1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Охират даражалари дунёдаги амалларга қараб тақсимланади

22:02 / 22.04.2017 6001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамлар бу дунёда турли даражаларда бўлганлари каби, охиратда ҳам турли даражада бўладилар. Охиратда улар тўрт қисмга бўлинадилар: ҳалок бўлувчилар, азобланувчилар, нажот топувчилар ва ютуққа эришувчилар.

Ушбу қисмларнинг ҳар биридагилар ҳам неъмат ва азобда ўз ҳолларига қараб турлича бўладилар. Бу ҳолат қуйидаги ҳадиси шарифда ўз ифодасини топган.

Абу Ҳурайра ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таборака ва таоло қиёмат куни одамларни жамлайди. Шунда мўминлар жаннат уларга яқинлаштирилгунча турадилар. Сўнгра Одамнинг олдига бориб:

«Эй отамиз! Бизга жаннатнинг очилишини сўраб бер», дейишади.

«Сизларни жаннатдан отангиз Одамнинг хатосидан бошқа нарса чиқармаган. Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Ўғлим Иброҳим Халилуллоҳнинг олдига боринглар», дейди.

Бас, Иброҳим:

«Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Мен фақатгина орқада, орқада туриб халил бўлганман, холос. Сизлар Аллоҳ гаплашган Мусонинг олдига боринглар», дейди.

Бас, улар Мусонинг олдига борадилар ва у:

«Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман. Аллоҳнинг калимаси ва руҳи бўлган Ийсонинг олдига боринглар», дейди.

Ийсо ҳам ўз навбатида:

«Мен сиз айтган нарсага соҳиб эмасман», дейди.

Шунда улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар. Бас, у зот турадилар ва у зотга (шафоат қилишга) изн берилади.

Омонат ва раҳм қўйиб юборилади. Иккиси келиб, сиротнинг икки – ўнг ва чап томонига туриб оладилар. Бас, сизларнинг биринчиларингиз худди чақмоқдек ўтиб кетади», дедилар.

«Ота-онам сизга фидо бўлсин. Худди чақмоқдек ўтиш қандай бўлади?» дедим.

«Чақмоқнинг кўз очиб юмгунча қандай ўтиб, қайтганини кўрмаганмисизлар?! Сўнг худди қушдек ва кишиларнинг югурганидек ўтилади. Уларни амаллари югуртиради. Набийингиз эса сиротда туриб, «Роббим! Саломат қил! Саломат қил!» дейди. 

Бандаларнинг амаллари ожиз бўлиб қолганда, баъзи кишилар юришга қодир бўлмай, судралиб ўтадилар. 

Сиротнинг икки тарафида омбирлар осилган бўлади. Улар амр қилинган шахсни тутишга шай турадилар. Бас, тирналиб қутулганлар ҳам, тутилиб ташланганлар ҳам бўлади». 

Абу Ҳурайранинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, жаҳаннамнинг қаъри етмиш куздир». 

Муслим ривоят қилган.

Охиратдаги азобнинг энг ози ҳисобда муноқаша қилиш бўлса, кўпининг чегараси йўқ. Саодат аҳлининг даражалари ҳам шу каби турлича бўлади.

Агар охиратда бандаларнинг даражалари ҳақида гап юритиш керак бўлса, қуйидагиларни айтиш мумкин.

1. Гуноҳи кабийра қилиб, Ислом арконларини поймол қилганларнинг ҳоли.

Бу хилдаги одамлардан қайси бири ажали келишидан олдин тавбаи насуҳ қилган ва тавбаси қабул бўлган бўлса, гуноҳи кабийра қилмаганларга қўшилади. Чунки гуноҳдан тавба қилганлар гуноҳи йўқлар кабидир. Буни ювилган кийим кир бўлмаган кийимга ўхшаб қолганига қиёслаш  мумкин.

