикларнинг бузуқ ақийдаларини танқид қилиш ва уларнинг хатоларини баён этиш борасида бир қанча ояти карималар нозил бўлди.

Мусулмонларнинг ўзларининг орасидаги биринчи ақийдавий тортишувлар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг аскарлари ичидан ажраб чиққан, ақийда масаласида баъзи бир шубҳали саволлар чиқарган хаворижлар тоифаси билан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва у кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди.

Кечагина Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган нарсаларга ҳеч бўйин товламай эътиқод қилиб юрган кишилар энди янги шароитдаги одамлар билан ақийда масалаларида тортишишга мажбур бўлдилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари бир қадарий билан узоқ тортишдилар. Сиффийн жангидан кейин бир қари киши келиб, ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга инсон ҳаётидаги жабр ва ихтиёр ҳақида савол берди. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга ўз услубларида жавоб бердилар ва узоқ тортишдилар. Ҳазрати Али Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни хаворижлар билан баҳс қилиш учун юбордилар. Катта саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Язид ибн Умайра билан иймон ва унга тегишли масалаларда узоқ тортишдилар.

Демак, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақийдавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Чунки ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврига келиб, турли ақийда ва фалсафа эгалари янги мусулмонлар ўлароқ Ислом жамиятида ўз маконларини олган эдилар. Уларга оят ёки ҳадис айтиб бир нарсани тушунтириш қийинлашиб қолган эди. Уларнинг ўз тушунчаси ва тафаккур йўналиши бор эди. Уларга ўзига хос муомала қилинмаса бўлмас эди.

Шунинг учун ҳам имом Бухорий келтирган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамлар билан ўзлари билган нарса ила гаплашинглар. Улар инкор қилган нарсани тарк қилинглар. Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини истайсизларми?!» деган эдилар.

Тобеъинлар даврига келиб ҳолат яна жиддийлашди. Энди баъзи кишилар ақийда масаласида мутахассис бўлиб ажраб чиқа бошладилар. Имом Ҳасан Басрий бу соҳада дарслар ўтар эдилар. Айни Ҳасан Басрийнинг дарс ҳалқасида иштирок этган кишилардан бири Восил ибн Ато у киши билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми ҳақида тортишиб, беодоблик қилди ва кейинчалик мўътазилийлар мазҳабига асос солди.

Кейинчалик мўътазилийлар ўз фикрларини баён этувчи китоблар ёздилар. Аббосийлар давлати уларни ҳимоясига олгандан сўнг фикрларини одамларга куч билан ўтказа бошладилар. Уларнинг Қуръони Карим махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақидаги даъволари катта жанжалга сабаб бўлгани ҳаммага маълум.

Шу билан бир қаторда бошқа фирқа ва тоифалар ҳам кенг тарқалиб кетди. Оқибатда Ислом оламида турли фикр, фалсафа, эътиқод ва қарашлар тарқалиб, ҳаммаси соф Исломий ақийдага футур етказиш йўлига ўтиб олдилар.

Бундай ҳолатнинг вужудга келишига бир қанча сабаблар бор эди. Улардан энг кўзга кўринганлари қуйидагилар:

Фатҳлар туфайли Ислом ерларининг беҳад кенгайиб кетгани.

Исломга турли динлар вакилларининг киргани.

Исломга яқин ва узоқ юртларнинг аҳолиси киргани.

Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.

Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга «Аҳли сунна ва жамоа» номи берилди.

Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Натижада ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.

Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда фаришталарнинг баъзи вазифалари ҳақида маълумотлар келган. Биз учун бу масалада ояти карималар асосий манбадир. Келинг, мазкур оятлардан давоми...

2246 00:00 / 30.08.2022
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади ....Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир, Нисо сураси, 17оят. ....Ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Нисо сураси, давоми...

950 19:00 / 29 июль
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқсавол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай давоми...

49233 05:00 / 03.12.2016
. Ва уларнинг ажалларини белгилади. Шарҳ Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло халойиқнинг ажалларини белгилаб қўйгандир. Қачонки уларга ажаллари келса, бирор соат давоми...

1206 19:00 / 12 август