Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (233-дарс) Қайта тирилиш ва ҳашр (иккинчи мақола)

19:00 / 19.06.2023 2552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сизга баён қилишимиз учун».

Яъни сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик.

«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз».

Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради, хоҳлаганини тушириб юборади. Демак, ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтганидан кейин ҳам одам бўлиши-бўлмаслиги ҳали аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ унинг бола бўлишини хоҳласа, она бачадонида қолдиради. Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Кейин сизларни гўдак ҳолингизда чиқарармиз».

Яъни онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз.

Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)»

Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳнинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Бошқа жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бир оз ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади. Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор».

Яъни чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб, мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг қўлида эмас. Бошқа бирор зотнинг қўлида ҳам эмас. Фақат ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолонинг қўлида. У Зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, ўлади. Ана шу нарсага қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтира олишининг исботига бошқа бир мисол ҳам келтиради.

«Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан».

Қуриб, қақраб ётган ер. Худди ўликка ўхшайди. Унда ҳаётдан асар йўқ.

«Қачонки унга сув туширсак, у сесканади ва кўпчийди».

Ерга сув тушганида, унда жонланиш сезилади. Ҳаёт аломатлари пайдо бўлади.

«...ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстиради».

Сув тушмасидан олдин, бирорта ўсимликнинг ҳиди ҳам йўқ эди. Аммо сув тушгач, турли-туман гўзал ўсимликлар униб чиқди.

Ўлиб, чириб, тупроққа қўшилиб кетганлар ҳам ҳозирча асарсиз йўқ бўлиб кетганга ўхшайди. Аммо вақт-соати келиб, Аллоҳ таоло қақраб ётган ердан ҳаёт ундирганидек, бир амр билан ҳаммаларини қабрларидан чиқариб олади.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ

«Бу(лар кўрсатадики,) албатта, Аллоҳ ҳақдир ва албатта, У ўликларни тирилтирадир ҳамда У ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Ҳаж сураси, 6-оят).

Яъни ўтган оятда зикр қилинган ҳодисалардан очиқ-ойдин кўринадики, шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳақдир, бордир, бирдир. Шуларга қодир бўлган Зотнинг ўликларни тирилтиришига ҳам шубҳа йўқдир. Қисқа қилиб айтганда:

«...У ҳар бир нарсага ўта қодирдир».

Унинг қудрати етмайдиган ҳеч нарса йўқдир.

ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Ва албатта, Соат келувчидир, бунга шубҳа йўқ. Ва албатта, Аллоҳ қабрлардагиларни тирилтирур» (Ҳаж сураси, 7-оят).

Олдинги оятда зикр қилинган ҳолатлар очиқ-ойдин кўрсатадики:

«...Ва албатта, Соат келувчидир, бунга шубҳа йўқ».

Қиёмат қоим бўлиши турган гап. Бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Тайёргарликни кўриб қўйиш керак.

«Ва албатта, Аллоҳ қабрлардагиларни тирилтирур».

Бунга баъзи одамлар ишонмаса ҳам, барибир бўладиган иш. Ҳозирча ишонмаслар, лекин қабрларидан тирилиб чиққанларида ишонмасдан иложлари қолмайди. Аммо унда кеч бўлади.

Аллоҳ таоло қиёмат куни одамларни қайта тирилтирганда уларнинг бармоқ учларигача худди бу дунёда қандай бўлса, ўшандоқ ҳолда тирилтиради.

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида бу ҳақда қуйидагиларни айтади:

ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ

«Инсон Бизни унинг суякларини жамлаб олмас, деб ўйларми? Аксинча, унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз» (3-4-оятлар).

Кунлардан бирида араб мушрикларидан Адий исмли киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб ўтириб, қиёмат ҳақида сўзлаб беришларини сўради. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қиёмат ҳақида бир оз сўзладилар. Шунда Адий: «Аллоҳга қасамки, ўша кунни ўз кўзим билан кўрсам ҳам, сенга ишонмайман, эй Муҳаммад, сенга ҳам, ўша кунга ҳам иймон келтирмадим Аллоҳ ўлган одамнинг суякларини тўплаши мумкин эканми?» деди.

Аллоҳ таоло унга раддия қилиб ушбу оятларни нозил қилди.

«Аксинча, унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз».

Ушбу оят Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир. Тупроққа кўмилган ўлик бир муддатдан сўнг чириб битади. Қиёмат куни ўша чириб, тупроққа аралашиб кетган инсон қайта тирилишига кўпчиликнинг ишонгиси келмайди.

Аллоҳ таоло бўлса, бунга ҳайрон бўлишнинг ҳожати йўқ, Мен нафақат танани, балки ўша танадаги нозик, дақиқ жойларни, чизиқларни ҳам, жумладан, бармоқ учларини ҳам, аввал қандай бўлса, худди шундай ҳолига келтираман, дейди.

Нима учун Аллоҳ бу оятда инсон аъзолари ичидан айнан бармоқ учини танлаб олди?

Инсоннинг бошқа аъзолари, бировники иккинчисиникига ўхшаши мумкин. Лекин бармоқ учлари ҳеч қачон бировники бошқа шахсникига ўхшамас экан. Бу ҳақиқатни одамлар ўтган асрга келибгина англаб етдилар. 1884 йилдан бошлаб Англияда бармоқ изидан одамларни аниқлаш бошланди. Бармоқ излари турлича бўлиб, дунёда ҳеч қачон бир кишининг бармоқ чизиқлари иккинчи шахсникига ўхшамас экан.

Бу далил Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигини яна бир бор исботлайди. Кўпчилик мазкур оят таъсиридан Ислом динини қабул қилганлар.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АрРаҳийм Латиф неъматлар берувчи.Бу сифат хосроқ бўлиб, .Қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи, маъносини англатади. Бу исм Аллоҳдан давоми...

6547 08:08 / 20.04.2017
биринчи мақола Ақлини ишлатган одам дунёдаги юлдузлар, сайёраларнинг ҳаракатининг ўзидан Аллоҳ таолонинг борлигини билиб олиши қийин иш эмас. Аллоҳ таоло Ёсин давоми...

3376 13:00 / 01.02.2021
Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч ким шубҳа давоми...

6554 00:22 / 03.12.2016
Ҳижрий тўртинчи асрда Ироқда массонийликка ўхшаш махфий жамоат юзага келди. Бу жамоа юнон фалсафаси ва ботиний ақийдасини жамлаб, қоришма фалсафага асос солган давоми...

6418 12:07 / 02.11.2018