Аммо тавба қилмай ўлиб кетганларнинг ҳоли ўта хатарлидир. Улар иймони мустаҳкам бўлмагани учун гуноҳни қасддан қилган бўлиши мумкин. У ҳолда оқибатлари ёмон бўлади. Хусусан, иймони тақлид асосида бўлганлар янада хавфлидир.

Тавба қилмай ўлиб кетган мазкур бандаларнинг азоби улар қилган гуноҳи кабийраларнинг қабоҳати, ҳажми ҳамда муддатига қараб бўлади.

2. Ким иймоннинг аслини тўлиқ жойига қўйган, барча кабийра гуноҳлардан четда бўлган, жамики фарзларни гўзал тарзда адо этган, фақат баъзи сағийра гуноҳларни давомли бўлмаган ҳолда қилган бўлса, унинг афв қилиниши аниқроқ. Бундай афв Қуръони Каримда ваъда қилинган.

Бундай кишилар муқаррабларга ёки ўнг тараф соҳибларига қўшиладилар. Бу унинг иймони ва яқийнига қараб бўлади. Агар иймони заиф ва яқийни оз бўлса, даражаси паст, кучли ва кўп бўлса, даражаси юқори бўлади.

Муқаррабларнинг даражалари ҳам Аллоҳ таолога бўлган маърифатларининг тафовутига қараб турлича бўлади.

Ўнг тараф соҳибларининг энг олий даражаси муқаррабларнинг энг паст даражасига тенг бўлади.

Буларнинг ҳаммаси гуноҳи кабийралардан четда бўлиб, фарзларни адо этиб юрганларнинг ҳолидир.

3. Нажот топувчилар.

Бу ерда «нажот топувчилар» деганда саломат қоладиган, лекин саодат ҳамда ютуққа эришмайдиганлар англанади. Улар саодатга яраша хизмат қилмаган ва шу билан бирга, азобга лойиқ нуқсонга йўл қўймаган қавмлардир. Улар жумласига мажнунлар, кофирларнинг балоғатга етмаган болалари, даъват етмаган кишилар киради. Уларда маърифат ҳосил бўлмаган, инкор ҳам, тоат ҳам, маъсият ҳам қилмаганлар. Улар Аърофда бўладилар.

«Аъроф» калимаси «баландлик», «юқори жой» маъноларини англатади. Араблар хўрознинг тожини ҳам «араф» дейдилар. Жаннат билан дўзах орасидаги баландлик жой – девор Аъроф дейилади. 

4. Ютуққа эришувчилар.

Бу тоифага орифлар, муқарраблар ва содиқлар кирадилар. Улар учун жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражалар, мақомлар ва неъматлар тайёрлаб қўйилгандир. Уларнинг ҳирси жаннат учун эмас. Улар Аллоҳ таолонинг жамолига назар солиш иштиёқидалар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ширк келтиришнинг турларидан бири, нафс бандаси бўлишдир. Бундай кишилар ҳавойи нафси нимани буюрса, шуни қилишга мажбурдирлар.Аллоҳ таоло .Фурқон, давоми...

4360 00:08 / 03.12.2016
Аллоҳ таоло уларни тоқатлари етадиган нарсадан бошқага таклиф қилмагандир. Улар У зот таклиф қилган нарсагагина тоқат қилурлар. БуndashЛаа ҳавла ва лаа қуввата илла давоми...

3818 23:34 / 02.12.2016
Савол Худо мавжуд бўлса, нега дунёда бегуноҳ инсонларга шунча зулм бўлмоқда Африка қитъаси давлатларида норасида гўдаклар нега очликдан ўлмоқдаЖавоб 1. Аллоҳ давоми...

3537 17:01 / 06.11.2018
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлардаги мазҳабиўтган саҳобалар, табаъ тобеъинлар жумҳурининг мазҳабидир. Қисқасини айтганда, бу асрнинг энг яхшисининг давоми...

4811 23:48 / 02.12.2016