Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (12-дарс). Аллома Тафтазоний

11:00 / 17.12.2018 6850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мотуридия мазҳабида: «Ҳукмлар шариат ила собит бўлади. Фақатгина Аллоҳнинг маърифати, вожиблиги очиқ-ойдин бўлгани учун ақл билан собит бўлади», дейилган.

Мотуридия ақийдавий мазҳабининг кўзга кўринган олимларидан бирлари билан яқинроқ танишиб чиқиш ҳам фойдадан холи эмас. Бу мақсад ила диёримиздан етишиб чиққан кўплаб уламолардан бирларини мисол қилиб оламиз. У киши Саъдуддин Масъуд ибн Умар раҳматуллоҳи алайҳидир. (ҳ. 722–792, м. 1322–1390 йй.)

«Тафтазоний» тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, илми калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича замонасининг пешқадами эди. Юқорида қайд қилинган фан соҳаларига тааллуқли бўлган асарлари жамоатчилик томонидан кенг қабул қилинди. Бу асарлар узоқ вақт давомида диний ўқув юртларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди.

Аллома Тафтазоний мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, унгача яшаб ўтган олимлар «мутақаддимин», ундан кейингилари эса «мутааххирин» деб атала бошлади. Бу ҳол Аллома Тафтазонийнинг мусулмон оламида тутган мавқеи нақадар юксак эканини тасдиқлайди.

Алломадан мерос бўлиб қолган асарларнинг айримларини қайд қиламиз:

1. «Таҳзиб ал-мантиқ вал калом». Бу жуда ҳам пишиқ матн бўлиб, ўз соҳасида тенги йўқ китоб деб билинган. Ушбу китоб ўз вақтида ҳамма тарафда шуҳрат қозонган ва унинг ҳамма тарафи эҳтимом билан ўрганилган. Муҳаққиқ уламолар мазкур китобни ўқиб-ўрганибгина қолмай, унга кўплаб шарҳлар ҳам ёзганлар.

2. «Иршодул Ҳодий» китоби наҳв илмига бағишланган ва кўп нарсани ўзига жамлаган машҳур матн бўлган. Уламолар унга бир қанча шарҳлар ёзганлар.

3. «Шарҳи Талхийс» номли иккита китоб аллома Тафтазонийникидир. Иккиси ҳам машҳурдир. Каттаси «Мутаввал» деб, кичиги «Мухтасар» деб номланади. Бу икки китоб «Талхийс»нинг энг машҳур шарҳлари ҳисобланади. Иккиси ҳам серфойда бўлгани учун кўплаб уламоларнинг эътиборини ўзига тортгандир. «Мутаввал»га кўпгина ҳошиялар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида Журжоний ва Муфнорийнинг ҳошиялари машҳур бўлган.

4. «Мақосидут-толибин фий илмил калом» китобини ёзиб бўлганидан кейин, аллома Тафтазоний унга катта шарҳ ҳам ёзган. Бу китоб ўзида жуда кўп фойдаларни жамлаган улуғ китобга айланган. Уламолар унга ҳошиялар ёзганлар.

5. «Шарҳу ақоидин-Насафий»да аллома Тафтазоний тартибга катта эътибор берган ва қўшимчалар киритган.

6. Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий Бухорийнинг «Танқийҳул усул» китобига аллома Тафтазоний томонидан ёзилган шарҳ «Ат-талвиҳ фий кашфи ҳақоиқ ат-танқиҳ» деб номланган. Бу китоб толиби илм ва уламоларнинг катта эътиборини қозонган машҳур китобдир.

7. «Китоб ал-арбаъин» ҳадис бўйича китобдир.

8. «Китобул фатаво ал-Ҳанафийя». Аллома Тафтазоний Ҳиротда ўзи чиқарган фатволарни жамлаб, китоб шаклига келтирган.

9. «Шарҳул Ғаззий» сарф илмига оид Иззуддин Занжонийнинг китобига ёзилган шарҳ бўлиб, аллома Тафтазоний унда матнга кўпгина фойдали маълумотларни қўшган. Бу китоб Тафтазонийнинг биринчи китоби бўлиб, уни ҳижрий 737 йилнинг Шаъбон ойида тугатган. Имом Суютий ва Ибн Ҳилол мазкур китобга ҳошия ёзганлар.

