1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

95-боб. Уларга ўзингиз кийган либосдан кийдиринг

11:02 / 31.08.2020 1820 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади:

«Отам билан ансорий саҳобалар яшайдиган жойга улар ўлмасларидан олдин илм олиш ниятида бордик.

Биринчи учратган кишимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абул Ясар бўлди. Ёнида ғуломи ҳам бор эди. Қарасак, Абул Ясарнинг эгнида бурда ва маъофирий, ғуломида ҳам бурда ва маъофирий бор экан. Мен унга:

«Амаки, агар ғуломдаги бурдани олиб, унга маъофирийингизни берсангиз ёки унинг маъофирийини олиб, бурдангизни унга берсангиз, сизда ҳам, унда ҳам бош-оёқ сарпо бўларди», дедим.

Шунда у бошимни силаб туриб:

«Аллоҳим, буни баракали қилгин! Эй биродаримнинг ўғли! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Уларга ўзингиз еган таомдан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг», деганларини мана шу кўзларим кўрган, мана шу қулоқларим эшитган, мана шу қалбим ўзига жо қилиб олган, – дея қалб томирига ишора қилди. – Мен учун унга бу дунё матоҳини беришим унинг қиёматда савобимдан олишидан осонроқ», деди».

Шарҳ: Бурда – елкадан ёпиниб юриладиган чизиқли тўртбурчак кийим.

Маъофирий  – Ямандаги Маъофир қабиласига мансуб кийим.

Ушбу ривоятда мусулмонлар жамиятида илмга бўлган эътиборни яққол кўриб турибмиз. Ота-бола икковлари «Илмли ансорий саҳобалар тирикликларида уларнинг илмидан ўрганиб қолайлик», деган ниятда сафар қилганлар. Уларнинг ниятлари соф бўлганидан ўзларига биринчи дуч келган саҳобийдан ушбу биз ўрганаётган ҳадисда зикр қилинган илмни ўрганганлар. Улар олган бу илм асрлар оша барча мусулмон толиби илмларга етиб борадиган баракали илм бўлиб қолган.

Ушбу ривоятнинг бош қаҳрамонлари Абул Ясар розияллоҳу анҳунинг исмлари Каъб ибн Амрдир. У киши Бадр ғазотида иштирок этган саҳобалардандир. Бадрда у киши Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуни асир олганлар.

У киши ҳақида Қуръони Каримнинг «Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир» ояти нозил бўлган.

Абул Ясар Каъб ибн Амр розияллоҳу анҳу Бадр ғазоти иштирокчиларидан Мадинада энг охири вафот этган шахсдир. У киши бир юз йигирма ёшга кирганлар ва ҳижрий эллик бешинчи санада вафот этганлар.

Абул Ясар Каъб ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилишда барчага намуна бўлганларини ушбу ривоятдан ҳам кўриб турибмиз.

«Биринчи учратган кишимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абул Ясар бўлди. Ёнида ғуломи ҳам бор эди. Қарасак, Абул Ясарнинг эгнида бурда ва маъофирий, ғуломида ҳам бурда ва маъофирий бор экан».

Бу ҳолатни кўрган ёш йигит ҳайратга тушди. Хўжайин билан ғулом бир хил, аммо номутаносиб равишда кийиниб олишибди. Агар улар биттадан кийимни алмаштириб олишса, ҳам чиройли, ҳам мутаносиб бўлар эди. Эҳтимол, улар бу ҳолни тушуниб етмагандирлар.

Йигит ёшлигига бориб, ўз мулоҳазасини айтди.

«Амаки, агар ғуломдаги бурдани олиб, унга маъофирийингизни берсангиз ёки унинг маъофирийини олиб, бурдангизни унга берсангиз, сизда ҳам, унда ҳам бош-оёқ сарпо бўларди», дедим».

Аммо йигит ўз қаричи билан ўлчаган экан. Абул Ясар розияллоҳу анҳуни йигитнинг ташқи кўринишга берган аҳамияти ҳеч қизиқтирмас экан. У кишининг қалбида тамоман бошқа нарса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилиш нияти бўлган экан.

