Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (210-дарс) Борлиқдаги сабабият қонуни

19:00 / 10.01.2023 2835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож эмаслигини ҳам яхши билади.

Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарса «сабаб» дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таом.

Эҳтиёжи бор тарафни эса «мусаббаб» дейилади. Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга, яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун, мисол келтирайлик. Бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабаб.

Аммо мазкур сабаблар чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб, бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши кўрилади.

Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса, «сабаб» деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи «сабаб» экан, унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда «Фалон нарсанинг фистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси» деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган.

Аммо бу, ўша нарсаларнинг ўзида таъсир кучи бор, дегани эмас. Агар шундай бўлганида, мазкур нарсалар Аллоҳ таоло томонидан яратилганига шубҳа туғилар эди. Аслида ҳақиқий таъсир қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. У Зот борлиқдаги нарсаларни таъсир учун восита қилиб қўйган, холос.

Бу маънони яна ҳам аниқроқ ва тўлиқроқ тушуниш учун рус олими Иван Павловнинг итларда ўтказган машҳур тажрибасини эслашимиз лозим бўлади. Павлов бир неча итларга аввал қўнғироқ чалиб туриб, кейин таом берган. Бу ишни бир қанча муддат давом эттирган. Итлар қўнғироқ чалиш билан таом бериш одатига ўрганиб қолганлар. Уларга қўнғироқ чалиб таом берилса, сўлаги келадиган бўлган. Кейинроқ қўнғироқ чалиб, таом берилмаса ҳам, сўлаги келадиган бўлган. Чунки уларда қўнғироқ овозига рефлекс пайдо бўлган.

Биз инсонларда ҳам бу дунёдаги нарсаларнинг таъсири ҳақида шунга ўхшаш ҳолат пайдо бўлган. Аллоҳ таоло ёмғир ёғса, ўсимлик ўсишини ирода қилган. Булутлар жамланиб, маълум даражада намлик пайдо бўлганда ёмғир ёғишини ирода қилган. Ота-онанинг қўшилишидан фарзанд туғилишини ирода қилган ва ҳоказо. Демак, барча таъсирлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча нарсаларни халқ қилиб, уларни Ўзининг биру борлигига ва қовийю қодирлигига далолат қилиб қўйган. Шунингдек, У Зот бу дунёдаги Ўзи яратган нарсалар орасида сабабият қонунини жорий қилиб, яна бир бор Ўзининг биру борлигига ва қовийю қодирлигига далолат қилиб қўйган.

Бу ҳақда мусулмоннинг ақийдаси қандай бўлади?

Мусулмон инсон бу дунёда Аллоҳ таолодан бошқанинг ҳақиқий таъсири йўқлигига жазм билан эътиқод қилиши лозим.

Бизга сабаб ва таъсир бўлиб кўринган нарсалар ҳақиқий таъсир ва сабаб эмас. Уларни «жўълий сабаб» – «Аллоҳ таоло томонидан қилинган сабаб» дейилади.

Илмий баҳс орқали кашф қилинган омил, таъсир ва сабаблар ҳам зоҳирий нарсалар, холос.

Илм воқеъликдаги бор нарсани дақиқ васф қилиш воситаси, холос. Шунинг учун илмни даъво қилганлар бирор гапни айтса, ўшани муноқаша қилиб бўлмайдиган ҳақиқат сифатида қабул қилавериш шарт эмас. Бунга машҳур олим Ваҳийдуддинхон ўзининг «Ислам йатаҳадда» номли китобида асосли мисол келтиради. У киши аввал қуйидаги «илмий» даъвони келтиради:

«Баъзи бир ўзига илм нисбатини берганлар: «Диний эътиқодда «Тухумнинг ичидаги жониворни Аллоҳ таоло ташқарига чиқаради», дейилар эди. Илм бу гапнинг нотўғрилигини тасдиқлади, жонивор ўзи тухумни тешиб чиқар экан», дедилар.

Аммо диндорлар «Ўша жониворга жонни ва тухумни тешиш қобилиятини ва тухумни тешиш ҳиссини ким берди?» дея савол берадилар. Албатта, бу савол қаршисида Аллоҳ таолонинг ҳақиқий сабабчилигига куфр келтирганлар лол қолурлар».

Агар ким Аллоҳ таолонинг дунёдаги барча нарсалар ва ҳаракату саканотларнинг ҳақиқий сабабчиси эканлигини инкор этса, кофир бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақиқий сабабчи эканини, бошқа сабаблар Унинг изни ила жўълий сабабчи бўлганларини эслатиш учун, ўта машҳур ҳолатларда сабабият қонунини кучдан қолдириб қўяди.

Мисол учун, фарзанд туғилишига ота-онанинг қўшилиши сабаб бўлиши қоидасини бузиб, Ийсо алайҳиссаломнинг отасиз, фақат онанинг ўзидан туғилишларини ирода қилди.

Кофирлар Иброҳим алайҳиссаломни гулханга отганларида, оловдан куйдиришга сабаб бўлувчи қобилиятни олиб қўйди ва у Иброҳим алайҳиссаломни совуқ бўлиб, саломатлик бўлиб кутиб олди.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барча мўъжизалари шу қабилдаги ишлардир. Уларнинг мўъжизалари учун Аллоҳ таоло вақтинчалик сабабият қонунини амалдан қолдириб қўяди.

Мусулмон одам ҳамма нарсанинг ҳақиқий сабабчиси Аллоҳ таоло эканига жазм ила эътиқод қилса-ю, ўрганиб қолиш оқибатида сабаблар ҳақида баъзи гапларни айтган бўлса, зарари йўқ. Мисол учун, ҳақиқий шифонинг Аллоҳ таолодан эканига эътиқод қилса-ю, «Мени фалончи табиб даволади», деса, ҳеч гап йўқ.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

6575 14:05 / 03.07.2019
.Тавҳид, ndash .ваҳҳада,, .юваҳҳиду,, .тавҳидан,нинг масдари бўлиб, луғатда бирор нарсага бирлик ва ягоналикни нисбат беришни ҳамда ундан кўпликни инкор этишни давоми...

1495 19:00 / 15 апрель
иккинчи мақола Аллоҳ таоло Фотир сурасида қуйидагиларни айтади .Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган давоми...

4338 15:00 / 08.02.2021
Мотуридия мазҳабида .Ҳукмлар шариат ила собит бўлади. Фақатгина Аллоҳнинг маърифати, вожиблиги очиқойдин бўлгани учун ақл билан собит бўлади,, дейилган.Мотуридия давоми...

6850 11:00 / 17.12.2018