1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч васият

10:30 / 26.11.2018 5556 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳу айтдилар: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар ва айтдилар: “Эй инсонлар! Вафот этмасингиздан аввал Аллоҳ таолога тавба қилинглар. Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар. Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар. Шундай қилсангиз, ризқланасизлар, ёрдам бериласизлар ва мукофотланасизлар”. 

Ибни Можа ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни дунё ва охират ҳаёти учун зарур бўлган тўрт амалга буюрмоқдалар ҳамда ушбу амалларга бериладиган неъмат ва мукофотлардан учтасини башорат бермоқдалар.

“Вафот этмасингиздан олдин тавба қилинглар”. Инсон боласи борки, хатокор ва гуноҳкордир. Чунки, инсон ожиз, нотавон. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, заифлиги сабаб хато қилади, адашади ҳамда Роббисига гуноҳ қилишда давом этаверади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар: “Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбаларидир”. (Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сиз гуноҳ қилмаганингизда Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур”.  

Имом Аҳмад ва Муслим ривоят қилишган.

Агар Роббимизнинг муборак Каломига эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп жойларда Ўз бандаларини тавба қилишга ва истиғфор айтишга буюрди. Бирор жойда мутлақ гуноҳ қилмасликка буюрмади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берган марҳаматидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг тоқати етмайдиган нарсага мукаллаф қилмаган. Мутлақ хато қилмасликка эса инсоннинг тоқати етмайди. Аллоҳ таолонинг бизга бўлган яна бир мехрибончиликларидан бири, гуноҳкор киши учун гуноҳидан покланиши учун нихоятда кўп имкониятлар ва тил учун енгил бўлган калималарни ҳам Ўзи ўргатди. Истиғфорни биз учун нажот калимаси қилди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтдилар: “Нажот ўзи билан бирга бўлиб туриб ҳалок бўлган кишидан ажабланаман”.  “Нажот нима?” деб сўрашди.  Али розияллоҳу анҳу: “Истиғфор”, деб жавоб бердилар.

Қолаверса, истиғфор зикрларнинг энг афзалидир. Улуғларимиздан сўрашди: “ Алҳамдулиллаҳ”, “ Субҳаналлоҳ” каби зикрларни айтиш афзалми ёки “ Астағфируллоҳ” дейишми? Жавоб шу бўлдики: “ Либосингга хушбўй сепишдан олдин уни турли хил кирлардан тозалаш зарур бўлганидек, гуноҳлардан тозаланиб олиш учун аввал истиғфор айтган афзал”.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиснинг энг аввалида Аллоҳ таолога тавба қилишга чақирмоқдалар.

“Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар”. Яъни, ёшлигингда гарданингга рўзғор, бола-чақа ташвиши тушмасдан, тирикчилик учун машғул бўлмасдан олдин, баданинг ва ақлинг соғломлигида, бирор беморлик ва паришонхотирлик билан машғул бўлмасингдан олдин, умринг поёнига етиб, Азроил ўз вазифасини адо қилиш учун келган вақтида кўзингга хеч нарса кўринмай ўзинг билан ўзинг машғул бўлиб қолишингдан олдин савобли ишларга шошил. Охиратда сени Роббингнинг азобидан қутқарадиган, жаннатларга киритадиган, даражотинг юқори бўладиган ва яқинларинг учун ҳам шафоатчи бўлишингга кифоя қиладиган хайрли ва солиҳ амалларни Аллоҳ учун холисона ва кўпроқ қилиб қол. Ҳамда яқинларинг ва бошқа инсонларни ҳам бу ишларга чақир. Чунки Аллоҳ таоло: “Бас, яхши ишларга шошилингиз”, (Бақара,148) деган. Бошқа бир оятда эса Роббимиз: “Аср билан қасам. Албатта инсон хусрондадир. Илло, иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)” (Аср сураси). Яъни, қиёмат куни мана шу тўрт тоифа кишилардан ташқари ҳамма бу дунёда  ўтказган умри учун, беҳуда сарфланган меҳнати учун афсус, ҳасрат  ва надоматда бўлади.

“Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар”.  Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кўзланган  энг асосий  мақсад ҳам у Зотни эслаш ва зикр қилишдир. Ибодатларнинг энг улуғларидан бўлган намоз ҳақида  Аллоҳ таоло: “Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”, (Тоҳа,14) деган.  Анкабут сурасининг 45-оятида: “Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир”, дея, Жумъа сурасининг 10-оятида эса: “Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топсангизлар”, деб марҳамат қилган. 

Садақада эса, жуда ҳам кўп  мақталган хислатлар бор. Булардан дунёда: молни ҳаромдан  ва баданни гуноҳлардан поклаш, касаллик ва балоларни даф қилиш, мискинларга хурсандчилик улашиш, ризқнинг кенг ва молнинг баракали бўлиши бор. Охиратда эса: Қаттиқ иссиқдан соя, ҳисобнинг енгил бўлиши, тарозида амалларнинг оғир бўлиши, сирот кўприкдан ўтишга рухсатнома ва жаннатдаги даражаларни юқори бўлиши бор. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу айтадилар: “Намоз сени йўлнинг ярмига етказиб қўяди. Рўза оламлар подшоҳи ҳузурига етказади. Садақа эса У Зотнинг хузурига олиб киради”.

Аллоҳ таоло айтади: “Садақани ошкора қилсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара, 271).

Муфассирларимиз  ошкора садақадан мурод, Аллоҳ беришни фарз қилган закот, фитр каби молиявий ибодатлардир, яшириндан мурод эса, банда ўз ихтиёри билан берадиган нафл садақалардир, деганлар.

Демак, Набий алайҳиссаломнинг ҳадисдаги ушбу гапларини, Аллоҳ сизларга фарз қилган садақаларни  ва қўшимча нафл садақаларни мунтазам бериш билан Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, У Зотнинг суюкли бандалари сафига қўшилиб қолинглар, дея тушуниш керак.

Агар шундай қилсангиз, бу дунёда хотиржам ҳаёт ва баракали умр билан, покиза ризқ ва солиҳ-солиҳа зурриётлар билан ризқланасиз.

Нафс ва шайтон номли икки душманга қарши, фақирлик ва бахиллик каби хислатларга қарши курашда, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қилаётган ҳаракатларингизда ёрдам бериласизлар.

Ва охиратда Аллоҳ таолонинг тақводор бандалари учун тайёрлаб қўйган жаннатдаги мукофотлари ҳамда энг олий мукофот бўлган Аллоҳнинг дийдорини кўришлик бахти билан мукофотланасизлар.

 

Ёрбек Исломов,

“Мевазор” масжиди имом-ноиби


Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Сафарда бир киши менга йўлдош бўлди. Ҳамроҳимнинг нимадандир кайфияти чоғлиги шундоқ кўриниб турарди. Ораорада .Ё Аллоҳ, ё Аллоҳ қудратингдан, деб қўяр эди у. Ўрни давоми...

3662 17:00 / 09.03.2021
Умрни оқар дарё деб бежизга айтмайдилар. Чунки умр бир зумда ўтиб кетганини инсон сезмай ҳам қолади, аслида. Бешик кирган хонадон борки, у ерга, албатта, куни келиб давоми...

2876 19:09 / 03.06.2020
.Муҳаббат, сўзи аслида мойиллик, севиш, суйиш, яхши кўриш, кўнгил қўйиш, ишқ, хоҳлаш, талпиниш, интилиш маъноларини англатади. Муҳаббат қалбдаги туйғу бўлиб, инсон давоми...

4103 11:05 / 03.11.2019
Қуръон каримда Аллоҳнинг .марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси, Анбиё, 83оят эканлиги билдирилган. Яна Қуръонда гуноҳ қилиб, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтганлар давоми...

3475 08:45 / 09.02.2019
Аудиолар

135065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55344 14:35 / 11.08.2021