«Аллоҳим, буни баракали қилгин! Эй биродаримнинг ўғли! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Уларга ўзингиз еган таомдан едиринг, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринг», деганларини мана шу кўзларим кўрган, мана шу қулоқларим эшитган, мана шу қалбим ўзига жо қилиб олган, – дея қалб томирига ишора қилди. – Мен учун унга бу дунё матоҳини беришим унинг қиёматда савобимдан олишидан осонроқ», деди».

Демак, хожа қулига ўзи еган таомидан едирмаса, ўзи кийган кийимидан кийдирмаса, қиёмат куни хожанинг савобидан қулга олиб берилар экан. Бунга иймон келтирган мўмин-мусулмон албатта бундай қилмайди.

Кейинги авлод вакили бўлган ровий бунинг ҳаётдаги намунасини саҳобаи киромнинг аввалги авлодида кўриб, ибрат олганини ушбу ҳадисдан билиб олдик. Қулга, ходимга шу қадар муносабатда бўлинар экан.

Демак, вақтинча ёрдам бериб юрган, ишга ёлланган, мардикорлик қилаётганларга нисбатан ҳам ёмон муносабатда, ёмон муомалада бўлмаслик кераклиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.

Бугунги кунда кўп учрайдиган мардикорларни ишлатиб, пулини бермаслик, ҳатто уларнинг пулини зўрлик қилиб тортиб олиш ҳоллари Исломда бир минг тўрт юз йил муқаддам қатъий ман қилиб қўйилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Оила аъзолари биргаликда илм талаб қилишлари.

2. Илмли кишиларнинг ҳаётлик пайтларида улардаги илмни олиб қолиш учун ҳаракат қилиш кераклиги.

3. Ёш кишилар баъзи мулоҳазаларини катталарга айтишлари мумкинлиги.

4. Катта ёшдаги кишилар ёшларга меҳрибон бўлишлари кераклиги. Абул Ясар розияллоҳу анҳу ровийнинг бошини силадилар.

5. Катталар ёшларнинг ҳаққига дуо қилишлари.

6. Ходимларга яхши муомалада бўлишни тавсия қилиб туриш кераклиги.

7. Хўжайин ўзи еган нарсадан ходимига ҳам едириши кераклиги.

8. Хўжайин ўзи кийган нарсадан ходимига ҳам кийдириши кераклиги.

9. Хўжайин ходимининг ҳаққини поймол қилса, қиёматда унинг савоби ходимга олиб берилиши.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мамлуклар ҳақида уларга яхшилик қилишни тавсия қилар эдилар: «Ўзингиз еган нарсадан уларга ҳам едиринг, ўзингиз кийган нарсадан уларга ҳам кийдиринг, Аллоҳ азза ва жалла яратган одамзодни азобламанг», дер эдилар».

Шарҳ: Мана бу таълимотлар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш даражаси инсоният тарихида Ислом умматидан бошқа умматда бўлмаган. Ҳеч бир уммат қулларни бу қадар икром қилмаган, қулларни қиёмат куни хожасидан қасос оладиган мақомга кўтармаган.

Исломдаги инсон ҳуқуқлари тушунчаси, қулларга бўлган олийжаноб муносабат ва гўзал муомала инсонлар жамиятида қулдорликнинг йўқолишига сабаб бўлди.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умардан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Барчангиз масъулдирсиз ва ўз масъулиятингиздан сўралурсиз.Омонатдор масъулдир. У ўз давоми...

1422 19:00 / 12.02.2021
Исломий адабиётда ва халқ орасидаги диний сўзлашувда ҳам .силаи раҳм, истилоҳи ишлатиб келинади. Аслида бу бобдаги .раҳм, сўзи биздаги .бачадон, сўзининг ўрнида давоми...

3399 15:00 / 08.02.2019
Саҳл Исфаройиний айтади .Менга Сулайм, яъни Абул Фатҳ Розий айтиб берганди .Рай шаҳрига сафар қилганида ўн ёш атрофида бўлган экан. Сафари ҳақида ҳикоя қилиб давоми...

5457 11:00 / 09.12.2023
. Яҳё ибн Убайдуллоҳ Маданийдан, у отасидан ривоят қилади.Мен Абу Ҳурайранинг худди шу гапларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганини давоми...

1066 14:35 / 17 май