Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (216-дарс) Қачон қиёмат қоим бўлади?

19:00 / 20.02.2023 5193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида:

 

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ

 

«Одамлар сендан Соат ҳақида сўрарлар. «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол, Соат яқинда бўлар», (63-оят) деб марҳамат қилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қиёмат соати билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўрар эдилар. Улар қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам, у ҳақда кўп сўрардилар. «Қани, бўлса, бўлмайдими?» деб шошилар эдилар. Лекин қиёматнинг илми Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ.

Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:

«Недан билурсан, эҳтимол, Соат яқинда бўлар».

Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқа ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради. Ҳозир ёки эртага қиёмат қоим бўлиб қолса, нима қиламан, деб яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.

Қачон қиёмат қоим бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмаслиги ҳақидаги ҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қайта-қайта таъкидланган. Биргина мисол келтирамиз.

Имом Муслим, имом Абу Довуд, имом Термизий ва имом Насаий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Менга отам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирар эдик. Бирдан ҳузуримизда оппоқ кийимли ва қоп-қора сочли одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни биздан бирор киши танимас ҳам эди. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззасини теккизиб ўтирди. Икки кафтини икки сонларига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер!» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар имконинг бўлса, Байтуллоҳга ҳаж қилмоғинг», дедилар.

Ҳалиги одам: «Тўғри айтдинг!» деди. Биз бунга ажабландик. Ўзи савол бериб, ўзи «Тўғри айтдинг», дейди. Кейин у: «Менга иймондан хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг ва яхши-ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. У одам:

«Тўғри айтдинг. Эҳсон ҳақида хабар бер!» деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга худди сен Уни кўраётгандек ибодат қилишинг. Агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўраётгандек ибодат қилишинг», дедилар.

«Менга  соат (қиёмат) ҳақида хабар бер!» деди у.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас», дедилар. У одам чиқиб кетганидан сўнг, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан бу одамнинг кимлигини сўрадилар. Саҳобалар «Танимаймиз», деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил сизга динингизни ўргатгани келган эди», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.

Аммо шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина маълумотлар келган. Албатта, бу маълумотлар асосан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида зикр қилинган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айнан илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

8408 13:00 / 26.11.2018
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

6427 05:00 / 07.12.2016
Савол Нега Аллоҳни кўриб бўлмайдиЖавоб 1. Маълумки дунё ҳаёти имтиҳондир. Аллоҳ ва расули берган хабарларга ишониш ва амал қилиш билан инсон имтиҳондан давоми...

4841 13:06 / 04.11.2018
Уламолар бу хусусда бир неча хил гап айтганлар. Энг кучли ва тўғри гапга биноан, гуноҳи кабира ndash ҳадд жазосига лойиқ, яъни шариатда жазоси белгилаб қўйилган гуноҳ давоми...

9133 13:40 / 03.06.2019
Аудиолар

213248 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132471 14:35 / 11.08.2021