1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қазои қадар

20:42 / 10.05.2017 6436 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қазои қадар иймоннинг асосий рукн ва устунларидан бири бўлиб, унга иймон келтириш ва ҳар бир яхшилик ва ёмонликни Аллоҳдан деб билишимиз шартдир. Бусиз киши мўмин бўлаолмайди. Қазои қадар илми (жуда мушкил бўлиб,) оддий оми инсонлар тугул олимлар орасида ҳам  турли ихтилофларга сабаб бўлган.  Саҳобалар замонасидан сўнг бу борада кўплаб кишиларнинг қадамлари тойилган. Баьзилар Аллоҳ таолонинг бир сифатига эьтибор қаратиб бошқа сифатини эьтибордан четда қолдирган. Баьзилари бири эьтиборсиз қолдирган сифатга эьтибор беришда чуқур кетиб бошқаси эьтибор қаратганни четда қолдирган. Натижада  “Банда ҳар нарсада мажбур, ўзида ҳеч қандай ихтиёр йўқ” деган тушунчага борган Жабария ва “Ҳамма нарса банданинг ўз ихтиёрида Аллоҳ таолонинг бу ишга ҳеч қандай дахли йўқ” деган Қадария каби фирқалар пайдо бўлди. Бу ерда эьтибор қаратиш керак бўлган икки нарса бўлиб, инсон тақдирда битилганига мажбурми? Ёки ўзида ҳам ихтиёр борми? – деган нарса ўртага ташланади. Буни яхшилаб тушинишга эса, бир оз муқаддима келтириб ўтиш керак бўлади. Чунки бир нарсага ҳукм чиқаришдан аввал ўша нарса ҳақида тасаввурга эга бўлиш керак. Шундай экан биз аввало устидан ҳукм чиқармоқчи бўлган инсон тўғрисида тасаввурга эга бўлишимиз керак. Бир нарсада ноаниқлик унда зоҳир бўлган икки хил жиҳатдан келиб чиқади. Биринчи жиҳатни қувватловчи далил ҳам бор, иккинчи жиҳатни қувватловчи далил ҳам бор. Масалан : бир инсонни сахийми ёки бахилми – деб ҳукм чиқариш керак бўлса, ундан содир бўлаётган ишларга қаралади. Агар  ҳамма иши саҳоватга далолат қилса, уни сахий деб ҳукм қилишда шак йўқ.  Агар бахилликка далолат қилса, уни бахил деб ҳукм қилишда ҳам шак йўқ. Аммо баъзи ишлари саховатга баъзи ишлари бахилликка далолат қилса, у ҳақида  сахий ёки бахил деб ҳукм чиқариш мушкул бўлади. Шунингдек  инсон ҳолати  ҳам турличадир.

1-инсон ҳақида содир бўлаётган ишлар.

2-инсоннинг устида ташқаридан содир бўлаётган ишлар.

3-инсон тарафидан содир бўлаётган ишлар.

1-суратда инсонда ҳеч қандай ихтиёр бўлмайди. Масалан; инсон қайси ота-онадан туғилиши, эркак ёки аёл бўлиб туғилиши, қайси шакл ва суратда, рангини оқ ёки сариқ бўлиши, юрак уриши қачон тўхташи, каби нарсалар. Бу борада инсоннинг ҳеч қандай ихтиёри йўқ. Бу борада банда тақдирга бўйинсунади. Бу ишларнинг содир бўлишида у мажбур.  

2-суратда ҳам инсонда ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Инсон учун ўзидан ташқаридан   содир бўладиган ишлар. Масалан  инсон бошига қандай ишлар тушади. Соддароқ қилиб айтилганда инсон бошига келадиган яхши ва ёмон ишлар.Аллоҳ таоло уни нималар билан имтихон қилади. Банда буни билмайди  ва бу унинг ихтиёрида ҳам эмас. Бу икки суратда бандада ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Бу борада унинг зиммасига вазифа ҳам юклатилган эмас.

3-сурат. Бунга инсон тарафидан содир бўладиган барча ишлар мисол бўла олади. инсон ўзи тарафидан содир бўладиган ишни қилиш-қилмаслик ва улардан бирини танлаш ихтиёри бор. Савоб ишни қилгани учун савоб олиши, гуноҳни қилгани учун жазо олиши шу суратда бўлади. Шундан келиб чиқадики, “Ҳамма нарса мутлақо банданинг ўз ихтиёрида” дейиш ҳам “Бандада мутлақо ихтиёр йўқ” дейиш ҳам хатодир. Ундай дейювчилар инсонни тасаввур қилиш ва нима учун яратилганини тўлиқ ангалаб етишда хатога йўл қўйган бўладилар. Бир киши Али розияллоҳу анҳудан банда барча нарсада ихтиёрлими ёки тақдирга мажбурми деганида, Али розияллоҳу анҳу унга: “Ўнг оёғингни кўтар” деди. У киши ўнг оёғини кўтарди. “Ўнгини туширмай, чап оёғингни ҳам  кўтар!” деди. Кўтаролмади. Шунда: “Шунчалик ихтиёринг бор” деди.