10. «Кашфул асрор ва уддатул аброр» форс тилидаги тафсир бўлган.

11. «Шарҳул мифтоҳ лис-Саккокий» китобини аллома Тафтазоний ҳижрий 789 йилда ёзиб битирган.

12. «Шарҳу мунтаҳас-суали вал амали фий илмай ал-Усули вал Жадали».

13. «Ат-таркиб ал-жамил».

14. «Таркибул ғариб ва тартибул ажиб».

15. «Баҳсул муштарак».

16. «Шарҳул кашшоф».

17. «Шарҳу шамсиятил Котибий фил мантиқ».

18. «Шарҳу Навобиғул Калим» ва бошқа бир қанча китоб ва рисолалар.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири «Шарҳу ақоидин-Насафий» номли асаридир. Бу китоб бошқа бир улуғ ватандошимиз томонидан ёзилган матннинг шарҳидир.

Бу матннинг соҳиби Нажмуддин Абу Ҳафс Самарқандий Насафий раҳматуллоҳи алайҳидир (ҳ. 460–537, м. 1068–1142йй.).

Нажмуддин Абу Ҳафс Насафий ўз замонаси ва келажак даврларнинг ҳам улуғ фақиҳи, табиатшуноси, тилшунос ва муаррихи эди. Алломанинг тўлиқ исми – Умар ибн Муҳаммад ибн Луқмон ан-Насафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий.

Бизнинг замонамизга алломанинг «Манзилат ан-Насафия фил Хилофият», «Ақоиду Насафий», «Ал-явоқит фил мавоқит», «Зиллат ал-Қори» асарлари етиб келган.

Абу Ҳафс Насафийнинг «Ақоиду Насафий» асари уламолар орасида катта шуҳрат қозонди. 768 йилда улуғ олим Тафтазоний «Ақоид ан-Насафий»га шарҳ битди. Бу шарҳ «Шарҳи ақоидин-Насафий» номи билан маълумдир.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақийда илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган давридаги ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақийда илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:

«Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақийдалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссаломнинг суҳбатларининг баракаси, у зотнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли, ақийда ва фиқҳ илмларини тадвин қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган.

Аммо мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойиллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди; уламоларга мурожаат кўпайгандан кейин, улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар».

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз шарҳининг бошида, Мотуридий ақийдавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби, маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради.

«Шарҳу ақоидин-Насафий» китобининг дастлабки мавзулари жуда ҳам қийин тил ва услубда келган. Бу ҳам ўша замон илмий муҳитининг таъсиридир. Муаллиф мазкур вақтнинг услуби ва тили ҳамда истилоҳларини ишлатишга мажбур бўлган. Айниқса Аллоҳ таолонинг борлиги ва зоту сифотини, оламнинг қадим эмаслигини баён қилиш жараёни кўпроқ файласуфларнинг иборалари ва услуби ила бўлган. Бу бобларда оят ва ҳадислар деярли келтирилмаган.

Аммо кейинроқ услуб ҳам, гап-сўзлари ҳам осонлаша бориб, оят ва ҳадислардан ҳужжат-далиллар келтириш ҳам кўпайиб борган.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи аввал фақат ақлий далиллар келтирган бўлса ҳам, кейинроқ оят ва ҳадисдан келтирган далилларини қувватлаш учунгина ақлий далиллар келтирган.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи файласуфлар, мўътазилийлар, жабрийлар ва қадарийлар каби турли фирқа ва гуруҳларнинг фикрларини келтириб, уларга Аҳли сунна вал жамоанинг раддияларини бериб борган.

Китобда бошқа масалалар қатори Аллоҳ таолони кўриш масаласи ҳам бор. Шу масалага оид матнни шарҳ қилар экан, аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Аҳли ҳақ кўришнинг мумкинлигига икки йўл – ақл ва нақлдан далил келтирган. Биринчининг тақрири қуйидагича: Биз аъён (жисмларни) ва аърозларни (сифатларни) кўришнинг зарурат эканига қатъиян ишонамиз. Биз кўриш ила жисм билан жисм ва сифат билан сифат орасини ажратамиз. Муштарак ҳукмга муштарак иллат лозим. Ўша иллат – мавжудлик, пайдо бўлиш ёки мумкинликдир. Тўртинчиси бўлиши мумкин эмас. Пайдо бўлиш ҳам йўқликдан сўнгги мавжудликдан иборатдир. Мумкинлик эса мавжудлик ва йўқликнинг зарурати йўқлигидан иборатдир. Иллат бўлишга йўқликнинг дахли йўқдир. Шундай бўлганидан кейин, фақат вужуд қолиши аён бўлди. У эса Яратувчи ва Ундан бошқанинг орасида муштаракдир. Шунинг учун тўғри иллат мавжудлик бўлганидан кейин, унинг кўриниши ҳам саҳиҳ бўлади...»

Муаллиф юқорида зикр қилинганга ўхшаш бир неча ақлий далилларни келтирганидан кейин нақлий далилга ўтиб, қуйидагиларни айтади:

«Мўминлар Аллоҳ таолони охиратда кўришлари вожиблигига нақлий далиллар ворид бўлгандир:

1. Китобдан: Аллоҳ таолонинг «У Кунда яшнар юзлар бор – ўз Роббига назар солувчилар», деган қавли (Қиёмат сураси, 2223-оятлар).

2. Суннатдан: у зот алайҳиссаломнинг «Сизлар Роббингизни худди тўлин ой кечасида ойни кўргандек кўрасизлар», деган қавллари. Бу ҳадис машҳур бўлиб, уни катта саҳобалар(розияллоҳу анҳум)дан йигирма бир киши ривоят қилган.

3. Ижмоъга келсак, умматнинг барчаси охиратда кўришнинг воқе бўлишига жам бўлишган эди...»

Аллома Тафтазоний қиёматда амалларни тарозида тортиш ҳақидаги масала бўйича мўътазилийлар билан тортишув олиб боради.

«Вазн (мезон, тортиш) ҳақдир. Чунки У Зот таоло: «У кунда вазн  ҳақдир», деган (Аъроф сураси, 8-оят). Мезон – амалларнинг миқдорини билиш учун ишлатиладиган нарсадир. Унинг кайфиятини идрок қилишга ақл қосирлик қилади. Мўътазилийлар уни инкор қилган. Чунки уларнинг фикрича, амаллар аърозлардир (ҳис қилинмайдиган, муқим бўлмаган, ўзича мавжуд бўлмайдиган нарсадир. Масалан, бир нарсанинг ранги ёки таъми каби). Уларни такрорлаш мумкин бўлса ҳам, вазнини ўлчаш мумкин эмас. Чунки улар Аллоҳ таолога маълумдир. Бас, уларни тортиш бекор иш бўлади. Бунга жавоб қуйидагича: Ҳадисда амаллар ёзиладиган китоб ҳақида айтилган. Бас, шундай экан, ишкол (муаммо) қолмади».

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг «Шарҳи ақоидин-Насафий» китоби Мотуридий ақийдавий мазҳабида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири ҳисобланади. У кўпгина юртларда дарслик қилиб олинган. Бизга етиб келган асарлар ичида кўп учрайдигани ҳам айни шу китобдир. Аммо ҳозирда бу китобни дарслик сифатида ўрганиш деярли тўхтаб қолган.

 

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болалар унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдак ҳузурига келтирилди. Унинг давоми...

6706 06:38 / 04.09.2018
9. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсонлардан бўлган ўз яқинларига етказиб давоми...

2351 00:00 / 30.11.2022
islom.uz middot 004 Ақоид илмининг мақсади Ақоид илмининг мақсади ndash динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги давоми...

4893 13:00 / 24.08.2020
Аллоҳга ширк келтиришнинг турларидан бири, нафс бандаси бўлишдир. Бундай кишилар ҳавойи нафси нимани буюрса, шуни қилишга мажбурдирлар.Аллоҳ таоло .Фурқон, давоми...

4360 00:08 / 03.12.2016