Юқоридаги икки суратда банда мажбур бўлиши Аллоҳ таолонинг раҳматидандир. Чунки инсон йўқ ҳолида ёки яхши ёмонни фарқига бормайдиган ақл ва илм маьрифатдан йироқ бўлган чақалоқлик ҳолида ўзига нима яхши ёки нима ёмон бўлишини танлай олмайди. 3-суратда эса банда бир қонунга бўйин сунади. Бу қонун динни тутган инсонга хосдир. У қонун Аллоҳ таоло тарафидан бир ишни қил ёки қилма – дегандир. Банда ўша қонунга амал қилишга лаёқатли ҳолатда бўлади. Агар лойиқ бўлмаганида Аллоҳ таоло унга бу қонунни жорий қилмаган бўлар эди ва “фалон нарсани қил, фалонларини қилма” демаган бўлар эди. Аллоҳ таоло бир бандасига бирор ишни қилишга ва бирор ишни қилмаслигига буюриши, тақдирда бандага иккисидан бирини танлашга ихтиёр берганлигига далилдир. Ақл юритишига, яхши-ёмонни ажратишлигига ихтиёр берилганлигига далилдир. Агар бу ихтиёрни берилмаганида эди Аллоҳ таолонинг баъзи ишларни қил ва баъзиларини қилма – дейиши бефойда бўлиб қолар эди. Чунки инсон ўша ишни қилиш ёки қилмасликка қобиляти йўқ, фикр юритиб қайси яхши ёки ёмонлигини ажрата олмаса, техника каби юргизса юрадиган, юргизмаса турадиган ҳолатда бўлса, унга бир нарсани қил ёки қилма дейиш Аллоҳ таолога ярашмайди. Банданинг юқоридаги икки суратдаги ҳолати тақдирда битилганидек. Учинчи суратдагади ихтиёрли бўлиши ҳам тақдирга битилган.  Юқорида зикр қилинган Жабария фирқаси Аллоҳ таолонинг қудрат сифатига эьтиборни қаратиб “Ҳар нарса Аллоҳ таолонинг қудрати ва қайюмлигидан ташқари бўлолмайди ва инсон ҳар ишда мажбур” деб ҳукм чиқаришди. Биз уларга “сизлар “Ҳар нарса Аллоҳ таолонинг қудрати ва қайюмлигидан ташқари бўлолмайди” деган гапда ҳақсизлар. Лекин инсонни мутлақ мажбур қилишда хато қиляпсизлар. Чунки, сизлар бу гапни айтаётганингизда Аллоҳ таолонинг бошқа сифатига умуман эьтибор қаратмаяпсизлар. Аслида у ҳам Аллоҳ таолонинг сифати. Аллоҳ таолонинг Қайюмлигига эьтибор қаратганингиздек бошқа сифатига ҳам эьтибор қаратишингиз шарт. Аллоҳ таоло Қодир ва Қайюм  сифатлари билан сифатланганидек, Одил сифати билан ҳам сифатлангандир. Бир сифатга эьтибор қаратишингиз бошқа сифатни бекорчи бўлиб қолишига сабаб бўлмаслиги керак” деймиз. Шундай экан Аллоҳ таолонинг ҳар бир сифатини бирдан эьтиборга олишимиз шарт. Акс ҳолда бирини бошқасидан устун қўйиш ёки бекорчига чиқариб қўйишга тўғри келади. Қудрат ва қайюмлик ҳар нарса Аллоҳнинг изни билан бўлишини тақозо қилса, адолат сифати Аллоҳ таоло бандага қилиш қилмасликка ихтиёр берган бўлиши ва гуноҳ қилган киши ўз  ихтиёри билан гуноҳ қилгани учун азоб беришини тақозо қилади. Банда бирор ишни қилиш қилмасликда ихтиёрли бўлишида ҳам қудрат сифати аралашганини кўрамиз. Чунки гуноҳкор ҳам Аллоҳнинг изи билан юриб турган юрак, оқиб турган қон ва нури олиб қўйилмаган кўзлардан фойдаланиб гуноҳ қилади. Аллоҳ унинг ишидан рози бўлмасада, ҳаётини тўхтатиб қўймаётганини кўрамиз. Қадария фирқаси эса, Аллоҳ таолонинг адл сифатига эбтиборни қаратиб, қудрат сифатига аҳамият бермадилар. Буларнинг мисоли йўлнинг ўртасидан икки томонга қараб кетиб қолган кишиларга ўхшайди. Агар иккиси бири бирига қараб юрганларида эди, бир нуқтада бирлашган бўлар эдилар. Ҳақ улар бир-бирига қараб келиб учрашадиган нуқтададир. Яьни бу қудратни ўз мақомига қўйиши у эса адолатни ўз мақомига қўйишидадир. Шу энг ўрта фикрдир. Шунда инсоннинг тақдирга бўладиган нисбати аён бўлади. Қадарийлар Аллоҳнинг адолат сифатида ғулувга кетиб “Аллоҳ инсондан содир бўладиган ишларни ҳам содир бўлмагунча билмайди” дейишди. Бунга

  وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنتَ عَلَيْهَا إِلاَّ لِنَعْلَمَ مَن يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّن يَنقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ

Сен аввал юзланган қиблани орқасига қайтадиганлар ким-у, Расулга эргашувчилар ким эканини билишимиз учунгина қилганмиз.

 Ва шу каби оятларни далил қилишди. Улар “Аллоҳ ким  Расулга эргашиб амал қиладию, ким ортига қайтиб кетишини билишимиз учун” деган оятини Аллоҳ бандадан содир бўлмагунча билмас эканда деган нарсага йўйишди. Улар келгувсида билиш билан имтиҳон қилиб билишни орасини ажрата олишмади. Билмаганини билиш бандага хосдир. Аллоҳ таоло эса, бандага ихтиёр берганда нима қилишини бандага билдириш учун  ихтиёр беради. Бунга мисол шуки, мактаб директори ўқитувчи олдига келиб ўқувчиларингиз имтихондан қандай баҳо олади? деса, у ўзи ўқитган ўқувчиларини яхши билгани учун фалончи аьло фалончи ўрта фалончи паст баҳо олади деб белгилаб беради. Директор бунга тўлиқ ишонмайди. Имтиҳон бошланиб ўқитувчи унда қатнашмайди лекин натижа ўқитувчи айтгандай бўлади. Чунки устознинг баҳолаши ўта синчковлик ва тажрибага асосланган эди. Яхши ўқишни билмайдиган ўқувчи менга имкон бериб имтиҳон қилганингизда аьло баҳо олардим демаслиги учун уни яна имтиҳонга қўяди. Шу ерда ўқитувчи ўқувчини имтиҳонга қўйиши у ҳақда билмаганини билиши учун эмасди балки, имкон бериб ўзини кимлигини билдириши учун эди. Аллоҳ бандасини имтиҳонга қўйиши унга савоб ва иқоб берилганда банда “Менга ихтиёр бериб имтиҳон қилганингда яхши ишларни қилар эдим” демаслиги ва “Мен сенга ихтиёр бердим ва яхши ёмонни пайғамбарларим орқали билдирдим лекин сен улар йўлига юрмадинг деб ҳужжат қоим қилиши учундир. Аллоҳ улар ҳақида билганини тақдирга ёзиб қўйиши уларни шу ишга мажбур қилиши дегани эмасдир. Ушбу мисолдан ҳам билмаганни билиш билан имтихон қилишнинг фарқи маьлум бўлади. Гуноҳни қилиб Аллоҳ тақдиримга шундай ёзган бўлса, энди нега мени азоблайди  дейювчилар масаланинг бир томонига қарайдилар. Яьни азоб бериш тарафига қарайдилар. Аммо яхши ишни қилганига нега савоб беради дейишмайди. Демак инсон масалани ҳамма тарафига эьтиборни қаратмай фақат баьзи жиҳатларигагина аҳамият берар экан. Агар инсон ўзини қайси жиҳатдан мажбур ва қайси жиҳатдан ихтиёрли эканига қараганида эди, бу хулосага келмаган бўлар эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий ва Расул орасидаги фарқ ҳақида бир неча фикрлар зикр қилинган 1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берсаю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам давоми...

781 19:00 / 30 сентябрь
Курси эса Аршдан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади .Курсиси осмонлару ерни қамраган, 255оят. Одатда, курси мулкка далолат қилади. давоми...

1428 19:00 / 18.10.2023
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади .Ана ўшалар расуллардир. давоми...

3295 18:31 / 08.03.2022
Имом Муслиҳуддин Кисталий ваф. 901 ўзининг .Шарҳи ақоидуннасафийя, асарига битган хошиясида айтади.Хуросон, Ироқ, Шом ва бошқа кўп ўлкалардаги кенг тарқаган аҳли давоми...

2233 15:00 / 21.08.2021